ТЕМУРБЕКНИНГ “УРҲО”СИ

(Иккинчи мақола)

В.Череванскийнинг “Амир Темур” тарихий солномаси (рус тилидан Амирқул Карим ва Хуршид Дўстмуҳаммад таржимаси) билан танишиш кишида зиддиятли таассуротлар уйғотади, чамаси. Аввало, империалистик кайфиятда бўлган мамлакатда бир чимдим бўлса-да, самимиятга қоришган ва тарихий ҳақиқат юзига бунчалик тик қараб яратилган асарнинг пайдо бўлиши ажаблантирса, бошқа тарафдан, бундан қарийб бир ярим аср олдин илмий давраларда, тадқиқотчилар хазинасида Соҳибқирон Амир Темур ҳақида шунчалик бой маълумот мавжудлиги ҳайрон қолдиради.

Яшириб нима қилдик, мана, 35 йилдан бери бу улуғ меросга эгалик қилишни даъво қилиб келаётган халқнинг унча-бунча зиёлилари 130 йил олдин илмий муомалада бўлган кўплаб оддий маълумотларни ҳамон билмайди. Бу китоб ўша давр илмий салоҳиятини намойиш этишда, Амир Темур, умуман, Темурийлар меросининг жаҳоншумул аҳамиятини ҳис этишда ҳамда дунё маърифий оммаси бу хазинадан фойдаланиш учун қандай жидду жаҳд кўрсатганини тасаввур қилишда жуда асқатади. Ростдан ҳам, Амир Темурнинг инсоният тамаддунини шакллантиришдаги бунёдкорлиги ва меъморчилиги шуҳрати ҳар қандай тўсиқларни парчалаб, давлатлар ва тузумлар қиёфасига жиддий, ҳатто ҳал қилувчи таъсир этгани аниқ ҳақиқат экан.

Албатта, кейинги йилларда бу мавзуда кўплаб асарлар яратилди, кимларгадир ризқ-насиба эшиклари очилди (шунчаки маъмурий-расмий талаб билан қанчалаб илмий ишлар ҳимоя қилинди), аммо бу меросни чинакам ватанпарварлик билан ривожлантириш, илмий изланишларнинг халқаро концепциясини яратиш, тадқиқотларда илгари сурилган фикрларни марказлаштириб таснифлаш, ҳатто киши ва жой номларини унификация қилиш (бир хиллаштириш) борасида таянч юмушлар амалга оширилмади. Натижада, азбаройи қизиқишнинг кучлилиги туфайли бу мавзуда “тадқиқот”лар, турли битиклар кўпайди, билган-билмаган “темирчи”ликка (академик Бўрибой Аҳмедов сўзи) ўтиб кетди. Иш шу даражага бориб етдики, мавзу фидойилари дабдурустдан ташаббусни қўлга олиб, ҳаваскорларча қомус яратишга ҳам журъат этдилар; ҳолбуки, мавзунинг салобати ва кўламини ҳисобга олсак, бу ҳукумат даражасидаги юмуш эди… Биргина “давлатчилик…” мавзусида 4-5 докторлик иши ҳимоя қилинди-ю, янги кашфиёт очган йирик олимлар кўзга ташланмади; кўп жилдлик эпопеялар яратилди, аммо улар ё жамоатчиликка етиб бормади, ё зарур даражада эътибор қозона олмади — китобхонлар ҳамон “энг, энг…” китобларни кутиб яшамоқда. Ана шундай олақуроқ манзара фонида бир давлат махфий хизматчисининг битиклари диққатни тортиб турибди. Бу ҳол асло тасодиф эмас, чунки асиллик доим эътиборда бўлиб қолаверади.

В.Череванский (1836-1914)нинг бу китоби (умуман, “Икки тўлқин” асари) махсус, жиддий тадқиқотни талаб қилар экан. У бизнинг тарихимизга тутилган ойнадан тушган бир тола нурга ўхшаса-да, бу нур кесимида ҳаводаги жами қуйқалар акс этгандек таассурот уйғотади. Бу ҳолни китобга ёзилган “Сўзбоши”нинг (1-китоб, 11-бет) илк сатрларидан англаш қийин эмас. Муаллиф ўз муддаосидан келиб чиқиб, ушбу заминга мўғуллар ва исломийларнинг келишини биринчи тўлқин деб атаса, Россияни “Тинч уммонига, Марказий Осиёга, чингизийлар ва темурийлар юртига” етаклаб борган ҳаракатни иккинчи тўлқин деб атайди ва ҳеч яшириб ўтирмасдан: “Илк тўлқинда тутқунлик ва қуллик келган бўлса, иккинчи тўлқин ортидан насронийлик аҳдлари ва маданият кириб келди”, деб ёзади. “Чингизийлар ва темурийлар ҳамда уларнинг ворислари иккинчи тўлқин қудратига тан бериб, энди Россияга ютқаздилар…” Маҳаллий халқларнинг руслар келгунча маданий аҳволи “ночор” бўлганини қайд этиб, бечоралар “Пайғамбар давомчилари бўлган уламоларнинг буткул жаҳолати сабаб ҳануз ибтидоий, дахлсиз гўдаклик ҳолатида қолиб келмоқдалар”, дея очиқчасига ёзади. Мақсадини англатиб, “бу таълимот рус олимлари томонидан бутунлай қайта ишланишини ва англанган ҳолатга келтирилишини кутмоқда”, дея таъкидлайди ҳамда “бу вазифани илгари суришдан аввал маданият ташувчиларнинг ўзлари ҳам чингизийлар ва темурийлар, уларнинг тарихий юксалиши, шон-шуҳрат чўққисига чиқиши ва жаҳоний моҳиятини бой бериш сабаблари билан мумкин қадар батафсилроқ танишиб олишлари зарур”лигини уқтиради. Демак, бу эътирофлар асарларнинг ана шундай стратегик мақсаддан келиб чиқиб, буюртма билан ёзилганини тасдиқлайди.

Давомида шу пайтгача қилинган амалларни (бундай ҳаракат 150 йил, балки, ундан ҳам олдин бошлангандир – Ҳ.С.) санаб ўтар экан, ҳозиргача олиб борилган кузатишларда “тизимлаштирилган ишларнинг йўқ”лигини, тадқиқотлар “илмий мақсадларга хос тил”да ёзилганидан, гарчи ўқув юртларидаги кафедралар, ҳарбий олимлар дунёсида муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, омманинг “тарбиясини, оёққа туришини” шакллантириш, таъминлаш учун ҳеч нарса беролмаслигини очиқча танқид қилади. Маълум бўладики, муаллиф ўз юртининг узоққа мўлжалланган сиёсатини ҳис этиб, бу юмушда кураш майдонига бутун оммани сафарбар қилишни, бунинг учун уларни тарихий маълумотлар билан қуроллантиришни, шу орқали миллий руҳиятни ўрганиб, мақсадга эришишнинг маърифий асосларига таянишни сидқидилдан орзу қилади. Демак, “муаллиф энг камида ўз эзгу нияти, ғариб маблағи (?) миқёсида мана шу камчиликни тўлдириш”, Марказий Осиё тарихи билан жамоатчиликни таништириш ва империалистик ғояларни амалга оширишда уларнинг онгли иштироки ҳамда таъсирини кучайтиришга интилади — мана, моҳият нимада, император маҳкамасининг махфий хизматчиси иқтидорини нимага сарфлаяпти!

Китоб махсус топшириқ билан ёзилгани аниқ, аммо рақиб томон кучининг салмоғини очиқ кўрсатиш, қандай кучга қарши бораётганини таъкидлаш учун бўлса керак, муаллиф ҳақиқатдан кўз юма олмаган ва баъзи ўринларда ўз савияси даражасида бу мероснинг умуминсоний қадриятларни юксалтиришдаги мавқеини тасдиқловчи муҳим концептуал илмий хулосаларни ҳам ошкора баён этган. Лекин топшириқ нуқтаи назаридан асарларнинг руҳи қоралаш ва инкор этиш йўналишида бўлиб, ҳар бир унсурга мафкура бўёғи сингдирилган (китобнинг шу руҳдаги Ибн Арабшоҳ асаридан фарқи шундаки, европача ўзига хос назокат билан очиқ ҳақоратдан қочилган, бироқ муносабатини пахтага ўраб, тош қилиб отган).

Бугунги кун тадқиқотчиси, қолаверса, китобхони учун яна бир қадрли жиҳат — муаллиф ўз фикрлари мустаҳкам асосга эгалигини тасдиқлаш мақсадида фойдаланилган адабиёт ва бошқа манбаларнинг анча мукаммал рўйхатини келтирадики, очиқча эътироф этиш керак — ҳали-бери бизнинг миллий тадқиқотчиларимиз уларнинг кўпларини қўлига ушлаб, варақлаб кўриш у ёқда турсин, номини ҳам эшитмаган чиқар. “Рус йилномалари тўлиқ жамламаси”, “Давлат ёрлиқлари ва шартномалари жамламаси”, “Император Фанлар академияси хабарлари”, “Қрим иши”, “Катта лойиҳа китоби” сингари йигирмага яқин архив ҳужжатлари, Банзаров, лама Гомбаев, Магакий, О.Иакинф, А.Казамбек сингари кам учрайдиган номларнинг келтирилиши эса бизнинг тарихимиз қанчалик кенг доираларда икир-чикиригача ўрганилгани ёки қайд этилгани ҳақида хабар беришдан ташқари, келгусидаги тадқиқотчилар олдида улар ва бошқа “теша тегмаган” манбалар билан танишиш, улар юзасидан изланишлар ўтказиш вазифаси турганини билдиради.

Кўриниб турибдики, ҳали миллий темуршунослигимиз катта юмушлар остонасидан ичкарига маълум қадамлар қўйган, холос. Яна бир гап: бобокалонимиз меросининг жаҳоний кўлами шундаки, ул зот “йигирма етти давлатни бир туғ остида” бирлаштирган. Рус шулардан бири эди. Ҳолбуки, тасарруфда бўлган ва йиллар давомида хос тартиблар билан яшаган бошқа мамлакатларнинг ҳам ўз “Темурнома”си бор. Буларнинг энг йириклари — араб, форс, мўғул, хитой, ҳинд, Европа олимлари изланишлари юзасидан ахборот даражасида маълумотга эгамиз, холос. Ваҳоланки, халқаро тадқиқотлардаги кул остида қолиб кетган ҳақиқатларни юзага чиқариш, уларни меросхўрлик масъулияти билан чанг-ғуборлардан тозалаб, илмий муомалага қўшиш бизнинг ватанпарварлик бурчимиз эмасми? Ана шундай кенг кўламли, оламшумул юмушлар амалга ошса, шундан сўнггина биз фахрли аждодимиз Соҳибқирон Амир Темурни янада кашф этдик, дея кўкрак керсак арзийди. Ҳазратнинг ўзлари бу борада ибрат кўрсатган эканлар: бир юришда қўлга тушган китобни “Биз ўқий олмаймиз” деган важ билан ёқиб юбормоқчи бўлганларида, уларни тўхтатиб, “Балки, унда бизнинг тақдиримиз ёзилгандир. Ёқманг! Ҳали уларни ўқийдиган авлод етишиб чиқади”, деган эканлар. Ҳар ҳолда, бу йўлда улуғвор ишларга киришилгани, айни энг чигал китобларни ўқийдиган авлод етишиб чиқаётгани ҳам бор гап…

Шунингдек, муаллиф В.Череванский Шарқ қўлёзмалари билан танишганини, “Ўтрор харобаларида, Самарқанднинг Регистонида, Аҳмад Яссавий қуббаси остида, Бибихоним ва Амир Темур хилхоналарида кўп нарсаларни кўриш ва эшитиш”га муяссар бўлганини, қон дарёлари оққан, отлиқлар тўфони чанги қолган чўл ва водийларни кезганини, ҳали йўқолишга улгурмаган Чўпонота, Афросиёб тепаликларига кўтарилганини қайд этади. Хўжалар, ҳожилар, сўфийлар билан дилкаш суҳбатлар қурган (буларни таъкидлашдан мақсад: бугунги кун тадқиқотчиларидан кимлар ўз изланишлари жуғрофияси билан мақтана олади?); натижада шунчалар кўп манба тўпланганки, “энг муҳимлари… ижодий иш дастурига киритилгани, кам танилган юзлаб тўдалар ва тўқнашувлар тақдири азалнинг кескин талаблари байроғи соясида тушириб қолдирилгани”, яъни китобга киритиш имкони бўлмаганига ишора қилинади.

Ана шу мўл-кўл хазинада бошқа манбаларда, “Зафарнома”ларда учрамайдиган кўплаб маълумотлар борки, уларнинг мундарижаси ҳам кўплаб жиддий тадқиқотларга озуқа беради. Олайлик, “Темур суви” (қудуқлар), “Темур қаландар” (қаландархона), “Мир Саид Барака сайланувчига олтин белбоғ, ярқираган қилич, дур кўзли сирға ҳадя этди” (2-китоб, 133-бет), Кунўғлон (от) ёки уч паллали адолат тарозиси (280-бет) ва шунга мос тарзда уч оёқли курси сингари кўплаб маълумотлар батафсил изланишлар манбаи бўла олади.

Китоблар шу жиҳатлари билан эътиборли бўлса-да, ё атайлаб, ё миллий менталитетни билмасликдан, ёки кўплаб тарихий далилларни тизимлаштиришда қийналгани сабабли муаллиф баъзи жиддий хатоларга ҳам йўл қўяди. Бу хатолар генеалогиядан бошлаб айрим юришларнинг моҳиятини тўғри англамасликкача бўлган уфқни қамраб олади (бундай ҳоллар атайлаб рус манфаатларига хизмат қилиш муддаосида буюк тарихнинг шу мантиққа тегишли жиҳатларини шарҳлашда кўпроқ кўзга ташланади – Ҳ.С.). Масалан, амир Қозағон шахсига доир тафсилотлар фақат бу асарларда эмас, умуман, бугунги кун тарихнавислигида жуда чалкаш ёритилган, бу ҳол В.Череванскийда ҳам давом этади (“қонхўр Қозағон” — “амир Қозон” (?), 2-китоб, 57-бет, бошқа маълумотлар ҳам…). Албатта, Тўхтамишхон фаолияти рус тарихи билан кўп жиҳатдан боғлиқ, муаллифнинг бу йўналишдаги фикрлари эътиборли, лекин ўз дунёқарашидан келиб чиқиб, унинг шахсига етарлича баҳо бера олмаган ёки буни хоҳламаган.

Шарҳларни ўқиб, беихтиёр Тўхтамишдан бир асрдан кўп вақт олдин яшаб ўтган Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди талъати кўз олдимга келди. Бу икки улуғ зот қайсидир жиҳатлари билан ўхшашдек туюлди: жасурлиги, мақсад йўлида собитлиги, тақдири ва қисмати… Аммо улар бир кўзгунинг икки тарафидек таассурот қолдиради: Жалолиддиннинг фаолиятида бош мақсад эзгуликка — юртни босқинчилардан озод қилишга қаратилган. Тўхтамиш эса фитна қурбони — у атрофидаги нобакор кимсалар қутқусига учиб, ўз отаси қатори мўътабар зотга қарши қилич кўтаради. Жалолиддин — оқлик, нур тимсоли, Тўхтамиш эса қоралик, зулмат тимсоли (дихотомия — “оқ-қора дунё” усули бўйича таҳлил қилинса, жуда ранг-баранг манзаралар юзага чиқади…). Энг қизиғи — иккаласи ҳам жанг майдонида, очиқ тўқнашувда эмас, ўзларига яқин одамлар қўлида маҳв бўладилар… Ҳар бир унсурда бир ҳикмат, тарих эса мўъжизалар сандиғи, деганлари шу бўлса керак-да.

Шунингдек, В.Череванский асарининг 2-қисми — “Амир Темур”да асосий вазифаси — миссионерликка астойдил хизмат қилишга, Темурийлар салтанатининг музаффарияти — ютуғининг миридан-сиригача кашф этишга юракдан интилгани сезилади. Унинг учун кўзга ташланмайдиган кичкина унсур ҳам аҳамиятли туюлади. Китобда келтирилган Темурбекнинг қаландарлар, дарвешларга алоҳида эътибори-муносабати, бу табақанинг тарихий мавқеини атрофлича ўргангани (сунний ва шиа дарвешларининг тариқат амаллари, либосидан тортиб анжомлари — суннийлар ҳасса, шиалар болта олиб юришигача), муваффақиятлар сири, жумладан, махфий хизматни ташкил қилиш билан астойдил қизиққанини кўрсатса, Кўк Ўрда ҳақидаги фикрлари, Қозағонга муносабат, Балх, Ҳирот, умуман, Хуросонга юришлар, Мамай шахсига илиқ муносабат, Куликово майдонидаги сўқиш таҳлили, Хитой азмидан олдин Туркистонга, Аҳмад Яссавий турбасининг зиёрат қилиниши, сўнгги — Хитой сафари тафсилотлари ҳали кам учраган маълумотларга бойлиги билан эътиборли ва уларнинг ҳар бир сатри батафсил ўрганиш учун етарли юк бўла олади. Худди шунингдек, давлат бошқаруви унсурларига, юқори табақанинг ўз тобеларига муносабатидан тортиб, кенгаш, қурултой сингари машваратларгача катта эътибор берилгани диққатни тортади. Ҳатто муаллифнинг бу борадаги баъзи кузатишлари, хулосалари бугун ҳам зарур аҳамиятини йўқотмаган. Шу жиҳатдан бу асарларни шунчаки тарихий хроника эмас, маълум мақсадли тадқиқот деб ҳам аташ мумкин.

Умуман, бу китоблар муаллифнинг ўзига хос равон услуби, тарихий далилларга бойлиги билан теран мушоҳадаларга сабаб бўлиши шубҳасиз. Барибир маърифатли инсон, фидойи тадқиқотчи сифатида Владимир Павлович қай даражададир меҳр қозонади; кўп ўринларда (масалан, юртимизда мактаб-мадраса тарихи таҳлили, воқеликка, одамларга — танча ёнида кечган узоқ гурунглардаги эртакчи кампир, ҳожи домла, тажрибали овчиларнинг самимий тасвирига) холисона муносабати, ҳақиқатни мардона эътироф этиши таҳсинга сазовор: (“Темур(бек) сиймосида бўлғуси алломаи замон етилиб келаётганини кўрадилар” (53-бет); “Муқаддас ва буюк кишилар мозорини зиёрат қилиш Темурнинг одатига айланганди” (181-бет); “Темур ўз олимлари билан кенгашди” (232-бет); “Темур йилнома ва китобларни севимли кишиларининг ижод маҳсулидек эъзозларди” (258-бет) каби кўплаб қайдлар…).

Таассуфки, 2-қисм “Амир Тўрағай оиласида ўғил туғилди” сарлавҳали бўлим билан бошланади ва унинг руҳи асарнинг давомидан тубдан фарқ қилади (бир муҳаррир ва муаллиф сифатида кўнгилдан шундай иштибоҳ ўтадики, В.Череванский ўзига китоб буюртма қилганларга бошида шу маълумотларни ёзиб киритган ва уларнинг қўлловини олган – Ҳ.С.). “…Тақдир китобида Чингизхондан кейин икки аср ўтиб, унинг ўзига ўхшаш қудратли, улуғвор ва бўйсунмас муовин — ўринбосар дунёга келиши башорат қилинган эди” сингари қайдлардан сўнг китобнинг давомида ҳам, бошқа манбаларда ҳам учрамайдиган салбий бўёқдаги маълумотлар келтирилади: “На амирнинг ўзи, на-да унинг ота-онаси ўз авлодига не боисдан Тўрағай, яъни “бедана” деган ном берилгани тарихини билмаганлар” (гап Темурбекнинг отаси ҳақида, 13-бет); “Айш-ишрату базми жамшидга муккадан кетган амир…” (14-бет); “… Қуёш ва Ой бу ҳовлида бирор дафъа намоз ўқилганига гувоҳ бўлмаган…” (16-бет). (Жойида битта изоҳ: “Тарағайбек уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисида борур эрди”. “Зафарнома”, 1997 йил, 12-бет).

Шундай ғаразли қараш давом этади ва бир саҳифада икки бора “…одамлар калласидан минора…” (24-бет) сўзларини такрорлашгача борилади. Бундай қора чаплашни кимларнидир чалғитиш учун қилинган усул деб тушунса бўлади, негаки, китобнинг давомида бундай асоссиз даъволар такрорланмайди, аксинча, муаллиф мантиғи тарих ҳақиқати қаршисида бош эгади. Ана шундай зиддиятли манзараларга бой бўлган асар, албатта, муфассал ўрганишга лойиқдир. Аттила ҳақида гап кетганда (асосан, 1-китобда) унинг мўғул, турк ёки хитой қавмидан қай бирига мансублиги ёхуд Хитой деворининг ичида ёки ташида бўлгани махсус изоҳни талаб қилади. Муаллиф бир неча ўринда маҳаллий аҳолини “тожик”лар деб атайди. Ҳолбуки, Турон азалдан кўп миллатли ўлка бўлган. “Тожик” сўзининг қўлланилишига сабаб — у бўлган бозор, карвонсарой ва бошқа жамоат жойларида форсча сўзлашадиган одамларнинг устунлиги бўлса керак. Ваҳоланки, бу тамаддун билан боғлиқ бўлиб, араблардан бошланган тараққиёт форсларга (кейинчалик туркийларга) ўтган ва ўша пайтда аҳолининг саводли қатлами форс тилида муомала қилган (худди бир пайтлар Европада француз тили урф бўлгандек). Конигилдаги тўй тафсилотида жуда кўплаб янги маълумотлар келтирилади: олтин дарахт, дор тикилиши ва айбдорларнинг жазоланиши (шундай тантана бўлса ҳам), мунажжимнинг башорати… Бу далиллар янгилигидан ташқари, манбасининг қаердалиги билан қизиқтиради…

Касби тафтишчи бўлган муаллиф қўлга киритган манбаларини ҳам жиддий назардан ўтказади, манзарани яхлит ва тўлалигича акс эттириш учун маълумотлардан етарлича фойдаланади. Шу жараёнда тарихнинг чинакам ҳақиқати бўй кўрсатиб қолади. Айниқса, Соҳибқирон фаолиятини ислом дини арконлари талабларига суяниб шарҳлаши алоҳида эътиборга молик (“Ислом устувор келишини истаган ҳар бир мўмин Темурни қўллаб-қувватлагай”, 132-бет). Шунингдек, бу иқтидорда кўчманчилар удумлари ҳам сақланаётгани эслатилади (“Мир Саид Барака қудратли ҳукмронлик рамзи сифатида қўйнинг курагини узатади…”, 133-бет)… Юқоридаги мулоҳазалардан кўриниб турибдики, бу икки китобни шунчаки мутолаа қилиш мумкин эмас, улар кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши табиий. Бу эса ўз моҳияти билан ижобий ҳодиса, негаки, қадимги ҳикматда айтилганидек: “Ҳақиқат баҳс-мунозараларда туғилади”. Демак, китобларнинг чоп этилиши ўзига хос ҳодиса; албатта, нашрнинг босма сифати ҳам у билан танишганларда ўзига хос муносабат уйғотади. Эзгу мақсад йўлида эса кўплаб мусаҳҳиҳлик хатоларидан кўз юмишга тўғри келади; ҳолбуки, улар ҳар бир сатрни, десак, жуда лоф бўлади-ю, лекин ҳар бир саҳифани “безаб” турибди: қуролсизлик — қуролсозлик, ўчоқлар тутиб — тутаб, шоир — шиор, Брама — Брахма, адолатсозлиги — адолатсизлиги сингари имло хатолари мазмунга таъсир этиш “қудрати”га ҳам эга…

Китобнинг 52-бетида шундай гап келади: “Агар ўғли Исмоилни шу ерда туққан…”. Фикр тугайди, лекин мазмун мавҳум. Гап Мино водийси юзасидан кетаётган эди. Демак, Исмоилни шу жойда Ҳожар она дунёга келтирганди (ҳолбуки, китобнинг 1-жилди, 12-бетида худди шундай эслатма бор!). Маълум бўладики, “Ҳожар” сўзи “Агар”га айланиб кетган ва мавҳум ҳолат юзага келган. Аслида, китоб нашрининг заҳматини иши тушган одам яхши билади. Қўлимиздаги китоблар ҳам ўзига хос қиёфага эга: мухтасар сўзбошилар ёзилган, анча ҳафсала ва иштиёқ билан 1898 йилги Петербург нашридаги аслият қиёфаси сақлаб қолинган, рассом В.Каразин ишлаган суратлар киритилган, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ёзган изоҳлар илова қилинган. Албатта, баъзи жузъий ҳоллар китобнинг мавқеига соя сола олмайди. Ҳолбуки, ҳали аниқлик киритилиши, изоҳланиши, текшириб кўрилиши лозим бўлган ўринлар етарли. Умуман, бу буюк ҳаётнинг сирлари кўп. Жумладан, қайсидир давраларда Соҳибқирон ҳаётига заҳарлаш йўли билан суиқасд қилингани тахмин қилинмоқда. Бундан ҳам мантиқли фараз: ўша қиш сўнгги сафар давомида хитойлар атайлаб довонга ҳаддан ташқари кўп қор ёғдирмадими, чунки улар шамол йўналишини ўзгартира олганлар (“лой жанги”даги яда тоши бунга тасдиқ, уларнинг тарихида бундай ҳоллар бўлган: “Қизил қоя” жанги ва бошқалар…). Ҳолбуки, олдинги йилларда ўша ҳудудларда бундай об-ҳаво кузатилмаган…

Хуллас, янгидан-янги изланишларни кутиб турган ва кашфиётлари махфий бўлиб қолаётган мавзуда, умуман, маънавий бисотимизда муҳокамага ва мулоҳазага ундайдиган янги хазиналар пайдо бўлди. Умид қиламиз, бу асарлар жамоатчиликни бепарво қолдирмайди, кўплаб тадқиқотларга мавзу бўлади.

Ҳаким САТТОРИЙ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan