Воҳа матбуоти дарғаси эди
“Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририяти ходимлари билан боғлиқ ёрқин хотираларим жуда кўп. Таҳририят “қозонида қайнаган” лаҳзалар ҳаётимнинг энг гўзал дамлари эди, дея бот-бот такрорлайман. Бу ерда устоз ва ҳамкасбларимдан яхшиликлар, меҳр-мурувватлар кўрдим. Мени тушунишга ҳаракат қилаётганлар, қўллаб-қувватловчилар, ҳурмат этувчилар ёнгинамда эди.
Воҳада энг нуфузли ва обрўли нашрлардан бири сифатида танилган газетада забардаст журналистлар, ижодкорлар самарали меҳнат қилишарди. Мен ўқишни тугатиб келган 1985 йилда таниқли шоир, журналист ва насрнавис Эркин Самандар ушбу нашрга бош муҳаррир эдилар. Олийгоҳда ўқишимнинг тўрт йили давомида амалиётни шу даргоҳда ўтказардим. Ҳар йили июль ойида келиб, августнинг охирида яна ўқишга қайтиб кетардим. Устозлардан хўп ўргандим. Улар: Солияжон Раҳимберганова, Арслон Отажонов, Отамурод Пирматов, Султон Нодирматов, Жуманазар Юсупов, Сотимбой Авазов, Зариф Иброҳимов, Қадам Солаев, Бозорбой Бобожонов, Шихназар Аҳмедов, Неъматжон Солаев, Уллибиби Отаева, Оймонжон Эгамова, Султон Отажонов, Ўктам Полвонов ва бошқалар.
Саксонинчи йилларда “Хоразм ҳақиқати” газетаси ҳафтанинг беш кунида нашрдан чиқариларди. Кечагидек эслайман. Иш бошлаганимнинг учинчи куни мени навбатчиликка қўйишди. Шу сонга масъул муҳаррир Арслон ака Отажонов эдилар. Қаттиқ ҳаяжонланганман ўшанда. Чунки, газетага навбатчилик — катта масъулият, юксак ишонч… Кечагина талабалик мақомида бўлган муштдек қизга шундай улкан вазифани — вилоят газетасининг тақдирини ишониб топширишдими? Онгу шууримни ички масъулият ва мислсиз бир ҳаяжон қамраб олган эди. “Редакторнинг топшириғи билан навбатчиликка қўйилдингиз”, дейишди.
Арслон Отажонов чуқур мулоҳазали, таҳрири кучли, талабчан, газета бош муҳаррири ўринбосари сифатида обрўси баланд. Ҳар бир кишига, ҳамкасбига тўғри баҳо бера олади. У билан бирга навбатчиликка қўйишганидан қувониб кетдим. Одатга кўра, масъул муҳаррир барча саҳифаларни кўриб бўлгач, имзо қўйиб, таҳририятни тарк этарди. Навбатчи мухбир эса то тонггача, газета чоп қилиниб бўлгунча босмахонада бўларди. Мабодо бирон хатолик кузатилса, зудлик билан тузатиш чораларини кўриш керак.
Гап натижада. Газета хатосиз ва сифатли чоп қилинди. “Босишга” дея илк бор имзони қўйдим. Эллик мингдан кўпроқ нусхада чоп қилинаётган вилоят нашримизни босишга рухсат беришдек ҳам масъулиятли, ҳам шарафли ишни уддаладим чоғи… Бу ҳолатни сўзда ифодалаш қийин. Қушдек учдим, катта бир ишнинг уддасидан чиққанимдан қувондим. Ўшанда менга ишонч билдирган ва масъулиятни ҳис қилишга ундаган Эркин Самандардан миннатдор бўлганман. Назаримда, навбатчиликка қўйиш воқеаси — худди полапонини учишга, яшашга ўргатаётган ҳолатни эслатади. Шу даврда деярли ҳар куни, ҳар сония даргоҳ раҳбарининг қаршисида, назоратида эканлигимни унчалик ҳам тушунмаганман.
Таҳририятда мисоли иккинчи университетни ўтаётгандек эдим. Негаки, бу ердаги 50 киши бари менинг устозим, имтиҳон қилаётган ва синаб кўраётган домлалар мисоли зиёли ва заковатли эдилар. Таҳририят дарсхонаси том маънода ёшлар учун дорилфунун бўлди.
1988 йили ёш мухбирларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида ҳукуматнинг топшириғига асосан таҳририятнинг 3-4 та ёш оилаларига уйлар ажратиладиган бўлди. Янги оила қурган пайтим эди. Онам раҳматли: “Дом” олсанг, бир умр унда қолиб кетасан. Яхшиси, участка қилинглар, келажакда болаларинг билан яйраб яшайсан”, дедилар. Бу фикримни бош муҳаррир билан маслаҳатлашиб кўрдим. Эркин ака ҳам маъқулладилар. “Онангиз жуда тўғри айтибдилар. Биз ҳам қараб турмаймиз. Ёрдам берамиз, қандай ҳужжатлар керак бўлса, тайёрланг”, дедилар.
Барча зарурий ҳужжатларни тайёрлаб, Урганч шаҳар ижроия қўмитасига бордим. Аммо у ердан жуда оғир гап эшитиб чиқдим: “Муштдек бўлиб, сенга уй қуришни ким қўйибди? Ҳомиладор экансан, ҳали бу боланг туғилсин-чи”. Бу гапларни бош муҳарриримизга айтишга уялдим. Йиғилишлардан бирида сўраб қолдилар. “Камчилиги бор экан, ҳужжатларимни қайтаришди”, дедим, холос. Ўша йиллари таҳририятда журналист Бозорбой Бобожонов касаба уюшмаси қўмитаси раиси эди. Бош муҳаррир унга: “Бозорбой, бирга бориб, нима ҳужжат кам бўлса, тўлдириб, ишни битказиб қайтинглар”, деб топшириқ берибдилар. Бозорбой оғага вазиятни тушунтирдим.
Бирга ижроия қўмитаси раиси олдига кирдик. Бозорбой Бобожонов бу ҳужжатларимга шахсан Самандаров имзо чекиб беришларини айтиб, алоҳида таъкидлади. Шундан сўнггина менга уй-жой қурилиши учун ер ажратилиб, қарор чиқарилган эди. Раҳбар таҳририятдаги ҳар бир ходимига ана шундай эътиборли, мурувватли ва ғамхўр эди.
Навбатдаги мажлислардан бирида менинг “Дилдор” сарлавҳали кичик воқеий ҳикоям кенг муҳокамага сабаб бўлди. Кимдир у деди, кимдир бу. Мавзу тўқима, долзарб эмас, шу кабилар…
Ҳикояда ёш оилада эрининг аёли устидан зўравонлиги муаммоси кўтарилган эди. Тўғри, у даврларда ушбу мавзуни газетага олиб чиқиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди, аммо оилада зўравонликка учраётган келинларнинг аччиқ тақдири, уларнинг турмуш ўртоғи томонидан таҳқирланишлари, калтакланишлари маълум гап эди. Ҳеч ким қўл урмаган бу масала мени жуда қийнаган.
Мавзуни кўтаришимга талайгина сабаблар бўлган. Мен бўлимда устозим Солияжон Раҳимберганова раҳбарликларида “Қизлар клуби” саҳифасини тайёрлардим. Сўнгра Эркин Самандарнинг таклифи билан “Қизлар клуби” эшитади” деган рукн остида телефон орқали мурожаатларни қабул қилишни йўлга қўйдим. Саҳифа учун ҳам айнан шу номни танладим. Вилоятда хотин-қизлар масалалари, аёллар муаммоларининг чек-чегараси йўқ эди. “Дилдор” ҳикоясига ўша мурожаатлардан бири – реал ҳаётий воқеа асос бўлганди.
Тартиб-таомилга кўра йиғилиш сўнгида бош муҳаррир ўзининг якуний ҳал қилувчи фикр ва хулосаларини айтарди. Бош муҳаррир ҳикоямни “Энг яхши мақола” доскасига осишни таклиф қилди.
— Кичик асар, аммо катта қимматга эга. Оилаларимизда қизларимиз, келинларимиз устидан зўравонлик бўлмаяпти, деб ким айта олади? Бу ҳикоя катталарга ибрат бўлсин, унда долзарб муаммо ҳақида фикр юритилган, хулосалар бор, — дедилар ўз фикрларини якунлаб.
Тўғри, бадиий адабиётда ҳикоя эпик жанр ҳисобланади. Ҳикоямнинг бадиий жиҳатдан камчиликлари бўлиши табиий эди. Бу йиғилишда гоҳ бўзариб, гоҳ қизариб, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Раҳбар аҳволимни англадилар чоғи, мавзу жуда долзарб эканлиги ва уни дадиллик билан олиб чиққанимни юксак баҳолади. Бугун ҳар ким эмин-эркин ўз мустақил фикрини, сўзини айта оладиган кунда бундан 35 йил олдин кичик асарим ҳақида бош муҳарриримизнинг холис хулосаси нечоғли аҳамиятли бўлганини англайман.
Бизнинг бош муҳарриримиз ҳар куни янги бир ташаббус ва ғояларни илгари сурардилар. Ходимлардан ҳам шуни талаб қиларди. Бир жойда қотиб қолиш, куним ўтса бўлди, шу кунги сатрлар талабларини бажарсам кифоя, деган ниятда зўрма-зўраки мақолалар ёзиш ҳолатларини ёқтирмасдилар.
Саксонинчи йилларда атроф-муҳитни соғломлаштириш, табиатни ҳимоя қилиш мақсадида боғ-роғларни кўпайтириш, кўчат экиб, дарахт парваришлаш ташаббусини биринчилардан бўлиб “Хоразм ҳақиқати” газетаси бошлади. Бу ташаббусларнинг бошида Эркин Самандар турганлар. Таниқли инсонлар, адиблар хотирасини абадийлаштириш мақсадида улар номидаги боғлар барпо қилинди. Хонқа туманидаги Алишер Навоий, Янгибозордаги Абдулла Қодирий боғлари ана шу ташаббуслар, саъй-ҳаракатлар натижасида дунё юзини кўрди. Эркин ака ҳақиқий ватанпарвар, юртпарвар инсон эдилар. Унинг жамоада бирдамликни таъминлашга бўлган рағбати кучли эди. Ҳамкасбларнинг тўю маъракаларида, қувончу ташвишларида ўзлари бош бўларди. Барчани “бир ёқадан бош чиқариб” бирдам ва ҳамфикр бўлишга чақирарди.
Одатда, оддий мухбирнинг ёзган мақолалари дастлаб бўлим мудири, сўнгра бош муҳаррир ўринбосари томонидан синчиклаб таҳрир қилинарди. Ҳеч қачон бош муҳаррир мухбирнинг материалини тўғридан-тўғри таҳрир қилган ёки кўрган эмас. Бу жараёнларни у пайтлари кўпам тушунмаганман. Эҳтимол, умуман бошқа вазият бўлгандир…
Бир куни Эркин ака мени чақирдилар-да, ўзлари топшириқ бердилар. Нега ундай қилганларини тушунмадим, ҳатто ўшанда менда савол ҳам туғилмаган бундай дейишга.
Шовот туманида “Нуроний” санаторийси бор эди. Шу даргоҳда дам олувчилардан, кекса ва нуронийлардан суҳбат уюштириб келишимни тайинладилар.
— Эртага эрталаб қўлёзмани бўлим мудирига бермасдан менга олиб киринг, — деди бош муҳаррир.
Бош муҳаррир топшириғи билан қушдек учдим. Ўша куни Шовотга бориб, барча зарур маълумотларни, ҳатто бош шифокордан турли расмларни сўраб олиб қайтдим. Ухламасдан тонггача мақолани ёзиб, эртасига эрталаб соат тўққиз бўлмасдан ишхонага келдим. Бош муҳаррир тайинлаганларидек, қўлёзмани, расмларни ўзларига киритдим.
— Майли, кўриб қўяман. Ҳозирча ишингизни қилиб туринг, — дедилар. Ҳаяжоним ичимда. Нима дерканлар, деган саволлар билан тинчимадим. Дақиқалар асрга тенглашди, маҳтал-мунтазир бўлиб кутаяпман… Ниҳоят, чамаси бир соатлардан сўнг қабулхонада ўтирган Зулфия Ёқубова бош муҳаррир йўқлаётганини айтиб қолди. Бундай туйғу кимда қандай, аммо оёқ-қўлим бўшашиб кетди. Раҳбарнинг эшиги олдига қай йўсинда етиб борганимни билмайман. “Ҳойнаҳой, мақолам қизилга бўялган”, деган ҳадик кўнглимга келаверди…
— Яхши, буни дарҳол машинкага — Соражон опага беринг. Эртанги сонга улгуришсин. Расмларни Амин Ниёзметовичга топширинг, ўзлари танлаб олсинлар, мақолани ўзим имзолайман, — дедилар.
Қўлимга олаётиб, шундоқ кўз югуртирдим. Юқорида “Машинкага” деган сўзни ўқидим. Биринчи варағида иккита сўз ўчирилган, бир сўз қўшилган. Кейинги бетларига қарашга бош муҳаррирнинг олдида уялдим. Чиқишим билан барча варақларни тезликда кўздан кечирдим. Жами саккизта бетнинг тўртта жойига қалам теккизилган, холос. Бошқаси жойида. Бу катта муваффақият, тенги йўқ ютуқ эди мен учун.
Эркин ака ана шундай ажойиб, ўз фикрига эга, бағрикенг, диёнатли, шароитга қараб иш тутадиган, исботни қадрлаган, ҳамкасбларига меҳрибон, ҳаммани бирдек тушунишга рағбати кучли етакчилардан эди. Инсонга хос маданият зиёсини, маънавият шуурини қалбимда шарафлантирган устозимга минг раҳмат. Журналистика, аслида, машаққатли, залворли йўл эканлигини англашда кўмагини аямаган, одамлар орасида яшашга, бирдамликда меҳнат қилишга ўргатган устоз Эркин Самандардан миннатдорман.
Устозимнинг жойлари жаннатда бўлсин. Зулм ва ғазаблардан йироқ, адолатли ва диёнатли инсондан ўрганганларим, кўрганларим бугун ўзим раҳбар бўлиб ишлаётган пайтимда жуда-жуда асқотмоқда. Нақадар гўзал қайтиш, бу қанчалар ҳам ташбеҳли, беназир дунё. Бош муҳаррир десалар, Эркин аканинг салобатли қадамлари, оғир ва вазминлик асносида фикр қилишлари, оқилона хулосалари эсимга тушаверади. Ҳаётим давомида яхши раҳбарлар, инсофли кишилар, меҳрибон устозлар, касбдошлар, муносиб шогирдлар билан ишлаш, йўлдош ва ҳамкор бўлиш насиб қилганига шукур.
У инсоннинг шоирлик иқтидори ҳақида кўп гапириш, кўп ёзиш мумкин. Жумладан, “Аму жилолари”, “Дунёнинг ёшлиги”, “Осмон тўла нур”, “Вафо деган гавҳар”, “Қабул соатлари”, “Севги фасллари”, “Севги китоби” каби кўплаб шеърий китоблари нашр этилган.
Умуман олганда, устоз Эркин Самандар серқирра адиб эди. Айниқса, машҳур сиймоларга бағишлаб шеърлар ёзгани, уларнинг таърифини келтиргани, хотирасига эҳтиром билдиргани таҳсинга лойиқ. Шоирнинг Ватан, буюк аждодлар, она табиат тўғрисидаги шеърларини Ортиқ Отажонов, Шермат Файзуллаев каби машҳур ҳофизлар қўшиқ қилиб куйлаганлар. Кейинги даврларда мамлакат телевидениеси орқали чиқиш қилаётган Шермат Хўжа шундоқ дейди: “Шоир Эркин Самандар менга “Шермуҳаммад” деб мурожаат қиларди. Бир куни даврада учрашганимизда у “Шермуҳаммад! Султон Жалолиддин Мангуберди тўғрисида шеър ёздим. Эшитиб кўринг-чи, нотага тушармикан” дея оҳиста овоз билан ёдаки ўқиди:
Юртни бизга Тангри берган,
Омонатмас, мангу берган.
Жалолиддин исмим маним,
Ўтда ёнмас жисмим маним.
Мазкур мисраларни тинглашим ҳамоно бирдан руҳиятимда мусиқа ярала бошлади. Хуллас, ўзим куй басталаб, бу қўшиқни мамлакат телевидениеси, радиосида айтдим. Кўпчилик қўнғироқ қилиб, қўшиқ муаллифига, каминага миннатдорлик туйғуларини изҳор этдилар”.
Бу ҳам ўзига яраша тарих эди. Яна бир тарих шундан иборатки, Эркин Самандар “Хоразм ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири вазифасида ишлаб юрган вақтларида Хива туманидаги Огаҳий номли жамоа хўжалигига вакил қилиб юборилади. Шунда мазкур жамоа хўжалиги раиси: “Эркин ака! Биласиз, қишлоғимиздан Муҳаммад Ризо Огаҳийдек буюк шоир чиқиб, жаҳон миқёсида танилган. У эккан тутларнинг айримлари ҳозир ҳам япроқ ёзиб турибди. Даланинг ўртасида… Шу тутларни муҳофазага олдириб, шоирнинг уй-музейини яратсак қандай бўларкин?” дейди. Мазкур жўяли гап Эркин Самандарга ниҳоятда қаттиқ таъсир ўтказади. У вилоятнинг ўша даврдаги раҳбарига мурожаат этиб, Огаҳий уй-музейига, боғига асос солдиради. Натижада Эски Қиёт қишлоғида табаррук мажмуа қад ростлайди. Ҳар йили буюк шоир Огаҳий таваллуд топган 17 декабрь кунида уй-музейида воҳа ижодкорлари тўпланиб шеър ўқийдилар. Зотан, ҳазратнинг ўзи айтганидек:
Бўлубдур шеър яхшилар шиори,
Жаҳонда то қиёмат ёдгори.
Кишига шеърдин йўқ яхши фарзанд,
Ки доим боқий ул фарзанди дилбанд.
Бундай мисралар ҳаётда ўз исботини топган. Масалан, ҳазрат Огаҳий оламни тарк этганига бир неча ойдан сўнг 150 йил бўлади – аммо, кўнгил фарзандлари саналмиш шеърлари ҳали-ҳануз яшаб турибди. Шунга қиёсан айтганда, Эркин Самандарнинг шўхчан, ўйноқи севги тароналари – лирик шеърлари яна юз йилларни бўйлашига шубҳамиз йўқ.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
журналист.