Оилaни сақлаб қолиш…

унинг ҳимоячиси ёлғиз ўзингиз!

Ёшлик — навқирон фасл. Талабалик, ўйин-кулги, ғам-ташвишдан йироқ дамлар. Ота-онам менинг таҳсил олишим учун деярли барча нарсаларни муҳайё қилиб қўйган. Синглим иккимиз ҳам бўй етиб қолганимизга қарамай, онам эрта саҳар туриб, ҳовли сатҳи, дарвозахона ва йўлакларни чиннидай супуриб-сидириб, нонуштани тайёрлаб, бизни уйғотарди.

Дугонамнинг тўйида бир йигит билан танишиб қолдим. Кейинчалик у билан дўстлашдик. Орадан вақт ўтиб, дўстлигимиз кўнгил ишига айланди. Биз ҳам оила қурдик.

Оила тутиш мен тасаввур қилганчалик осон иш эмас экан. Кутилмаганда ҳаёт шундай “совға”ларни тақдим этарканки, етти ухлаб тушингга ҳам кирмайди. Ота-­онам бизнинг қийналмаслигимиз учун қанчалик ҳаракат қилганлигини кеч англаб етдим. Улар биз учун ҳамма шароитни бекаму кўст муҳайё қилган. Аммо келин бўлиб тушган хонадонимда муҳит умуман бошқача эди. Ҳар куни картошка палов. Музлаткични очавериб қийналиб кетардим. Биламан, ичида ҳеч вақо йўқ. Баъзан ота уйимга қайтиб кетгиларим келарди. Онамга айтсам: “Сабр қил, ҳаммаси яхши бўлади. Aгар қийналмасанг, оила — оила эмас. Дастлаб бизнинг ҳам ҳеч нарсамиз бўлмаган. Яхшилаб ўйлаб кўр, “Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида”, деган машойихлар. Бу гапларингни отанг эшитса, нима бўлади? Кўнгил қўйиб оила қургансан. Ўртага совуқлик тушади, ўзинг кириб-чиқадиган эшигингни қаттиқ ёпма”, деб тергадилар. Aслида, онамнинг гаплари тўғри экан.

Қийналиб юрган кунларимнинг бирида кредитга тикув машинаси олиш хаёлимга келиб қолди. Aммо қандай оламан? Яна ойижонимга маслаҳат солдим. “Нима қиласан машинани? Тикиш қўлингдан келармикан? Уйда қўлингга нина ушламаган қизсан”, дедилар. Мен эплашимни айтдим. “Унда оламиз”, дедилар.

Бир ҳафтадан сўнг тикув машинали бўлдим. Хотин-қизларнинг бежирим кўйлакларини тика бошладим. Дастлаб 4-5 та тикиб, савдо билан шуғулланадиган дугонамдан илтимос қилдим, сотиб берди. Харидорларим кўпая бошлади. Сотилган кўйлаклардан иккитасининг пулига яна мато олиб, қолганини рўзғорга ишлатдик.

Оилада хўжайинимдан бўлак ҳеч ким ишламасди. Зора ёрдам бўлар, деган умидда ғайрат билан кўйлак тикишга киришдим. Вақти келиб, савдогарларнинг ўзлари менга буюртма берадиган бўлишди. Ойижоним ҳам қараб турмадилар. Хуллас, иш кўпайди. Даромад ҳам шунга яраша. Кўчамиздаги уқувли аёлларни ҳам бу ишга жалб этдим. Улар ҳам ишли бўлганидан хурсанд.

Бошида роса қийналдик. Машаққатсиз бирор нимага эришиш мушкуллигини ҳис қилдим. Уч ой деганда яхшигина даромадга чиқиб олдик. Оиламизнинг моддий аҳволи аввалгига нисбатан анча яхшиланди.

Қайнукаларимни ҳам меҳнатга ўргатдим. Ҳар кунги картошка паловимиз ошга, турли-туман ноз-неъматга айланиб, дастурхонимизга файз кирди. Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилдик. Уринишларимиз самара берди: хонадонимизда тикув цехи очдик. Ишсиз хотин-қизларни тикувчиликка жалб қилдик.

Ўйлаб қарасам, ўшанда ҳаётимнинг пароканда бўлишига бир бахя қолган экан. “Жаҳл қилганда жавоб, хурсанд бўлганда ваъдалар берманг, тушкунликка тушганда эса қарор қабул қилманг” деб бежиз айтишмаган экан.

Оиладаги барча келишмовчиликлар кўпинча йўқчиликдан келиб чиқади. Бошида турмуш ўртоғим билан жудаям кўп жанжаллашардик. Иймоннинг кучини синаш учун энг катта имтиҳон — бу тилни тийиш экан. Буларни кеч англадим.

Ҳаммаси яхши бўлади, деб ўзингизни овутманг, сиз ҳаракат қилмагунингизча ҳеч нарса яхши бўлмайди. Муҳими, ҳаракат, ишонч, бахт, бир-бирига бўлган муҳаб­бат туйғулари бўлмаса, оила пароканда бўлади. Мен ҳам ҳаракат қилмаганимда, онамнинг гапларига қулоқ солмаганимда, оиланинг муқаддас қўрғон эканлигини тушуниш у ёқда турсин, англай олмасдим ҳам…

Баъзан етишмовчилик сабаб кимнингдир оиласи бузилганини эшитсам, шулар кўз ўнгимдан ўтади.

Онажоним айтган ана шу гапларни такрорлагим келади…

Хуршида АБДУСАТТАРОВА,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =