Ўзбекистонда фрион ишлаб чиқаришнинг имкони борми?
Тадбиркор Муҳиддин Ортиқовнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ режаси амалга ошса йилига давлат хазинасига 1 000 000 АҚШ доллари тушиши мумкин
Биз музлатгичларнинг фрион деган кимёвий суюқлик асосида ишлатилишини биламиз. Музлатгич эса фрионсиз бир дақиқа ҳам ишламайди, совутмайди. Бироқ шуни айтиш керакки, фрион кимёвий моддаси дунёда саноқлигина давлатлар, асосан Америка ва Хитойда ишлаб чиқарилар экан. Шу боис Ўзбекистонга ҳам ушбу маҳсулот хориждан олиб келинади.
Ҳамюртимиз Муҳиддин Ортиқов ушбу ноёб ва камёб, аммо ниҳоятда харидоргир фрион моддасини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиб, уни амалиётга жорий қилиш учун интилмоқда.
Ёш, изланувчан ихтирочи-тадбиркор билан тасодифан танишиб қолдик.
У гурунг чоғида фрион ва уни ишлаб чиқариш билан боғлиқ қизиқарли ишлари ҳақида гапириб қолди. Мавзу ўзига тортди ва унга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Олдинига Муҳиддиндан ўзи ҳақида қисқача гапириб беришини сўрадик:
— Мен 1969 йилда Тошкент шаҳридаги “Самарқанд дарвоза” мавзесида таваллуд топганман. Бобом Ғаппор Ортиқов Тошкентдаги 13-мактабнинг директори лавозимида ишлаган, Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳарбий хизматга чақирилган. Фронтда ҳалок бўлган. Ўзим Афғон уруши қатнашчисиман. Касбим музлатгич, яъни “холодильник”ларни таъмирлаш устаси, — деди у.
— Энди фрион ишлаб чиқаришга оид ишларингиз ҳақида…
— Бунинг ўзига яраша тарихи бор, дея сўз бошлади у. Бир кун “Оқтепа” маҳалласидаги устахонамизда устозим билан музлатгич таъмирлаётган эдик. Бироқ нима учундир уни сира ишлатаолмадик. Шунда мен “Фрионини алмаштириб кўрмаймизми?”, деб таклиф қилдим. Бозордан бошқа фрион сотиб олиб қуйган эдик, музлатгич ишлаб кетди.
— Фрионнинг ўзи сифатсиз экан-да, — деди устозим фрион идишига ёпиштирилган ёзувларни ўқир экан, — сифатли фрионни ўзимизнинг Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарсак бўлмасмикин?
Шу гап бўлди-ю мен музлатгичдан олинган фрионни махсус лабораторияга олиб бориб, текшириб беришини сўрадим. Текширишлар ҳақиқатдан ҳам фрионнинг сифатида ҳам, вазнида ҳам камчиликлар борлигини кўрсатди. Шунда устозимнинг гапларини яна эсладим ва сифатли фрион ишлаб чиқариш ҳақида жиддий ўйлай бошладим.
Хуллас, фрион ҳақида, уни ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида жуда кўп адабиётларни мутолаа қилдим, ўргандим. Мутахассислар билан суҳбатлашдим. Бу ҳақда кўп маълумотларга эга бўлганимдан кейин шу соҳанинг йирик билимдони, академик Абдулахат Жалилов деган киши билан учрашиб, муддаомни айтдим.
— Ниятинг жуда яхши, ўғлим, — деди улар, — лекин бу ниятингни амалга оширишда жуда-жуда қийналасан-да. Тўсиқлар кўп бўлади, осон бўлмайди.
— Қийинчиликларни Худо хоҳласа енгаман, — дедим мен.
— Ундай бўлса, фрион учун хомашёни олишда сенга “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида ёрдам беришлари мумкин. У ерда бир шогирдим ишлайди, учрашсанг сенга кўмак берса керак.
“Ўзбекнефтгаз”га бориб Абдулахат аканинг шогирдлари билан учрашдим. Дилимдаги гапларни очиқ-ойдин баён қилдим. “2021 йил 12 ноябрда Қарши шаҳрида бир симпозиум бўлади, шунга боринг, балки сўзга ҳам чиқарсиз”, деб маслаҳат берди у киши.
Бордим. Ҳатто менга сўз ҳам берилди!
Мен ўз сўзимда шундай дедим:
— Мана шу залда ўтирганларнинг ҳам уйида музлатгич, кондиционер бор. Чунки буларсиз бугун ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳозирги пайтда музлатгичлар ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Аммо уларнинг аксарият эҳтиёт қисмлари хориждан келтирилади. Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан ҳозирги кунда маиший техника эҳтиёт қисмларини чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича Ўзбекистон Кимё-Фармацевтика илмий-тадқиқот институти билан ўзаро ҳамкорликда музлатгичга ишлатиладиган фрион, яъни “Изобутан R 600-A”ни юртимизда ишлаб чиқариш бўйича иш олиб бордик. Бундай ишлаб чиқариш нафақат Ўзбекистонда, ҳозирча ҳатто Ўрта Осиё давлатларида ҳам мавжуд эмас. Лекин фрион ишлаб чиқариш ўзимизда йўлга қўйилса, йилида камида 1 млн. АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон валюта заҳирасига салмоқли фойда келтиради. Келажакда эса бу ишлаб чиқариш катта заводга айланиб, маҳсулот тури тўрт бараварга кўпаяди. Шундай экан, Ўзбекистон тоза ва сифатли фрионга эга бўлади ва ички ва ташқи бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади. Энг муҳими, кўпгина мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон ҳам ўз эҳтиёжлари учун фрионни четдан қиммат нархларда сотиб олишдан халос бўлади. Қайтангга ушбу кимёвий товарни хорижий юртларга қулай нархларда сотиш ҳам мумкин.
Аниқ билдим, симпозиум қатнашчиларига бу фикрларим маъқул бўлди.
Лабораторияда фрион намунасини олиш мен учун кун тартибида турган эди. Бунинг учун газ хомашёсини олиб кетишим керак эди. “Шўртангазкимё” мажмуаси раҳбарлари симпозиумдан кейин йигирма литр газ хомашёсини олишимга розилик беришди.
Ушбу хомашёни Тошкент кимё-технологиялари институтига олиб келдим. Шу тариқа Ўзбекистон “R-600” фрионининг илк намунаси яратилди!
— Бир пайтлар фрионнинг Озон қатламига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида анча гап-сўзлар ҳам бўлган эди. Сиз ишлаб чиқарадиган фрион бу борада қандай афзалликларга эга? — сўрадик М.Ортиқовдан.
— Фрион намунаси бир қатор идораларда текширишлардан ўтказилди ва экологик жиҳатдан тоза ва сифатли эканлиги аниқланди. Буни тасдиқловчи ҳужжатларим бор.
— Унда бу хайрли ишни уддалаш учун қандай муаммолар мавжуд?
— Аввало шуни айтишим керакки, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раҳбарлари фрион ишлаб чиқариш ғоясини қўллаб-қувватлаганларидан беҳад хурсандман, — дейди Муҳиддин. – Лекин ҳозирги пайтда ўн сотих ер майдонини ажратиш ва у ерда қурилиш ишларини олиб бориш учун 150 минг АҚШ доллари, ҳамда чет элдан ҳар бири 150 минг АҚШ доллари миқдорида 2 та фрион ишлаб чиқарадиган қурилма сотиб олиш лозим бўлади. Бу ишлар учун жами 300 минг АҚШ доллари сарфланади. Агар шу маблағни ажратишнинг имконияти бўлса, қисқа муддат ичида фрион ишлаб чиқариш учун аниқ шарт-шароит вужудга келган бўлар эди. Энг катта муаммо бу ишга ҳомийлар керак. Бироқ ҳозирча топилгани йўқ…
Халқимизда интилганга толе ёр деган нақл бор. Мана “FAROXAT mir” МЧЖ директори Муҳиддин Ортиқов бошлаган иш, эзгу ғоя давлат аҳамиятига молик бўлгани учун унга тегишли мутасаддилар амалий ёрдам кўрсатсалар, бу яхши ғояни рўёбга чиқариш учун бош қўшсалар хайрли амаллардан бири бўлар эди. Ахир, ёш тадбиркорнинг интилишларида, орзу-мақсадларида айнан Юртбошимиз томонидан билдирилаётган Ватан равнақига хизмат қилиш муждаси мужассам экан-ку!
Шоҳрух АКБАРОВ,
журналист