Инжу қалб инжулари
ёки ўзбек халқ оғзаки ижоди дурдоналарини дур каби териб, халқ қалбидан жой олган шоира, фольклоршунос олима Музайяна Алавия руҳиятига чизгилар
Май ойининг охирлари эди. Мен ўша вақтда “Ватандош” радиостанциясида фаолият олиб борар эдим. Эндигина дорилфунунни тугатиб келганимиз учунми, раҳбариятдан жуда кўп топшириқ берилар, айни пайтда биз ёшлар шу тахлит синовдан ўтар эдик. Радио тингловчиларимиз, асосан, хорижда яшовчи ватандошлар бўлгани учун ўша пайтда бизда сақланиб қолаётган миллий қадриятлар уларни қаттиқ қизиқтирар эди. Ҳатто шундай эшиттиришлар тайёрлашимизни сўраб, улардан мактублар ҳам олиб турардик. Шундай кунларнинг бирида бўлим бошлиғимиз мени чақириб, ушбу мавзуда доимий тарзда бериладиган эшиттиришлар ташкил қилишим кераклигини айтди. Мен юзларидан нур ёғилиб турган, зарҳал гардишли катта кўзойнаги ўзига ярашган, юз–кўзларидан шарқона хотиржамлик уфуриб турган Музайяна Алавияни ўшанда биринчи бор учратган эдим.
Музайяна опанинг “Оқ олма, қизил олма” деб номланган халқ оғзаки ижодиёти термаларидан тузилган китоби халқимиз орасида жуда машҳур эди. Уларни санъаткорларимиз қўшиқ қилиб куйлашар, қиз базм ва никоҳ тўйларида халқимиз томонидан бурро-бурро қилиб айтиладиган бундай жонбахш қўшиқлар юракни ҳаприқтириб юборарди.
Сочини ювганлар орқага ташлар,
Ошиғин кўрганлар кунда бир яшар.
Орада душманлар ўтдай туташар,
Душманни куйдириб кунда кел, ёрим.
Қораман тагида қараб турганим,
Қора қошли рўмол ўраб турганим,
Сен у ёқда, мен бу ёқда турганим,
Душманни куйдириб кунда кел, ёрим.
Шойи кўйлагимни киймасам бўлмас,
Яқосин дазмоллаб илмасам бўлмас,
Энди сен болани севмасам бўлмас,
Душманни куйдириб кунда кел, ёрим.
Эшиттиришимизнинг биринчи иштирокчилари Музайяна Алавия, Ҳабибулло Қодирий, Ориф Алимахсумов, Ориф Ҳотамов, Карим Маҳмудов, Малоҳат Дадабоева, Коммуна Исмоилова ва республикамизнинг ўша пайтдаги кўзга кўринган улуғлари эди. Кейинчалик улар давра суҳбатининг доимий иштирокчиларига айланишди. Улар келишганида, редакциямизнинг кичкина хонаси файзга тўлиб кетар, гўё улуғ дарёларнинг уммонга қуйилган пайтидаги қудратли шовуллашлари қулоққа чалингандай бўларди. Даврани ҳамиша Музайяна Алавия бошлаб берардилар. Опа шошилмасдан салобат билан, дона-дона қилиб гапириб, даврадошларини ўзига мафтун қилиб қўярдилар. Халқ оғзаки ижодидан иқтибослар келтирганида гўё ҳар бир сўзлар, ҳар бир термани ҳовучида дур каби тутиб тургандек туюларди.
Ул қошим ҳам бул қошимнинг ораси бир қилча бор,
Сенсиз ўтган умримнинг, ёр,
соати бир йилча бор,
— дердилар ва худди бир пиёла зилол чашманинг сувини мириқиб ичаётгандай чиройли қилиб “оҳ” деб қўярдилар.
Мен ҳар сафар Музайяна Алавияни тинглаганимда, халқ оғзаки ижоди дурдоналарининг асл ва гўзаллигидан ҳайратга тушардим. Эҳҳе! Ўзбекистоннинг ҳар бир қарич ерини тўрт фасл гоҳ уловда, гоҳ пиёда кезган бу муҳтарама аёлнинг томирларида қадимий аждодларимизнинг табаррук қони оқарди. Унда чўлда ўсган ёвшанлар, тоғ кийикўтлари ифори, қўшиқ бўлиб тўкилиб, узоқ асрлар она заминга баҳор ёмғирлари каби сингган, яна ям-яшил майса бўлиб кўклаган – халқ дардини асрлар мобайнида дилдан-дилга, тилдан-тилга кўчирган, истибдод кишанлари йўқ қилиб юбормаган кўҳна оҳанг қўшиқ бўлиб оқиб ётарди. Музайяна Алавиянинг дафтарга халқ оғзидан ёзиб олган қўшиқлари сирли битикларни — кўҳна музейни эслатарди менга…
“Ҳатто жадид маърифатпарварлик ҳаракати бошланган ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида ҳам ҳеч ким Каспий денгизидан Олтой тоғларигача бўлган кенгликда истиқомат қилган туркий халқлар оғзаки дурдоналарини ёзиб олиш лозимлигини ўйламаган. Айниқса, “тўрт девор” ичида яшаган, бегона эркак билан ҳамсуҳбат бўлиши гуноҳи азим ҳисобланган аёлларнинг достончилик, ривоятчилик, қўшиқчилик ва мақолчилик ижоди намуналарини авлодларга қолдириш имкони бўлмаган ва шунинг учун улар тарих қарига сингиб кетаверган”, – деб ёзган эди академик Наим Каримов “Атоқли фольклоршунос олима ва шоира” мақоласида.
Музайяна опанинг ёшлиги ҳам фақат ўзигагина хос бўлган. “Самарқанд билим юртига ўқишга кираётганимда, ариза ёзинг, дейишса, қандай ёзилишини билмай шеър билан ёзганман. Отам ўз даврининг атоқли инсонларидан эди, бу ҳақда китобларда ҳам ёзилган. Тоғам Абдулла Алавий ўша пайтда ҳам шоир, ўз замонасининг машҳур инсони бўлиб, Ленинградда таҳсил кўрар эдилар. Мени — ёш қизни уйдагилар турмушга бериб юбормоқчи бўлганларида, ундан хабар топган тоғам отамга хат ёзган: “Тўра ака, Музайянажон — нозик табиатли, жуда ҳам тийран, андишали, зийрак қиз. Шоирлик таъби бор. Ўтмишда бундай табиатли қизлар ўзлари кутган орзу-ҳавасларига эришолмасдан, йиғлаб келиб, йиғлаб кетганлар. Мен ўшалардек бахтсиз бўлмасин, деб қўрқаман. Агар биз уни ўқитсак, яхши бир киши бўлиб етишади. Шунинг учун уни куёвга беришда жуда эҳтиёткорлик зарур. Сабр қилинг, синглимнинг инжа кўнгли яраланмасин, келажакка ишонч билан кулиб турган кўзлари ёшга тўлмасин…”
Лекин хатнинг таъсири бўлмагач, мен Пискентдаги уйимиздан Самарқандга қочиб кетишга мажбур бўлдим, деган эдилар Музайяна опа хўрсиниб. “Бир оёғимга отамнинг маҳсисини, иккинчи оёғимга ўзимнинг маҳсимни кийиб қочиб кетганман. “Маърифатга ўзимни отдим” менинг биринчи шеърим эди.”
Музайяна Алавия Чўлпон билан танишувни қуйидагича хотирлайди: “Кунларнинг бирида биздан хабар олиб ўтгани Санжар Сиддиқ, Ғози Юнус, яна бир иккитаси бор эрди, келдилар. Шу озгина вақтда ҳам ойимга ёзганларидан ўқиб бермоқчи эди. Ғози Юнус: “Кечга қоламиз, бошқа бир куни ҳаммамиз ўқиймиз!” деб йўл қўймади. Чўлпон эмас, ҳатто Хуршид шоир ҳам кўча-кўйда учрашиб қолсак: “Озгина шошманг!” деб шеър ўқир ёки “Ойбону” деган драма асаридан тик турган бўлсак ҳам ўқир эди…
Мана шундай қилиб, шоир Чўлпонга Инқилоб хиёбонидаги Меҳнатсаройдан уй беришибди. Ҳозир Курант тўғрисидаги сарой дарвозалик катта, кўпчилик турадиган уй бўлиб, ўша вақтда Совнарком уйи ҳам дейишарди, дарвозадан кираверишда – чап қўлдаги уйнинг 1-қаватидан уй берганлар. Ўша уй ҳозир дўкон бўлиб турибди.
Чўлпон ўша уйда рус хотини билан тураркан. Рус хотини Андижондан меҳмон бўлиб келган синглиси Фозилахон, куёви Салоҳиддин Махсумни ёқтирмаган. Шундан кейин Чўлпон уларни бизникига олиб келган. Чўлпон узоқ вақтгача гаплашиб, кейин кетди. Икки меҳмон бизникида қолди. Эртасига “Гулистон” маҳалласида истиқомат қилувчи Абдусалом Ниёзий деган танишлариникига борганларини Ғулом Зафарийнинг хотини Ҳалимадан эшитдим.
Мен пединститутнинг сиртқи бўлимида ўқиб юрганимда, Ҳисомиддинова Руқия опа деган ёши каттароқ татар муаллимаси ҳам ўқир эди. Шу опа Губр боғида (Киров парки бўлса керак) дарахтлар соясида дарс тайёрлаб ўтирганимизда яқинимизга келиб, аста-секин: “Бугун партия мажлисида жуда қизиқ гаплар бўлибди. Акмал Икромов, Файзулла Хўжаевлар “душман” бўлиб чиқибди. Биз дарс тайёрлаймиз, деб газета ҳам ўқумаймиз”, — деди. Бизнинг бошимиз қотиб қолди. Оғзимизни очишга ҳам қўрқамиз”.
Музайяна Алавия ўша пайтда кўз ўнгида жамиятнинг сара гуллари яксон қилинаётганлигининг гувоҳи эди. Ўзбек аёлларининг, ўзбек оналарининг дардини ичига ютган, юрагини ўт бўлиб куйдирган азоблари пинҳоний қўшиқларга айланган, уларнинг изтиробларини, орзу-умидларини дафтарга тушириш ёш Музайянанинг мақсади эди. У энди ўша пайтларгача ҳам аёллар журъат этмаган ишга қўл урди. Қишни қиш демади. Ёзни ёз демади. Саратоннинг куйдиргувчи оташли селлари бутун вужудини қуршаб олганида ҳам, кузнинг хаёлчан, хазон япроғи янглиғ қисмати мезон бўлиб ҳаволарда учган пайтида ҳам у қўлидан қаламини қўймади. Бу жуда катта жасорат эди. Бу Тўмарис шиддатини қалбига жойлаган ўзбек аёлининг халқ орасига, хотин-қизлар орасига илк бор кириб бориши эди.
Музайяна опа аёллардан халқ оғзаки ижодиёти дурдоналарини ёзиб олаётган пайтидаги айрим ҳолатларни шундай ҳикоя қилган эдилар: “Рўпарамда 35 ёшлардаги аёл ўтирибди. Лекин унинг кўзлари жуда маъюс, терма айтади-ю, кўзлари ёшланиб рўмолининг учи билан мижжасида титраган томчиларни артиб, яна менга юзланади:
Қошларингнинг қорасига қотгин мени,
Ошиқликнинг бозорида сотгин мени.
Ошиқликнинг бозорида олмасалар,
Кипригингни ўқлар қилиб отгин мени”.
Мана ушалмаган орзу, ишқ изтироби. Бундай сўзларни, шеърларни унча мунча шоир ҳам ёзолмайди. Буни фақат халқ ёзади, халқнинг гурсиллаб уриб турган юраги ёзади.
Музайяна Алавия миллий қадриятларимиз ҳақида даврадошлари билан сўз юритганида “Сумалак сайли”, “Қовун сайли”, қадимий миллий байрамларимиздан Наврўз сайли ҳақида гапиришни хуш кўрардилар. Шунингдек, улар ёзиб олган халқ оғзаки ижоди дурдоналаридан ўзбек халқ қўшиқлари, терма қўшиқлар, лапарлар, ёр-ёрлар, Хоразм қўшиқлари, келин салом, ўлан, байт ғазаллар, меҳнат қўшиқлари, аллалар жой олган эди. Шунингдек, аза қўшиғи ҳам Музайяна Алавия томонидан ёзиб олинган эди. Даврада санъаткор Коммуна Исмоилова иштирок этаётганларида, уларга юзланиб: “Коммунахон, айланай сиздан, энди бир жуфт Хоразм термаларидан айтиб беринг, бир роҳатланайлик”, – дердилар. Коммуна Исмоилова чиройли лутф билан қўлини кўксига қўйиб: “Хўп бўлади, опажоним, жоним билан, опажон”, – деб қўшиқ бошлардилар.
Диға-диға, диғажон,
Эркангиз бўлай, оғажон.
Рўмолимни солдим сори гуллара
Рўмол олиб бердинг аллакимлара.
Таърифи кетибди бизнинг эллара
Энди галсангиз киргизмиман уйлара.
Диға–диға, диғажон, эркангиз бўлай, оғажон,
Бу кулбаи аҳзона хуршиди жаҳон галди.
Гўёки ўлик эрдим, бу жисмима жон галди,
Ноз ила калом айлаб, ёриға салом айлаб,
Боғ ичра хиром айлаб, ул шоҳи жаҳон галди…
… Ушбу хотирани ёзаяпману, кўз ўнгимдан ўз халқининг садоқатли ва хокисор қизи, фидойи инсон ва фидойи олима, халқимизнинг уммон каби қалбидан бебаҳо дур ва гавҳарларни сабот ва чидам билан битталаб териб олган муҳтарама аёл Музайяна Алавия ўтаверади. Неларни кўрмади бу аёлнинг азиз боши? 1940 йил Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига ходим бўлиб ишга киргунича унинг бошига тақдирнинг беаёв зарбалари ёғилаверди. У 1931 йилнинг январида жонажон тоғаси, маънавий раҳбари, Чўлпоннинг севимли шогирди Абдулла Алавийдан айрилди. Тоғаси вафот этди. Орадан кўп ўтмай турмуш ўртоғи Лутфулла Алавийга “халқ душмани” тамғаси босилиб маърифатпарвар инсонлар қаторида қамоққа олиниб, беному-нишон кетди. Тоғасининг табаррук руҳига “пантуркист” деган “ёрлиқ” тақилди. Мактабларда дарс беришдан мосуво қилинди. Улуғ форс шоири Ҳофиз Шерозийнинг бир байтини таржимаси учун мактабдан, таҳсил олаётган педагогика институтидан ҳайдалди. Аммо “ойнинг ўн беши қоронғу бўлгани билан ўн беши ёруғ”.Ўша ёруғ кун келди. Ҳали чилласи чиқмаган келинлик пайтида олиб кетилган турмуш ўртоғи Сибирдан қайтиб, Музайяна Алавия қалбини умидга тўлдирди.Олима юртнинг ичида бўлиб Фозир шоирдан Гўрўғли туркумига кирган “Интизор” ва “Кунларим” достонларини ёзиб олиб, яна қанча янги номларни кашф қилиб, 1959 йилда “Ўзбек халқ қўшиқлари” мавзуида номздлик диссертациясини ҳимоя қилди. “Ўзбек халқ қўшиқлари”, “Оқ олма, қизил олма”, “Янги қўшиқлар” сингари қатор асарлари, шеърлари, ҳикоялари, публицистик мақолалари, достонлари, яқиндагина нашрдан чиққан икки жилдлик сайланма асарлари ва яна чоп этилишини кутаётган навбатдаги икки томлик асарлари Музайяна Алавия отлиғ уммондан олинган томчилар холос. Беруний номидаги давлат мукофоти соҳибаси бўлди. Музайяна Алавия улуғ олима бўлиш билан бирга улуғ она ҳам эди. У шундай хотирлаган эди: “Менинг шахсий ҳаётимда катта роль ўйнаган икки киши ҳақида бепарво ёзолмайман. Буларни бириси Ойимбибиш энам – эшигимиздаги оқсоч хотин…
Буларнинг иккинчиси менинг турмуш ўртоғим Лутфулла Баҳромхон ўғли Алавий эди.
Ёзганимнинг лирик лаҳзалари шу иккисига боғлангандир. Бундан ташқари бир ота ва бир онадан ёлғиз бир синглим, якка бир иним борким, энг яқинлардан,ота-онадан айрилиб бир-биримизга суяниб қолганмиз….
Менда, Музайяна Алавияда, икки ўғил Фарҳодхон, Анисхон.Қизим, ўртанчаси Мусавварахон – ҳаммаси ҳам ота касбини эгаллаб врач мутахассислардир.Синглим Ҳикоятхонда бир ўғил, бир қиз, укам Рашодхонда уч қиз бор”.
Мана, бир ўзбек аёлининг – ёшлигида улуғ китоблар мутолаа қилиб, ёруғ орзуларга берилган, ғоят заҳматкаш ўзбек олимаси, шоираси, фольклоршунос аёлининг ҳаётидан бир чимдим тарих. Опанинг қалбидаги илм ёғдуси уни элга азизу мукаррам қилди. У бугун ўзининг буюк сафдошлари – улуғ олимлар Ғози Олим Юнусов, Ҳоди Зариф, Буюк Каримий, Мансур Афзалов сингари фольклорчи олимлар қаторида кечаётган йиллар, вақт ва замон кўзларига мамнуният билан тикилиб туради. Улуғ олимадан қолган маънавий хазина дунёга эндигина ҳайрат кўзи билан боқаётган гўдаклар қалбига нур бўлиб киради. Буюк муаллим каби қалбни тарбиялайди.
Муҳтарама Зулфияхоним айтганларидек: “Бу санъат Сиздаги халққа, унинг маданиятига бўлган муҳаббатгина эмас, унга хизмат қилиш,фидоийлик хамдир,самимият ва қалбни англаш махоратидир, ана шундай маҳоратли ва заҳматкаш заршунослардан бири бўлган Сиз ўзбек халқ оғзаки адабиёти хазинасини бойитишда жуда катта хизмат қилдингиз”.
Чиндан, инжа қалб соҳибаси, улуғ олима Музайяна Алавия номи халқ қалбида абадий яшайди. 1909 йил 20 апрелда туғилиб, 1988 йил 3 март куни вафот этган улуғ аёл ҳамон эзгулик, илм нурларини тонг насими мисол дунёларга улашиб келмоқда. Шу сўзларни ёзаяпману, кўнглимда бир истак: Пискентда – олима туғилган юртда уй-музейлари ҳам ташкил этилиб, йўқловчиларни “Хуш келибсизлар, азизларим!” деб қарши олса ажаб эмас. Буни эса олий ҳакам Вақт кўрсатади.
Шарифа САЛИМОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.