Ҳамкасбимиз нега чув тушди?

Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки диққатига!

 

Доно халқимизда “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур”,— деган нақл бор. Бу бежизга айтилмаган албатта.

Куни кеча бир ёш ҳамкасбимиз ишхонага жуда тушкун кайфиятда келди. Сабабини сўрасак, пластик картасидан фирибгар-ҳаккерлар бир ойлик пулини бир сўм ҳам қолдирмай ечиб олишибди.

Хўш бу қандай содир бўлибди?

Айтишича, бир муддат олдин “Playmarket” иловасидан юклаб олинган “Anorbank” дастури орқали фоизсиз кредит олиш учун онлайн ариза қолдирган. Бу ҳам етмаганидек, аризада барча шахсий маълумотлари, паспорт, пластик карта рақамларини кўрсатган.

Унга фоизсиз кредит ваъда қилган “шоввозлар” эса “Тез орада сизга боғланамиз” деб “лағмон илиб” қўйишган.

Содда дўстимиз эса “Менга фоизсиз кредит берадиган бўлишди, бу пулга…” дея кўп режалар тузган. Хомхаёллар билан кредит пулларини кутган. Аммо чучварани хом санаган экан.

Фирибгарлар тузоғига тушиб, нақд бир ойлик маоши — тўрт миллион сўмини “Uzumbank”дан пуллари ечиб олинган.

Ҳамкасбимиз ҳам содда бўлса-да, анойи эмас, дарҳол маҳалласидаги ички ишлар нозирига мурожаат қилди. Лекин барибир фойдаси бўлмабди. Маълум бўлишича, бундай қаллоблик­лар ҳозир урчигандан-урчиган экан. Қараса, нозирнинг столида ҳам худди шундай таҳлам-таҳлам шикоятлар-­аризалар. Барчаси у сингари фирибгарлар тузоғига илиниб, пулларидан ажралган жабрдийдалардан экан.

– Ака, сизнинг 4 миллион пулингиз ечиб олинибди, мана бу ерда 30, 40 миллионлаб пулидан айрилиб қолганлар бор. Мен ҳеч тушунмайман, қандай қилиб шу даражада содда бўласизлар-а. Нега ўша пайтда бирор расмий давлат банкига ёки бизга келиб бир оғиз маслаҳат сўрамайсизлар. Энди бу жиноятларни очиш, тагига етиш жуда мушкул. Бу пулларни ҳеч қандай йўл билан қайтариб ололмайсиз, чунки хорижий юртларнинг қай бир ковагида бундай товламачилик билан шуғулланаётган жиноятчилар, учига чиққан олғирлар — хаккерларни аниқлашнинг ўзи бўлмайди, — дейишибди унга.

Эртаси куни пуллари ечиб олинган пластик карта банкига ҳам мурожаат қилди. Улар ҳам пулларни қайтариб олиш имконсизлигини, бу ишлар бир гуруҳ фирибгарлар томонидан чет элдан туриб амалга оширилишини, ёрдам бера олмаслигини айтишибди банкдагилар.

Қизиғи шундаки, кейинги пайтларда очиқдан-очиқ юртимизда фаолият кўрсатаётган молия муассасалари номидан ижтимоий тармоқларда эълонлар жойлаштириб, одамларни чув тушириш холатлари ошиб бормоқда. Лекин негадир бу борада Марказий банк тизимлари жим, мум тишлаб олишган? Айтайлик, “Anorbank” масъуллари, уларнинг номини сотиб, фоиз­сиз кредитлар бериш тўғрисидаги эълонларни кўришмаганми? Кўришган бўлса, “эй одамлар, бу нарсалар ёлғон, биздан эмас, фирибгарлар тузоғига илинманг!” деб нега бонг уришмайди? Жуда қизиқ. Нима, уларнинг ҳам тили қисиқ жойи борми ё?

Албатта, бугун миллионлаб юртдош­ларимиз онлайн тўлов тизимларидан фаол фойдаланишмоқда. Бунга, биринчи навбатда, онлайн карталарнинг жорий этилиши кенг йўл очиб берди. Ҳозир деярли ҳар бир оилада “Uzcard”, “Humo” онлайн карталари ишлатилмоқда. Ушбу тур пластик карталари орқали нафақат савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган терминаллар орқали, балки фойдаланувчининг шахсий смартфонидаги “Click”, “Payme” ёки компьютерлар орқали турли онлайн тўловлар, пул ўтказмаларини амалга ошириш имкони мавжуд. Бундай қулайликлар шубҳасизки, барчага енгиллик беради. Ортиқча югур-югур, навбат кутиш, асаббузарлик, қоғозвозликдан халос этади.

Нимасини айтасиз, ўтган йили бир танишимнинг ҳам 40 миллион пулини фирибгарлар алдов йўли билан ўзлаштириб олишган эди. Пул аччиғи жон аччиғи. Шўрлик неча йиллаб йиғиб, териб юрган пули экан, унинг аламига чидай олмай ўз жонига қасд қилганди.

Ҳа, бугун энг кўп содир бўлаётган жиноятлардан бири фирибгарлик ҳисобланади. Фирибгарликнинг эса турлари ҳам кўпайиб кетди. Биров кимнидир ўқишга киритиб қўяман дейди, кимдир яхши жойга ишга жойлаштириш учун алдаб пул олса, ижтимоий тармоқлардаги қаллоблар “номингизга катта мерос ўтказиб бериш” учун сиздан пластик картангиз рақамини сўрайди. Энди эса нуфузли банкларнинг номини сотиб, фоизсиз ёки ниҳоятда кам фоизли, имтиёзли кредитлар бериш ваъдаси билан содда кишиларни чув тушириш авж олмоқда.

Дарвоқе, куни кеча Facebook тармоғида яна бир қанча давлат банклари номи билан фоизсиз кредитлар бир кунда, ҳатто бир неча соатда берилиши ҳақидаги эълонларга кўзимиз тушди.

Лекин негадир республика банклари, Марказий банкнинг ҳам муносабати кўринмайди. Ё ростдан ҳам банкларимиз мутлақо фоизсиз кредитлар беришга ўтдими? Ёхуд бизнинг содда ҳамкасбимиз сингари халқимизни чув тушириш давом этаверсинми?

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =