Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ: “ТИЛНИ МАҚОМИ УЧУН ЭМАС, МОҲИЯТИ УЧУН СЕВИШ КЕРАК”

Босма нашрлар аудиториясининг қисқариши, китобхонлик маданияти, ўзбек тилининг табиий софлигини сақлаш муаммоси ва бадиий таржималар савияси — бугун жиддий мушоҳада талаб этадиган долзарб мавзулар. Уларнинг сабабларини фақат замон ва интернет таъсиридан излаш кифоями?

Таниқли адабиётшунос ва зукко таржимон Зуҳриддин Исомиддинов билан миллий матбуотимизнинг оғриқли нуқталари, таржимачилик мактабининг асл талаблари, тилга нисбатан чинакам муҳаббат мезони ҳамда таълим тизимидаги муаммолар хусусида суҳбатлашдик.

– Замонавий ахборот маконида ўзбек матбуотининг мавқеи, газета мутолаасининг пасайиши, нашрлар савияси ва босма матбуот истиқболи ҳақидаги баҳслар ҳамон долзарб. Сизнингча, матбуот таъсирчанлигини сусайтираётган муаммоларнинг ечими нимада?

– Аввало, ҳақиқатни тан олишимиз керак: бугун одамларда газета ва журнал ўқишга бўлган иштиёқ анча-мунча пасайган. Буни инкор этиб бўлмайди. Лекин бунинг сабабини фақат  “имло хатолари”дан излаш тўғри эмас. Бугун дунё журналистикасида, аввало, инсон ҳақида ёзилади. Бизда эса кўпинча ишлаб чиқариш, режа, рақам ва статистик кўрсаткичлар ҳақида материаллар берилади. Масалан, бир фермернинг қайси навдаги уруғни эккани, ерга неча сантиметр чуқурликда ишлов бергани, гектаридан қанча ҳосил олгани батафсил ёритилади. Булар, албатта, факт. Лекин айтинг-чи, ўқувчи шу рақамларнинг қайси бирини эслаб қолади? Кўпинча ҳеч бирини!

Журналистика марказида ҳамиша инсон туриши керак. Одамнинг ўзи қандай, қандай фикрлайди, ҳаётга муносабати қандай, ўзига хос қарашлари нимада – ана шуларни кўрсатиш лозим. Бирор инсон ҳақида ёзилса, фақат эришган натижаларини санаб ўтиш билан чекланмаслик керак. Унинг шахсияти, характери, дунёқараши ҳам очилиши зарур. Имло хатолари, албатта, учраб туради. Корректор ва мусаҳҳиҳлар штати қисқаргани сабабли бундай камчиликлар кўпайган бўлиши ҳам мумкин. Лекин бундан ҳам муҳимроқ масала бор: газетанинг ўзи ўқувчига керакми, ундаги материал унга нима беради?

Тасаввур қилинг, бир одам сизга дудуқланиб бўлса ҳам, айнан сизга керакли гапни айтяпти. Уни жон қулоғингиз билан тинглайсиз. Чунки у юрагингизга тегадиган, сизни қизиқтирадиган гапни ­айтяпти.

Демак, масала жумлаларнинг қанчалик чиройли тузилганида эмас, мазмуннинг инсон учун қанчалик аҳамиятли эканида. Бизда ана шу керакли гапни айтиш етишмайди. Афсуски, баъзи нашрлар миллий статистика қўмитасининг иловасига ўхшаб қолган. Ҳолбуки, одамлар газетани қуруқ рақамларни ўқиш учун сотиб олмайди.

– Ўзингиз матбуотнинг фаол кузатувчиси сифатида қайси газеталарни ўқийсиз? Сизни уларнинг қайси жиҳатлари қизиқтиради?

– Очиғини айтсам, бугун кўпчиликнинг газета ўқимай қўйишига сабаб бўлаётган омиллардан бири тарқатиш тизими билан ҳам боғлиқ. Масалан, газетанинг нархи 2000 сўм бўлса, уни етказиб бериш ҳақи 2500 сўмга айланиши мумкин. Натижада ўқувчи газетанинг нархидан кўра уни етказиб бериш учун кўпроқ ҳақ тўлайди. Бу ҳам одамларни газета ўқишдан қайтарадиган омиллардан бири.

Яна бир жиҳат — газеталаримизда ихтисослашув ҳаддан ташқари кучайиб кетди. Айрим нашрлар фақат ўз партиясини тарғиб қилади, бошқалари эса асосан қарор ва расмий ҳужжатларни эълон қилиш билан чекланади. Соҳа газеталарининг ҳам ўз мавзулари бор. Лекин инсон фақат бир соҳа ёки ҳуқуқий масалалар билан яшамайди-ку. Ўқувчига оддий, ҳаётий, халқона гаплар ҳам керак.

Шахсан мен “Jadid”, “Ishonch”, сизлар фаолият юритаётган “Hurriyat” газеталарини ўқиб тураман. Айрим материалларим ҳам шу нашрларда чоп этилади. Мен бирор тор соҳада ихтисослашиб ишламаганим сабабли барча нашрларни мунтазам кузатиб бораман, деб айтолмайман.

– Сизнинг айрим мақолаларингиз турли сабабларга кўра нашр этилмай қолгани ҳақида эшитганман. Айниқса, қалтис мавзуларда ёзилган материалларингизни нашрларнинг эълон қилмаслигига нима сабаб бўлади?

– Аслида, кўп ҳолларда мақолани чиқаришни истамасликдан кўра, унинг ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган муаммолардан қўрқишади.

Эсимда, 2002 йилда Ўзбекистонда цензура бекор қилингани Миллий матбуот марказида эълон қилинган эди. Ўша йиғилишда ва ўша вақтда “Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррири Иброҳим Ғафуров (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) ҳам иштирок этган. Цензура бекор қилингани айтилгач, давлат сирлари бундан мустасно экани таъкидланган. Шунда Иброҳим ака жуда ўринли савол берган: “Биз давлат сирларини ошкор қилишни истамаймиз. Лекин давлат сири нима эканини билмаймиз-ку. Қайси мавзу, қайси соҳа ёки қайси факт давлат сири ҳисобланади? Ана шуларнинг аниқ рўйхати берилса, бошқа масалаларни бемалол ёзардик”, деган мазмунда фикр билдирган. Ўша пайтдаги раҳбарлардан бири бу маълумотлар журналистларга етказилишини айтган. Аммо, менинг эслашимча, орадан чорак асрга яқин вақт ўтган бўлса-да, бу масала ҳануз тўлиқ ҳал этилмаган.

Натижада ҳар бир муҳаррир ўзи учун муай­ян чегарани белгилайди. Гўё ҳар бир муҳаррирнинг ўзи цензура вазифасини бажариб қолади. Албатта, бундан мустасно инсонлар ҳам бор. Мен эса ёзганларим орқали шунчаки “ботир” бўлиб кўринишга интилмайман. Ботирликни намойиш қилишнинг ўзи бемаъни иш. Ҳар бир инсон ­дунёга бир марта келади. Айта оладиган гапи бўлса, уни айтиши керак. Лекин, муҳими, ёзганингиздан одамлар бирор маъно, фойда олсин. Ана шу муҳимроқ.

– Сиз қирғиз халқ эпоси “Манас”ни ўзбек тилига таржима қилдингиз. Таржима жараёнида “Алпомиш” каби ўзбек достонлари билан қандай муштарак жиҳатларни кўрдингиз? Энг катта қийинчиликлар нималарда намоён бўлди?

— “Манас” эпоси ўзбек тилига турли даврларда бир неча марта таржима қилинган. Менинг ҳисобимга кўра, таржимам — унинг тўққизинчи ўзбекча талқини. Дастлаб 1958-1959 йилларда ўша пайтдаги Фрунзе шаҳрида “Қирғизистон ҳақиқати” номли ўзбек тилидаги газета нашр этилган. Унинг адабий ходимлари “Манас”дан бир неча юз мисрани таржима қилиб, газетада эълон қилишган. Кейинчалик улуғ шоир Миртемир Тошкентда таржима устида иш бошлагани ҳақида хабар етиб боргач, улар бу ишни тўхтатишган.

Миртемир таржимаси кейинги муҳим босқич бўлди. Ундан сўнг бошқа таржимонлар ҳам бу улкан эпосга мурожаат қилишди. Турсунбой Адашбоевнинг болаларга мўлжалланган талқини ҳам бор. Айрим таржималар эса рус тили орқали амалга оширилган. Менинг таржимам эса қирғиз халқининг буюк эпосини бошқа тилларга таржима қилиш учун тайёрланган, аввалги талқинларнинг энг яхши жиҳатларини жамлаган мукаммал вариант асосида амалга оширилди. Ушбу китоб 2014 йилда кам нусхада чоп этилди. Кейинчалик, 2019 йилда Бишкек шаҳрида яна нашр қилдирдик. Энди уни Ўзбекистонда ҳам қайта нашр этиш ниятимиз бор.

Қийинчиликларга келсак, ўзбек ва қирғиз тиллари бир-бирига яқин. Қозоқ, қорақалпоқ, татар тилларида ҳам бизга таниш бўлган кўплаб сўзлар учрайди. Аммо тилнинг яқинлиги таржимани осонлаштиради, дегани эмас. Баъзан ўн-ўн беш мисрани таржима қилиб, бир маромга келтирасиз. Лекин битта мисрада қофия ёки мазмун мос келмай қолади. Шунда олдинги сатрларнинг барчасини қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Масалан, ўзбек тилидаги “томоша” сўзи билан боғлиқ маъноларни олайлик. Бизда томоша қилиш кўпроқ бирор нарсани кўриш, ундан завқланиш маъносини англатади. Қирғиз тилида эса шу сўз ҳазиллашиш, ҳангома қилиш маъносида ҳам қўлланади. Буни билмаган таржимон сўзни шунчаки луғавий маъносига қараб ўгирса, хато қилади.

Яна бир муҳим жиҳат — мен таржимада сингармонизмни сақлашга ҳаракат қилдим. Ўзбек тилининг қадимий туркий оҳангини, товушлар уйғунлигини имкон қадар сақлаб қолишга интилдим. Қўлимдан келганича ана шу табиийликни таржимага олиб киришга ҳаракат қилдим. Китобхонлар томонидан яхши кутиб олинди.

– Умуман, ўзбек таржимачилигининг бугунги ҳолатига бир адабиётшунос, тилшунос ва адиб сифатида қандай баҳо берасиз?

– Ўзбек таржимачилигининг жуда катта мактаби бор. Унинг тарихи жуда узоқ вақтларга бориб тақалади. Алишер Навоий ижодида ҳам таржима анъаналари мавжуд. Ундан олдинги даврларда ҳам бу соҳа ривожланган. Айниқса, ХХ аср ўзбек адабиёти учун таржима асри бўлди. Бир аср давомида аввалги кўп асрларга нисбатан ниҳоятда катта ҳажмдаги асарлар таржима қилинди. Натижада улкан тажриба ва таржима мактаби шаклланди. Чўлпон, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир каби таржимонлар бу мактабнинг муҳим вакиллари ҳисобланади. Уларнинг таржималарида нафақат асарнинг мазмуни, балки бадиий шира, тилнинг табиийлиги ҳам сақланган.

Бугун эса таржимага қўл урувчилар кўпайди. Билган ҳам, билмаган ҳам таржима қилаверади. Энг катта муаммо — ўзбек тилини ҳис қилиш масаласи. Масалан, “Мен сиз билан фикримни бўлишмоқчиман”, деган жумлани кўп эшитамиз. Аслида, бу рус тилидаги “поделиться с вами” ифодасининг тўғридан-тўғри кўчирилган шаклига ўхшайди. Ўзбек тилида “фикрни баҳам кўрмоқ” дейиш табиийроқ. Ёки “бўлмоқда”, “келмоқда”, “бажармоқда” каби ифодалар… Бундай шакллар айрим расмий матнларда ҳаддан ташқари кўп ишлатилади. Натижада жонли, табиий тил ўрнига сунъий, қолиплашган газета тили пайдо бўлади. Таржимон сўзларни бир тилдан иккинчи тилга кўчирувчи шахс эмас. У, аввало, ҳар икки тилнинг руҳини ҳис қилиши керак. Бадиий таржимада маънони етказиш билан бирга, ўқувчига эстетик завқ бериш ҳам муҳим.

– Бугунги ёш таржимонлар ҳақида нима дейсиз? Улар аввалги таржима мактабининг анъаналарини давом эттиряптими ёки айрим жиддий хатоларга ҳам йўл қўйиш­яптими?

– Аввало, бугун таржима билан шуғулланаётган ёшларга раҳмат айтиш керак. Уларнинг меҳнатини қадрлаш лозим. Бир пайтлар таржимон катта бир романни таржима қилса, олган қалам ҳақига машина сотиб олиши мумкин эди. Бугун эса айрим таржимонлар таржима қилган асарини нашр эттириш учун ҳатто машинасини сотишга мажбур бўлаётгандек ҳолатга келиб қолган. Тушунтира олдимми? Илгари таржимадан даромад олиш мумкин бўлган бўлса, бугун таржимоннинг ўзи китобини чиқариш учун маблағ излаяпти. Шундай шароитда таржима қилаётган ёшларга раҳмат айтиш керак. Уларни дарҳол танқид қилишга шошилмаслик лозим.

Албатта, айрим камчиликлар бор. Энг аввало, ўзбек тилини ҳис қилиш масаласида муаммолар учрайди. Баъзан асарнинг маъносини тўғри етказишга интилиб, ўзбек тилининг табиийлиги бузиб юборилади. Бирор сўз ёки жумлани таржима қилиш мумкин, аммо унинг ўзбек китобхонига қандай эшитилишини ҳам мулоҳаза қилиш лозим.

– Бугун китобхонлик даражаси ҳақида ҳам турли фикрлар билдирилади. Ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш учун турли танловлар, мукофотлар ва рағбатлантиришлар жорий этилмоқда…

– Саволингизни тушундим. Аввало, шуни айтиш керакки, Президентимиз китобхонлик масаласига жуда катта эътибор қаратмоқда. Маънавият ва маърифат соҳасини қўллаб-қувватламоқда. Ижодкорларнинг меҳнати яна қадр топа бошлади. Буни эътироф этмасак, ношукрлик бўлади. Лекин китоб ўқиган болага машина беришни яна бир бор ўйлаб кўриш керакмикан деб ҳисоблайман. Негаки, бу рағбатнинг ўзи нотўғри йўналишга бурилиб кетиши мумкин. Тасаввур қилинг, деҳқон далада кетмон чопиб, буғдой экади, уни етиштиради, йиғиб олади, тегирмонга олиб бориб ун қилади, нон тайёрлаб беради. Лекин машинани нонни истеъмол қилган одамга берилса? Уни етиштирган деҳқонга эса ҳеч нарса йўқ. Бу қанчалик мантиқли?

Китобхонликни ҳам шундай тушуниш керак. Китобни ёзган ижодкорнинг меҳнати, унинг изланиши, тафаккури ва ижодий салоҳияти эътибордан четда қолмаслиги керак. Бир боладан сўрадим: “Сен ўн учта роман ўқибсан, қандай ўқидинг?” У эса: “Спарк беришади-да”, деб жавоб берди. Кўряпсизми, мақсад бадиий дидни шакллантириш, асардан эстетик завқ олиш, мутолаа эмас, машина бўлиб қоляпти. Бу эса китобхонликнинг асл моҳиятини ўзгартиради.

Менимча, китобхонликни рағбатлантиришнинг бошқа йўллари ҳам бор. Масалан, китоб ўқиган ёшларни телевидениега таклиф қилиш, уларга ўқиган асарлари ҳақида фикр билдириш имконини бериш мумкин. Тасаввур қилинг, бир ёш китобхон телевизорда ўзи ўқиган асар ҳақида жон-дили билан гапириб берса, бошқа бир китобхон унинг фикрига муносабат билдирса, баҳс-мунозара юзага келса. Шу жараённинг ўзи катта рағбат. Илгари мактаблараро китобхонлик мусобақалари ҳам бўларди. Шундай анъаналарни қайта тиклаш керак. Тўғри, мукофот, рағбат инсоннинг ижодий ютуғини эътироф этиши мумкин, лекин билим ва қобилиятни баҳолашда адолат мезони устувор бўлиши шарт.

– Сизнингча, бугунги таълим тизимида ҳам китобхонлик ва умумий саводхонликка таъсир қилаётган муаммолар борми? Айримлар мактабда барча фанларни ўқитишдан кўра, ўқувчини келажакдаги касбига мос фанларга йўналтириш тарафдори.

– Бу фикрда жон бор. Лекин бирёқлама ривожланиш ҳам инсонни чеклаб қўяди. Бугун айрим ўқувчилар кириш имтиҳонида топширадиган фанларига кўпроқ эътибор қаратиб, қолган фанлардан узоқлашиб қолмоқда. Масалан, математик бўлмоқчи бўлган бола математика ва чет тилини ўрганади, бошқа фанларга эса етарлича вақт ажратмайди. Филологияга киришни истаган ўқувчи ҳам ўзига керакли фанлар билан чекланиб қолиши мумкин.

Лекин умумтаълим мактабининг вазифаси фақат олий таълимга кириш учун тайёрлаш эмас. У болага умумий тушунча, кенг дунёқараш ва ҳаётда зарур бўладиган билимларни бериши керак. Акс ҳолда, ўқувчи бир соҳада яхши мутахассис бўлиши мумкин, аммо бошқа оддий масалаларда ожиз қолади. Масалан, электр ўчиб қолса, лампочкани бураб алмаштиришни билмайдиган инсон қандай умумий саводхонликка эга бўлади?

Таълимда Финляндия, Япония, Скандинавия ва бошқа давлатлар тажрибасини ўрганишимиз мумкин. Лекин нега ўзимизнинг педагогик тажрибамиз бўлмаслиги керак? Абдулла Авлоний каби маърифатпарварларимиз нима учун яшаб, ижод қилган? Бир аср давомида рус педагогикаси тажрибасини ўргандик. Энди ҳаммасини четга суриб, нолдан бошлашимиз керакми? Ўзимизнинг тарихий тажрибамизни ҳам замонавий таълим билан уйғунлаштиришимиз лозим эмасми?

Яна бир жиҳат бор: болага билим беришда унинг ёш хусусиятларини ҳисобга олиш керак. Биринчи синфда ўқийдиган набирамнинг дарслигини кўриб қолдим. Эндигина тили чиқаётган, фикрини тўлиқ ифодалашга қийналаётган болага тўрт-беш бўғинли мураккаб сўзлар берилган. Ахир бола аввал “ота”, “она”, “ош”, “ол”, “бобо” каби содда сўзларни ўрганиши керак-ку. Таълим боланинг имкониятига мос бўлиши зарур.

– Бугун айрим ота-оналар фарзандлари ҳали она тилида тўлиқ гапиришни ўрганмасидан чет тилларини ўргатишга киришади. Бунга қандай муносабатдасиз?

– Боланинг ёшлигидан хорижий тилни ўрганиши ёмон эмас. Бироқ бир нарсани унутмаслигимиз керак: она тили масаласи ҳамиша эътибор марказида бўлиши лозим. Агар миллатимизнинг тили ва ўзлигини сақлаб қолишни истасак, бу масалага бефарқ қарай олмаймиз. Инглизлар ўз фарзандларига ўзбек тилини ўргатмайди, японлар ҳам бошқа халқларнинг тилини ўз тилидан устун қўймайди. Ҳар бир халқ, аввало, ўз тилини асрайди. Биз ҳам хорижий тилларни ўрганиш билан бирга, ўзбек тилининг мавқеини янада мустаҳкамлашимиз керак. Чет тилини билиш — имконият, аммо бу она тилини унутиш ҳисобига эмас. Она тилига муҳаббат, аввало, оилада шаклланади. Кейин бу мактабда, жамиятда ва давлат миқёсида давом этиши зарур.

Тил — ҳаёт каби бепоён. Мен ўзбек тилини давлат тили бўлгани учун эмас, она тилим бўлгани учун ҳурмат қиламан. Агар у давлат тили мақомига эга бўлмаганида ҳам, унга муносабатим ўзгармас эди. Зеро, Ватанни фақат унинг мақоми ёки чегаралари учун эмас, балки у бизники бўлгани, унда аждодларимизнинг изи, хотираларимиз ва миллий ўзлигимиз мужассам топганлиги учун севамиз.

– Миллий маънавиятимизга оид қимматли мулоҳазаларингиз учун ташаккур!

Фарангиз АБРУЕВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan