“ЭМАС ОСОН БУ МАЙДОН ИЧРА ТУРМОҚ…”

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда қашқадарёликларни Ўзбек тили байрами билан табриклаб, Қашқадарё фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони ва давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповни ёдга олди:

“Тил байрами кунини нишонлашимизда Абдулла Ориповни эслашимиз табиий, деб ўйлайман. “Ўзбекистон — Ватаним маним”, деган гапларини мен ҳар сафар ким билан учрашсам, зиёлилар билан учрашсам ҳам айтаманки, менга Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Орипов етишмайди, дейман. Етишмайди, ҳақиқатан! Мен ҳаммалари билан — учовлари билан сирдош бўлганман. Сирдош дегани — Эркин Воҳидов билан кундузи учрашиш мумкин эмас эди, кечалари стационарга бориб пиёда юрардик ва бошқа жойларда учрашардик. Абдулла Орипов билан, агар эшитган бўлсаларинг, Зомин семинарини ташкил қилганман. Унда ҳеч ким топшириқ бермаган, унда шароит йўқ, имконият йўқ, вагон қўйиб, Абдулла Орипов билан бориб, Зомин семинари қилиб, бутун ижодкор ёшларни жамлаганмиз…”

Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари нафақат қашқадарёлик, балки мамлакат ижод аҳлини тўлқинлантирди. Албатта, Абдулла Орипов яшаб ижод этган давр, айниқса, Қашқадарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маърифий соҳалардаги ҳолати билан бугунги воҳанинг индустриал тараққиётини таққослаганда, биз ҳар бир жабҳада илдамлашиб бораётганимизни ҳис қиламиз.

Бир вақтлар “қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” қақроқ чўллар бағрида бугун кучли иқтисодиётга эга бўлган саноат корхоналари, осмонўпар турар-жой бинолари, маданий-маиший объектлар ва замонавий интенсив боғ-роғлар барпо этилдики, буни сўз билан ифодалаш қийин.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари беихтиёр хаёлимда қалқиди: “Аллома бобомиз ҳазрат Алишер Навоий ўз замонасининг нидоси ва даъватини ифода этган ҳолда, “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ…” деб бошланадиган мисраларини бежиз битмаган. Бугун ҳам худди шундай: дунё майдонида ва ўз азму қарорида қойим турмоқ, мақсадга эришмоқ учун муттасил олдинга интилиш, ҳаёт ва тафаккур тарзини ислоҳ қилиш, янгилаш томон собитқадамлик билан бориш лозим”.

Ҳақиқатан ҳам, бугун дунё жангу жадаллар силсиласида қалқиб турганида, биз шукроналик билан тинч ва осуда юртимизда ҳар бир соҳада катта бунёдкорлик ишлари билан машғулмиз. Юртбошимиз айтганларидек: “Бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас! Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас!”

Мамлакатимизнинг ҳудуди жиҳатдан катта вилояти Қашқадарёда жорий йилнинг 9 ойида саноат 8,4 фоиз, хизматлар 16,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,9 фоизга ўсган. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ҳозирги натижалар билан вилоятнинг мавжуд салоҳияти ўртасида ҳали катта фарқ борлигини кўрсатиб ўтди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари бўйича вилоят республикада еттинчи, хизматлар бўйича тўққизинчи, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ҳажми бўйича ўн биринчи ўринда. Президентимиз туман ҳокимлари ва банклар “билимга — рағбат, меҳнатга — имконият, ташаббусга — мадад” берадиган муҳит яратса, Қашқадарё бир-икки йилда энг илғор ҳудудлар қаторига чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

Саноатда янги босқичга ўтиш учун вилоятда етарли ресурс бор. Газ, электр ва ер ости бойликларини даромадли иш ўринлари ҳамда юқори қўшилган қийматга айлантириш вазифаси қўйилди.

“GTL” заводида қиймати 300 миллион доллар бўлган учта йирик лойиҳа тайёр. Заводдан олинадиган 430 минг тонна нафта асосида янги полимерлар ва нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 1,5 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш мумкин. Деҳқонобод калий заводи қувватини 365 минг тоннадан 600 минг тоннага етказиш имконияти, кичик тоннали кимё йўналишида эса 830 миллион долларлик 30 дан ортиқ лойиҳавий таклиф бор.

Қашқадарё саноатида йирик корхоналар атрофида кооперация занжирларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Йил якунигача Ғузор, Шўртан, Муборак, Деҳқонобод ва Нишонда олтита саноат кластери ташкил этиш, Шўртан, Муборак, Яккабоғ ва Косонда “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонаси филиалларини очиш вазифаси қўйилди. Инфратузилма учун дастлаб 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, Хитойнинг “FM World” корхонасида йиғилаётган замонавий трактор ва қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш, мазкур корхонада агродронлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаш белгиланди.

Қарши туманида хитойлик ҳамкор иштирокида чиқиндидан электр энергияси олиш бўйича 45 мегаваттлик лойиҳа якунланмоқда.

Вилоятда қишлоқ хўжалигининг ўзида қўшимча 200 минг кишини даромадли қилиш имконияти бор. Шу мақсадда Жаҳон банки билан Миср тажрибаси асосида саккизта тумандаги 100 минг гектар яйловга дронлар ёрдамида қурғоқчилик ва шўрга чидамли чорва озуқаси экиш бошланади.

Бу ишлар Нишон, Ғузор, Муборак, Кўкдала, Косон, Миришкор, Қамаши ва Деҳқонободда олиб борилади. Мазкур туманларда 10 минг бошдан йирик ва 50 минг бошдан майда шохли чорва комплексларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Импорт қилинган чорвани аҳолига сотишда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланади.

Ғузор туманида 10 минг гектар ер фойдаланишга киритилади. Ернинг ярмида пахта, қолган қисмида озуқа экинлари етиштирилади. Ерлар деҳқонларга берилиб, кластер тизими йўлга қўйилади.

Космик маълумотлар асосида Қашқадарёда фойдаланишга киритиш мумкин бўлган яна 30 минг гектар ер аниқланди. Унинг энг катта қисми Муборак, Косон ва Кўкдалага тўғри келади. Нишон, Қамаши, Қарши, Миришкор, Ғузор, Яккабоғ, Китоб, Чироқчи ва Шаҳрисабзда ҳам қўшимча майдонлар ўзлаштирилади. Бу ишга Мисрдан ўн нафар доимий маслаҳатчи жалб этилади.

Президентимиз Қашқадарёда экин майдонларига сув етказиш мураккаб ва қимматга тушаётганига эътибор қаратди.

Келаси йил 265 километр канал бетонлаштирилади, 20 та насос янгиланади. Бу ишларга 550 миллиард сўм ажратилади, фермерлар билан бирга 75 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилади.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё учун энг долзарб масалалардан бири аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш эканини таъкидлади.

Жорий йил ажратилган 1 триллион сўм ҳисобидан 747 километр сув ва канализация тармоғи ҳамда 43 та иншоот қурилишини икки ойда якунлаш топширилди. Натижада 200 минг аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлади.

Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳри, Қамаши, Ғузор ва Қарши туманига тармоқ тортиш лойиҳасини бошлаш учун 100 миллиард сўм ажратилди. Яна 210 миллион доллар жалб этиб, лойиҳани сифатли амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали 350 минг аҳоли тоза сув билан таъминланади.

Қашқадарёда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади. Осиё тараққиёт банки билан “А-380” автомобиль йўлининг вилоятдан ўтувчи 100 километр қисмини реконструкция қилиш бошланади.

“Қарши — Помуқ” ва “Ғузор — Жейнов” йўлларидаги темир йўл кесишмаларида поезд ўтаётган вақтда катта тирбандлик юзага келмоқда. Бу жойларда қиймати 250 миллиард сўм бўлган иккита замонавий йўл ўтказгич қурилади.

Чўл ҳудуди ҳисобланган Миришкор туманида ҳам Чим тажрибаси қўлланади. Бу ерда 20 гектарда лимончилик иссиқхоналари, яна 30 гектарда интенсив балиқчилик хўжалиги ва 50 гектарда бодом боғи ташкил этилади.

Президентимиз банклар аҳоли ва тадбиркорлар лойиҳаларига ресурс етказишда амалий натижа кўрсатиши зарурлигини таъкидлади. Андижонда кредитни фақат гаровга боғламасдан, пул оқими ва аниқ буюртмага қараб ажратиш учун 20 та янги молиявий маҳсулот яратиш топширилган эди. Мазкур ёндашув Қашқадарёда ҳам натижа бериши керак.

Банклар фаолияти янги маҳсулотлар сони билан эмас, улар ёрдамида ресурс олган корхоналар ва бизнеснинг ўсиши билан баҳоланади.

Қашқадарёга йилига 6 миллион турист жалб қилиш учун барча имконият бор. Йил бошидан вилоятга 2,5 миллион сайёҳ келган, биргина Ғелон қишлоғига ташриф буюрганлар сони 500 мингга етган.

Татаристон билан ҳамкорликда Ғелондаги тоғ-чанғи курортининг биринчи босқичини келаси йил ишга тушириш режалаштирилган. Табиати билан Ғелонга ўхшаш Чироқчидаги Тарағай, Китобдаги Башир ва Яккабоғдаги Татар қишлоқларини ҳам этнотуризм марказларига айлантириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга ушбу олти қишлоқ бўйича бир ойда мастер-режа тайёрлаб, 1 мартдан 50 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш вазифаси топширилди.

Президентимиз Қарши шаҳридаги Илғор касбий маҳорат техникуми тажрибасига тўхталди. Унинг 32 нафар устаси яқинда Германияда малака ошириб қайтди ва ҳозир вилоятдаги 57 та техникум усталарига ўз билимларини етказмоқда.

Ҳар йили 10-11-синфларнинг 2,5 минг нафар ўқувчиси мазкур техникумда ҳунар ўрганиб, аттестат билан бирга касбий сертификат ҳам олади. Германиялик ўқитувчилар эса йилига 1,5 минг ёшга немис тили ва касб ўргатмоқда.

Қашқадарё ёшлари таълим ва интеллектуал мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда. Қарши шаҳридаги Президент мактаби “Cambridge” имтиҳонларида 98 фоиз натижа билан республикада биринчи бўлди. Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчилари “Заковат” турнирида ғолиб чиқди.

Косонлик 11-синф ўқувчиси Муроджон Ҳалимов “SAT” имтиҳонида максимал 1600 баллни қўлга киритди. Давлатимиз раҳбари бундай иқтидорли ёшлар кўплигини, уларга аниқ фанларни хорижий тилларда ўргатиш имконияти яратилса, юқори натижалар ҳар бир туманда бўлишини таъкидлади. Келаси йилдан барча туманларда биттадан мактабда аниқ фанларни чет тилида ўқитиш бошланади.

Нуфузли архитектура компаниялари жалб этилиб, икки ойда илғор шаҳарсозлик ечимларини қамраб олган бош режа ишлаб чиқилади. Уни тайёрлаш учун дастлаб 20 миллиард сўм ажратилади. Янги ҳудудларда кўп қаватли бинолар, савдо ва бизнес марказлари, уй-жойлар “яшил” ва “ақлли” шаҳар тамойиллари асосида қурилади.

Вилоятда кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича ҳам “Қашқадарё тажрибаси” яратилади.

Айниқса, Қамаши туманидаги Чим маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари давлатимиз раҳбарини қувонтирди.

Бу ерда 640 ўринли мактаб, 240 ўринли боғча қурилиши, оилавий поликлиниканинг жиҳозланиши, янги маҳалла биноси, ёшлар маркази, спорт мажмуаси, кутубхона, истироҳат боғининг барпо этилиши — маҳалла қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб берди.

“Вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида бўлган ўзгаришларни кўриб, тадбиркор, инвестор, ёшларнинг кўзларидаги шижоатни кўриб, жуда катта куч олдим”, — деди Президент.

Давлатимиз раҳбари “Султонтекс” кластери раҳбари Нурбек Эргашевнинг энергия ва сувни тежайдиган замонавий корхонаси фаолияти билан танишиб, тадбиркорнинг 2028 йилгача яна 30 минг кишини иш билан таъминлаш, айниқса, аёллар учун кўпроқ имконият яратиш режаларини қўллаб-қувватлади.

Президент Нурбек Эргашевга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони, Қамаши туманидаги Чим маҳалласида сулолавий лимончилик мактабини яратиб, аҳоли даромадини оширишга ҳисса қўшаётган Абдуманнон Худойбердиевга ҳам “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони берилди.

Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи, айниқса, адабиёт, маънавият ва маърифат аҳлини қувонтирди.

Қашқадарёда маърифатни тарғиб этаётган “Мутолаа” лойиҳасининг бош муҳаррири Жавлон Жовлиевнинг меҳнати ҳам эътироф этилди. Унга, шунингдек, “Ёш китобхон оила” республика танлови ғолиблари Бахтишод Рашидов ва Эъзоза Хушвақтовага Тошкент шаҳридан икки хонали янги хонадонлар совға қилинди.

“Чимда шундай вазият бўлиши, Чимда шундай шароит бўлиши — иқтисодиёт барқарорлигидан далолат, юртда тинчликдан далолат”, — деди Президентимиз.

“Ўзбек тили байрами куни ўзим туғилган Қамаши туманида Президент билан кўришдик ва мен энди чоп этилиши кутилаётган “Катта қизлар” романимни тақдим қилдим. Президент ҳеч кутилмаганда ёш китобхон оила билан менга икки хонали уй совға қилдилар. Бу келажакда ёзадиган асарларимиз учун катта имкониятдир. Ўзбек адабиётини яхши асарлар билан бойитишга ҳаракат қиламан”, — дейди ёш ёзувчи Жавлон Жовлиев.

Ҳа, Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи барча соҳа вакиллари қатори биз ижодкорларни ҳам илҳомлантирди. Алқисса, кундан-кунга камол топаётган, одамлари эртанги кунга юксак ишонч билан боқаётган Қашқадарё ҳақида Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрларини эслаш айни муддаодир:

 

Туққан хонадонин ҳар ким ёд этган,

Мен учун сен шундоқ улкан маъвосан.

Тониб қайга бордим, бобомдан ўтган,

Толеимга битган Қашқадарёсан.

 

Ғулом АБДИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan