Эл дарди билан яшаган адиб

“Ватан остонадан бошланади” деган ажойиб бир ҳикмат бор. У минг бор таҳлил ва тажрибадан ўтган хулосадир. Инсон кичик бир Ватан — киндик қони тўкилган остонаси уйида вояга етади. У билан фахрланади, ота-онасининг тарбиясини олади, машҳур одамларни танийди. Ота-онаси, устозлари: “Фалончи ҳамқишлоғимизга ўхшасанг бўлмайдими?” деган гапни кўп бора такрорлайди. Ёшимиз улғайган сари бизга ўз туманимиз, вилоятимиз, бутун Ўзбекистонимиздан етишиб чиққан улуғлар ҳақида маълумот беришади, яна улар билан ҳам фахрланишни, улардек бўлишни айтишади.

Ҳа, биз тоғли жойда яшасак-да, биздан ҳам ўз Ватанини жонидан ортиқ севган, унга борини берган, халқимиз маънавиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган ва қўшаётган кўплаб инсонлар етишиб чиққан. Ана шундайлардан бири, сўзсиз, миллатимизнинг фидоий фарзанди Мамадали Маҳмудов эди. У дунёга Эврил Турон (Эврил сўзи: айланмоқ, ўгирилмоқ, бирор мақсадга эришиш учун елиб-югурмоқ, ҳаракат қилмоқ маъноларини билдиради) номи билан машҳур ёзувчи.

Адиб: “Барча китобларим Ватан, миллат учун ёзилган”, деб айтган эди бир суҳбатида. Асарлари Ватан, миллат учун ёзилган бўлса-да, ижодкор ўн етти йил маҳбусликда яшагани ҳам сир эмас. У қамоқда ҳам ижоддан тўхтамади ва “Ой нури”, “Бўз бўри”, “Ойгул” каби асарларини ёзди. Ёзувчининг “Ўлмас қоялар” романи 1981 йили Германияда, сўнг Туркияда, 2008 йили Парижда, 2013 йили эса Лондонда чоп этилган. Америка, Англия, Канада, Норвегия, қўйингки, унинг асарлари кўп­лаб мамлакатларда нашр қилинди.

М.Маҳмудов ҳақиқат ҳеч қачон мағлуб бўлмаслигини, у қачонлардир юзага чиқишини айтади. У Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан батамом оқланганини, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тикланганини (2018 йил) катта ҳаяжон билан қабул қилганини ёзди. Адиб бутун халқни Президентимиз атрофида жипслашишга ундаб, Юртбошимиз ҳақида: “Бу одам Ўзбекистонни ўзгартирган одам, йигирма соатлаб ишлайди”, дея эътироф этди.

Форишнинг зилол сувларини ичиб, гўзал табиатидан баҳраманд бўлиб, оддий, содда, самимий қишлоқ одамлари орасида униб ўсган ижодкорнинг аксарият асарларида қишлоқ нафаси уфуриб туради. Асарларининг номларига эътибор берайлик: “Бу тоғлар улуғ тоғлар”, “Бўз бўри”, “Ўлмас қоялар”, “Туманли кунлар”, “Ой нури”, “Оқ гул”.

Муҳтарам Президентимиз 2017 йилнинг 3 августида ижод аҳли билан учрашганда “Эл дардини ёзмаган қалам — қалам эмас!” дея бутун ижод аҳли эли, юрти ҳақида ёзишини, халқ дарди ва ташвиши билан ёниб яшашини алоҳида таъкидлаган эдилар.

Мамадали Маҳмудов эл дардини ёзган, тинглаган ватанпарвар ёзувчи эди. Биз ёшларни ижодкорни билишга, унинг асарларини ўқишга ва шу орқали уларда Ватанга муҳаббат, юртга дахлдорлик ҳисси шаклланишига даъват этишимиз керак.

Халқимизнинг ана шундай фидойи, ҳақгўй ёзувчиси бугун орамизда бўлмаса-да, унинг асарлари яшамоқда. Ҳақиқий ижодкорнинг асл қисмати ўзидан кейин асарларининг яшаб қолишидир. Аслида шунинг ўзи катта бахт.

Шуҳрат САЙИТҚОСИМОВ,

Фориш туманидаги

80-мактаб ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + fourteen =