Талабаликдаги “чантриморэ” дўстим

“Чантриморэ” фильми кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу фильмда содда ўзбек йигитининг Тошкентга ўқиш учун кетган синфдош дўс­тини излаб, шаҳарга келгани ва бошидан ўтказган саргузашт­лари жуда оддий рангларда тасвирланади.

Фильм, таъбир жоиз бўлса, жуда ўткир трагикомедия усулида суратга олинган. Унда содда қишлоқ йигити — синфдоши, бирга кўча чангитиб, бирга мол боқиб катта бўлган ва Тошкентга ўқишга кирган дўстини қидириб келади. У билмайдики, Тошкентда ўқиётган дўсти анча ўзгарган, қишлоқдаги содда ва самимий синфдоши эмас, балки аста-секин кибрга берилиб бораётган талаба эди.

“Чантриморэ” эса ўша содда қишлоқ йигити. Синф­дош дўстини топиб, болаларча қувонади. Хурсандчиликдан еру кўкка сиғмайди, дўстига болаликдаги жайдари гаплар билан ҳазил қилади. Соддалиги, юриш-туриши, кийиниши, самимийлиги билан Тошкент кўчаларида ҳамманинг диққатини ўзига жалб қилади. Бу эса қишлоқдан ўқишга келган ва бир айланиб “тошкентлик” бўлиб қолган талабага эриш туюлади. Ҳатто синфдош дўстидан уялиб, ундан ўзини торта бош­лайди.

Албатта, мен бу фильмни бежиз эслаётганим йўқ. Чунки 1986-1991 йилларда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультетида таҳсил олган бир гуруҳ курсдошлар орасида айтарли тошкентликлар йўқ эди. Биз ҳаммамиз республиканинг турли вилоятларидан бўлиб, ҳамма чекка қишлоқлардан катта орзу-умидлар билан ўқишга келган талабгорлар эдик.

Орамизда андижонлик, қашқадарёлик, самарқандлик, сирдарёлик, бухоролик, хоразмлик, сурхондарёлик ва бошқа вилоятлардан келган “чантриморэ”га ўхшаган самимий йигитлар кўп эди. Уларни ҳанузгача эсласам, талабаликнинг ҳеч бир нарсага алиштириб бўлмайдиган даврлари ёдимга тушаверади. Ҳақиқатан ҳам “Олтин давр” дейишлари бежиз эмас, талабалик даври ҳаёт йўлимизнинг энг сермазмун ва унутилмас даври сифатида бир умр ёдда қолди.

Ҳозиргача курсдош дўстлар билан учрашиб турамиз. Байрамларда бир-бирларимизни йўқлаймиз. Тўйларимизда, қувончли кунларда, ташвишли дамларда имкон қадар бирга бўламиз. Учрашганимизда, талабалик даврларни бирга эслаймиз. Хуллас, “чантриморэ”га ўхшаб бир-биримизга нисбатан самимий ҳазилларимиздан роҳатланиб куламиз. Лекин ҳеч қачон қайси лавозимда, қандай ишда бўлмайлик, моддий, маънавий, ижтимоий аҳволимизни муҳокама қилмаймиз. Бизнинг ўзаро самимий муносабатларимиз талабалик даврида қандай бўлган бўлса, бир хил маромда давом этиб келмоқда. Ва ҳамиша шундай бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

Вақтни бежиз оқар дарёга қиёслашмас экан. Қаранг, бундан тахминан 40 йил аввал Тошкентга ўқиш учун келган навқирон йигитлар бугун муборак 60 ёшни қарши олмоқдамиз. Тасаввур қилиш қийин, Тошкентга илм олиш учун келган ёшлар пенсия ёшига етиб қолибмиз! Айтишга осон, бироқ бу давр оралиғида қанча яхши кунларни, қайғули дамларни бошдан кечирмадик. Бир йигит орзу қилган кўп нарсаларга эришдик, албатта. Бироқ йўқотганларимиз топганларимиздан кам эмас. Яхшиси, Тошкентга келиб топганларим ва йўқотганларим ҳақидаги эсдаликларимни кейинга қолдирсам. Ҳозир эса муборак ёшни қаршилаб олаётган самимий инсон, чин дўст, етук археолог олим, “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонаси бош директори, тарих фанлари доктори Наби Хушвақов, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий “чантриморэ” дўстимиз ҳақидаги ўйларимни баён этсам.

Биз Наби Хушвақов билан юқорида айтганимдай ТошДУ тарих факультетига 1986 йилда бирга ўқишга кирган бўлсак-да, дастлаб у билан ўзаро муносабатларимиз жуда яқин эмас эди. Шунчаки курсдош бўлганимиз учун салом-аликдан нарига ўтмаганмиз. Гапнинг очиғи, дорилфунундаги ўқишимизнинг биринчи курсида, асосан, тайёрлов курси орқали ўқишга кирган талабалар билан яқин муносабатда эдик. Чунки улар билан тайёрлов бўлими (подкурс)да бирга ўқиганмиз ва бир-биримизни олдиндан таниганмиз.

Биз ўқиган даврларда ўқиш сентябрь ойида 5-10 кун давом этиб, кейин ҳамма пахта йиғим-теримига жалб этилар эди. Пахта мавсумининг яхши томони, барча талабалар бир-бирлари билан қийин даврда яқиндан танишишига имкон берарди. Пахта терими даври осон эмас, антисанитария шароитида хўжаликнинг ташландиқ бир шийпонида тарих факультетининг 5 та курсида таълим олаётган 300 дан зиёд талабалар ўртасидаги муносабатлар чоғида ҳар кимнинг инсоний қиёфаси намоён бўларди. Талабалар учун катта иш режаси белгиланиб, ҳамма ҳам режани бажара олмас, кечқурун штабда “нормаси”ни бажара олмаган талабалар билан жиддий ва танқидий мажлис ўтказиларди. Қиш­лоқда вояга етган талабалар учун терим режасини бажариш катта қийинчилик бўлмаса-да, аммо пахта теримида илк бора иштирок этаётган шаҳарлик ёшларга азоб бўлган. Шундай паллаларда “қишлоқи” болалар ўрнак сифатида кўрсатиларди. Энди шаҳарликлар ва қишлоқликлар орасида самимий алоқалар бошланиб, ака-сингилдек муносабатларга ўтиб, охир-оқибат севги-муҳаббатга айланган воқеалар ҳам бўлган.

Хуллас, бизнинг қадрдон курсимизда ўзимиз кашф қилган “Чантриморэ”лар кўп. Ҳозир ҳам улар билан яқин дўстлигимиз давом этмоқда.

Ўтган йили дўстимизнинг ҳаётида қувончли воқеа бўлди.

Тарих фанлари доктори, Қарши давлат университети доценти, археология, Ўзбекистон тарихи, музейшунослик ихтисослиги бўйича етук мутахассис, Қарши давлат университети қошидаги Ўзбекистон тарихи ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимояси ихтисос­лашган кенгаши аъзоси, Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейи раҳбари, “Мозийдан садо” илмий журнали таҳрир ҳайъати аъзоси, иродали, ишбилармон, ажойиб нотиқ, ўз ишида тартиб-интизомга қатъий риоя этадиган, қадрдон дўстимиз Наби Олимович Хушвақов Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги байрами арафасида Президент Фармонига кўра “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Жуда муносиб тақдирлов! Қадрдон дўстимиз археолог олим сифатида 3 та китоб муаллифи, 40 дан зиёд илмий мақолалар, 60дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар муаллифидир. У мана 28 йилдирки, Амир Темур номидаги моддий-маданий тарихи музейини бошқариб келмоқда. 2019 йил шу музей негизида “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонаси ташкил этилишида ҳам жонбозлик кўрсатди. Энг муҳими, “Шаҳрисабз” музе­йининг халқаро алоқаларини тиклаб, унинг жаҳон миқёсидаги обрўсини ошириш учун тинимсиз меҳнат қилди, елиб югурди. У чинакам санъатимиз фидойиси десам, ишонаверинг.

Бир вақтлар Тошкентга бахтини излаб, катта орзу-умидлар билан ўқишга келган оддий қишлоқ йигити бугун 60 ёшда, икки ўғил, бир қиз ва 4 набиранинг севимли бобоси сифатида қишлоқда яшаб, Шаҳрисабз шаҳрига ишга қатнаб умргузаронлик қилаётганига ҳавасим келади.

Биз замон зайли билан Тошкентда қолиб кетган курсдошлар ўзаро гурунгларимизда қишлоқда яшаётган дўстимиз билан фахрланиб гапирамиз. 60 ёш — ақл ёши, ҳамиша омон бўлинг, юзга қараб юринг, “Чант­риморэ!” — қадрдоним!

Абдуманноб РАҲИМОВ,

юридик фанлар номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =