ЯХШИДУР АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ
1.
Уч ўқитувчи журналистика касбини эгаллаш орзусида бўлган ёшлардан ижодий имтиҳон олгани вилоятга бордик. Имтиҳонга кирган бир юз қирқдан зиёд абитуриентларнинг тўқсон фоизга яқини қизлар. Мавзулар осон бўлишига қарамай, ёзма ишларнинг “аъло” ва “яхши” баҳолангани бармоқ билан санарли чиқди. Қолганларида на мустақил фикр, на бадиий мушоҳада, на қиёсий таҳлил, на мазмун ва на журналистик тафаккур бор. Мавзу моҳиятини очиб бериш учун тузилган саволларнинг бири боғдан, бири тоғдан. Гаплар мужмал. Хатолар етарли. Хуллас, ёзиш шартлиги учун ёзилган. Сабаби оғзаки имтиҳонда аниқ-тиниқ маълум бўлди.
Биринчидан, университетда журналистика йўналиши янги очилганини эшитиб, аксар ёшлар “Худо хоҳласа, кириб кетармиз” деган умид билан ҳужжат топширган.
Иккинчидан, суҳбатдан маълум бўлдики, бу ёшларда “мен журналист бўлмоқчиман” деган азму-қарор у ёқда турсин, ҳатто соҳа ҳақидаги тасаввурлари ҳам ҳаминқадар.
Рўпарамда ўтирган буғдойранг, кўзлари кулиб турган қиздан сўрадим:
— Демак, журналист бўлмоқчисиз?
— Ҳа!
— Бу орзуми ёки мақсад?
— Ҳозирча орзу.
— Матбуотда қатнашиб турасизми?
Суҳбатдошим “йўқ” деган маънода бошини сарак-сарак қилди.
— Биронта хабар ё мақола ёзганмисиз?
— Ўқишга кирсам, кейин ҳаракат қиламан.
— Ўзбек ёзувчиларидан кимларнинг асарларини ўқиб турасиз?
Қиз ўйланди. Ўқиган асарларини ёдига туширмоқ учун шифтга тикилди. Эслай олмади. Уялдими, бошини эгди.
— Она тили ва адабиёт фанидан неча баҳо билан ўқигансиз?
— “4” билан.
— “Анор”, “Бемор”, “Ўғри”, “Адабиёт муаллими”, “Бошсиз одам”, “Ўжар”, “Кампирлар сим қоқди”… Сизга танишми бу номлар?
Қиз яна ўйга чўмди. Ёдига тушириш учун эътиборини тортдим:
— Булар машҳур ҳикояларнинг номлари. Тўғрими?
Суҳбатдошим бош силкиб, фикримни тасдиқлаганиданми, чеҳраси ёришиб, дадиллангандай бўлди.
— Бу ҳикояларни ким ёзган экан? Улардан қайсиларини ўқигансиз?
Яна сукунат.
— Абдулла Қодирийми ёки Абдулла Қаҳҳор? — сўрадим ундан.
— Менимча, Абдулла Қаҳҳор, — деди у таваккалига.
— Ана, кўрдингизми, ҳаяжонланмасангиз, саволга тўғри жавоб берар экансиз, — дедим унга далда бериб. — Хўш, шу ҳикоялардан қайсиларини ўқигансиз?
— Ҳаммасини ҳам ўқиганман, — деди қиз кесакдан олов чиққандай, — Лекин “Бемор”дан бошқалари ёдимдан кўтарилган.
— “Бемор” нима ҳақда?
— Бир қизчанинг онаси касал бўлиб, ётиб қолади. Отаси саватча тўқиб, ўшанинг даромадидан оиласини боқади. Қизча қўшни кампирнинг маслаҳати билан ҳар саҳар туриб, Худодан аясининг дардига шифо тилайди. Аяси тузалмайди. Вафот этади. Қизи онасининг вафот этганини билмаган ҳолда Худодан унинг дардига шифо тилайверади…
— Бу ҳикоянинг мазмуни, — дедим уни кейинги саволимга жавоб беришга илҳомлантириш ниятида, — шу миттигина ҳикоя билан ёзувчи нима демоқчи?
Қиз бир нуқтага тикилганча жавоб излади, тополмади.
— Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев… Булар машҳур ёзувчиларимиздан, шундайми?
Қиз “ҳа” маъносида бошини оҳистагина силкиб қўйди.
— Қани, айтинг-чи, “Баҳор қайтмайди” қиссасининг муаллифи ким?
Қиз бу гал ўйлаб ўтирмади. Шартта жавоб берди:
— Ўлмас Умарбеков.
— “Одам бўлиш қийин” романининг-чи?
— Одил Ёқубов, — деди у ва шу он менга бир қараб олиб, давом этди. — Алмаштириб юбордим, шекилли. Ўткир Ҳошимов бўлса керак.
— Майли, хижолат бўлманг, ўқишга кириб олсангиз, муаллифларни алмаштирмайдиган бўласиз, — дедим қизга омад тилаб.
Қолган абитуриентлар билан бўлган мулоқот ҳам шу йўсинда давом этди. Асосий мақсад уларнинг китобга бўлган муносабатини, ўзбек ва жаҳон адабиётидан хабардорлигини, мустақил фикрлаши ва дунёқарашини, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-сиёсий билимдонлигини, энг муҳими, журналистик истеъдодини савол-жавоб орқали аниқлаб, тақдим этган ижодий ишларини адолатли баҳолаш эди. Бу жараён ижодий имтиҳон деб аталади. Афсуски, икки-уч абитуриентдан бошқа ҳеч ким ижодий ишини кўрсата олмади. Улар “Қайси ёзувчиларнинг асарларини мунтазам ўқиб борасиз?”, “Қайси асарни қайта-қайта мутолаа қилгансиз ва нима учун?”, “Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига муносиб кўрилган ёзувчи, шоир ва адабиётшунос олимлардан кимларни биласиз?”, “Оилангизда отангиз китоб ўқиб турадими ёки онангиз?”, “Ўқиган бадиий китобларингизнинг ўнтасини муаллифи билан айтиб бера оласизми?”, “Оилангизда кутубхона борми?”, “Эркин Аъзам ва Хайриддин Султонларни қайси асарлари орқали биласиз?”, “Сизни кўпроқ қайси мавзулардаги бадиий асарлар қизиқтиради?”, “Мактабингиз кутубхонасида қандай газета ва журналларни ўқиб турардингиз?”, “Усмон Азим шоирми ёки ёзувчи?”, “Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш тўғрисида”ги Қонун қачон қабул қилинган?”, “Журналист қандай хислат ва фазилатларга эга бўлиши керак?”, “Ватанпарварлик нима?”, “Ғафур Ғулом ижоди ҳақида нималарни биласиз?”, “Ойбек романларидан қайси бирини ўқигансиз?”, “Журналист учун энг муҳим нарса нима?”, “Абдулла Қаҳҳор ижодидан олган таассуротларингиз ҳақида гапириб берсангиз?”, “Тенгдошларингизнинг қандай фазилатларини қадрлайсиз?”, “Ватан сўзи сизга нималарни англатади?” сингари оддий саволларга ҳам аниқ-тиниқ жавоб бера олмадилар. Сабаби битта: ёшларимизнинг бўш вақти китоб мутолаасига эмас, интернетнинг турли томоша ва ўйинларига, олди-қочди, маза-матрасиз хабарларни ўқишга сарфланаётганида. Ачинарлиси, ана шундай ёшлар журналистика факультетларининг талабаларига айланиб, фақат диплом учун ўқимоқдалар. Турган гапки, бундай “дипломли журналист”лар оммавий ахборот воситаларига яқинлаша олмайдилар. Яқинлашмайдилар ҳам. Яқинлашганда ҳам ишлай олмайдилар. Боиси улар яхши журналист бўлиш учун эмас, “олий маълумотли” бўлиш учун ўқиганлар. Афсуски, бундай “истеъдод”лар бугун кам эмас.
2.
Бола бошидан, деганларидек, журналистика факультетида тўрт йил ўқиб, битта хабар ёки мақола ёза олмайдиганлар ҳам бор. Кимдир айтиши мумкин: “Ўқитувчи бўлганингиздан кейин талабага ёзишни ўргатасиз-да!” Тўғри, йўл-йўриқ кўрсатиш, машқ қилдириш, журналистик жанрларнинг қат-қатига олиб кириш, маҳорат сирларини ўргатиш, маслаҳат бериш, машқларини ўқиб, ютуқ ва камчиликларини айтиш ўқитувчининг вазифаси. Аммо у қанча ўргатмасин, бўлажак журналистнинг ўзида қизиқиш бўлмаса, ҳар куни газета-журнал ёки китоб ўқишни, шунингдек, кўрган-кечирганлари ҳақида хабар, мақола, суҳбат, репортаж, эссе, очерк ёки фельетон ёзишни машқ қилмаса, изланмаса, янгиликка интилмаса, ўрганишни истамаса, журналистиканинг нони юмшоқ эмаслигини бутун вужуди билан ҳис этмаса, ундай талабани туну кун ўқитиб ҳам, эговлаб ҳам, ҳатто тегирмонга солиб ҳам журналист номига муносиб қилиш амримаҳол.
Бир пайтлар абитуриентнинг матбуотда эълон қилинган ижодий ишлари ва таҳририятларнинг йўлланмаси бўлмаса, ҳужжатлари қабул қилинмас эди. Бу талаб журналистикага қалами бор истеъдодли ёшларни саралаб олиш имконини берар, республикамиз оммавий ахборот воситаларини қайралган мутахассислар билан таъминлашда муҳим ўрин тутарди. Чунки журналистика бошқа соҳаларга умуман ўхшамаган, мунтазам ўқишни, ижодий фикрлашни, изланишни, янгилик изидан қолмасликни, ёзишни канда қилмасликни, кўрган-билганларини танқидий таҳлил қилишни, холис фикр билдиришни, бошқа соҳадагилардан бир қадам олдинда юришни талаб этадиган касб. Ҳеч қачон эскирмайдиган бу қоида ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультети таркибидан 1967 йили ажралиб чиққан журналистика йўналишида бор эди. Негадир охирги 10-15 йил ичида барча олий ўқув юртларининг журналистика йўналишларида “ижодий имтиҳон”нинг асоси ҳисобланган абитуриентнинг матбуотда эълон қилинган материаллари сўралмай қўйилди. Масалага бугуннинг кўзи, эҳтиёж ва талаби нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, не-не машҳур журналистлар, ёзувчи-шоирлар, олимлар етишиб чиққан, ўзининг мустаҳкам пойдевори, бой тарихи, журналистика равнақига йўналтирилган илмий-ижодий анъаналарига эга бўлган нуфузли соҳага абитуриентнинг ижодий имкониятларини суҳбат орқали баҳолаш билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Демак, ижодий имтиҳоннинг асосий шарти матбуотда эълон қилинган журналистик жанрлардаги материаллар бўлиши керак! Бу абитуриентнинг нечоғлиқ фикрлашини, ижодий имкониятларини, журналистикага бўлган қизиқишию истеъдодини кўрсатадиган бош мезон.
3.
Журналистиканинг таниқли назариётчи ва амалиётчилари “вақти келиб, ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш керак бўлади” деганларига ярим асрдан ошди. Бундан уч йил муқаддам Ўзбекистон Фанлар академиясининг 80 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон” газетасидан қўнғироқ қилиб: “Сиз шу қутлуғ даргоҳда узоқ йиллар ишлагансиз, бизга фан дарғалари ҳақида мақола ва очерклар керак”, дейишди. Академиклар Иброҳим Мўминов ва Собир Юнусовлар илмий фаолиятига бағишланган очеркларим кетма-кет эълон қилиниб, таҳририят ва академиядагилардан яхши фикрлар эшитдим. Ўшанда газета масъул ходими гап орасида: “Фан ҳақида қойиллатиб ёзадиган журналистларимиз йўқ ҳисоби”, деб қолди. Шунда устозларнинг: “Вақти келиб, ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш керак бўлади”, деган гаплари ёдимга тушиб, ўйланиб қолдим. Бир қатор газеталаримизнинг йиллик тахламларини варақлаб чиқиб, амин бўлдимки, чиндан ҳам фан, таълим, тиббиёт, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқ сингари бир қатор соҳаларнинг ютуқ ва камчиликларига, муаммо ва илмий ёндашувлар натижаларига бағишланган таҳлилий-танқидий материаллар ярқ этиб кўзга ташланмади. Демак, шу соҳаларнинг билимдон журналистлари ё бармоқ билан санарли, ё борлари ҳам ёзмай қўйган. Аммо ҳақиқий журналист ўзини ёзишдан тўхтатолмайди. Бугун матбуот ҳам бозор иқтисодиёти ичида бўлгани учун айрим газета ва журналлардан ташқари, аксар нашрлар муаллифга қалам ҳақи беролмайди. Имкони йўқ. Ёзадиган журналист қалам ҳақи олмаса, ёзмайди-да! Чунки журналистга илҳом берадиган ҳам, ёзишга ундайдиган ҳам, унинг қадди ва қадрини баланд тутиб турадиган ҳам, аслида, бир бозорликнинг ярмини кўтаришга қурби етмайдиган, кам бўлса ҳам кўп ўрнида кўриладиган, энг муҳими, кўнгилни кўтарадиган нарса — қалам ҳақи. Ростини айтганда, матбуотни матбуот қиладиган хамиртуруш бу — муаллифнинг ижодий меҳнатини адолатли рағбатлантиришдир. Мазкур муаммонинг ижобий ҳал этилиши, шубҳасизки, оммавий ахборот воситаларининг ижодий парвозига қанот бўлади. Бу эса ўз-ўзидан ихтисослашган журналистларга бўлган талабни кун тартибининг асосий масаласи қилиб қўйиши турган гап. Хўш, бунга эришиш учун нима қилиш керак? Албатта, бу келажак журналистикаси дея қўл қовуштириб ўтириш бу “олма пиш — оғзимга туш” билан баробар. Масаланинг ечими олисда эмас. Шундоққина қўл остимизда. Бир туртки кифоя.
Буни қарангки, биз Ўзбекистон Миллий университетидан каммизми, деган хаёлга борибми, нари-берисига қарамай вилоятлардаги бир қатор университетлар, ҳатто хусусийлари ҳам журналистика факультетини очиб юборишди. Биринчи туғиладиган савол шундай: булар давр талабига жавоб бера оладиган журналистлар тайёрлаш имконига эгами? Кейингилари: мустаҳкам педагогик пойдевор мавжудми? Назариётчилар кимлар-у, амалиётчилар кимлар? Уларда педагогик ва мутахассислик тажрибаси талаблар даражасидами?..
Афсуски, бу борада ўйлаб кўриладиган ишлар оз эмас.
4.
Бугунги ёш авлоднинг китоб ўқишга иштиёқи сустлигини унинг интернет тўрига тушиб қолганлиги билан боғлаймиз. Бу бор гап. Бу тўрга тушмаслик учун нима қилиш керак, деган савол ҳам ўринли. Аммо бу саволга лўнда қилиб жавоб бериш қийин. Чунки бу масалада асосий ҳал қилувчи куч оила ҳисобланади. Оилада ота билан она телефондан ортмаса, буни кўриб турган бола китоб ўқийдими? Асло! Мактабда синфдошларининг ҳаттоки дарс пайти ҳам телефон ўйнаб ўтирганини кўриб турган ўқувчининг хаёли ўқишда бўладими? Ўтган дарс мавзусини телефонидан излайдиган, ўқитувчининг саволига жавоб беролмай, бош эгиб турадиган талабадан билимдон мутахассис чиқиши мумкинми? Йўқ! Хўш, нима қилиш керак?
Биринчидан, оилада ота-она боғчага борадиган фарзандига китоб ўқиб беришни одат қилиши, бунинг учун уларнинг ўзлари ҳам мутолаага меҳр қўйган бўлишлари керак.
Иккинчидан, оила фарзандлари мактаб ўқувчиси бўлса, уларни телефондан зарурат бўлганда фойдаланишга, онгини заҳарлайдиган, вақтини ўғирлайдиган ўйинлардан тийилишга одатлантириши, бу борада ота-онанинг ўзи ибрат бўлиши ва ҳар куни боласининг кўз ўнгида унинг телефонини кўздан ўтказиши лозим.
Учинчидан, барча мактаб ва барча олий ўқув юртларида телефон қўядиган махсус катакли шкафлар ташкил этиш керакки, ўқувчи ва талабалар дарс бошидан охирига қадар телефонсиз бўлсин. Бу синф ва аудиторияга дарсга кирадиган барча профессор-ўқитувчилар учун ҳам қоида бўлиши шарт.
Тўртинчидан, мактабларда синфлараро, олий ўқув юртларида гуруҳлараро китобхонлик ва бадиий адабиётлар асосида тайёрланган тадбирларни мунтазам ўтказиб туриш, бунда мактаб директори ва олий ўқув юрти ректори мукофотларини таъсис этиш, уларга ота-оналарни ҳам таклиф этиш кўзда тутилган мақсадга эришишда катта аҳамиятга эга.
Бешинчидан, мактаб ва олий ўқув юртлари кутубхоналари доимий равишда (беш йилда бир эмас, ҳар чоракда) бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар билан бойитиб борилиши китобхон ўқувчи ва талабалар сонининг ортишида муҳим ўрин тутибгина қолмай, уларга вақт ва маблағни тежаш имконини ҳам беради. Албатта, кутубхонани китобга бойитиш маблағга бориб тақаладиган иш. Аммо унинг ёш авлод таълим-тарбиясида, кенг дунёқарашли, элпарвар-у юртпарвар бўлиб улғайишидаги ролини теран англаган соҳалар раҳбарлари бундай хайрли ишга бош-қош бўлишлари шубҳасиз.
Айтилганларни қатъият билан амалга ошириш ва изчил давом эттириш қўлларидан кун-у тун телефон тушмайдиган ўқувчи ва талабаларимизнинг китоб мутолаасига қайтишларига умид уйғотмай қолмайди. Бироқ бу бугун бошлаб, эртага ташлаб қўядиган иш бўлмаслиги керак! Ўз фарзандларининг билимли, ҳунарли, маънавиятли, эл-юрт корига ярайдиган ташаббускор-у фидойи инсонлар бўлиб камол топишини истаган ҳар бир ота-она, ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир фуқаро Ўзбекистон равнақи йўлидаги ана шу эзгу ишда ўзини масъул деб билса ва муносиб ҳисса қўшса, албатта, эзгу ниятларимиз вожиб бўлгай! Ўшанда журналист бўлишга аҳд қилган абитуриент йигит-қизларимиз ҳам ҳеч иккиланмасдан “Баҳор қайтмайди” қиссасини Ўткир Ҳошимов, “Одам бўлиш қийин” романини Ўлмас Умарбеков ёзган, дейишлари аниқ.
Нуриддин ОЧИЛОВ.
