Зафарлар йўлдошинг бўлсин!

Асли Яшнободнинг “Бойқўрғон” маҳалласидан бўлган ҳамюртимиз спорт билан шуғулланишни бошлаганида ўн ёшларда эди. Болалигидан Брус Ли, Жет Ли иштирокидаги жангари фильмларни севиб томоша қиладиган болакай кино қаҳрамонлари каби машҳур бўлишни жуда-жуда орзу қиларди. Кунлар келиб, орзуси амалга ошишига дилдан ишонарди.

Онасининг уни “спортчи болам”, деб чақиришларидан куч оларди гўё. Яхши ният –  ярим мол, деганларидек, Шерзодни бугун бутун дунё танийди. Нега дейсизми?

Бугун Шерзод Абдуллаев – жаҳон чемпиони.

Йиллаб қилинган тинимсиз машқлар, машаққатли машғулотлар спортчини халқаро майдонларда чемпион қилиб танитди. У табиатан очиқкўнгил ва ўта меҳрибон. Меҳрибонлигидан рингда рақибига зарба беришини тасаввур қила олмаган ота-она доим ўғлидан хавотир олишарди. Йиллар ўтиб, улар ўғлининг жанг майдонида ҳақиқий арслонга айланишининг гувоҳи бўлди. Доим хавотирда яшайдиган муштипар она, ўғли иштирокидаги жанглар видеосини томоша қилавериб, алпдай фарзанднинг онаси эканлигидан ич-ичидан суюнадиган бўлди.

Шерзод илк спорт машғулотларига қатнай бошлаганида 10 яшар эди. Ўшанда у орзуси амалга ошишига чин дилдан ишонган ва бунинг учун тинимсиз ҳаракат қилиш зарурлигини англаб етганди. Болакайдаги иштиёқни сезган мураббий шогирдига меҳр қўйди. Машғулотлардан сўнг шогирди билан алоҳида суҳбатлашар, унинг барча саволларига эринмай жавоб берарди.

Спортчи устозининг ишончини оқлади. Илк мусобақалардаёқ ғалабани қўлга киритди. Кикбоксинг бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони бўлди. Умидли спортчимиз 2012 йилда Португалияда бўлиб ўтган Ёшлар ўртасида бўлиб ўтган “Full contact” мусобақасида Жаҳон чемпиони бўлди. 2015 йилда эса Россияда кечган чемпио­натда Катталар ўртасида Жаҳон кубоги совриндори, 2017 йилда Туркманистонда Осиё ўйинлари иштирокчисига айланди.

Шерзод Абдуллаев Америкада бўлиб ўтган мусобақаларда ҳам фаол иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. 2018 йил кикбоксинг бўйича Америка очиқ чемпионатида олтин медаль соҳиби бўлди. 2019 йил “Combat at the Capital 43” шоу оқшомидаги профессионал жангда ҳакамлар уни бир овоздан ғолиб, деб эълон қилди. Шу йилнинг ўзида “Combat at the Madison Square Garden” шоу оқшомида нокаут ҳисоби билан яна муваффақият қозонди.

Профессионал спортчи юксак мақсадларни кўзлаган. Ота-онаси, устозлари сабоқларини ўзига дастуриламал қилиб олган ҳамюртимиз давлатимиз байроғи жаҳон ареналарида баланд кўтарилишидан кўнгли ифтихорга тўлади. Кикбоксинг бўйича спорт устаси сифатида ўз нуфузига эга юртдошимизнинг ҳар бир муваффақияти – халқимизнинг, Ўзбекистоннинг муваффақияти!

Зафарлар мудом йўлдошинг бўлсин, спортчи!

Асилбек ЭГАМБЕРДИЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 7 =