Рамазон-майрамазон

Ҳамон эсимда. Рамазон ойи кириб келса, айниқса, биз болалар учун байрам бўлиб кетарди.

Оиламиз дастурхони ҳар қачонгидан-да мўл, файзли бўлиб кўзга ташланарди, назаримда. Қай бир хонадонга кирмайлик, чўнтагимиз ширинлик­ларга тўлиб қайтардик. Қўни-қўшни, қариндош-уруғларимиз ўртасида ўзаро борди-келди кўпаярди. Тошқинисо кампирнинг эшиги олдида узала тушиб, ўтган одамга ҳамла қилишга одатланган Олапар ҳам бу ойда “мулойим” бўлиб қолгандек бўларди. Ҳамма нарса ўзгача кўриниш, ранг олгандек. Ҳассага суянган Зебунисо энамни саволга тутардим.

— Рамазон ойини ҳамма яхши кўрадими?

— Албатта, — дея қадоқ қўллари билан бошимни силайди энам. У — ойлар султони, бу кунларда ёмонлик ўрнини яхшилик эгаллайди, қоронғи зулмат ёруғликка юз тутади. Шайтонлар кишанланиб, яхшилик, меҳр-оқибат ришталари қулоч ёзади. Бир бурда нонни бошқалар билан баҳам кўрадиган бу ойда бировнинг кўнглини оғритиб, тўполон қилиш ярамайди. Катталарга салом бериш, кичикларни ҳимоялаш керак…

— Рамазон айтиб беринг, — дея иссиқ бағридан аста бош кўтариб, юзланаман. Энам бироз ўйга толиб, оҳиста хиргойи бошлайди…

 

Рамазон-майрамазон,

Муҳаммад умматига байрамазон,

Рамазон айта-айта одатим бор,

Ёқамда ўттиз кунлик қадоғим бор.

Бу қадоқнинг бири қани?

Бултурги мусулмонлар бу йил қани?..

 

Маҳзун, ширали оҳанглар хаёлимни олиб қочгандек бўлади. Энамнинг пинжига кириб юзига тикиламан, кўзлари ҳар қачонгидан-да равшанлашиб, юзларидаги ажинлар йўқолиб бораётгандек бўлади.

Онам ошхонада ифторлик учун сурпа ёзиб, бир нималар тайёрлаш билан андармон. Миямда саволлар ғужғон ўйнайди. Рамазон ойида ҳар куни сурпа-тахта ёзиб, тансиқ ноз-неъматлар тайёрлаб чарчамаган онамнинг хатти-ҳаракатларига разм соламан. Юзларида нолиш ёки чарчаш, толиқиш аломатлари йўқ. Қараб туриб, ғайратим жўшиб кетгандек бўлади.

— Тандирга ғўзапоя олиб келиб берайми? — қилмоқчи бўлган ишимдан ғурурланиб.

— Умрингдан барака топ, яхши бўларди.

Бу орада эшик ортидан синфдошим Аъзам мўралаб, атрофга разм солгач, имо қилиб чорлайди.

— Юр, қўшни маҳалладагилар билан футбол ўйнаймиз.

Тандирга ўтин олиб келибоқ, кўчага отиламан. Ортимдан энамнинг хавотир ила айтган насиҳатлари элас-элас эшитилади.

— Эҳтиёт бўлинглар, урушмаларинг. Рамазон ойида урушиб бўлмайди…

Терлаб-пишиб уйга қайтаман. Ҳовлимизни тандирдан узилган иссиқ сомса, бўрсилдоқ нонларнинг муаттар ҳиди тутиб кетган бўлади. Нон тўла саватга қўл узатаман. Онам койиб беради:

— Қўлингни юв, аҳволингга қараб бўлмайди-ку!

Югура бориб, ариқда оқиб турган сувга эгиламан.

— Муздек сувга ювинма, шамоллаб қоласан-а, — дея ҳассасини бошимга кўтариб, энам ортимдан келади. — Ҳа, бола тушмагур-эй… Мана буларни Сарвинисога олиб бор.

Қўлимга тугунга солинган иссиқ сомсаларни тутқазади. Кетар чоғим қўшиб қўяди: “Рамазон айтиб киринглар, яқинда келин олган”.

Бир тўп болалар Сарвинисо холанинг эшиги олдида рамазон айтишни бош­лаймиз:

 

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Худойим ўғил берсин бешигингизга.

Ўтириб чиқинг, ўтириб чиқинг,

Елпиш товоқни тўлдириб чиқинг…

 

Ҳовлида лапанглаб юрган Сарвинисо холанинг қораси кўринади.

— Гиргиттонларимдан айланай, келаверинглар, — дея бизни ичкарига чорларкан, келинига юзланади. — Салом беринг, ширинликлардан олиб чиқинг. Сизга ҳам мана шундай ўғил-қизлар насиб қилсин.

Бошига оқ шойи ташлаб олган нозиккина келин тавозе билан эгилиб салом беради. Нима қиларимизни билмай ўнғайсизланиб, бир-биримизга қараб, қиқирлаб куламиз. Сарвинисо хола пешонамиздан ўпади. Дастурхонимизни турли ноз-неъмат, ширинликлар билан тўлдириб ташлайди. Биз яна Рамазон айтишни бошлаймиз:

 

Рамазон айтгувчилар,

Отини гул шоҳига битгувчилар,

Маккада бор Али-бали,

Худойим ўғил берсин, Аҳмадали…

 

Сарвинисо хола алқаб-алқаб, ортимиздан кузатиб қолади…

 

* * *

Хотираларга берилиб, Рамазон айтиб, эшик қоқиб, болалар келганини сезмай қолибман. Уларга пешвоз чиқдим, совға, ширинликлар улашдим.

 

Рамазон айтиб келдик эшигингизга…

 

Содда ва самимий, чин кўнгилдан айтилган бу қўшиқ оҳанглари ҳанузгача қулоқларим остида жаранглаб турибди…

 

Расулжон КАМОЛОВ.

Фарғона вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × four =