МИГРАНТ
Бугунги ўзбек жамиятида оммавий кўчишларга гувоҳ бўлганимизча йўқ. Аммо унинг кичик шакллари кунда-кунора кўз ўнгимизда содир бўлиб турибди. Бу замонавий тилда айтганда, миграция ҳодисасидир. Умумий олиб қараганда, ҳолат унчалик ҳам ташвишли эмасдек. Аммо йиллар кесимида қараладиган бўлса, афсуски, рақамлар анчагина салмоқли. Статистика маълумотлари ҳар йили минг-минглаб ватандошларимизнинг чет элларга жўнаб кетаётгани ва уларнинг маълум қисми ўша ерларда умрбод қолиб кетаётганини тасдиқлаб турибди. Бу эса қайсидир маънода ватан тушунчасининг кенгайиб бораётганини ҳам кўрсатаётгандек гўё. Одам ўзига қаерни макон тутса, ўша ер унинг ватанидир, деган гаплар охирги пайтлар тез-тез қулоққа чалиняпти. Лекин неча асрлар аввал ўтроқ яшаш тарзига кўниккан ўзбек учун илдизи ботиб турган тупроқдан узилиб кетиш осон иш эмас.
* * *
2021 йил, август.
Хизмат юзасидан бир ой муддатга Россияга борадиган бўлдик. Биз раҳбарлар гуруҳида, қолган ҳарбийлар эса жамоа-жамоа бўлиб бепоён ўлканинг турли нуқталарида ўтказиладиган мусобақада иштирок этади. Аввалига ҳаммамиз Москвадаги бир меҳмонхонага жойлашдик. Бошқа иштирокчи давлатлар жамоалари етиб келганидан сўнг йиғилганлар йўналишига қараб ҳар жойга тарқаб кетади.
Кечки овқатдан кейин тўртинчи қаватнинг умумий балконига бош суқаман. Кимдир тамаки тутатиб ўтирибди, кимлардир гурунглашиб, яна кимлардир эса шунчаки атрофни томоша қилиш, вақтни ўтказиш учун шу ерда. Бошқа-бошқа давлатлардан келган, бир-бирининг тилига тушунмаса-да, имо-ишора билан гаплашиб турганларни ҳам учратасиз. Одамлар ичидан фуқаро кийимидаги ўзимизнинг ҳарбийларни ажратиб олиш қийин эмас. Секин кузатиб туриб, уларнинг шу ерда ишлаб юрган қариндошлари, оғайнилари келганини кўраман. Бу уларнинг гап-сўзларидан, ҳеч бир сабабсиз бир-бирини қайта-қайта бағрига босишидан сезилиб турарди. Айниқса, улар ичида бухороча шевада гаплашаётган икки қадрдоннинг хатти-ҳаракатлари яққол кўзга ташланади.
— Ҳаҳ, акам-а, акам! Мани кўргани келибсиз-да! Қандай зўр бўлди-ей! Сменамни топширдим-у, бу ёққа қараб учдим. Ойимга қўнғироқ қилайлик. Ҳа, “видеовызов” қилинг.
Ака чўнтагидан телефонини чиқариб, қўнғироқ қила бошлади. Телефон экранида аввал қоп-қорайиб ўзлари, сўнг экран четида нурдай ёришиб, бир онаизор кўринди.
— Ассалому алайкум, онажон!
— Ва алайкум ассалом. Иби, бачам, укангни топиб олдингми?
— Онажон, ассалому алайкум, қаранг, мани кўргани ким келди? Акам мани излаб келибди, онажон! Шундай хурсанд бўлдим, акам билан мазза қилиб гаплашиб ўтирибмиз, онажон. Ўзингиз яхшимисиз, қариндошлар зўрми, ҳай?” — Аканинг ўрнига ука ҳаяжон билан гапириб кетди.
— Раҳмат, бачам, соғ-саломатман, қариндошлар ҳам зўр. Ўзинг яхшимисан? Келин, бачаларинг катта бўлоптими? Ака-ука яна топишибсизлар-да, а? Кўз тегмасин сизларга, болажонларим.
— Ман яхши! Акамнинг келганини эшитиб, кайфиятим кўтарилди, шунга озгина… Ҳозир сизларни, ёшлигимизни эслаб, гаплашиб ўтирибмиз.
Ўғлининг гапларини эшитиб турган она жилмайиб қўйди-да, катта ўғлидан сўради:
— Сан яхши етиб олдингми, жойлашдингларми?
— Ҳа, онажон, жойлашиб олдик. Индинга эрталаб Воронежга учиб кетамиз. Дуо қилиб туринг, юзимиз ёруғ бўлсин.
— Ҳар куни дуо қиляпман, бачам. Омадларингни берсин.
Ака-ука қўлларини елкалари устидан ошириб олганча оналари билан кулиб-кулиб узоқ гаплашди. Фақат ҳар икки томон ҳам худди бир-бирига билдиришни истамагандай беихтиёр кўзларидан думалаётган ёшларни тез-тез кафтлари билан артиб қўярди. Бировларнинг суҳбатини тинглаш беодоблик бўлса-да, бу суҳбатдан, оғриғи дилда тошдек қотадиган саҳна қаршисидан муштоқ бир томошабиндек узоқ кетолмай қолдим…
* * *
Қўлдаги ликопчани ўйнатганча меҳмонхонанинг ҳашамдор ошхонасидан егулик қидирамиз. Қани энди ўзимизнинг миллий таомларга ўхшаш бирор овқат топилса. Бир пайт ўзим номини ҳам билмайдиган овқатлар ёнида тўхтаб, олсамми-олмасамми, деб ўйланиб турсам, озғиндан келган бир ошпаз кийимидаги йигит ёнимга келиб, секин пичирлаяпти:
— Буларни еманг, ҳалолмас. Мана бу, мана бу ва мана булар — ҳалол. Бемалол еяверинг, ўзимиз пиширганмиз, — деб кулиб турибди.
Унинг ростгўйлигидан қанчалик хурсанд бўлган бўлсам, дабдурустдан ўзбекча гапириб юборганидан ўшанчалик ҳайрон бўлиб қолдим. Секин разм солсам, бу ерликка ҳам ўхшамаяпти.
— Ўзбекмисиз?
— Ҳа, Наманганданман, ака. Бу ерда қирғиз, тожиклар ҳам бор.
Шу-шу ошхонадаги, меҳмонхонадаги ватандош ва қардош ишчи-хизматчилар билан гурунглашиб турадиган бўлдик. Уларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити бизни доим қизиқтирарди. Бир сафар юртимизга қўшни бўлган давлатдан келиб, меҳмонхонанинг техник ходими бўлиб ишлайдиган Асқар деган йигит билан танишиб қолдик. Оиласи билан шу ерда яшаркан. Фуқаролик олишга ҳам улгурибди.
— Асқар, уйга қачон қайтмоқчисиз энди? — деб сўрайман.
— Билмадим, қайтгим келади-ю, лекин… Ўғлим тўрт ёшга тўлганида бир ой таътил олиб, оилам билан қишлоққа боргандик. Уч йил олдинги гап бу. Ярим кечаси ҳаммамиз ухлаб ётибмиз. Бир пайт қаттиқ шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Карахтлигимдан нима бўлаётганини англолмаяпман. Деразани очиб, ташқарига қарасам, одамлар қўлига илинган нарса билан у ёқдан-бу ёққа югуриб юрибди. Ўшанда биринчи марта ўқ овозини эшитдим. Ўғлим қўрқиб кетганидан онасининг қўйнига кириб кетган. На ташқарига чиқишни биламан, на қолишни. Шундан бери уйга оилам билан бирга боришга ҳайиқаман. Таътилни ҳам шу ерда ўтказишга одатландик. Ўғлим ўшанда қаттиқ қўрққан, шекилли, бир-икки марта овулга оборайми, десам, энди бормайман, дейди. Шунақа гаплар-да, тувғаним.
Секин бош ирғиб яна гапга солгим келади:
— Қачондир қайтиш ҳақида ўйласангиз керак, барибир?
— Ҳа, лекин қачонлигини ўзим ҳам билмайман. Отамга пул жўнатиб турибман, ер сотиб олиб, ўзим учун алоҳида уй қуряпти. Шу йил томини ёпамиз.
* * *
2019 йил, август.
Ўша манзил, ўша-ўша мусобақалар. “Танк биатлони” булар ичида энг томошабопи. Мусобақа авж паллага кирган кунлар полигонга минглаб одам ёғилиб келганидан, бўш ўриндиқ топиш амримаҳол. Чемпионат томошаси бир томон-у, рақибимиз — зимбабвелик қора танли мухлислар қўяётган томоша бир томон бўлади. Улар ажабтовур чолғуларини баралла чалар, ажойибу ғаройиб рақсларга тушиб, ҳамманинг эътиборини ўзига тортар, кулдирар эди. У пайт эса бизнинг танкчиларимиз ҳаммадан биринчи бўлиб финиш чизиғига етиб келиб, ҳордиққа шайланиб турарди. Зимбабве мухлислари бўлса, ҳалиям жарима айланасида юрган бечора вакилларига эътибор ҳам бермай, мухлисталаб санъаткордек ўз ишини давом эттиради. Мусобақада пешқадаммиз, лекин нимагадир кўнглимиз тўлмайди…
Навбатдаги босқич бошланишига саноқли лаҳзалар қолди. Жамоалар бирин-кетин таништириляпти. Ана, ўзимизнинг қоракўзларнинг исм-фамилияси ўқилиб, Ўзбекистон жамоаси, деб баралла эълон қилинди. Шу пайт не кўз билан кўрайликки, биз томонга (шерикларимиз байроқ кўтариб турганди, мўлжални шундан олишган, бўлмаса, минглаб одам ичидан топишнинг ўзи бўладими?) юз-кўзига ўзбек деб ёзиб қўйилган бир гуруҳ йигитлар кела бошлади. Бу худди кинолардагидек содир бўлаётгани ҳам одамни ҳаяжонга соларди. Минг йиллик қадрдонлардек қучоқ очиб кўришганимиздан сўнг: “Бизга ҳам байроқ беринглар”, деб қолди. Йигитлар байроқларни баланд кўтариб, бор овозда “Ўз-бе-кис-тон!”, “Ўз-бе-кис-тон!” дея тинмай бақирарди. Уларга қарайман-у, томоғимга нимадир тиқилади. Танк қаршисида “старт”ни кутиб турган экипажимиз аъзолари ҳам биз томонга бир зум тикилиб қолди. Ҳа, улар бизни аниқ кўриб туришганди.
Худо юзимизни ёруғ қилди! Бу босқичдан ҳам муваффақиятли ўтиб, финалга йўлланма олдик. Мусобақа тугагач, мусофир юртдошлар билан яқиндан танишдик. Суннат деган йигит ёнидагиларга ишора қилганди, шериклари 4-5 та егуликка тўла пакетларни келтиришди.
— Акалар, бу ернинг овқатига кўниколмаётган бўлсангиз керак, деб у-бу нарса опкегандик, сизларга куч бўлади. Ҳали олдинда асосий кун бор-ку, тўғрими? Қани, марҳамат, — дейди очиқ чеҳралик билан…
Йигитларни кузатар пайтимиз қайси куни финал бўлишини сўраб, албатта, келишларини айтиб кетди. Финалга эса янаям кўп бўлиб келишди. Уларнинг кўплигидан бир қувонсанг, бир дилингдан оғир ғашлик ўтади. Майли, қаерда бўлса ҳам омон бўлсин. Энг муҳими, ўша куни танкчиларимиз жонажон Ўзбекистон ва мана шу мусофирлар ҳаққи-ҳурмати ғалаба қозонди.
* * *
2022 йил, август.
Ўша полигонда, яна шу мусобақадамиз. Беллашув бошланай деб қолган. Қарасам, одамлар орасида Суннат ака ёнида аёли ва ўғли билан биз томонга қараб кулиб келяпти…
* * *
2022 йил, август.
Бошқа бир жамоамиздан хабар олиш мақсадида Санкт-Петербургга бордик. Ҳамроҳ офицер икковимиз хизмат юмушларимиздан бўшаб, шаҳар айланишни ният қилдик. Шаҳар ичидан оқиб ўтувчи дарё бўйидаги пиёдалар йўлакчасида кемага чиқадиган жойни қидириб, каловланиб тургандик, тўғримиздан шошиб келаётган бир йигит қаршимизга тўхтади-да (ўзбеклигимизни билиб):
— Ассалому алайкум, акалар, масжидни излаётган бўлсанглар, шу йўлнинг охирида. Юринглар, бирга борамиз, жумагаям оз қолди, — деди. Қарасак, қўлтиғига жойнамозини ҳам қистириб олган. — Ҳа, уми? Соҳилнинг нариги томонида, одамлар тўпланиб турибди-ку, ўша ердан чиқилади кемаларга, — деганча шошиб йўлига равона бўлди.
Биз эса нариги соҳил томон ошиқдик. Атрофга аланглаб, йўловчилардан бирини бехосдан туртиб юборганимни билмай қолибман. Минг хижолатда:
— Извините, — дея олдим, холос. У эса менга кулиб:
— Ҳечқиси йўқ, ака, — деди-ю, зумда одамлар ичида кўринмай кетди…
Бу ерга келганимиз яхши бўлди. Анча йиллардан бери оиласи билан шу ерда яшайдиган синфдошим Илҳом билан ҳам кўришдик. Ота-онаси, хотини, укаси (синглисини 3-4 йил аввал қўшни қишлоққа узатганди) билан бир хонали уйда ижарада тураркан. Бечора жўрам дардлашгани одам тополмай юрган экан, шекилли, роса “тўкилди”.
— Жўра, қишлоқни, одамларни соғиндим. Ҳеч қаерда ишламасанг ҳам кунинг ўтаверади. Бу ерда бир кун ишламай кўр-чи, ё қарзга ботасан, ё кўчада оч қоласан. Аввалги ишим ўхшамади. Ҳозир бир дачада қоровуллик қиляпман. Хўжайин яхши одам. Кўп ҳам келавермайди, лекин бир келса, роса байрам бўлади-ку. Опкелган нарсаларининг яримлари қолиб кетади. Кейин ўзим маза қилиб ейман, уйгаям опкетаман. Ўзинг яхши биласан-ку, эсимни таниганимдан бери дадам билан аям шу ерда ишлайди. Мактабни битирганимдан кейин мен ҳам келдим. Синглим, укам шу ерда туғилди. Энди-энди оилавий қайтиш ҳақида ўйлаб қоляпмиз. Лекин ҳали укамнинг мактаби бор. Битириб, университетга кирса, кейин қайтмоқчимиз.
— Ие, уканг ўзи қолаверадими?
— Укам “местный” бўлиб кетган, жўра. Университетни битириб ҳам қайтмаслиги аниқ. “Қишлоғингларда нима қиламан?” дейди. Шунча йилдан бери ишлаб орттирганимиз битта уй бўлди, ҳаққига укамни бериб кетамизми, дейман…
* * *
Саҳар телефон овозидан уйғониб кетдим. Қарасам, амакимнинг ўғли Ўткир экан.
— Ассалому алайкум, уста, узр, уйқунгизни буздим. Мен кетаётувдим, болалар қолди. Шунга бир телефон қилай дегандим. Аэропортдаман ҳозир, яхши қолингизлар, — деди қандайдир синиқ оҳангда.
Уйқу аралаш бироз муддат гарангсиб турдим: қаерга кетади, нега кетади?
Ўткир икки ой аввал Америкадан оиласи билан келганди. Мана энди хотини ва уч қизига самолёт учун чипта юбораман, деб ўзи қайтиб кетяпти (дарвоқе, унинг учала қизи ҳам Америкада туғилди. Бирортаси ҳам ўзбек тилини билмайди). Унинг руҳсиз, синиқ гапларидан шуни англадимки, у кўнглини ватанда қолдирганча қуруқ тана ва бир дунё адоқсиз ўй-хаёлларини елкалаганча учиб кетди. Онаси оғир касал, акаси билан янгаси Россияда, икки ўғлини қишлоққа қолдириб кетган. Бечора болаларнинг ота-онасини соғиниб, ичикиб қолганига Ўткир бир неча бор гувоҳ бўлди. “Ака, хотинингни олиб қишлоққа қайт. Қарзларингни ўзим тўлайман. Шу ерда юрсанг бўлди”, деганидан ҳам хабардор эдим. Начора, амакимнинг битта ўзи касалманд хотини ва икки невара парвариши билан овора. Ўткирнинг айтолмаган гаплари шулар эди, аслида.
Бу-ку, Америка орзусида, орзу рўёбида юрган ватандошларимизнинг мингтадан биттаси. Аммо қолган тўққиз юз тўқсон тўққиз нафар (аслида, бу рақам анча катта) юртдошимизнинг ҳам шу ва шу каби кечинмалари, ўзига яраша ташвишлари бор. Яхши биласиз, бугун ёшларимизнинг анча-мунчаси “Америка орзуси”га чалинган. Аслида-ку, уларнинг ҳеч бирини айблаб бўлмайди. Инсон жамиятнинг мутлақо эркин, айни дамда эса унинг асосини ташкил этувчи энг муҳим бўлагидир. У қаерда яшашни истаса, қайси ҳудудда ўзини қулай ҳис этса, ўша ерга талпинади. Аммо ноқонуний йўллар билан бу орзуга эришаман, деган қоракўзларимизнинг қанчадан-қанчаси Мексиканинг ботқоқликларида, чангалзорларида хор-зор бўлиб қолиб кетаётгани оддий бир ватандош сифатида ҳар биримизнинг кўнглимизга оғир ғашлик солади. Шу паллада бежизга шукроналик энг азиз неъматлардан бири дейилмаганига амин бўласан киши.
Туманимиздаги биз бошланғич таълим олган мактаб директори Жалол ака ва қишлоғимизнинг энг сердаромад савдогарининг ёлғиз ўғли ҳам кўп қатори шу “орзу касаллиги”га чалинди. Директор мактабдан бўшаб, савдогарнинг ўғли иккови саргузашт излаб, қонунга хилоф равишда “қайдасан, Америка?”, дея йўлга отланади. Орадан уч ойлар ўтиб, ҳар иккови ҳам анча пулни ҳавога совуриб, тарвузи қўлтиғидан тушганча чегарадан ўтолмай қишлоққа қайтиб келди. Лекин омади чопганлар сони ҳам бор эмиш…
Яқинда “сеҳрли диёр”га йўл олган бир замонавий мигрант у ерга қандай қилиб етиб олиш режасини ижтимоий тармоққа жойлади. У шундай демоқда: “Тошкентдан Туркияга учдик, Туркиядан Мадрид (Испания)га келдик, у ердан 11 соат учиб, дунёнинг нариги тарафига — Мексикага борамиз, Мексикадан самолётда Никарагуага борамиз. У ердан машина ва автобусда Гондурас, Сальвадор ҳамда Гватемаладан ўтиб, яна Мексикага кирамиз. Ҳаммаси шу ерда бошланади, аслида. Ўша ердан самолётда Тихуана деган жойга учиб ўтамиз. У ердан тап этиб Сан-Францискога ўтиб оламиз. Ана ундан кейин Америкада айланиб юраверасиз”. Бу ватандошимиз ушбу видеони ижтимоий тармоққа жойлаганида, ҳали Мадриддан Мексикага учиб кетаётган эди. Унинг кўзлаган манзилига етиб борган-бормагани эса бизга қоронғи.
Аммо осон пул топиш илинжида омонат жоннинг жувонмарг кетиши ачинарли. Унинг ортида қолиб кетаётган неча-неча мунгли кўзлар, умидвор нигоҳлар ҳақида ўйлаш киши қалбига оғриқ беради. Энг катта ўй, масаланинг туб моҳияти ҳам аслида шу. Ахир улар сизнинг, бизнинг ватандошларимиз. Эртага бу ватан корига қалби бутун, кўзи порлаган, яшаш завқини юракдан ҳис этадиган авлодгина ярайди.
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
“Ватанпарвар” газетаси бўлим бошлиғи.