ҲАҚ СЎЗЛИ ИНСОН ЭДИ…

Матбуотга умрини бағишлаган инсонлар жуда кўп. Аммо бир умр одамлар ташвиши ва ғами учун яшаган журналистлар ҳақида ўйлаганимда, Сафар ака кўз ўнгимга келади. Чунки Сафар Остонов ҳар куни кимнингдир бир муаммоси билан яшар эди. Доим иш, газета деб яшади. Билмадим, бирор дам олиш масканига бориб ҳордиқ чиқариш ҳақида ўйлаганмиди? Ўйлаган бўлса ҳам бунга амал қилган эмас.

“Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари Бош муҳаррири бўлиб ишлаган йилларида бу инсонни яқиндан билдим, маълум муддат бирга ишлаш насиб этди.

Сафар акани билганлар, яқиндан таниганлар жуда яхши билишади: у матбуотни чин юракдан яхши кўрар эди. Шунинг учун хатто шанба-якшанба кунлари ҳам ишхонада бўлар, нималарнидир қоралаб ўтирарди. Эринмасди, ҳар бир мақолани синчиклаб ўқир, моҳирона таҳрир қилар эди.

Шубҳасиз, Сафар Остонов жуда кучли журналист, жасоратли инсон эди. Қанча одамларни ноҳақликдан ҳимоя қилди, ҳатто вақтида неча-нечаларнинг қамоқдан озод бўлиб кетиши учун кўмак берди. Ана шундай воқеалардан бирини жуда яхши эслайман.

Ўшанда Сафар ака юқори давлат идорасида ишларди, бир туман газетаси муҳарририни ҳимоя қилиб бир саҳифалик мақола ёзди. Бу мақола шу қадар шов-шув бўлгандики, респуб­ликанинг деярли барча нашрлари уни кўчириб босди. Энг муҳими, қамоқдаги журналист озод этилди, қандайдир айбларни уюштирган ўша туманнинг қанча корчалонлари эса вазифаларидан озод этилди.

Буни эслаётганимга сабаб шуки, орадан бир қанча йиллар ўтгач, Сафар ака ҳимоя қилган ўша туман  газетаси муҳаррири Сафар Остоновни ўз нашрида уриб чиқди, виждонсизларча тутуриқсиз бир бўҳтон нарсани чоп қилди. Шу вақтлар Сафар ака билан “Овоз”да бирга ишлардик.

Албатта, Сафар ака қаттиқ хафа бўлди. Аммо ҳеч нарса демади, “Мен уни бир пайтлар ҳимоя қилган эдим, яхшиликни билмас экан, номард ва нонкўр экан” демади. Фақат… устознинг кўзларида ёш милтиллаганини кўрганман, жуда оғир олганини сезганман…

Ҳа, у киши ҳаётда кўп хиёнатларни, туҳматларни бошидан ўтказди. Аммо Сафар Остоновда қандайдир бағрикенгликми ё нима десам экан… кечиримлиликми шу қадар кучли эдики, юқоридаги каби номардлик, хиёнат қилганларни ҳам кечириб юбораверар, ҳатто яна шу тоифага монанд одамлар ундан нимадир ёрдам сўраб келса, кўкрагидан итармас, қўлидан келса, кўмак бериб юбораверар эди.

Минг афсуски, кўп йиллар давомида устознинг атрофида ана шундай бир нечта нусхалар худди қўриқчисидай доим бирга юриб, лекин аканинг кўп вақти-ю, асабини еганлар у киши оғир хасталикка чалинган пайтда — ҳаётининг сўнгги кунларида дом-дараксиз, ғойиб бўлиб қолганини эшитдик. Албатта, устоз марҳаматидан баҳраманд “қўриқчилар”и дом-дараксиз йўқолиб қолишмаганда ҳам Сафар ака улардан бирор нарса сўрайдиган, илтимос қиладиган одам эмас эди. Буни шунчаки инсонларнинг турфалиги-ю, одамлар ичида қандай ҳар  хил нусхалар борлиги, бу қиёфасизлар содда ва бағрикенг устоздан ҳамиша фойдаланиб келишгани ёдга тушади-да.

Сафар ака ҳаётининг сўнгги кунларида коронавирус балосидан кўп азият чекди ва ана шу бало туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Майли, бу гаплар ўз йўлига. Энг муҳими, Сафар Остонов ўзбек матбуотининг катта устунларидан бири эди. Катта публицист эди. Ҳамиша адолат ва ҳақиқат томонида бўлар, ҳақ сўзни доим айта олар эди, жуда бўлмаса энг оғир пайтларда айтишни, айта олишни истар эди.

Сафар Остон мактабидан жуда кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. Чунки юқорида эслаганимиздек, у кишидан кимки бирор ёрдам ё маслаҳат сўраб ҳузурига келса, у ҳеч қачон, ҳеч кимга рад жавобини бермас, вақти тиғиз, доим йиғилишу тадбирлардан бўшамаса ҳам, албатта, ҳамма учун вақт ажратар, сабр билан ўзганинг дарду ҳасратини эшитиб ўтирар эди. Ўзгаларнинг дарду ҳасратларини эшитишнинг ўзи осон эмаслигини ҳамма ҳам билавермайди.

Яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Мен ўша пайтлари газетанинг Сурхондарё вилоятидаги ўз мухбири бўлиб ишлар эдим. Кимнингдир арзномаси юзасиданми ё бирор мақола тақдири бўйичами, ҳозир тафсилоти аниқ эсимда йўқ, лекин жуда муҳим гап эдики, таҳририятга келдим ва Сафар аканинг ҳузурига кирдим. Ўша вақтлар газета ҳафтасига уч марта чиқар, русча — “Голось” билан 4 марта чоп этиларди. Ўша кун ҳам верстка куни бўлса керак, соат тушдан кейин 3-4лар эди, чамаси. Сафар аканинг иш столи ҳар доимгидек турли ўқилган, ўқилмаган мақолаларга тўла, ўша кунги бир нечта газета саҳифалари ҳам ёйилиб ётар, бунинг устига, устма-уст телефон қўнғироқлари тинмас, уларга эринмай жавоб берар,  энди гап бошламоқчи бўлсам, яна “вертушка” жиринглаб қолар, Сафар ака узундан-узоқ телефонда гаплашиб қоларди.

Хуллас, соат кечки 6 лар бўлиб қолди. Менинг эса ичим қисилиб, тезроқ гапимни айтмоқчи бўлардим.

— Сафар ака, демак…

Қанча бирга ишлаган бўлсак ҳам, биринчи марта у киши гапимни бўлиб:

— Майлими, ярим соатдан кейин гаплашсак, – деди у узр оҳангида. Мен шунда:

— Сафар ака, беш дақиқа вақтингизни оламан, масала шундаки…

Шунда Сафар ака:

— Биласизми, ҳозир йиқилиб қоламан. Тушлик қилишга ҳам вақтим бўлгани йўқ, — деди.

Ғалати бўлиб кетдим. Чунки эътибор қилмаб­ман. Устоз жуда чарчаган, чиндан ҳам зўрға креслосида ўтирар эди.

Шундай. Иш деб, газетчилик деб ўзини ўйламас, соғлиги учун ҳам асло қайғурмас эди.

Сафар аканинг инсоний фазилатлари ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. Ҳамма биладиган бир сифати — мардлиги эди. Жасоратли киши эди. Юқорида айтганимдек, ҳар қандай масалада у киши билан фикрлашиш, маслаҳатлашиш ва кўмак сўраш мумкин эди.

Аммо шундай одамлар ҳам ҳаётда борки, бор эмас кўп, хуллас, ундайлар қандай вазифаларда ишламасин, ҳеч кимга бирор наф келтирмайди. Ўзини, нари борса оила аъзолари, жуда яқинларинигина ўйлайди. Улар учун ҳар нарса қилади, чопади, елиб-югуради. Лекин бошқалар учун, “бегоналар” учун қилт этмайди. Халқ ва Ватан ташвиши фақат оғзида, тилида бўлади. Аслида фақат шахсий манфаати учун яшайди, ишлайди. Бундай касларда Виждон деган барометр бўлмаса керак деб ўйлайман. Оғзидан бирор гап чиқмайди, ўта эҳтиёткор, ўта сипо бўладилар.

Сафар ака эса бунақаларнинг мутлақо тес­кариси, кўпинча турли ноҳақликлару адолатсизликлардан ёниб, куйиниб гапириб қолар эди…

У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб сайлангандан кейин ҳам матбуотдан, қадрдон “Ўзбекистон овози”дан айрилишни хоҳламади. Газетадан айро ўзини тасаввур қила билмади. Лекин иш, вазифа деганлари кимга вафо қилган эдики, устоз Сафар Остонга вафо қиларди?!

Яратганнинг иродаси экан, ҳали анча тетик ва ижодий қуввати мустаҳкам пайти бу дунёни тарк этди. Ҳаётининг сўнгги кунлари ҳам “Ўзбекистон овози” деган газета тақдири, ташвишларини ўйлаб куйинганлари чин ҳақиқат.

Абдирасул ЖУМАҚУЛ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 5 =