Оилалар тинч бґлиши учун…

Сўнгги йилларда “Келин қайнонаси билан жанжаллашиб, уйига кетиб қолибди”, “Фалончининг келини қайнонасини қўшниларга ёмонлабди”, “Пистончининг келини қайнонасининг зулмига чидай олмай ўзини осиб қўйибди”, деган хабарларга дуч кел­япмиз. Бу муаммо жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди.

Муаммонинг асл илдизи нимада? Ҳар бир оилада қиз фарзанд вояга етар экан, келажакда у ўзга оилага келин бўлишини ўйлашимиз керак. Бўлажак келинларга аксариятимиз нотўғри тарбия бериб қўймоқдамиз. Натижада кўпгина келинлар қайнонани ўзига рақиб сифатида кўради.

Қиз боланинг тарбиясида баъзи оналар, бувилар ўзлари билмаган ҳолда: “Бу аҳволда қайнонангдан гап эшитиб ўлиб кетасан”, “Шошмай тур, турмушга чиқсанг, менинг қадримга етасан”, “Қайнонанг кунингни кўрсатади”, деб қизларимиз онгида қайнонага нисбатан салбий тушунча ҳосил қилади. Айрим оналар: “Қизимга шундай гапирсам, айтганимни қилади”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, уйни озода тутишни, таом тайёрлашни чиройли гаплар билан ҳам тушунтирса бўлади: “Мазали овқат пиширсанг, ҳамма сени дуо қилади. Борган хонадонингда бизга раҳмат эшиттирасан. Ҳали сен энг озода, ораста келин бўласан. Ҳамма сени ҳурмат қилади”, каби.

Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, бугунги кунда сериал ва киноларимизда ёмон, золим, ўғлини келинидан рашк қиладиган қайноналар образи кўп тасвирланмоқда. Бундай фильмларни кўрган қизлар: “Ҳаётда шунақа бўлар экан-да, менга шундай қайнона учраб қолса-чи?” деган хавотирда қайнона билан бирга яшашдан қўрқишади. Беш қўл бирдек бўлмаганидек, ҳамма яхши ёки ёмон бўлавермайди. Келиндан кўнгли тўлмайдиган, кун бермайдиган, ўғлига ёмонлайдиган қайноналар ҳам ёки бунинг акси бўлган келинларимиз ҳам бор. Бироқ азалдан момоларимиз келинлари янги хонадонга ўргангунларича қўллаб-қувватлаб, уй юмушларини ҳам сабр билан ўргатиб келишган. Бугун ҳам бундай қайноналаримиз бисёр.

Бугун юртимизда қизларимиз учун келинликка тайёрлов курслари мавжуд. Аммо қайноналар мактаби ёки курслари деярли йўқ ҳисоби. Ҳар бир туманда, маҳаллаларимизда қайноналар мактаблари ташкил этилса, яъни бўлажак қайноналаримизга “уй юмушларини келинларга қандай тушунтириш керак, келинга муносабатда қандай йўл тутиш лозим” каби масалалар ўргатилса, яхши бўларди.

Ҳозирги кунда ҳар бир қайнона ёки келин билимли бўлса, бир-бирининг айбини яшириб, яхшисини ошириб яшаса, ўша хонадонда барака бўлади. Оила ҳам аҳил бўлади. Бундай хонадонда вояга етган фарзандлардан жамиятимиз ҳам наф кўради. Қолаверса, тинч ва фаровон оилаларнинг кўпайиши ўз навбатида ажримлар сонининг ҳам камайишига замин яратади.

Мадина ЭШҚЎЗИЕВА,

“Янги Сирдарё” газетаси мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × four =