Бағрикенгликнинг ҳам чегараси бор!

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси диққатига!

Тилимиздаги ҳар жиҳатдан энг чиройли сўзлардан бири “бағрикенглик”ни кўпинча диний атама сифатида қўллаймиз. Яъни, турли дин вакилларининг ёнма-ён ўзаро аҳилликда, бир-бирларининг эътиқоди, урф-одатлари, маросимларига ҳурмат билан муносабатда бўлишини тушунамиз, ифодалаймиз. Лекин бу сўз маъно-моҳиятига кўра кўп ўринларда қўллашга мос. Айтайлик, қўни-қўшничилик, қариндош-уруғлар муносабатларида, одамларнинг оиладаги ва ҳар кунги йўл-йўлакай муносабатларида, меҳмону мезбонликда бағрикенглик. Бағрикенглик — ажойиб фазилат. Аммо унинг ҳам чегараси, меъёри бўлиши керак, акс ҳолда…

Руҳиятшунослар илмий изланишлари хулосасига кўра, ёш боланинг хоҳиш-талабларини бағрикенглик билан беистисно бажаравериш оқибатида у бора-бора дангаса, инжиқ, айтганини қилдирадиган, сўзи ўтмаса аразлайдиган, доимо диққат марказида туришни истайдиган бўлиб қоларкан; хуллас, фарзандни ҳаддан ортиқ папалайвериш унда худбинлик аломатларининг шаклланиши ва ривож­ланишига олиб келаркан… Бир қадрдоним ўзларига девор-дармиён ҳовлини сотиб олган янги қўшниларига шунақа бағрикенглик билан меҳр-оқибат кўрсатдики, оқибатда янги келганлар икки хонадон ўртасидаги бир умр одамлар ўтиб-кетиб юрган йўлакниям ўз ҳовлисига қўшиб олганда, нима дейишини билмай оғзи очилиб қолди. Бунақа мисоллар кўп. Шунинг учун улуғлар азал-азалдан муборак ҳадиси шарифларга асос­ланиб: “Ҳамма нарсанинг энг яхши меъёри ўртачаликдир”, — дейдилар.

Асосий мақсадга ўтишдан олдин гапни айлантиришим сабаби… ижтимоий тармоқда Бахтиёр исмли тарихчи йигит икки қизни ёнига олиб, ҳозирги ўзбек қизлари қанақа-ю, қандай бўлиши кераклиги ҳақида бетларига “чарм қоплаб” гаплашганлари ҳақида эшитганимда, аввалига “Ёмондан ҳазар” дегандек, уни батафсил билгим ҳам, кўргим ҳам келмади. Бу ҳақда ёзмоқчи ҳам эмасдим. Лекин ўша тарих ўқитувчисига жамоатчилик билдирган фикрлар билан танишганим сайин, қолаверса, йигитнинг гаплари жамиятимиз қон томирларига заҳар, йирингдек кириб бораркан, ёш ва тажрибасиз қизлару аёллар орасида унинг тарғиботларини “Бизга шундай тарбия беришган-да”, “Бу қизлар гўё бокиралик юкини кўтариб юради”, деб қабул қиладиганлар, чала-ярим тасдиқлайдиганлар ҳам борлиги, улар орамизда экани хаёлимдан кетмай қолди. Асрлардан асрларга ўзбек жамиятининг бўлғувчи оналари жисмонан, ақлан, маънан соғлом авлодни дунёга келтириб тарбияловчилар; юртда ҳалолу пок муносабатлар, ҳалол тараққиёт барқарор бўлиши учун фарзандларига покизалик, тўғрилик, ростгўйликда ибрат бўлгувчи аёллар экани энг муқаддас инсоний қонунлардан бўлди, хотин-қизлар, энг аввало, шунинг учун эъзозланди, ҳимоя қилинди, қўллаб-қувватланди.

Зеро, жаннат ана шундай аёллар оёғи остидадир, иншооллоҳ.

Ҳозирда дунёдаги айрим мамлакатлардаги каби оила деган мўъжаз-муқаддас ватан таназзулга юз тутмаслиги, болалар етим қолмаслиги, миллатнинг ўзлиги емирилиб кетмаслиги учун вафо, садоқат, ҳаё, андишада намуна кўрсатадиган аёл-онадан бошқа ким бор?!

Шукрким, халқимиз момолар, боболар юзини ёруғ, мартабасини улуғ, дастурхонини тўкин, миллату элатлараро қадрини баланд этган қадриятлар, урф-одатларни чуқур анг­лайди, уларга амал қилади. Ижтимоий тармоқларда намойиш этилган ўша суҳбатдаги фаҳш, бузуқликни тарғиб этганларга билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳам буни далиллаб турибди. Дарғазаблик, ҳис-ҳаяжон, жаҳл, нафрат билан айтилган гапларда уйғоқ қалблар, миллат генофонди тоза ва ахлоқи юксак бўлиши қайғусида урган юрак­лар овози, нафаси бор. Аммо андишаcизлар, бадниятлар, жамиятни ўзининг маишатхонасига айлантиришга қасд этганлар бизнинг ҳар қанча куйиб-ёнганларимизни “бузоқнинг югургани сомонхонагача” тарзида қабул этсалар керак. Чунки олов бир ловуллагани каби фикр-мулоҳазалар ўт олади, вақт ўтади, олов пасаяди, ўчади, унутилади. Тамом. Лекин улар эккан зарарли уруғлар қаерларгадир қадалиб қолади…

Бундан ярим йиллар олдин хорижлик бир Жданов деганлари ижтимоий тармоқда ўзбек аёлларининг бугунги аҳволини ўзича ўрганиб, таҳлил қилиб: “Ўзбекистонлик аёллар ҳалиям феодал даврдаги хотин-қизлар каби яшайди. Эркинлиги йўқ”, — деб хулоса чиқаради. Унга ўхшаганлар-ку, бир четда яшайдиган кимсалар дейлик, аммо… “Ўзимдан чиққан балога қайга борай давога?” дегандек, Бахтиёр Алимджанов деган тарихчининг Европа, Америкада ўқиб келган, бир неча тилларни биладиган, билимли, кийимлари ҳам замонавий бўлган қизларни ҳаё, ибо, шаънини асрагани учун “замондан орқада қолган” деган иддаоси, бундай қизларни “сени ҳеч ким хоҳламаган” деб ҳақорат қилиши, “Ҳақиқий қизлар ҳақиқий эгоист (худбин) бўлади”, “Ҳозирги ёшлар айнан ҳозир роҳатланишга ҳаракат қилиши керак. Эртанги кунни ўйламанг. Ҳозир роҳатланиб қолмасангиз, 40 ёшга кирганда фарзандингизга нимани гапириб берасиз?”, “Бунинг учун фақат билим олиш ечим эмас. Чет элда ўқиш учун грант олиб, у ёқларни кўриб келиш керак. Шундай талабаларни биламанки, улар чет элда йиллаб ўқийдилар”; “Ҳақиқий қиз бола ота-онасиниям ўйламайди, мен шундай қизларни ҳурмат қиламан” қабилидаги тарғибот-ташвиқотлари ждановларнинг тегирмонига астойдил сув қуйиш эмасми? Энг ёмони, бундай фикрлаётганлар бизга қулоқ соладими, фикрини ўйлаб кўрадими? Мисол учун, Тошкент давлат шарқшунослик университетида тарих фанидан дарс берадиган Бахтиёр Алимджанов қай биримизнинг олдимизга келиб: “Сенинг гапингни эшитдим (ўқидим), кел, биргалашиб мулоҳаза қилиб кўрайлик. Балки сен, балки мен адашгандирман, шуни аниқлаб олайлик”, — дейдими? Йўқ, фикримизча, у тарихчи ҳозир ўзининг назарида янаям машҳур бўлиб олганига хурсанд, “Бу ҳам ўтиб кетади”, — деб, янги “маърузаси”ни ўйлаётган бўлса, ажабмас.

“Битта … улоқ бутун подани булғайди”. Бахтиёрнинг ташқи ва ички қиёфаси жамоатчиликни қанчалар ҳайратга, ташвишга, ғазабга солган бўлса, унинг ёнида ўтирган қизларнинг бепарда гапларни оддий суҳбат каби қабул қилиши, уларнинг муносабатлари ва кўзларидаги ҳамфикрлик ундан-да оғир, аянчли ҳолат.  Постларни кузатаркансан, беихтиёр Гоголнинг “Ревизор” комедияси ёдга тушади. Ёлғончи, ҳийлагар, лўттибоз, хотинбоз Хлестаковнинг олифтагарчиликларига аёллар мафтуну маҳлиё бўлиб қолган, шундан чув тушган эдилар.

Бир ота-онанинг не умидлар, не қийинчиликлар билан ўстирган гулдек қизи ишратпарастлар, хотинбозлар, ҳаром-ҳариш пултопарлар қўлида ўйинчоқ, кўнгилхуши, эрмак бўлиб, охир-оқибат хору зорликка дучор бўлишини ўйлагинг, ёмон хаёлга боргинг ҳам келмайди-ю, ўлганнинг устига чиқиб тепган каби Алимджанов: “Жамиятда ҳамма эътиборни қизларга қаратиш керак. Уларнинг ҳаммасини олий ўқув даргоҳларига қабул қилиш керак. Шунда иқтисодиёт юксалади”, – дея жиз-биз қилади. Ҳа, яшашдан мақсад қандай қилиб бўлмасин, ўзингни хурсанд қилиш, кўнглинг истаган кўчага юриш, бугунинг билан яша, эртани ўйлама, деган даъвосининг чораси сифатида жамиятнинг иқтисодий юкини қиз-аёллар елкасида кўрмоқчими бу? …ни, тўғриси, ким деб аташни билмайман.

Шу боис жамиятнинг энг муҳим эҳтиёж, талабларидан келиб чиқиб қонунлар ишлаб чиқадиган ва қабул қиладиган депутатларга, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига саволларимиз бор: порнографик расмларни тарқатиш, киши шахсиятини ҳақорат қилиш, сўкиш каби қилмишларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қонунчилигимизга кўра иш очилади, чора кўрилади. Токи бундай номаъқулчилик қайта такрорланмасин. Холис айтсак, ўзини тарихчи деб биладиган бу кимсанинг гаплари порнографик суратлардан ҳам ифлосроқ, хавфлироқ, зарарлироқ эмасми? Одамларни ўғрилик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, ўзаро низо чиқариш каби нотўғри ишларга ўргатувчи, бошловчиларга нисбатан ҳам чора кўрилади-ку! Назаримизда, Алим­джановнинг тарғиботи, чорловлари даражаси, хавфи, оқибатлари бу ножўя қилмиш­лардан бир неча баробар ортиқ ва мудҳишроқ! Ўзининг келажагини билим, ҳунар билан яратиш, халқу Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш мақсадида ўқиб, изланиб, ўрганиб юрган қизларимизни “замондан орқада қолган” деб камситиш уларга нисбатан туҳмат эмасми? Бундай ташвиқотлар ёш, тажрибасиз фарзандларимиз қалбига ўрмалаб кириб, миллийлигимиз, жамиятимиз ўзлиги, маънавий дарахтлари илдизларини қурт бўлиб кемирмайдими?

Алимджанов бир постида одамларни бағрикенг бўлишга чақиради. Тўғрироғи, ўзига нисбатан бағрикенгликка чорлайди. Қандай фикрдасиз?   Ёки яна бағрикенглик қиламизми? Қачонгача?

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

Таҳририятдан:

 Айни муборак кунларда, Рамазон ойи, Наврўз айёми шукуҳи дилларимизни янада нурафшон этаётган дамларда, очиғи, ўзимиз ҳам истамаган юқоридаги  мақолани эълон қилишни лозим топдик. Негаки…

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳамда жорий йил январь ойи­­да бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида  маънавий таҳдидлар, ёт ва бузғунчи ғояларни халқимизга, айниқса, ёшлар онгига сингдиришга уринаётган кучларнинг ҳар қачонгидан фаоллашиб бораётганини таъкидлаб, шу боис биринчи нав­батда юрт зиёлиларини ҳамиша огоҳ бўлишга  ундаганлари бежиз эмас экан.

Юқоридаги куюнчак мулоҳазаларни қаламга олган муаллиф – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғованинг ўзи гарчи Республика Маънавият ва маърифат марказида фаолият юритаётган бўлса-да, биз нега ушбу мақолани айнан Маънавият ва маърифат маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура диққатига қаратган ҳолда ҳавола этишни лозим топдик?

Чунки бу сингари чиқишлар билан миллатимиз шаъни, ор-номуси, муқаддас қадриятларимизни ҳам оёқ ости этиб, хотин-қизларнинг пок номларини, иффатини ер билан битта қилишга уриниш, бузуқлик ва фасоҳатнинг очиқдан-очиқ тарғиботи мақсад қилиб олинганга ўхшайди. Шу сабаб бундай ғаразгўйликларга Маънавият ва маърифат маркази, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлиги, маҳаллалар, барча-барча юртдошларимиз бефарқ бўлмайди, деб ишонгимиз келади.

Ўз-ўзидан аёнки, минг-минглаб таълим олаётган ёш, дилбар қизларимиз эртаси, ёруғ келажаги учун  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги  мутасаддилари ҳам бу янглиғ қабиҳ тарғиботларга лоқайд қарашлари мумкин эмас.

Қачонки, нопок ғояларга қатъий жазо қўлланмай, бундай ҳолатлар хаспўшланар экан, оқибати миллатимиз келажаги учун ўта аянчли бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Тўғри, сўз эркинлиги устувор жамиятда яшаяп­миз. Аммо бу Бахтиёр Алимджанов ва унинг ёнидаги ҳамсуҳбатларига сўз орқали миллат ўзлигига тош отишига ҳеч қандай ҳуқуқ бермайди.

Аксинча, “Оммавий маданият”га ундовчи фикрлар Бош Қомусимиз ва қонунларимиз билан тақиқланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, таҳририят мақолада кўтарилган масалага тегишли мутасаддилардан жавоб кутади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 3 =