ФАЗИЛАТЛИ ОДАМ

Ўтган йили бир юмуш билан қўшни вилоятга боргандик. Сафаримизни иккинчи куни ишларимиз ҳам битди. Энди уйга қайтиб кетаман, деб тургандим, башанг кийинган, жуссали киши: “шошманг меҳмон”, деб қолди. Мен нотаниш кишига ҳайрон бўлиб қарадим.

Бирон иши бордир-да, дея у билан сўрашдик.
— Сирдарёданмисиз? — сўради у.
— Ҳа — дедим бош қимирлатган кўйи.
— Унда шошманг. Уйга борамиз. Кун ҳам кеч бўлиб қолди. Узоқ йўл. Манзилга етишни ўзи бўлмайди.
— Биз шошиб тургандик. Ўзи икки кун қолиб кетдик.
Мезбонни авзойи бузилди чоғи:
— Бўлмайди, — деди қатъий. — “Тойчоқ”ни бизни кулбаи вайронамиз томон ҳайдайсиз, — дея енгил машинамиз капотининг устига қўли билан секин уриб қўйди…
Ноиложликдан, у кўрсатган хонадонга бордик. Оиласидагилар ҳам ўзига ўхшаган экан, қирқ йиллик танишини кўргандек, бизни кутиб олишди. Уйга кирдик.
— Гапнинг очиғи, Сирдарё ажойиб жой, — деди мезбон. Сўнг Сирдарёга боргани, Гулистон ва Сайхунободда кўп маротаба бўлганлигини тўлқинланиб, жўшиб гапира кетди. — Бир дўстим бор, “таги” (туғилган жойи демоқчи) Самарқанднинг Қўшработидан. Ота-­оаси Мирзачўлни ўзлаштириш учун 1958 йили “Бўстон”га кўчиб келишган. Қозоқбой ота бамаъни, бир сўзли, меҳнаткаш одам эди. Пахтачиликнинг пири десаям бўлади. Олдин биригадир, сўнг бўлим бошқарувчиси бўлиб ишлади. У кишининг рафиқалари Турдихол момони дўстим туфайли мен ҳам она дердим. Уларнинг фарзанди — Файзулла дўстим эса ажойиб йигит. Ажойиб шифокор. Уни танимаган одам, менимча, Сирдарёда топилмаса керак.
— Ҳа билдим, сиз айтган одам бизни Файзулла Қозоқович (уни билганлар ҳазиллашиб Казакович деб чақиради)да, — дедим.
— Яшанг, — деди мезбон. – Ким сирдарёлик бўлса, ундан дўстимнинг исини туяман. Шунинг учун сизни уйимга олиб келдим-да.
Суҳбатимиз алламаҳалгача давом этди. Сирдарё, Сирдарёнинг меҳридарё одамлари, далалари, боғлари тўғрисида гаплашдик. Эртасига тонг саҳарлаб йўлга тушдик. Йўл йўлакай, камтарин, камсуқум, олийжаноб, кўли енгил шифокор акамиз Файзулла Мавлоновнинг хислатларини, босиб ўтган умр йўлларини кўз олдимга келтирдим.
У мезбон акамиз айтганидек, Самарқанднинг Қўшработида эмас Сирдарёнинг Сайхун­ободида туғилган. Болалиги далада, отасини ёнида ўтган. Ниятни яхшиси яхши-да. Қозоқбой ота Файзулладаги иқтидорни кўра-билган. Тиришқоқ, ўта камтар ва меҳнаткаш Файзулла акани Тошкент Тиббиёт педиатрия институтида ўқишига қаршилик қилмаган.
Файзулла ака 1994 йили мазкур институтни тамомлаб, Сирдарё вилоят болалар шифохонасига, ҳозирги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига йўлланма асосида ишга келди. У ерда анестезиолог-реаниматолог шифокор бўлиб ишлай бошлади. Катта ёшли, таж­рибали шифокорлардан касб сирларини ўрганиб, институтда ўқиб юрган кезлари олган билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб тажриба орттирди. Жамоадошлари назарига тушди.
Тиришқоқлиги, шифокор сифатида қўли енгиллиги сабаб уни шифохона бош шифокори реанимация бўлимига врач этиб тайинлади. Ва болаларда кечаётган турли оғир хаста­ликларнинг олдини олиш, ўз вақтида аниқлаб, самарали даволаш ишлари йўлга қўйилди.
1999 йили Файзулла Мавлонов Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритди. Орадан бир йил ўтиб, шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг бош шифокори вазифасига тайинланди.
Энди унинг зиммасига янада масъулиятли вазифа юкланганди. Қўл остида ишлаётган шифокор ва ҳамшираларни бирини ака-укасидек, бошқасини опа-синглисидек ўзига яқин тутди. Шу тариқа ҳар қандай муаммога осон ечим топди.
Ўша пайтлари Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ишлари бошлаб юборилган эди. 2001-2003 йилларда қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини ривожлантириш дастури доирасида ишни вилоятда биринчилардан бўлиб бошлаб берди. Шаҳар марказий шифохонаси таркибидаги Баҳор, Охунбобоев, Улуғобод маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида янги, замонавий “Баҳор-1”, “Баҳор-2”, Охунбобоев ва Улуғобод шаҳар врачлик пунктларини қурилишида, фойдаланишга топширилишида ва моддий техника базасини мус­таҳкамланишида бош-қош бўлди.
Бу ишлар эътибордан четда қолмади. Уни вилоят болалар шифохонасига бош шифокор вазифасига ўтказишди. Ундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорат инспекциясининг Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлади.
Эсимда, бир гал бир иш билан ҳузурига бордим. Ишнинг ва топшириқни кўплигиданми, қўли қоғоздан ва телефондан бўшамади. Анча вақт кутиб қолдим.
— Узр, — деди Файзулла Мавлонов. — Сизни куттириб қўйдим.
— Тушунаман, катта жамоа. Бошқаришни ўзи бўлмайди. Бунинг устига, ҳозир тиббиёт ходимларига топшириқлар кўпайган.
— Эй раҳмат. Мени тушунадиганлар ҳам бор экан-ку. Хўш, бизга нима хизмат.
— Ўғилимни олиб келгандим. Ошқозони билан боғлиқ муаммоси бор. Яна тез-тез боши оғриб туради. Сизни яхши шифокор дейишувди, олиб келгандим.
Файзулла Мавлонов мен раҳбарман демади. Эринмасдан ўз хоналарида текшириб кўрди ва зарур маслаҳатларни берди. Айтганларига амал қилиб, даво муолажаларини ўйда олиб бордик. Натижаси ёмон бўлмади. Худди дардни кўрмаган-билмагандек бўлиб, чопқиллаб кетди. У кишига олиб боргунга қадар кўп шифокорларга мурожаат қилгандик. Аммо натижаси бўлмаётганди.
Ўғлим ўн тўққизда. Касалликдан асар ҳам йўқ. Соғ-саломат. Келишган йигит бўлган. Ҳазиллашиб қўяман: Файзулла Казаковични туғишган укаси бу, деб.
Орадан анча йил ўтиб яна олдиларига бордим.
— Сиз ҳақингизда, соҳангизда олиб борилаётган ишлар ҳақида газетага мақола ёзмоқчиман, — дедим.
— Мен ҳақимда ёзмасангиз яхши бўларди. Аммо соҳамизда олиб борилаётган ишлар хусусида ёзсангиз маъқул иш.
Бугунги куннинг энг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган масалаларидан бири, оналар ва болалар масаласи. Улар саломатлиги. Миллат генофонди ўшаларга боғлиқ. Шу боисдан соғлиқни сақлаш тизимида оналик ва болаликни муҳофаза этиш, ҳомиладор аёлларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида, вилоятда перинатал ва скрининг, аёллар репродуктив саломатлик марказларини ташкил этдик. Кадрлар масаласига алоҳида аҳамият қаратиб, малакали акушер-гинекологлар, неонтолог ва педиатрларни қайта ўқитиб, малакасини ошириб шу соҳага йўналтирдик. Натижа ёмон бўлмади.
Вилоятда оналар ва болаларнинг ўлим кўрсаткичи сезиларли даражада камайди. Бу эса бизнинг ютуғимиз. Бундан ташқари, она ва бола саломатлиги бўйича профилактика-тушунтириш ишларини йўлга қўйдик. Бунда бизга шаҳар ва туман ҳокимлари катта ёрдам қилди. Мавжуд муассасаларимизга замонавий даволаш жиҳозларини олиб келиб ўрнатдик. Вилоят шифохоналари ва алоҳида ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари негизида режали хирургия, терапия, кардиология, урология бў­йича тиббий хизматлар кўрсатувчи вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини, вилоят болалар шифохонаси негизида болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини, шаҳар ва туман шифохоналари негизида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларини ташкил этиб, илгарилари самарасиз ишлаган болалар ва катталар поликлиникалари ўрнида кўп тармоқли поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларини ташкил этдик. Сиз яхшиси ана шулар тўғрисида ёзинг, — деди Файзулла ака.
Ҳа, Файзулла Мавлонов сермулоҳазали, кўпни кўрган, ютуқлар қатори қийинчиликларни ҳам бошидан ўтказган одам. Ҳеч қачон бирон- бир кишининг ноҳақ кўнглини ранжитмаган.
Қашқадарёга сафарим чоғи самарқандлик дўстимни учратиб қолдим, у:
— Файзулла акани яхши танийман-ку, аммо уни сирдарёликлар ҳам танишини билмабман, — дейди самарқандлик дўстим Насимжон Ашуров. –У киши билан суҳбатлашсангиз маза қиласиз. Илмли одам. Ҳозир қаерда ишляпти?
— Ҳозирми, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош­лиғининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи. Унга қадар, бир муддат вилоят Соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.
— Э, шунақами, — деди у кулиб, — гап буёқда экан-да…
Деҳқонободдаги суҳбатимиз анча давом этди. Дўстим икковимиз бир режани амалга оширишга келишиб олдик. Сирдарёда учрашадиган ва яна Файзулла Мавлонов билан суҳбатлашадиган бўлдик…
Кўнглимиздан эса шундай ўйлар кечади: дунёда касб-корлар кўп, одамлар кўп. Лекин, ҳар бир кишики эларо ҳурмат ва эътиборни, аввало, инсоний фазилатлари, одамларга қилган, қиладиган яхшилиги билан топар экан. Бунга Файзулло Мавлонов ҳаёт йўли ҳам бир яхши мисол.

Ғулом ПРИМОВ,
“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =