Қадимий Мингтепадаги зиё маскани

Оламшумул шон-шуҳрат топган улуғ аждодларимиз илм-маърифат йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари, машаққату изланишлари натижасида мақсадга эришганлар.

Соғлом оилавий муҳит туфайли улуғ ҳамюртимиз, Ислом оламининг йирик мутафаккири Имом ал-Бухорий беш-олти ёшидан исломий илмларни, ҳадисларни ўрганишга киришган бўлса, ўн олти ёшгача ўз юртидаги ровийлардан бирорта ҳам ҳадисни қолдирмасдан ўрганган. Шундан сўнггина сафарга отланиб, Макка, Мадинадан ташқари ўндан ортиқ шаҳарларда ҳадисларни тўплаб, ёзиб олди, натижада ҳадис илмининг султони даражасига етди. Улуғ шоир Алишер Навоий тўрт ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут тайр” китобини, етти ёшида ал-Бухорий тўплаган олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларни, ўсмирлик чоғида эллик минг байт­дан ортиқ шеърларни ёд билди. Ўн олти адабий жанрда баракали ва самарали ижод қилган мутафаккир шоир, ғазал мулкининг султони бўлди. Қолаверса, мадрасаю кутубхоналар, мактаблар очган маърифатпарвар боболар номини мисол қилиб келтириш мумкин.

Инсон фаровонликда яшаши учун фақат меҳнат қилишнинг ўзи етарли эмас. Маънавий камолотга маърифат етказади, яратувчилик, бунёдкорлик, тўкин ҳаёт, муваффақият, юксак марраларга ҳам илм ортидан эришилади.

Ёшлар чин ватанпарвар бўлиши учун ҳам энг аввало, уларни китобга муҳаббатли, илму маърифатли қилиб улғайтиришимиз лозим.

Республикамизда, жумладан, Андижонда ҳам замонавий кутубхоналар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Андижон шаҳрида жойлашган, юз йилдан зиёд тарихга эга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги кутубхона яқин йилларда катта маблағлар эвазига таъмирдан чиқарилиб, энг замонавий зиё масканларидан бирига айлантирилди. Шунингдек, Андижон шаҳрининг Чўлпон боғи ҳудудида кўзи ожизлар кутубхонаси тубдан янги қад ростлаган замонавий, кенг ва ёруғ бинода фаолият юритмоқда. “Боғи Бобур”да Бобур ва бобурийлар тарихига оид кутубхона-музей замонавий ва миллий услубдаги кўркам бинода фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳудудни Президентимиз ташаббуси билан янги лойиҳа асосида дунё бобуршунослари, чет эллик сайёҳлар учун гавжум тарихий масканга айлантириш бўйича саъй­-ҳаракатлар бошланган.

Бугунги кунда юртимизда халқ кутубхоналари сони ҳам ортиб бораётгани, китобхон ёшлар кўпаяётгани қувончли, албатта. Инсон қалбидаги энг гўзал туйғулар, чин инсоний фазилатлар бетакрор бадиий асарлар, китоблар мутолааси орқали шаклланади. Эзгу мақсадлар, юксак марралар ҳам китобхонлик, маърифатлилик ортидан қўлга киритилади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда китобхонликни ривожлантириш, ёш авлоднинг китобга бўлган муҳаббатини юксалтириш бўйича муҳим ҳужжатлар имзолади. Кейинги йилларда адабиёт аҳлига, маънавиятга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз ўрнида бу эътибор халқнинг олдинги сафида юрувчи, ортидан халқни эргаштира олувчи адиблар зиммасига залворли вазифа ва масъ­улият ҳам юклайди.

Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш, инсониятга улуғ даҳоларни берган халқимиз ичидан янги уйғониш даврининг йирик вакиллари етишиб чиқиши учун ҳам айнан зиёли қатлам зиммасида улкан вазифалар турибди.

Республикамиз Президенти 2023 йил 22 декабр­­­да “Маънавият ва маърифат” кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида тилга олган бугунги кун жадидларидан бири, ташаббускор инсон, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшовчи тадбиркор Қобилжон Обидов аввал турли йўналишларда, халқимизнинг соғлом турмуш тарзини яратиш, иқтисодий тараққиёт борасида ўз лойиҳаларини амалга ошириб, халқнинг ҳурматига сазовор бўлган бўлса, кейинги йилларда маънавият соҳасида янги ташаббусларни илгари сурди. 2020 йилда Марҳамат шаҳрида замонавий муҳташам кутубхона ҳамда шахмат мактаби қурди. Вилоятнинг қўшни давлатга чегарадош ҳудудида бунёд этилган ушбу зиё мас­­­­­­к­ан­­­­лари бетакрор замонавий архитектураси, ўз олдига қўйган мақсади билан ажралиб туради. Баланд ва ёруғ залларга эга кутубхона уч қаватдан иборат бўлиб, дунёнинг машҳур кутубхоналари каби ўзига хос дизайнда жойлаштирилган бой китоб­лар фондига эгалиги, китобхонларга хизмат кўрсатишнинг қулай ва замонавий услуби жиҳатидан водийда ягона халқ кутубхонаси, дейиш мумкин.

Кутубхонанинг таърифи юртимизнинг барча ҳудудларига, қўшни давлатларга ҳам ёйилган. Вилоятимиз меҳмонлари ушбу зиё масканини кўриб, унинг фаолиятини ўрганишга қизиқадилар.

Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи чоғида ушбу кутубхона ва шахмат мактаби фаолияти билан танишди. Дарсдан бўш вақтларида тажрибали мураббийлардан сабоқ олаётган шахмат мактаби ўқувчиларининг интилишларини қўллаб-қувватлаб, бошқа шахмат мактаблари билан тажриба алмашиб бориш муҳимлигига эътибор қаратди. “Ёшлар кутубхонаси”да эса вилоятнинг фаол ёшлари вакиллари билан мулоқот қилди.

— Давлатимиз раҳбари билан учрашувда дастлаб бироз ҳаяжонландим, — деди Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабининг ижодкор ўқувчиси Маржона Умарова. — Кейин эса самимий мулоқот, оталарча ғамхўрлик билан ёшларнинг фикр­ларини қўллаб-қувватлашларини кўриб, ўзимга ишонч ва янги орзу-мақсадлар пайдо бўлди. Демак, биз нимага интилсак билимимиз, изланишларимиз орқали, албатта, мақсадимизга етишимиз мумкин, биз, ёшлар бу имкониятни қўлдан бермасак бас. Айни вақтда саккиз юз мингга яқин ёшларга чет тилларини бепул ўргатаётган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси раҳбари Рустам Қориев натижалар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўзлаганда, Президентимизнинг: “Мени ҳам ҳаяжон босадиган пайт бор экан”, деганлари барча учрашув қатнашчиларининг кайфиятини янада кўтарди.

Ёшлар кутубхонасида ўттиз мингдан зиёд китоб­лар мавжуд. Зиё маскани олти ой давомида таниқли олимлар, мутахассислар тавсиялари билан шаклланган рўйхат асосида мумтоз, замонавий ўзбек адабиёти намуналари, жадид боболар мероси, жаҳон адабиётининг таниқли вакиллари китоблари билан бойитилган. Бундан ташқари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг тўрт юз минг нусха электрон китобларидан ушбу кутубхонанинг ўзида фойдаланиш имконияти мавжуд.

Кутубхона турли ёшли юртдошларимизга хизмат кўрсатишни ўз олдига мақсад қилган бўлиб, бир вақтда жами 250 нафардан зиёд китобхонга хизмат қилишга мўлжалланган. Болалардан тортиб, кекса ёшдаги китобхонлар учун ҳам алоҳида мутолаа хоналари ташкил этилган.

Кутубхонада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари, вилоят халқ таълими бошқармаси, Марҳамат тумани ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб турилади.

Кутубхона вазирликлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси беш юзта, Ўзбекистон мудофаа вазирлиги тўрт юзта бадиий адабиётлар, Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги тўрт юздан ортиқ электрон китоблар билан кутубхона фондини бойитишга ҳисса қўшди. Келгусида уюшма томонидан нашр этилган янги китоблардан кутубхонага етказиб бериш режалаштирилди.

Фидойи юртдошимиз Қобилжон Обидов адабиётга ихлоси, китобга муҳаббати туфайли адабиётшунослар, адиблар билан дўстона алоқада. Кутубхонага ёндош Эркин Воҳидов шахмат мактабида устоз адибнинг ўғли Хуршид Воҳидов билан ҳамкорликда алоҳида шоир ҳаёти, фаолияти, ижодий меросига оид музей ташкил этилган.

— Кўп фарзандли катта оилада ўсиб-улғайдим. Ёшликдан китобга меҳрим баландлиги учун кутубхона қуриш орзум эди. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг китобхонликка, ёшларнинг билим салоҳиятини юксалтиришга катта эътибор қаратгани, ёш авлоднинг китобга бўлган муҳаббатини юксалтириш бўйича қарорлар имзолаганидан кейин ушбу мақсадимни амалга оширишга астойдил киришдим. Республикамизнинг чекка, чегара ҳудуди бўлмиш қадимий Мингтепа — Марҳаматда кексалару ёшлар орасида китобсеварлар кўп, — деди Қобилжон ака, — бу мақсадларимни амалга оширишдан ижодкор дўстлар, таниқли олимлар Шуҳрат Ризаев ва Олимжон Давлатов билан маслаҳат қилдим. Улар кутубхона фондини жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан тортиб, мумтоз, замонавий адабиёт вакиллари китоблари билан бойитишни маслаҳат берди. Ёшларимиздан ташқари турли ёшдаги китобхонлар ҳам кўп. Кекса ёшдаги юртдошларимиз уй шароитида фарзанд-набиралар қуршовида китоб ўқишга шароити бўлмаслиги мумкин. Бизнинг кутубхонамизда эса кексалар учун ҳам алоҳида заллар мавжуд. Китоб учун, кутубхона, маърифат учун сарф бўлган маб­лағни ҳеч қачон ҳисоб-китоб қилмаганман. Президентимиз улуғ жадид боболарни, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби устоз адибларни, уларнинг халқимиз учун хизматларини кўп тилга олади. Мен шу юрт вакили, юртимизда яратилган шароитлар туфайли катта имкониятларга эга бўлган тадбиркор сифатида келажак авлод саводхонлигини оширишга ҳисса қўшишдан бахтиёрман.

Ёшларни китобхонликка қизиқтириш, билимларини юксалтириш учун мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жадид боболар ҳаёти ва фаолияти, маънавий меросини ўрганишга оид танловлар ўтказиш, кутубхона тармоқларини таълим муассасалари кесимида кенгайтириш галдаги вазифалардан.

Халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз ободлиги, ёшларимизнинг эртанги ёруғ келажаги учун жадид боболар айтганидек, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” шиори билан меҳнат қилаётган юртдошларимизга тилагим:

Сизга мадад берсин Худойим,

Сиз эл учун бўлинг мададкор,

Гул очилсин йўлларингизда,

Қалбингизда яшасин баҳор!

 

Дуоларнинг хосиятидан

Нур ёғилгай ой-юлдузлардан,

Сизга нигоҳ тикканлар ҳаққи,

Асрасин Ҳақ ёмон кўзлардан.

 

Юрт деб уриб турса юраклар,

Эзгуликка бўлса чин ҳамроҳ,

Иншооллоҳ, сақлагай омон,

Сиздек улуғ зотларни Аллоҳ!

 

Хуршида ВАҲОБЖОН қизи,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Андижон вилояти бўлими

раҳбари, шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 3 =