Жамоат транспортида…

Пойтахтимизда кун сайин рўй бераётган ўзгаришлар ҳар қандай инсоннинг эътиборини тортиши аниқ. Айниқса, автобус ва метролардаги қулайликлар бунга яққол мисол бўла олади. Ҳозирги кунда мазкур транспорт воситаларининг замонавий турлари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан соҳада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг асосий омиллардан бири сифатида тўлов тизимини мисол қилиб келтириш мумкин. Эндиликда олдингидек чипта олиш учун навбатда турилмайди. Онлайн транспорт картасини тутасиз ёки электрон қоғоз чипта сотиб олсангиз кифоя — барча муаммо ҳал бўлади.

Шу ўринда ўзим гувоҳи бўлган айрим ҳолатлар юзасидан мулоҳазаларимни ўртага ташламоқчиман.

Мен ҳар куни метронинг “Сергели” ва “Пахтакор” бекатлари йўналишида ишга қатнайман. Унда жуда яхши қулайликлар яратилган. Ушбу ер усти метроси 2025 йилда тўлиқ қувват билан ишга туширилгани Сергели тумани ва унга туташ ҳудудлар аҳолиси учун катта совға бўлди. Авваллари тумандан шаҳарга бориш учун қимматли вақтингизнинг кўп қисми 38- ва 58-рақамли автобусларни кутиш билан ўтарди. Ҳозир эса бунга ҳожат йўқ. Чунки мазкур йўналишларда янги ва замонавий автобуслар аҳолига мунтазам хизмат кўрсатиб келмоқда.

Бироқ мен сиз билан фақат транспорт воситалари ҳақида эмас, балки уларда кунда-кунора дуч келинадиган айрим ижтимоий ҳолатлар ҳақида фикр алмашмоқчиман.

Шахсий кузатувларимдан бир мисол: ҳар куни соат 07:40 атрофида “Ишқилиб, метро бўшроқ келсин-да” деган хаёл билан бекатга чиқаман. Афсуски, кўнгилдаги истак камдан-кам амалга ошади — бекат доим гавжум. Вагон эшиклари очилганда, йўловчилар гўё тўкилиб кетгудек даражада зич ҳолатда келади. Кечки пайт соат 18:30-19:00 оралиғида метрога бир чиқиб кўринг-а, тумонат одамга дуч келасиз. Сабаби кўчалардаги тирбандликлар туфайли енгил автомобиль ҳайдовчиларининг ҳам катта қисми метродан фойдаланишга ўтган.

Буни кўриб, бекатдаги йўловчилар каби мениям хунобим ошади. Чунки манзилга бемалол етиб олишга нима етсин! Кўпчилик учун бундай тиғиз пайтда метрога чиқиб олиш худди лотереяда ютуқ чиққан билан баробар. Ишдан чарчаб қайтаётган ҳар бир инсон оиласи бағрига тезроқ боришни истайди-да.

Метро ва автобусда юрсангиз, “Ичкарига сурилинг”, “Эшикнинг олдида туриб оласизми?” каби даккиларни эшитавериб қулоғингиз ўрганиб кетар экан. Масъул ходимларга ёки атрофдагиларга “Ичкари шундоқ ҳам зич бўлса, қаерга суриламиз?” деган саволни бергингиз келади-ю, барибир тайинли жавоб бўлмаслигини билиб, индамай қўя қоласиз.

“Тошкент метрополитени” ДУКнинг ўтган йилги ахборотига кўра, 2026 йилда 56 дона янги вагон харид қилиш режалаштирилган. Бунинг натижасида ҳаракат таркиблари янгиланади ҳамда поездлар оралиқ интервали қисқаради. Бу аҳоли учун катта имкониятдир.

Ўтган йил давомида метро орқали 286,8 миллион нафар йўловчи ташилган бўлиб, бу аввалги кўрсаткичларга қараганда анча юқори демакдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Транспорт вазирлиги ҳамда “Тошкент метрополитени” ДУК мутасаддиларига қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман:

– жамоат транспорти қатновидаги оралиқ интервал вақтини янада қисқартириш;

– транспорт ходимларини ишга қабул қилишда уларнинг одоб-ахлоқи ва муомала маданиятини алоҳида имтиҳондан ўтказиш;

– метронинг эски кўринишдаги вагонларини тўлиқ янгиларига алмаштириш;

– метро эскалаторларининг ишлаш тизимини қайта кўриб чиқиш. Хусусан, аҳоли ишга борадиган ва қайтадиган тиғиз вақтларда иккала эскалаторни ҳам бир йўналишда (оқим кўп томонга) ишлатиш мақсадга мувофиқ.

Ҳозирда кўп бекатларда биттаси чиқиш, иккинчиси тушиш учун ишлатилади. Назаримда, бу нотўғри, чунки одам оқими кўпайганда узун навбатлар юзага келмоқда.

Жамоат транспортидаги қулайликлар фақат аҳолимизнинг оғирини енгил қилишга хизмат қилиши керак.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 5 =