Янги йилга спорт билан!

Журналистлар ва ахборот хизмати вакиллари беллашдилар

 

Оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни жисмоний фаолликка чақириш ва саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида пойтахтимиздаги Ўзбекистон бадминтон федерациясига қарашли Бадминтон марказида Оммавий ахборот воситалари ҳамда матбуот хизмати вакиллари иштирокида бадминтон мусобақаси бўлиб ўтди.

Янги йил арафасида ташкиллаштирилган мазкур мусобақага Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўртасида кечган рамзий ўйин билан старт берилди.

Телевидение, радио, газета, ахборот агентлиги, интернет журналистикаси, турли корхона-ташкилотларнинг матбуот хизмати вакилларининг 70 нафарга яқини “Янги йилга спорт билан!” шиори остида ташкил этилган ушбу мусобақада ўзларининг чап­дастлик ва чаққонликларини, бир сўз билан айтганда жисмоний салоҳиятларини синовдан ўтказишди.

– Журналистлар ўртасидаги бу галги баҳсларнинг олдингилардан фарқли жиҳати, унда иштирокчилар ёш тоифаси бўйича беллашишди. Яъни 40 ёшгача бўлган ва ундан катта ёшлилар. Бу эса мусобақанинг ҳар жиҳатдан адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлади, – дейди Туризм ва спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Зарина Абдуллаева.

Ўзаро қизғин ва муросасиз беллашув натижаларига кўра қуйидаги иштирокчилар мутлоқ ғолиб­ликни қўлга киритдилар:

40 ёшгача бўлган аёллар яккалик беллашувида:

  1. Малика Эрматова – “Спорт” телеканали
  2. Л.Закирова – “Спорт” телеканали
  3. Ш.Толибжонова – “Спорт” телеканали

40 ёшдан баланд ёшли аёллар яккалик беллашувида:

  1. Ҳ.Маннапова – “Спорт” телеканали
  2. Д.Икромова – “Спорт” телеканали
  3. Д.Умарова – “Спорт” телеканали

40 ёшгача бўлган эркаклар яккалик беллашувида:

  1. С.Ниёзов – “Ёшлар” телеканали
  2. С.Расулов – “Спорт” телеканали
  3. С.Эргашев – “Спорт” телеканали

40 ёшдан баланд ёшли эркаклар яккалик беллашувида:

  1. Б.Мақсудов – “Спорт” телеканали
  2. Д.Назаров – “Спорт” телеканали
  3. О.Эшмаматов – Туризм ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати.

Микст (аралаш жуфтлик)

  1. А.Муроджонов — Республика телерадиомаркази, М.Эрматова — “Спорт” телеканали,
  2. С.Расулов, Д.Умарова — “Спорт” телеканали,
  3. С.Ниёзов — “Ёшлар” телеканали, Ш.Толибжонова — “Спорт” телеканали.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ҳамда спорт анжомлари билан тақдирландилар. Шунингдек, туризм ва спорт вазирининг Янги йил совғаси – “Тибет” дам олиш мас­канига ваучерлар тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов келгусида ҳам ижод аҳлини спорт билан шуғулланиб туришга даъват этиб, бу борада саломатлик учун энг фойдали спорт турларидан бири бадминтон эканлигини таъкидлади.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 − three =