Янги Ўзбекистон Навоийшунослиги: очиқ дарслар

9 февраль — Мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуд топган кун

Анча вақтдан бери замондош навоийшунос олимларнинг асарларини мутолаа қилиш асносида “шу китоб­лар негизида навоийхонлик бўйича очиқ дарс­лар ташкил этиш зарур” деган фикр хаёлимда айланиб юрганди. Таниқли адабиётшунос ва ҳуқуқшунос, навоийшунос ва бобуршунос Буробия Ражабованинг иккита янги китоби — “Боқий васиятномалар” ҳамда “Сўзлар билан сўзлашув”ни ўқиб чиққанимдан сўнг бу фик­рим янада қатъийлашди.

Биринчи китобдаги 22 фаслда Амир Алишер Навоий асарларида тасвирланган тарихий ва бадиий образлар, тимсоллар атрофлича таҳлил ҳамда талқин этилган. Иккинчи китобнинг жами 8 фасли ҳам мумтоз мутафаккир ва санъаткор шоир асарлари мағиз-моҳиятини бутун қирралари билан чуқур англашга кўмаклашадиган тарихий ва бадиий тўқима образлар, муҳим тимсол-тушунчалар билан боғлиқ мўъжаз этюдларни ўзида қамраган.

Шу маънода, ҳар икки китоб улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларининг ҳаёт йўли ҳамда ижодиёти ҳақида кенг кўламда маълумот тақдим этадиган очиқ дарс маърузалари учун мустаҳкам тагзамин, десам, янглишмайман. Ушбу асарлар мамлакатимиздаги нуфузли Илмий кенгашлар томонидан нашрга тавсия этилгани эса уларнинг илмий-амалий қимматини янада оширган.

“Боқий васиятномалар” нима дегани?

Ҳар қандай синчков китобхон янги китобни қўлига олар экан, аввало, унинг номига, нима учун айнан шундай номланганига эътибор қаратиши табиий. Буробия Ражабованинг фикрича, “Навоий ижодида ижтимоий фикр ва поэтик талқиннинг бетакрор намуналаридан бири шоир томонидан тас­вирланган, ижод қилинган ўттиздан ортиқ васият ва васиятномалар билан боғлиқ воқеалар тасвиридир”. Шу маънода, “Боқий васиятномалар” — Алишер Навоий бобомиз асарларидаги бир неча ўнлаб васият ва васиятномаларнинг ўзига хос илмий-бадиий талқинидир.

Васият — луғатларга кўра арабча сўз бўлиб, инсоннинг ўлим олдидан айтиб қолдирадиган гап­лари, ўлим олдидаги охирги сўзидир.

Васиятнома — фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулк­­ка нисбатан ҳуқуқни вафот этганидан сўнг бошқа шахснинг тасарруф этишини белгиловчи хоҳиш-иродаси ифодаланган ҳуқуқий ҳужжат. У шахсан тузилади ва вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Яна бир муҳим жиҳат: васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланади.

Китоб муаллифи Навоий ҳазратлари қаламига мансуб “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Тарихи мулуки Ажам” асарлари ҳамда “Хамса” таркибидаги достонларида, бир томондан, тарихий шахслар, қалам аҳли, ижодий жараён билан боғлиқ ўнлаб васиятлар тилга олингани ҳолда, иккинчи томондан, бадиий қаҳрамонлар ҳаётининг муҳим жиҳатларини очиб берувчи тасвирлар акс этган яна кўплаб васият ва васиятномалар талқин қилинганига эътиборни қаратган. Олиманинг қайд этишича, “Навоийнинг маҳорати шундаки, ижодида тасвирлаган айнан бир васият ёки васиятномани мазмунан бир хил, аммо шаклан турли хил усулда ҳам ёзишга ҳаракат қилган”.

Шу билан бирга, олима аксарият навоийшунослар ўз тадқиқотларида улуғ шоир ва мутафаккир аждодимизнинг асарларидаги васиятномаларни кўпинча васиятнома деб эмас, асосан, мактуб, нома жанрининг бетакрор намунаси сифатида ўрганганлигини қайд этади. Бу ҳам бежиз эмас. Чунки Навоий ҳазратлари “васият” сўзини қўллаган ўринларда ушбу тушунчанинг ҳуқуқий атама маъносидан ташқари ҳикматли сўз, панд-насиҳат каби кенг маъно қирраларини очиб бергани ҳам шуни тақозо этади.

Адолатда — маърифат, барака ва фазилат бор!

Алишер Навоий асарларини ўрганиш асносида адабиётшунос, асосан, адабий талқин нуқтаи назаридан ёндашса, ҳуқуқшунос улуғ бобомиз ижодининг фиқҳ билан боғлиқ қирралари таҳлилига кўпроқ урғу бериши тушунарли ҳол. Буробия Ражабова ҳам адабиётшунос, ҳам ҳуқуқшунос бўлгани учун бу борада тарозининг ҳар икки палласи тенг бўлишига интилгани таҳсинга лойиқдир.

Навоийшунос олиманинг фикрича, Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарлари орқали биз — авлодларга адлу адолат борасида нималарнидир эслатгандек, ўргатгандек бўлади. Шу боис “Навоий ҳар қандай шафқатда, эҳсонда, адолатда, яхшиликда маърифат, барокат, фазилат бор, мурожаат қилган инсонни ўкситманг, адолатли бўлинг, фақат ва фақат хайрихоҳ бўлинг, дегандек бўлади”, деб ёзади Б.Ражабова.

Навоий асарларидаги адл, адолат ҳақидаги фикрларни ўқир эканмиз, кўпинча Нўширавони одил образига дуч келамиз. Бу тимсол орқали улуғ шоир ва мутафаккир аждодимиз адл ва адолат, хирадмандлик ва ҳушёрлик каби тушунчаларнинг қадр-қимматини очиб беради.

Жумладан, “Тарихи мулуки Ажам” асарида ҳам адолат ва шафқат қонунини зиёда қилиб, элу юртни обод қилган Нўширавони одил ҳамда у ёзиб қолдирган васиятнома ҳақида сўз борган. Бу машҳур ва умрбоқий васиятномада адолату шафқат қонунлари асосида тарбия топ­ган Нўширавони одилнинг ҳаёти давомида орттирган учта фалсафий хулосаси ёзиб қолдирилган, дея қайд этади китоб муаллифи.

Биринчи фалсафий хулоса: “… адл бир қўрғондурким, сув солиб йиқилмас ва ўт била куймас, манжаниқ била бузулмас. Ва адл ганжедурким, кўпрак олғон сайин кўпрак бўлур ва озроқ харж қилсанг, озроқ бўлар”.

Иккинчи фалсафий хулоса: “Ва хирадманд улдурким, махфий андоқ иш қилмағайким, ошкоро ани қила олмағай ва биров айбида андоқ сўз демагайким, юзига дей олмағай”.

Учинчи фалсафий хулоса: “Урушда душман оз деб ғофил бўлмамоқ керакким, кўп ўтунни оз ўт куйдурур”.

Эътибор беринг: адл ҳақидаги ушбу пурмаъно васият Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Мен Нўширавони одил замонида туғилдим” деган муборак хабарини ёдга солади. Айни шу ҳадис Алишер Навоийнинг “Хамса” китобидаги достонларида, хусусан, “Садди Искандарий” достонининг “Адл васфида” номли бобида янада тўлиқ тарзда бадиий талқин этилган.

Ушбу талқинга кўра, Шоҳи иқлимгир Искандар жаҳон мулкини қўлга киритади. Аммо ҳам шоҳ, ҳам вали, ҳам наби ҳисобланувчи Искандар ўлим олдида ўзининг бечора ва овора бир банда эканлиги, уни ўлимдан қўл остидаги вазиру ҳокимлари ҳам, хазинасида тўлиб-тошган олтину кумушлари ҳам қутқара олмаслиги билан боғлиқ оддий ҳақиқату адолатни тушуниб етади.

Алишер Навоий бадиий қаҳрамони — Искандар Зулқарнайн васияти мисолида ўзининг шоҳ ва мулк, шоҳ ва раият каби ўта чуқур фалсафий, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий фикрларини илгари сурган.

Вақф — Навоийнинг молиявий ибодати

“Молиявий ибодат” ибораси ким учундир янгилик бўлса, яна кимлар учун ноаниқ ифода бўлиб туюлиши ҳам мумкин. Аммо молиявий ибодат ва унинг турлари ислом маърифатида қадимдан мавжуд бўлиб келган муҳим тушунча ҳисобланади.

Масалан, нақшбандия тариқатининг забардаст намояндаси, шайх Хожа Аҳрор Валийнинг қалами теккан жилд-жилд вақф ҳужжатларини олайлик. Бу юридик ҳужжатлар Темурийлар Уйғониш даврининг йирик мулкдори бўлган шайх ҳазратлари ёзиб қолдирган мо­лиявий ибодатларга ёрқин мисолдир.

Айни чоғда, навоийшуносликда Алишер Навоийнинг молиявий ибодати мавзуси илк бор ўзбек олимаси Буробия Ражабова томонидан тадқиқ этилганини эътироф этишга бурчлимиз. Навоийшунос олима қайд этганидек, улуғ шоир ва давлат арбоби ўз асарларида молиявий ибодатнинг вақф, закот, фитр, ушр, фидя каби турлари ҳамда иш, меҳнат ҳақи ёки банда ҳақи, тўлов ҳақида жуда муҳим маълумот, изоҳ ва шарҳлар битган.

Китоб муаллифи “вақф Навоийнинг асосий молиявий ибодатларидан бири саналади”, деган илмий хулосани илгари сурган. Бу фикр бежиз эмас. Чунки Алишер Навоий қаламига мансуб “Вақфия” асарининг бир фасли “Маҳдудот” деб номланган бўлиб, айни шу бобда молиявий ибодатнинг вақф, вақф ҳуқуқи каби тушунчалари кенг шарҳланган.

“Маҳдудот” сўзи нимани англатади? Луғатларга кўра, маҳдудот — иқтисодий атама бўлиб, чегараланган, атрофи аниқланган ва ўралган жой, ер-сув ва бошқалар, мулклар деганидир. Бу тушунчанинг бирликдаги шакли “маҳдуд” тарзида ёзилади.

Шу маънода, Б.Ражабова талқинига кўра, Алишер Навоий “Вақфия” асарининг “Маҳдудот” фасли:

биринчидан, Навоий бобомизнинг вақф қилинган кўчмас мулкларидан ва уларнинг вақфи саҳиҳлигидан бизни хабардор қилса;

иккинчидан, ҳамма давр мулкдорлари учун мулкдор Навоий сиймосини ҳамда унинг молия­вий ибодатини намуна, ибрат сифатида кўрсатишга хизмат қилади;

учинчидан, Янги Ўзбекистонда қайтадан ташкил этилаётган вақф ишларини юритишда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиш зарурлигини эслатиб туради.

Шу ўринда ўзбек олимаси ҳазрат Навоийнинг молиявий ибодатдаги ютуқларини нафақат вақф, балки закот, музд, иш ҳақи каби молиявий ибодат турларини таҳлил ҳамда талқин этиш орқали теран очиб берганини алоҳида таъкидлашни истардик. Муҳими, айни таҳлилу талқинлар илмий-назарий жиҳатдан пишиқлиги ва ишонарли экани билан эътиборни ўзига тортади.

Навоийнинг мулк ҳуқуқига оид қарашлари

Алишер Навоийга қадар ва кейинги даврларда яшаб ўтган Шарқ алломалари ва Ғарб мутафаккирларининг мулк тушунчаси ҳақидаги фикрлари илм-фанда озми-кўпми ўрганилган. Бироқ Навоий ҳазратларининг асарларида мулкка бўлган муносабати қандай бадиий, назарий, илмий-ҳуқуқий талқин қилингани масаласи биринчи бор Буробия Ражабова томонидан ҳам адабиётшунос, ҳам ҳуқуқшунос сифатида чуқур ўрганилганига амин бўлдик.

Навоийнинг мулк борасидаги фикр ва мулоҳазалари ҳам бошқа жуда кўп тушунчалар каби ғоя ва тимсол даражасига кўтарилган, баъзи ўринларда эса ҳуқуқий одат ҳамда қонун даражасида ифодаланган масаладир. Ҳазратнинг мулк борасидаги фикр, ғоя, тимсоллари, кўрсатмалари қатор дурдона асарларида, жумладан, “Хамса”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Маҳбуб ул-қулуб”да, ҳатто баъзи фасоҳатли шеърларида ранг-баранг маъно ва шаклда ўз ифодасини топган, деб ёзади олима.

“Мулк” — арабча сўз бўлиб, Қуръони каримдаги сураларнинг бири худди шу калом билан номланган. Бу сўзнинг ҳукмдорлик, Ватан, ихтиёридаги, қўлидаги бор дунё, ер-сув, иморат, мамлакат, вилоят, тасарруф, бойлик, ҳокимият, дастмоя, сармоя, хазина каби хилма-хил маънолари бор.

Б.Ражабова талқинига кўра, Алишер Навоий “мулк” сўзи воситасида давлат, мамлакат маъносидан ташқари тақдир, жамият, раият, бойлик, адл, адоват, ҳақ-ҳуқуқ, ризқ, хазина, иқтисодий дастак, бож, солиқ, ижтимоий тенглик ва тенгсизлик, ободлик, таназзул каби умумхалқ аҳамиятига эга бўлган муҳим муаммоларни ўртага ташлаган. Бинобарин, Навоий ҳазратлари ўз асарларидан бирини шу тушунча билан боғлаб, “Тарихи мулуки Ажам” деб номлагани ҳам бесабаб эмас.

Алишер Навоий “мулк” сўзини мамлакат, давлат, салтанат, ҳокимият каби маъноларида “Садди Искандарий” достони ва “Тарихи мулуки Ажам” асарида кўп ишлатган. Қолаверса, “Фарҳод ва Ширин” достонида ушбу тушунчанинг тож, тахт, салтанат, сипоҳ, мулк, мол-давлат, мамлакат каби еттита маъносини маҳорат билан ифодалаган.

Улуғ шоир ижодида, шунингдек, “жон мулки”, “кўнгул мулки”, “бақо мулки”, “йўқлик мулки”, “кавн мулки”, “сўз мулки”, “назм мулки”, “ҳақиқат мулки”, “чарх мулки”, “тун мулки”, “рисолат мулки” шаклидаги иборалар тез-тез учрайди. Б.Ражабова эътибор қаратганидек, масалан, “назм мулки” ибораси кейинчалик шоирнинг ўзига нисбатан “шеърият мулкининг султони”, “сўз мулкининг султони” каби таърифларнинг пайдо бўлишига замин вазифасини ўтаган.

Шеърият оламида бундай таърифлаш анъанаси асрлар оша давом этиб келмоқда. Жумладан, ХХ аср ўзбек шеъриятининг йирик намояндаси Мақсуд Шайхзода Ҳазрат Навоий ҳақидаги мақолалари тўпламини “Ғазал мулкининг султони” деб номлаган. Замонавий шеъриятимизнинг ёрқин вакили Икром Отамурод эса адабий жамоатчилик орасида “кангул куйчиси” дея таърифланади.

Навоийшунос олима яна бир муҳим тарихий далилга диққатимизни қаратади. Яъни, Ҳусайн Бойқаро ўзининг Алишер Навоийга ёзган мактубларида улуғ шоирни “қуввати асҳоби мулку миллат”, “эътизол ул-мулк”, “эътимод ад-давлати хоқоний” каби номлар билан улуғлаганидан сизу бизни хабардор этади.

Энг асосийси, Б.Ражабова ишонч билан уқтирганидек, Алишер Навоийнинг асарларидаги мулк мавзусига оид ғоялар Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги “Куч — адолатда”, “Куч — тартибда”, “Куч — соғликда” деган тамойилларга асосланади. Бунда улуғ шоирнинг “Адл бузуқ мулкни обод этар”, “Адл суйи била мулк бўстониға нусрат бермоқ”, “То эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас”, “Мулкона қонуну ойин тузиб” деган ҳикматларида ҳам мулк эгаларининг бу борадаги вазифаси, масъулияти, бурчи таъкидланади, деб эътироф этади китоб муаллифи.

Шундай қилиб, адабиётшунос ва ҳуқуқшунос Буробия Ражабова ўзининг ҳар икки янги китобида Алишер Навоий ижодий меросини бирламчи манбалар асосида ўргангани, чуқур илмий таҳлил қилгани ва салмоқли назарий хулосалар тақдим этгани жуда муҳим. Бу жараёнда Темурийлар Уйғониш даврининг кўзга кўринган вакиллари ва Навоий ижоди ўзаро узвий боғлиқликда талқин қилингани, айниқса, таҳсинга сазовор.

Навоий бобомиз ижодига бағишланган ушбу иккита залворли китобнинг таҳлил ва талқинини битта мақола сарҳади билан қамраб олиш ниҳоятда мушкул, ҳатто имконсиз ишдир. Шунинг учун сўзу таърифимизни мухтасар этдик.

Хулоса ўрнида бир-бири билан чамбарчас боғлиқ иккита ҳолатга эътиборни қаратмоқчимиз.

Биринчи ҳолат: ушбу янги китоблар, асосан, ўзбек мумтоз адабиёти тарихи юзасидан илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар ва олий ўқув юртларининг филология факультети талабалари учун мўлжалланган.

Иккинчи ҳолат: “Боқий васиятномалар” ва “Сўзлар билан сўзлашув” китобларининг адади атиги 300 тани ташкил этмоқда.

Кўриб турганингиздек, китобхонлар кўлами жуда тор олинган. Фикримизча, айни қамровни изчил кенгайтириш керак. Қолаверса, китоблар ададини оширишнинг амалий чораларини топиш зарур. Янада муҳими, ушбу китобларда қайд этилган қизиқарли маълумотлар ва муҳим илмий янгиликларни миллий таълим тизимимизнинг барча босқичларига мансуб адабиёт дарсликларига сингдириш лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкид­лаганидек, “Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғоя­ларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади”.

Шундай экан, инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни тараннум этишни ўз ижоди марказидаги энг ҳаётий мавзулардан бири деб билган Алишер Навоий ҳазратларининг ҳаёт йўли ҳамда ижодига бағиш­ланган бундай мақбул ва юқори савиядаги асарлар Янги Ўзбекистон таълим даргоҳларида кенг миқёсда ўқитилиши ва мамлакатимиздаги барча кутубхоналарга етказиб берилиши ҳам фарз, ҳам қарздир.

Акмал САИДОВ,

академик,

юридик фанлар доктори,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − fifteen =