Қўшни бўлиб кўришмаган эдик…
Дунёга танилган бизнесмен Алишер Усмонов ҳомийлигида Москва шаҳрида 2022 йилда нашр этилган “Антология узбекской поэзии” китобининг иккинчи жилдини варақлаётиб забардаст шоир Тилак Жўра шеърий туркумига кўзим тушди. Ўн еттита шеър… Қизиғи шундаки, Рауф Парфига бағишлов билан “Чўлпон” сарлавҳали шеър ёнма-ён тушганки, бу хусусиятни рамзий сифатда қабул қилмоқ жоиз. Сабаби — Тилак ака Чўлпон ҳамда Рауф Парфининг ботиний давомчиси эди.
Камина 1987 йилда Эски шаҳарнинг “Қўштут” маҳалласида яшаганимда курсдош дўстим, шоир Абдул Жалил: “Шу яқин атрофда Тилак Жўранинг ҳовлиси бор, юринг, бир кўриб келамиз”, деган. “Тилак ака билан мажлисларда салом-алик қилганмиз-у, шахсан танишмаганмиз. Жуда нафис ёзади”, дея таклифдан шодланганман.
Бордик. Деворларини зах босган экан. Эшиги қулфлоғлик. Яна икки-уч маротаба бордик. Шунда Абдул Жалил айтган бир гап эсимда қолган: “Дўхтурлар бу уйда ёш болалар яшаши қийин, дебдилар”. Очиғини айтганда, ўтган асрнинг 80-йилларида айрим шоирлар камбағал алпозда яшар эдилар. Аммо барибир дарвешлар ота-оналаридан, уруғ-аймоқларидан ёрдам сўрамаганлар. Гонорар тузук эди. Дейлик, икки қаламкаш шеърлари орасида босилган “Товушсиз қадам” номли тўпламчамга беш юз рубль, “Теракка яқин юлдуз” отлиғ китобчамга бир минг етти юз рубль қалам ҳақи олганман. Бу жуда катта маблағ эди ҳозирги кунга солиштирганда. Кулбамиз хариди уч ярим минг рублга тушган. Бир тарафи гонорарга боғлангани учун ҳам китоб нашр эттириш биз каби ижодкорларга ҳаёт-мамот масаласи даражасига чиққан.
Катта адиблар ўша пайтлар битта йирикроқ китобига яп-янги “Волга” автосининг пулини олишгани ҳам лоф эмас. Бугун… бугун хўп ажойиб замон келди-да: китобга қалам ҳақи тўлаш деган нарса деярли унутилди. Аксинча, энди китобингиз чиқиши учун бир даста пул кўтариб чопасиз.
Майли, бу гаплар эмас муддаомиз. Сўзимиз бошқа эди.
Тилак Жўранинг ишхонасига бориб танишганман. Ниҳоятда камтар, самимий, лекин тез гапирадиган одам эди. “Шеърларингизни ўқиганман”, дея илтифот қилганди ўшанда. “Қўшни бўлиб кўришмаган эдик”, деганимда негадир кулиб юборган эди.
У сарбаст вазнини хуш кўрарди. 1986 йилда “Нозим Ҳикмат ва ўзбек адабиёти” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. Камина унинг шеърларини, турк шеъриятидан амалга оширган таржималарини астойдил ўқиганман, услубимни шакллантиришда қисман фойдаланган эдим. Дастлаб таржималари ғалати туюлган: қофияси йўқ, тиниш белгилари ҳам йўқ. Кейинчалик эса айнан шу услубга мойил бўлдим.
Ўша даврларда катта-ю ёш шоирлар бир-бирларининг аҳволидан хабар олиб туришарди. “Тилак Жўра замонавий “дўм”га кўчиб ўтди” деган хушхабарни эшитишимиз биланоқ қанот боғлаб учганмиз гўё! Алгоритм мавзеида эди янги уйлари. Эшигига катта ҳарфлар ила “Тилак Жўра” деб ёзиб қўйилган. Эсимда қолгани: “Товушсиз қадам”имга дастхат битганим. Тилак ака ўшанда худди ўзининг китоби чиққандек суюнганди.
Ёдимда, 1986-1989 йилларда Ёзувчилар уюшмаси биносида кўп мажлислар бўлгувчи эди. Шоирлар-у носирлар юзингда кўзинг борми, демасдан, андиша туйғусини бир чеккага улоқтириб, даҳанаки жангга киришар эдилар. Бир гал номдор носирлардан бири ҳайъат ўриндиқлари сари илдам одим отаётиб, мағрурона нигоҳларини залга қадади. Ногаҳон олдинги қаторларда ўтирган Рауф Парфини кўрди-ю овозини баралла қўйиб: “Рауф, ўрнимизни алмашамизму?” деди. Устоз ўрнидан туриб: “Озодликни тутқунликкаму?!” дея хитоб айлади. Тилак Жўра эса мажлисларда гапирмасди; ҳар ҳолда, биз гапирганини эшитмаганмиз. “Нега бундоқ?” десалар, “Мен тинглашни хуш кўраман” деганмиш.
1989 йилнинг ёзида “Ёшлик” журнали таҳририятидан ўз аризамга кўра ишдан бўшаб, отамаконга қайтдим. “Хоразм” нашриётида ишлаб юрганимда Тилак Жўранинг фано оламини тарк этганини эшитдим. 1994 йил эди. У инсон 47 йил умр кўрган.
Сарбастдаги шеърлари ўз йўлига. Аммо бармоқ вазнида, ҳаттоки “сақичдек” чайналган мавзуларда ҳам янгиликлар яратган. Дейлик, “Ўзбекистон” сарлавҳали олти бандлик шеърининг ҳар бандини ўқисангиз идрокингиз роҳатланади. Мисол тариқасида кейинги уч бандни келтирсак:
Кўзёшдек тиниқдир бу элда осмон
Шафтоли шохлари қайрилган онда.
Нақш олма юзига югурганда қон
Офтоб ҳам осилиб толар армонда.
Бу элнинг қадимий ҳар қўшиғида
Бежиз олтин дея аталмас тупроқ.
Симёғочга қўнган қуш тумшуғида
Тилладай нурланиб турибди бошоқ.
Чайқалиб ётибди нурли бир чаман,
Юлдуздай сочилиб оламга шони.
Фидойи ўғилман, ёниб ўпаман
Олам остонаси – Ўзбекистонни.
Қумрининг кукулашини эслатади бу шеър. Оҳистагина ўқилади. Лекин мисралар қатида она юртга муҳаббат туйғуси ёнибгина турибди. Шунга ўхшаган юзлаб шеърлари фонида Тилак Жўра ўзига ўзи ёдгорлик ўрнатиб кетди. Бунақа ёдгорликни қуриб бўлмайди.
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД