Аслида, соғинч ёшлари эмас эди…

Тарихнинг кўҳна саҳифаларини варақламай туриб, бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз, қишлоқдошларимиз характерларидаги чизгилар ифодасида биз шундай халқ, биз шундай миллат эканлигимизни англадим.

Яъники, ўзи емай, меҳмонига тўкин дастурхон ёзадиган, йиллаб далада ишлаб, ипак қурти боқиб, колхоздан йиллик пулини олганда тўйлар қиладиган, уйининг гапини ташқарига чиқармай сабр қиладиган, бош ёрилса рўмол тагида, қўл синса енг ичида, эр деган уради-да, деб оиласини сақлаб қоладиган, ажрашишни фожиа деб биладиган, қорни оч бўлса-да, қўлидаги нонини қўшнисига илинадиган, қишлоқдош қизнинг шаънини опа-синглисидек ҳимоя қила оладиган, ким нима деса ишонадиган ана шундай содда халқмиз, содда миллатмиз.

Яралмишимизда яратилган туп­роғимиз шунақа оқ-қора, пок-нопок бўлгани боис, яхшилар билан бир қаторда ёмонлар ҳам бўлиши табиий ҳол-да. Демак, орамизда пихини ёрган муғомбирлар, фирибгарлар, халқнинг ҳисобидан текинга яшаб, “бойман”, деб хамирдек шишиб юрадиганлар, ночорнинг ночорлигидан фойдаланиб тегирмонини юритадиганлар, кўпнинг ҳақи, боланинг ҳақидан уялмайдиганлар, сотқинлар, порахўрлар, виждонсизлар… қўйингки, ўзининг кимлигини унутиб… параст бўлиб кетганлар сон мингта, ҳатто ундан ҳам кўп…

Лекин биз ўзлигимизни, ўзбеклигимизни унутмаслигимиз ШАРТ! Аждодлар олдида ҳам, авлодлар олдида ҳам қарздорлигимиз, бурчимиз ҳам шу мезонда ўлчанади. Ижтимоий тармоқдаги мулоқотлар, муносабатлар, мулоҳазалар, таклиф, баъзан тавсиялар ютуқларимизниям, камчилик ва нуқсонимиз, оғриқ жойларимизниям кўрсатиб турибди. Бундан кўз юмишнинг ҳеч имкони йўқ. Таълим, ҳуқуқ, оила, ватан, маънавият, сиёсат, ижтимоий ҳаёт, иқтисод, қайси соҳада бўлмасин, баҳслашишлар, кучи етса-етмаса изоҳлар орқали тортишувлар, ҳаё, одоб чегараларини бузиб ўтиб, уятсиз гапларни бемалол ёзаётган эркакларимиз, қизларимиз, ҳатто ёшлари улуғ аёлларимиз учраб тургани ҳам рост! Саҳифаларни, постларни кузатсангиз, бирор мавзу қолмайди ҳисоб. Ҳаммасидан ўтиб тушаётгани — туппа-тузук олий маълумотли кишиларнинг постларини ўқиб туриб, илм олибди-ю, фаросатга келганида… бироз оқсабди-да, деймиз…

Хусусан, мактаб партасида севишганлар, муаллимни калтаклаётганлар, ўз боласини сотаётганлар, юз тимдалаб, соч юлаётганлар, кундош излаётган-у, доллардан кўйлак кийиб ўзини кўз-кўз қилаётганлар ҳам ўзимиздан эканлиги оғриқли бўлсаям ҳақиқат…

Ота-онасини қадрлаб ҳаж сафарига юбораётган, кексайиб қолган устозини йўқлаб бораётган, эҳтиёжманд ҳамқишлоғига саховат кўрсатаётган, эл-юрт ташвишига елка тутаётган, топингани яхшилик, тутингани савоб бўлган эзгу амали билан элнинг назарига тушаётганлар ҳам ўзимиздан ахир! Фақат бир чимдим фаросат, тиниқ тафаккур, тоза идрок билан олтин оралиқни топиш ўзимизга боғлиқ. Биз Аллоҳ назари тушган, ҳеч бир муболағасиз жаннатмакон юртнинг фарзандларимиз. Минг йиллар аввал ҳам шундай бўлган, яна неча минг йиллар ҳам шундай бўлиб қоладиган миллат вакилларимиз. Бахтимиз шунда!

Бор бўлсин интернет! Шу медиа майдон туфайли хорижда яшаётган ҳамюртларимиз ҳаётини ҳам кузатаман. Ҳавас қиламан. Хорижни эмас, Она Ўзбекистондан қўймасин. Аммо хорижда яшаётган, у ерда фаолият олиб бораётган ўзбекларнинг миллий маънавиятимиз, урф-одатларимиз, қадриятларимизни асраб-авайлашларини, қадрлашларини кўриб ҳавас қиламан. Ватан қадрини англаганларини кўринг. Ўзбекистон деса, уларнинг нигоҳидаги ҳаяжонда жисму жони садоқат нурига йўғрилишини ҳис қиламан.

Шу ерда бир воқеани эслайман. Чунки ўзим ҳам баъзан бундай хатоларга йўл қўяман-да. Беайб парвардигор. Нью-Йоркда яшайдиган бир дугонамиз Бухорода қизларига “саллабандон” маъракасини ўтказадиган бўлди (саллабандон — аёллик, оналик салтанати соҳибаси бўлган келинлар учун ўтказиладиган кичик маросим). Телефон қилди дугонам. “Албатта, кел, кутаман”, деди.

15-20 йил АҚШда яшаган, ўзгариб кетган бўлса керак. Мен-чи?! Дарров гўзаллик салонига бордим.

— Қизлар, Америкадан дугонам келган. Мени умуман ўзгартиринг. Дугонамнинг олдида хижолат бўлиб қолмай, — дедим.

Қизлар шунақа безашдики, ўзим ўзимни кўриб ҳайрон қолдим. Мана, бўларкан-ку, дедим. Чунки безаниш, ясан-тусанларга унча хушим, ҳафсалам ҳам йўқроқман. Бу камчилигимни тан оламан.

Айтилган ресторанга етиб бордим. Мени кутиб олишга қучоқ очиб чиққан дугонамни кўриб, қотиб қолдим. Чунки у бундан 15-20 йил илгари урфда бўлган яҳудий хонатлас — ўзбекча тикилган кўйлак-лозимда, бошида ялтироқ сим ўтган, ёшлигимизда севиб боғлаган рўмол билан эди… Хижолат бўлганимданми, уялганимданми, билмайман, бошим айланиб кетди… Ҳурмат кўрсатиб сўз беришганида, шу аҳволимни изоҳлаб: “Ватан, миллат соғинчини ҳис қилган, қадрлаган дугонамга таъзим қиламан”, дедим-у йиғлаб юбордим… Кимдир кўз ёшимни “соғинч ёшлари”, деди. Аслида, ундай эмас эди…

Моҳира ШАКАРОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − nineteen =