ОНА

Мўътабар ая ярим тунда чўчиб уйғониб кетди. Тушига ўртанча ўғли кирибди. Ўрнидан туриб ўтирди.

— Дадаси, Фарҳод ишдан келдими? — хуррак отиб ухлаётган эрини туртиб сўради Мўътабар ая.

— Ярим кеча бўлди-ю, келгандир… — дея эри нариги ёнбошига хотиржам ағдарилди. Аянинг хавотири ошди. Чунки ўғли ишдан кеч қайтади. Лекин қай пайтда келса ҳам, онасининг ётоғи эшигини аста чертиб: “Дада, ойи, мен келдим”, деб хабардор қилиб қўярди. Ая шундан сўнггина хотиржам уйқуга кетарди. Аммо кеча кун бўйи набираси билан дўхтирма-дўхтир юриб чарчади, шекилли, боши ёстиққа тегиши билан қотиб ухлаб қолибди. Балки ўғли келмаган бўлса-чи? Тунда кўчада яхши бор, ёмон бор. У хаёлига келган ўйлардан чўчиб кетди. Дик этиб ўрнидан турди. Кенжа ўғлининг хонасига кирди.

— Сардор, ҳой Сардор, намунча қаттиқ ухлайсан, болам? Аканг ишдан келдими?

— Келган бўлса керак. Кимдир телевизорнинг овозини баландлатгандай бўлганди, — уйқусираб деди Сардор.

Ая яна қайтиб хонасига кирди, чироқни ёқди.

— Уфф, аяси, ҳамма ваҳима сенда. Келган-да. Келмай қаёққа борарди, кап-катта, эсли-ҳушли йигит бўлса. Тинчгина ётиб ухласанг-чи, ҳадеб ғивирламасдан. Бўлмаса, телефон қилиб кўр.

— Қизиқмисиз? Бемаҳалда телефон овозидан болалар уйғониб йиғласа, келин чўчиб кетса-чи? Қўйинг, уларни безовта қилмайлик.

— Бўлмаса, билганингни қил, лекин чироқни ўчир, эрталаб барвақт туришим керак.

— Бўпти, уйқуям ўлсин.

Ая чироқни ўчириб чиқиб кетди. Ўғлининг уйи олдида бироз турди, кейин минг хижолат билан залга кирди. Нафас чиқармай ичкарига қулоқ солди. Ўғли бир маромда хуррак отиб ухларди. Шу тобда она учун дунёда шу хурракдан ёқимлироқ сас йўқ эди. У аста ташқарига чиқиб эшикни ёпди. Мамнун жилмайди. Шу чоғ қўноқдаги хўроз чўзиб-чўзиб қичқирди.

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =