“Ватанни дарахтдай шамолдан тўсдим…”
Таниқли шоир, ҳозиржавоб журналист ва серзавқ нотиқ сифатида элга танилган Ҳамид Норқулов Ўрта Чирчиқ туманидаги Жалойир қишлоғида таваллуд топган эди.
Кейинги йилларда муаллифнинг “Белида белбоғи бор эл” (2001 йил), “Ёнар сўз”, “Элдан топган ҳаяжонларим” (2002 йил), “Кўзлардаги дунё” (2007 йил), “Сиз барибир бошқачасиз” (2005 йил) ҳамда “Тансиқ кунлар” (“Сайланма”, 2007 йил) номли шеърий ҳамда насрий асарлари нашр этилди. Бадиий ижод ва журналистика соҳаларида самарали ижод қилган Ҳамид Норқул Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси сифатида фаол фаолият юритди. Адабий учрашувлар, бадиий кечалар, муаллифлик ҳамда юбилей тадбирлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкилотчиси ва фаол иштирокчиси сифатида эътибор қозонди.
Айнан мана шундай жўшқин ижодий фаолияти давомида 2000 йилда республикамизда илк бор ўтказилган Воизлар танлови ғолиби бўлди. Ўша йиллари Тўйтепада ўтказилган катта бир анжуманда Ўзбекистон халқ шоири Турсуной Содиқова сўз олар экан: “Даврамизда оташин шоир ва нотиқ Ҳамид Норқул ҳам иштирок этаяпти, тўғриси, ҳозир мени у кишининг салобати ҳаяжонга солаяпти”, — деган эди самимият билан. Дарҳақиқат, серзавқ шоир, ўткир публицист, моҳир ёзувчи Ҳамид Норқулнинг истеъдоди, асарлари кўплаб адиблар, адабиётшунослар, устозлар ва мухлислар томонидан муносиб баҳоланган, юксак эътироф этилган.
Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир эса муаллифнинг “Тансиқ кунлар” шеърий сайланмасига ёзган сўзбошисида Ҳамид Норқулни “дардли шоир, дилида ҳайрати бор шоир”, деб таърифлайди. У китобхонларга хитоб қилиб, шундай ёзади: “Сиз шоирнинг кўнгил кўзидан тўкилган нурлар оғушида ҳузурланасиз. Шоир қўлларингизга рост сўзлар насимида ҳилпираб турган ҳурлик байроғини тутади. Сизни Ватанни севишга, ардоқлашга чорлайди”.
Ҳамид Норқул яхши шоир, яхши журналист-публицист ва яхши ёзувчи эди ҳам. Шу маънода ижодкорнинг “Элдан топган ҳаяжонларим” китоби (Тошкент, 2002 йил, “Ижод дунёси” нашриёт уйи) алоҳида эътиборга молик.
“Ёзувчи Ҳамид Норқулов “Элдан топган ҳаяжонларим” китобида маънавият ҳақида ўйлайди ва унинг кўп қиррали кўринишларини ҳаётий мисолларда акс эттиради, — деб ёзади атоқли адиб Ўткир Ҳошимов унга ёзган сўзбошисида. — …Уларда адиб бир қадар эҳтирос билан қалам тебратади. Она юрт олдидаги масъулият, эл осойишталиги ҳақида фикрлайди. “Элдан топган ҳаяжонларим” миллий истиқлол мафкурасининг шаклланишига хизмат қиладиган китобдир”, дея хулоса қилган Ўзбекистон халқ ёзувчиси муаллифни “эҳтиросли қалам соҳиби” дея улуғлайди. Дарҳақиқат, Ҳамид Норқул она юртни, истиқлолни эҳтирос билан тараннум этган оловқалб ижодкор эди. Унинг “Ҳайратларда кўрганим — Ватан”, “Элдан топган ҳаяжонларим”, “Байроқни баландроқ кўтаринг”, “Биродарим — бирлигим”, “Боболар дуоси”, “Гиламга осилган байроқ”, “Шу азиз Ватан — бизники!”, “Ёнар сўзлар” каби оташин бадиалари бунинг исботидир. У ўзига, фарзандларига, дўстларга ва юртдошларига Ватанни севишнинг, унга фидойи фарзанд бўлишнинг ўзига хос қирраларини шеърларида намоён этди:
Туғилган жойида синалса мардлар,
Муборак юрт номин тилига олар.
Зотан эл кўксида силқиган дардлар,
Белида белбоғи борларга қолар.
Белбоғ — халқимиз удумида элга дахлдорлик рамзи: элимизда тўй ё маъракаларда бел боғлаб хизмат қиладиганлар ёхуд жанозанинг бутун ғам-андуҳини елкасида кўтарадиганлар белига белбоғ боғлайдилар. Зотан, “эл кўксида силқиган дард”ларни кўтармоқ, уни енгиб ўтмоқликка белида белбоғи бор ёки юрт азаматларигина қодирдирлар.
Ҳамид Норқулнинг ўзи эса қисқа, аммо ғоятда сермазмун, сермаҳсул, ибратли умрни яшаб ўтди. 2010 йилнинг 19 октябрида 58 ёшида оғир хасталикдан вафот этган ижодкор Ҳамид Норқулдан бизга бой адабий мерос қолди. Унинг ижод маҳсули бўлган ўндан ортиқ китоблари шеърият ва адабиёт мухлисларининг катта маънавий мулкига айланди. Унинг дилбар шеърлари ҳамон тилларда жаранг сочиб турибди, қатор қўшиқлари севиб ижро этилмоқда ҳам. У узоқ йиллар самарали меҳнат қилган республика “Тонг юлдузи”, “Машъал” туман газеталари ижодий ходимлари, у ҳамкорлик қилган “Халқ сўзи”, “Ҳуррият”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Тошкент ҳақиқати” газеталари, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари ижодкорлари ёдида ажойиб инсон, етук ижодкор сифатида сақланиб келмоқда.
Маъмуржон БОЗОРАЛИЕВ.