Тушларимга кирадиган хазиналар

Талабалик йилларимнинг хотирамда муҳрланиб қолган бебаҳо дамларини ҳамиша ўзгача бир соғинч билан эслайман. Университетнинг журналистика факультетига қабул қилинган кунимиздан бошлаб, профессор-ўқитувчиларимиз тинглаган маърузамиз мазмун-моҳиятини тўқсон олти варақлик дафтарга ёзиб боришга ўргатишган. Албатта, ҳар бир маъруза якунида мавзуга доир адабиётлар рўйхати илова қилинар, уларни ўқиб конспект қилиш шарт эди. Сабоқнинг айнан мана шу усули биз илми-толибларни ҳар бир фандан берилган адабиётларни излаб топишга, ўқиб, фикрларимизни дафтарга туширишга ундарди. Шу боис дарсдан сўнг, ким дорилфунун, ким кутубхоналарга йўл олар — мақсад китоб ўқиш, чуқур билим олиш эди.

Ҳар қадамда мавжуд бўлган катта-кичик кутубхоналарнинг ўқув заллари доимо гавжум бўлар, баъзан оладиган китобимизни буюриб қўйиб, ўзимиз жой бўшашини кутар, тик оёқда газета ёки журнал ўқиб турардик. Китоб мутолаасига бўлган қизиқиш аллақачон ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бўлгани боисми  ёки масъулиятни теран ҳис этганимиз сабабми, кутубхонага домламиз берган вазифани бажариш учунгина эмас, балки олиниши керак бўлган билимдан қуруқ қолмаслик учун борардик. Шу-шу кутубхонани кўплаб дўстларим қатори мен ҳам ўзимнинг “Иккинчи дорилфунуним” деб билдим. Кейин-кейин ҳозирги Гагарин боғининг Мустақиллик майдони томонида жойлашган Ўзбекистон Фанлар академияси кутубхонасига ҳам қадам ранжида қила бошладик. Бу қутлуғ илм масканининг ўқув зали ҳам ҳар доим турли ёшдаги олимлар билан тўла бўлар, уларнинг столлари устида қалин-қалин китоблару журналлар тахланиб турар, кимдир диққат билан ўқиётган, кимдир шиддат билан ёзаётган бўларди. Аммо биров бировга халақит бермас, кириб-чиқувчилар оёқ учида юришар, ўзаро мулоқотга зарурат туғилганда шивирлашиб гаплашилар, китобхоннинг кутубхонадан фойдаланиш маданияти юқори эди. Бора-бора шуни англадимки, кутубхона нафақат зиё, илм-фан хазинаси, балки инсон қалбига, онгу шуурига энг гўзал хислат ва фазилатларни жо этадиган, уни эзгу ниятлару олижаноб мақсадларга илҳомлантирадиган, ўз миллатининг тарихи, маданияти ва қадриятларига чексиз ҳурмат ва муҳаббат, аждодларининг ибратли ҳаёт йўлига фахру ифтихор билан қарашга, имон-эътиқодли, элпарвару юртпарвар, фидойи, ташаббускору тадбиркор бўлишга ўргатадиган, олам ва одам сир-ас­рорлари билан таништирадиган буюк ва бебаҳо тарбия мактаби ҳам экан. Шу нуқтаи назардан қараганда кутубхонани дунёвий сабоқ берадиган буюк донишманд муаллим десак хато бўлмас. Бу муаллим илм, билим уммони. Унинг ҳар бир қатраси оламшумул янгиликнинг, улкан кашфиётнинг, чинакам тараққиётнинг хамиртуруши.

Бизга кутубхона-ю, китобга ташналик муҳаббати Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Имом ал- Бухорий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек сингари неча юзлаб буюк бобокалонларимиздан мерос. Уларнинг турли соҳаларда дунёвий машҳурликка эришишларида юзлаб, балки минглаб бебаҳо китоблар беқиёс аҳамият касб этганлигини ёдга оладиган бўлсак, инсониятнинг ҳеч бир нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган бойлиги – кутубхона қадр-қиммати юксакдан-юксак эканлигини янада теранроқ англаймиз.

Давлатимиз раҳбарининг кутубхоналарни кўпайтиришга, китоб нашрига, китобхонликни кенг тарғиб қилишга, айниқса, ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини оширишга қаратилган эътибори, кўраётган чора-тадбирлари бежиз эмаслигини, билимли миллатгина қудратли бўлишини, равнақ топиб, фаровон ҳаёт кечиришини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Хўш, мустақилликка қадар кутубхоналаримизнинг аҳволи қандай эди?  Замоннинг зайли билан ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида, яъни мустақиллигимиздан олдинроқ турли “изм” ғоялари билан суғорилган жамики ижтимоий-сиёсий, илмий, бадиий ва оммабоп адабиётларни битта ҳам қолдирмасликка  қарор қилиниб, республикамизнинг миллион-миллион жилдлик юзлаб, эҳтимолки, минглаб кутубхоналари барбод қилинди. Энг муҳими, ана шу миллион-миллион жилд ичида машҳур  ўзбек, рус ва жаҳон ёзувчиларининг турли йилларда нашр этилган танланган асарлари тўпламлари ҳам узоқни ўйламай қилинган ёвузликнинг қурбони бўлди. Агар, ҳар бир бадиий асарда ҳаётнинг бир парчаси, инсоннинг эзгулик йўлидаги қарашлари, орзу-ўйлари, ҳис-туйғулари,  курашлари, дарди, нафрат ва қувончлари акс этишини инобатга оладиган бўлсак, оқни қора дейилгани аниқ-тиниқ равшан бўлади. Хўш, ўз вақтида ўша давр сиёсатининг қўли билан Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир сингари қатор-қатор буюкларимизнинг асарларинигина эмас, туҳмат тоши остига олиб, ўзларини ҳам ҳеч бир асоссиз гумдон қилганлар нимага эришдилар?!

Ҳақиқат баъзан эгилишга мажбур бўлса-да, лекин синмайди. Шу боис ҳам Қодирийлар, Фитратлар, Чўлпону Усмон Носирлар бугун ҳам халқимизнинг дилида, тилида. Улар битган ўлмас асарлар нафақат бизнинг, балки жаҳон халқларининг бой маънавий мулкига айланган. Бу бизнинг фахру ифтихоримиз, ғурурлансак арзийдиган тарихимиз, дунёга достон қилгулик меросимиз. Шу ўринда яна бир мисол. Марксизм-ленинизм ғояларини байроқ қилиб, бизга қарийб бир ярим аср давомида Амир Темур бобомизни босқинчи, қонхўр, вайрончи деб ўқитишди, уқтиришди, буни қўлларидан келган усулда тарғиб қилишди. Ваҳоланки, ўша Карл Маркс ўз асарларидан бирида Соҳибқирон бобомизни буюк давлатчиликка асос солган адолатпарвар, халқпарвару юртпарвар, бунёдкор подшо, деб таъриф берган экан. Бошимизга тегирмон тоши айлантирганларнинг сиёсатчилари-ю, олимлари улуғ “доҳий”нинг бу фикридан бехабармидилар? Уни кўкларга кўтарган тузум даҳолари асарларини ўқимаганмидилар?! Ўқиганлар. Ўқиб, уқиб ва билиб туриб, “қўрқоқ олдин мушт кўтарар” қилганлар. Бунга шубҳа қилмасак ҳам бўлади.

Хўш, Маркснинг бу фикрини шўролар ҳукмронлиги даврида биринчи бўлиб бутун иттифоққа ошкор қилган ким? Ўша машъум тузумнинг Амир Темур ҳақидаги бўҳтон фикр­ларини пучга чиқариб, унинг одил подшолигини, халқпарварлиги-ю, бунёдкорлигини, оврўпо мамлакатлари билан дўстона ҳамкорлигигача ўзининг 1968 йилда ўзбек ва рус тилларида нашр этилган “Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихида тутган ўрни ва роли” рисоласида ҳам тарихий, ҳам илмий жиҳатдан асослаб берган журъатли ва жасоратли инсон ким эди? Бу ўзбекнинг аллома олими, академик Иброҳим Мўминов эди. Буюк файласуф Маркснинг Соҳибқирон ҳақидаги “Амир Темур ўзи тузган салтанатда адолатли қонунлар ўрнатди” деган фикрини қаердадир ўқиганини эслаб, кутубхонанинг тақиқланган китобларидан  изламаганида топармиди?! Шубҳасизки, йўқ. Демак, бундай фикрларни китоблари йўқотилган кутубхоналаримизнинг минглаб эмас, миллионлаб китобларида кўриш мумкин. Шундай экан, кутубхона – китобхона эканлигини, уни кераксиз адабиётлардан тозалашда шошма-шошарликка йўл қўймаслик лозимлигини унутмайлик! Кутубхона ҳеч қачон у ёки бу тузумнинг, у ёки бу сиёсатнинг гирдобига ғарқ бўлмаслиги лозим. Чунки, ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баробар ёнар деганларидек, мутлақо кераксиз китоблар қаторида минг-минг­лаб одамлар баҳра оладиган дурдона ва ноёб адабиётлардан айрилиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

Мен соғинадиган, тушларимга кириб чиқадиган кутубхоналаримдан яна бири пойтахтнинг шимолий темир йўл вокзалидаги ҳарбий дўкон биноси ортида жойлашган эди. Туман марказий кутубхонаси ҳисобланган бу зиё маскани ниҳоятда сокин бўлиб, орқа томонидан “Солар” ариғи ўтар, ёзнинг иссиқ кунларида ҳам ўқув зали жуда салқин бўлар эди. Энг муҳими, бу ердаги ўзбек, рус ва жаҳон бадиий адабиёти мени ҳайратга солар, назаримда, дунёнинг барча бадиий китоблари шу кутубхонада жамлангандек эди. Ростини айт­ганда, бу кутубхонадан жаҳоннинг барча халқлари ёзувчи ва шоирларининг кўп жилдлик танланган асарларини, шунингдек, деярли ҳамма соҳаларга оид китобларни топиш мумкин эди. Мен бу кутубхонага ҳар якшанба куни ўқиб бўлган китобларимни олиб бориб топширар ва янги бадиий асарлар билан қайтар эдим. Вақти-соати билан ана шундай катта бир маънавий-маърифий маскан ҳам таг-туги билан барҳам топди. У ҳар гал ёдимга тушганда беихтиёр хўрсиниб қўяман. Кутубхона бутун салоҳияти билан кўз ўнгимда намоён бўлиб, ич-ичимдан эзилиб кетаман. Миллион-миллион китоб. Бебаҳо хазина. Кўз юмиб очгунча йўқолди-қолди. Афсус, минг афсус! Буни қарангки, ўша пайтлар мен кўчиб борган “дом”нинг биринчи қаватида бадиий адабиётга бой жуда чиройли кутубхона бор экан. Бу мени бениҳоя қувонтирди. Лекин кўп ўтмай бу кутубхонадан ҳам ном-нишон қолмади.

Кузнинг бошларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бир неча кун ишлашимга тўғри келди. Кутубхона биноси энг замонавий. Кўрса кўргулик. Нимаики зарур бўлса, ҳаммаси муҳайё. Компьютерлаштирилган ўқув заллари жуда шинам. Интернет тармоғи ишлаб турибди. Буюрган китобингизни ўн-ўн беш дақиқа ичида олишингиз мумкин. Хизмат кўрсатиш аъло даражада. Ҳар замон-ҳар замон атрофга бир назар ташлаб қўяман. Ўтирганларнинг ёши улуғлари саноқли. Саксон-тўқсон фоизи ёшлар. Бундан қувонмай бўладими? Айниқса, ёшларимиз китоб ўқимай қўйишди дейилаётган  ҳозирги пайтда. Аммо аччиқ бўлса-да, очиқ айтиш керакки, уларнинг кўпчилиги кутубхона маданиятидан анча йироқ. Қайси бир столда икки дугона, қайси бир столда йигит билан қиз бошқаларга халақит қилиб шунчаки гаплашиб ўтиришибди. Айримлари сал четга ўтиб мобиль телефонида бемалол мулоқот қилаяпти. Ҳатто кутубхонадан фойдаланиш тартиб-қоидаларини билмайдиганлари ҳам борлигига гувоҳ бўлдим. Маълум бўлдики, ёшларимизни китоб ўқишга қизиқтириш баробарида кутубхона маданиятини, ундан фойдаланиш қоидасини-ю, тартиб-интизомини ҳам ўргатишимиз керак экан. Токи улар ҳам биз сингари кутубхонани тушларида кўриб, китобларини соғиниб юрадиган бўлсинлар.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон

Миллий университетининг журналистика

факультети ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 17 =