Замонавий тенденциялар ва инновацион ёндашувлар самараси

Тасвирий санъат инсоният цивилизациясининг энг қадимий ва таъсирчан ифода воситаларидан бири сифатида инсон тафаккури, ҳис-туйғулари ва борлиққа муносабатини бадиий образлар орқали намоён этади. Рассомлик, ҳайкалтарошлик, графика, маҳобатли ва декоратив санъат турлари орқали жамиятнинг маънавий ҳолати, тарихий тараққиёти ва маданий қиёфаси шаклланади. Тасвирий санъат нафақат эстетик қадрият, балки ижтимоий онгни шакллантирувчи ва авлодлар ўртасида маънавий меросни узвий боғловчи муҳим механизм ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолияти нафақат олий таълим тизимининг муҳим бўғини, балки миллий санъатни ривожлантириш, уни илмий асослаш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилувчи комплекс институционал модель сифатида намоён бўлмоқда.

Институт фаолиятида таълим жараёни билан бир қаторда талабаларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда талабалар яшайдиган ижара хоналарида ўтказилаётган ўрганишлар амалий аҳамият касб этмоқда. Хусусан, институт раҳбарияти бошчилигида ташкил этилган ташрифлар давомида талабаларнинг яшаш шароити, моддий таъминоти ва кундалик эҳтиёжлари атрофлича таҳлил қилинмоқда. Бевосита мулоқот жараёнида уларнинг муаммолари ва таклифлари тингланиб, ижарада яшовчи талабалар учун мавжуд имтиёзлардан самарали фойдаланиш бўйича тушунтиришлар берилмоқда. Бу эса талабаларнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг таълим жараёнига бўлган эътиборини кучайтириш ва мотивациясини оширишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.

Глобаллашув жараёнлари кучайиб бораётган ҳозирги даврда миллий санъатни асраш ва ривожлантириш масаласи алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда. Замонавий ахборот технологиялари, рақамли платформалар ва янги медиа воситалари санъатнинг янгича шаклларини юзага келтирмоқда.

Шу билан бирга, анъанавий санъат турларини замонавий талаблар асосида қайта талқин қилиш, уларни халқаро маданий маконда тарғиб этиш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.

Бу жараёнларда олий таълим муассасаларининг ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ва музейшунослик соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган етакчи илмий-таълим муассасаси сифатида фаолият юритмоқда. Институт ўз фаолиятида таълим, илмий тадқиқот ва ижодий амалиётни уйғунлаштирган ҳолда миллий санъат мактабини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда санъат ва маданият соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг тасвирий ва амалий санъатни янада ривожлантиришга қаратилган қарори соҳада тизимли ўзгаришларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Ушбу қарор доирасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инновацион технологияларни жорий этиш каби устувор йўналишлар белгилаб берилган.

Хусусан, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб институтда жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари стандартларига мос келувчи янги таълим дастурлари жорий этилиши режалаштирилган. Бу дастурлар талабаларга замонавий билим ва кўникмаларни халқаро мезонлар асосида эгаллаш имконини беради. Таълим жараёнида амалий машғулотлар, лойиҳа асосида ўқитиш, креатив фикрлашни ривожлантиришга қаратилган усуллар кенг қўлланилади. Натижада битирувчилар нафақат миллий, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош мутахассисларга айланади.

Институтда илмий салоҳиятни ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий таълимдан кейинги таълим тизими самарали ташкил этилган бўлиб, санъатшунослик йўналишида илмий изланишлар олиб бориш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ихтисослаштирилган диссертация кенгашининг фаолияти илмий кадрлар тайёрлаш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишларини халқаро журналларда чоп этиш орқали миллий илмий мактабнинг нуфузи оширилмоқда.

Шу билан бирга, институтда ижодий фаолиятни илмий фаолият билан интеграция қилишга қаратилган янги ёндашувлар жорий этилган. Жумладан, юксак бадиий савияда яратилган ижодий асарларни монографияга тенглаштириш амалиёти йўлга қўйилди. Бу ижодкор педагогларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, уларнинг илмий даража ва унвонларга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ушбу ёндашув амалий санъатнинг илмий аҳамиятини ошириш билан бирга, ижодий изланишларни рағбатлантиради.

Бундан ташқари, институтда ташқи ўриндошлик асосида фаолият юритаётган, илмий даража ва унвонга эга ижодкор педагог кадрлар (асосий иш жойи бошқа олий таълим муассасалари бўлган ходимлар бундан мустасно) муассасанинг илмий салоҳиятини баҳолашда инобатга олинади. Бу ёндашув илмий ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, юқори малакали мутахассисларни таълим жараёнига жалб этиш ҳамда ўқув фаолияти сифатини оширишга хизмат қилади. Шу орқали ижод ва фан соҳасида танилган тажрибали кадрларни институт фаолиятига янада кенгроқ жалб этиш имкони яратилади. Натижада муассаса ўз кадрлар базасини кучайтириб, илмий-ижодий салоҳиятни оширган ҳолда халқаро рейтингларда юқори кўрсаткичларга эришиш учун зарур шарт-шароитларни шакллантиради.

Кадрлар тайёрлаш тизимида амалга оширилаётган яна бир муҳим янгилик — битирувчиларга умумтаълим мактабларида фаолият юритиш имкониятининг берилишидир. Психология ва педагогика фанларини ўзлаштирган бакалавриат ва магистратура битирувчиларига тасвирий санъат фанидан дарс бериш ҳуқуқи берилиши ёш мутахассисларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса таълим тизимида санъат фанларининг ўрни ва аҳамиятини янада оширади.

Давлат томонидан ижодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам изчил такомиллаштирилмоқда. Ижтимоий соҳа объектлари қурилишида бадиий ишлар учун маблағ ажратиш, давлат буюртмаси асосида тематик асарлар яратиш тизимининг жорий этилиши ижодкорлар учун янги имкониятлар яратади. “Янги Ўзбекистон манзаралари”, “Буюк алломалар” ва “Замон қаҳрамонлари” каби лойиҳалар миллий ғоя ва қадриятларни тарғиб этишда муҳим ўрин тутади.

Институт ҳузурида ташкил этилган замонавий кўргазмалар зали таълим ва ижодий жараёнларни интеграция қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу маскан талабалар, педагоглар ва мустақил ижодкорлар учун очиқ платформа бўлиб, турли кўргазмалар, ижодий учрашувлар ва илмий-амалий тадбирлар ўтказиш имконини беради. Кўргазмалар залида яратилган замонавий инфратузилма асарларни профессионал даражада намойиш этиш, уларни кенг аудиторияга етказиш ҳамда эстетик таъсирчанликни кучайтириш имконини беради. Ёруғлик тизими, экспозиция жойлаштириш имкониятлари ва техник жиҳозлар ижодий ишлар мазмунини тўлиқ очиб беришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари асарлари билан бошланган илк кўргазма миллий санъат мактабининг давомийлигини таъминлаш, устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, кўргазмалар зали ёш ижодкорларнинг ўз асарларини намойиш этиши, тажриба алмашиши ва профессионал муҳитда ўзини синаб кўриши учун қулай имконият яратади. Бу эса уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, бадиий дидини шакллантириш ва миллий ҳамда жаҳон санъати анъаналарига уйғунлашган ҳолда янги изланишларга рағбатлантиради. Умуман олганда, мазкур кўргазмалар зали институт ҳаётида муҳим маданий-маърифий марказ бўлиб, таълим, илмий изланиш ва ижодий фаолиятни уйғунлаштирувчи самарали платформа сифатида хизмат қилмоқда.

Халқаро ҳамкорлик ҳам институт фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Профессор-ўқитувчиларнинг хорижий олий таълим муассасалари, музейлар ва галереяларда малака ошириши, қўшма илмий ва ижодий лойиҳаларда иштирок этиши миллий санъатни жаҳон миқёсида тарғиб этишга хизмат қилади. Бу эса маданий мулоқотни ривожлантириш ва тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтиради.

Замонавий санъат тараққиёти рақамли технологиялар билан чамбарчас боғлиқ. Рақамли графика, “3D” моделлаштириш, анимация ва мультимедиа санъати каби йўналишларнинг ривожланиши таълим жараёнига ҳам янги талаблар қўймоқда. Институтда ушбу технологияларни ўқув жараёнига жорий этиш орқали талабаларнинг инновацион фикрлаши ва креатив салоҳияти ривожлантирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш мамлакатнинг маданий нуфузини ошириш, миллий меросни асраш ва уни жаҳон ҳамжамиятига тақдим этишда стратегик аҳамиятга эга. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, таълим тизимидаги янгиланишлар, келажакда юқори малакали, ижодий ва рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси ушбу вазифаларни чуқур англаган ҳолда, миллий санъатни янада юксалтириш, унинг халқаро нуфузини ошириш ва замонавий ижодий мактабни шакллантириш йўлида изчил фаолият олиб боради.

Омонулла САЛИХОВ,

Камолиддин Беҳзод номидаги

Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − six =