Қурилишда ишлаб чемпион бўлган ўзбек

Дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, айни пайтда Россияда аралаш қўл жанги (ММА) бўйича ўтказиладиган  курашларда юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётган  умидли спортчи Муслим АННАҚУЛОВ билан суҳбат

— Ёшлик орзу-ҳаваслар фасли. Билишимизча, сиз дастлаб спортнинг дзюдо тури билан шуғуллангансиз. Айни пайтда ММА йўналишида ҳам анчагина ютуқларга эришдингиз. Айтинг-чи, сиз учун қайси спорт тури муҳимроқ?

— Дзюдо билан шуғулланишимга отам сабабчи бўлган. Ўзлари тўйларда, Наврўз байрами тантаналарида майдонга тушарди. Вақт топиб, акам билан менга кураш сирларини ўргатарди. Шундан бўлса керак, курашга қизиқишим кучайиб борди. Буни сезган отам акам иккимизни Зоир исмли мураббий ҳузурига олиб борди. Бироз кўникма ҳосил қилиб, чинакам спортчига ўхшай бошлаганимиздан кейин назоратни кучайтирдилар. “Бугун залга бордингми? Ким билан кураш тушдинг? Нечтасини йиқитдинг?” деб сўрардилар ҳар куни. Мактабга бориб ўқишимиздан кўра кўпроқ залга бориб кураш тушишимиз отам учун муҳимроқ бўла бошлади. Энди билсам, биринчи устозим отам бўлган экан. Уларнинг маслаҳатлари, йўл-йўриқлари туфайли ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Коллежда ўқиб юрганимда “Баркамол авлод” спорт мусобақаларида ғалаба қозонганман. Ҳозир спортнинг аралаш қўл жанги (ММА) йўналишида фаолият кўрсатаяпман. Айтишади-ку, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деб. Ҳалиям кураш тушишга иштиёқим баланд. Ҳафтада машғулотларга мунтазам бориб тураман. Спортнинг иккала тури билан ҳам шуғулланаман…

— Кейинги фаолиятингизни Россияда бошлаган экансиз. Бунинг сабаби нимада?

— Тирикчилик туфайли, 2018 йили Россияга ишлаш учун кетишимга тўғри келди. Бўш вақтларим кўп бўларди. Фақат машқ қилардим. “Стрелка” деган беллашувни телефонда кўриб: “Ака, қаранг, бунда ютганга катта пул бераркан. Истаган одамни уриштиришаркан”, дедим. Акам кўнмади: “Сен билмайсан ким билан майдонга тушишингни. Қўй, ука, жуда хавфли ўйин. Ака учун уканинг кимдандир мушт еб, кўзлари кўкариб юрганини кўриш қанчалик оғир эканлигини қаердан ҳам тушунардинг?” деди. Акамнинг хавотири ўринли эди. Аммо истагим устунлик қилди, сўзимда туриб олдим.

Иш жойимизда бошлиғимиз ҳам бундан хабар топгач, орага тушди: “Кўриб турибман, кураш тушгинг келиб юрибди. Аммо билиб ол, агар нимадир бўлиб қолсанг, ҳеч ким ёрдам бермайди. Рефери ҳам, раунд ҳам йўқ. Ўзингга ўзинг жавобгарсан. Ё ютгунча, ё ютқазгунингча жанг қиласан”.

Аҳдим қатъийлигини кўрган акам: “Укажон, мен ҳам сенинг UFC камарини қўлга киритишинг­­ни хоҳлайман. Ҳамонки, сен шу йўлни танлаган экансан, битта шартим бор. Орзунгга эришишинг учун кўп меҳнат қилишинг зарур. Муваффақиятинг гарови — ўз устингда ишлаш, тер тўкиш, шунинг учун тинмай меҳнат қилиш керак. Қолаверса, юрт шаъни ўртада. Бу йўлда ҳаракатдан тўхтама. Балки, ҳозир сен учун бу гапларим ғалати туюлар. Аммо шуни ёдингда тут: донишмандларнинг: “Бошингга энг қийин кунлар тушиб, сен бардош бера олмайдиган нуқтага келганингда ҳам, асло саб­рингдан воз кечма”, деган маънодаги бир гапи бор. Ана шу — тақдирингни ўзгартирадиган нуқтадир”, деди.

Ўшанда бўлажак мусобақалар пулли эди, билганим шу. Бир куни бош­­қа шаҳарга дўстларим билан кетаётганимизда, кўчада одамлар йиғилиб турганини кўриб, ёнига бордик. Қарасам, икки киши кураш тушаяпти. Ўйин­бошининг ёнига бориб, курашга тушмоқчилигимни айтдим. Бу менинг ички хоҳишим эди. “Бўйинг неччи, вазнинг қанча?” деб сўради у. “Бўйим 175, вазним 70”, дедим. “Сендан 10 кг оғир бола бор. Унинг рақиби жангни бекор қилди, хоҳласанг, шу билан тушиб кўр”, деди. Келишдик. 15 дақиқа чамаси курашдик. Уни ютдим. “Стрелка” директори келиб: “Сен кучли курашчини ютдинг. Истасанг, сен билан контракт тузамиз, кейин жангга келасан”, деб ютуқ пулини берди. Ётоқхонага қайтгач, акамга бўлган воқеани сўзлаб бердим. Акам: “Ундай бўлса, бирор спорт залига бориб, жиддийроқ машқ қилишинг керак бўлади. Бугун омадинг келибди, бошқа пайт кучлироқлари чиқиб қолиши мумкин”, деб йўл кўрсатган бўлди. Бирга зал қидирдик, аммо топа олмадик. Билганимча шуғулланиб юрдим. Кейинги жангим “Москва-cити”да бўлди. Бу гал ҳам рақибимни ютдим. Учинчи жангимдан сўнг мен учун пул тикадиган ҳомий чиқди. Ҳозирги мураббийим Шамил Абдуллаев ёнимга келди. “Муслим, нима иш қиласан?” деди. Қурилишда ишлашимни айтдим. “Кел, менинг спорт залимда шуғуллан, сен учун текин. Агар профессионалга тортмаганингда, сен билан ишим йўқ эди. Кел, залда бемалол машқ қил, ўзимиз ҳамма жанг­ларни сенга олиб берамиз”. Контракт тузилди. “Фақат Россия байроғи остида жангга тушасан, бу талаб”, деди. Мен эса: “Йўқ, мени кўпчилик танийди, билади, Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Юртимнинг байроғи остида жангга кираман, бўлмаса, кураш тушмайман”, деб туриб олдим. Улар ноилож рози бўлишди. Машғулотлар бош­ланди. Биринчи жанг, рақибларимнинг аёвсизлиги — барча-барчаси улар айтгандай бўлди. Устозим ва акамнинг қилган саъй-ҳаракатлари, тўғри йўлни кўрсатишгани туфайли барча жангларимда ғалаба қозониб келяпман. Таъкидлашганидай, ҳамма яхшиликлар сабрдан кейин келар экан.

— Сиз келажагингизни қандай тасаввур қиласиз? Орзу ва мақсадларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Орзуларсиз юрак занглайди. Энг катта орзуларимдан бири бу — UFC камарини қўлга киритиб, Ўзбекистон номини яна бир бор оламга ёйиш. Ҳамюрт спортчиларимиз ҳам UFCда кураш тушяпти, аммо ўша камарни ҳали ҳеч ким олгани йўқ. Биламан, бунинг учун кўп меҳнат қилишим керак. Ҳаваскорлар жангида тўртта тенгдошим билан курашиб, камарни қўлга киритганман. Колизей спорт клуби доирасида. Ўз рўйхатига чемпионларини қайд этиб боради. Ҳозиргача камар ўзимда турибди. “Ўзбекистон, Муслим Аннақулов” деган ёзуви бор.

— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур! Барча орзу-ниятларингизга етишингизга, ҳамиша, “ўзбек курашчиси” деган юксак номга сазовор бўлишингизга тилакдошмиз.

ЎзЖОКУ спорт журналистикаси

бўлими 2-курс талабаси

Хуршида АБДУСАТТОРОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =