ЎЗБЕКИСТОНДА БИЗНЕСНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
“Бизнесни ривожлантириш банки” ташаббуси билан ташкил этилган халқаро форум мавзуси ана шундай номланди
“Бизнесни ривожлантириш банки” қулай кредитлар ажратиш, соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга мақбул лойиҳалар тақдим қилиш, фаолиятини молиялаштиришда катта мавқега эга бўлган банк муассасаси ҳисобланади. Куни кеча “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банкининг корпоратив университети ташаббуси билан Москва “Skolkovo” бошқарув мактаби ҳамкорлигида иш бошлаган халқаро бизнес форуми мазмун-мундарижаси юқоридаги мавзуга асосан иш бошлади.
Пойтахтимиздаги “Intercontinental Tashkent” меҳмонхонаси анжуманлар зали. Форум координатори “Skolkovo” бошқарув мактаби фахрий профессори Елизавета Садова анжуманни очиб бериш учун Ўзбекистон Республикаси “Бизнесни ривожлантириш банки” бошқаруви раиси Сахи Аннакличевни минбарга таклиф этди.
Банк бошқарув раиси Сахи Аннакличев, аввало, анжуманга йиғилган мамлакатимиздаги йирик компаниялар таъсисчи ва раҳбарлари, тадбиркорлар, тегишли давлат идоралари вакиллари, шунингдек, халқаро экспертлар, бизнес таълими соҳаси мутахассисларини самимий қутлади.
— Биз анчадан буён бундай ҳамкорликни йўлга қўйишни ният қилиб юрардик, — деди банк бошқаруви раиси. — Форумни ўтказишдан асосий мақсадимиз иштирокчиларга бозордаги ўзгаришлар ва давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот бериш, бизнесни ривожлантириш ва бошқаришнинг замонавий воситаларини тақдим этиш, шунингдек, банк, ҳамкорлар ва халқаро экспертлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратишдир.
Молия муассасаси раҳбари мамлакат иқтисодий сиёсатининг бугунги кундаги устувор вазифалари ҳақида ҳам фикр юритар экан, давлат аҳамиятига молик муҳим тармоқлар ва замонавий бошқарувда кадрларга бўлган талаб ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Москва “Skolkovo” бошқарув мактаби ректори Александр Ким сўз олиб, бизнес форуми иштирокчиларини қутлади. Мазкур мулоқотлар тадбиркорлар ва бизнес раҳбарлари учун янги билим ва бошқарув тажрибасини эгаллаш, ўз фаолиятида замонавий ёндашувларни қўллаш, истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда бизнесни ривожлантиришнинг янги имкониятларини кашф этишга хизмат қилишини айтди.
Форумнинг очилиш маросимида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бошқаруви раҳбарияти, корпоратив университет вакиллари иштирок этди.
Анжуманнинг биринчи кунида компаниялар таъсисчилари, кузатув ва бошқарув кенгашлари аъзолари, бош директорлар ҳамда юқори бўғин раҳбарлари учун стратегик ривожланиш ва корпоратив бошқарув масалаларига бағишланган муҳокама ва тақдимотлар ўтказилди.
Унда Москва “Skolkovo” бошқарув мактаби вакиллари ҳамда бошқа экспертлар маъруза ва амалий машғулотлар билан иштирок этди.
Кун тартибига кўра, компанияларда корпоратив маданиятни шакллантириш, раҳбарлар тайёрлаш, глобал мегатрендларнинг бизнесга таъсири, халқаро музокараларда маданиятлараро мулоқот, компания стратегияси ва бизнес моделини такомиллаштириш, маҳаллий брендларнинг глобал бозордаги рақобатбардошлигини ошириш каби мавзулар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Тадбиркорлар ва ривожланаётган бизнес вакиллари учун амалий масалаларга йўналтирилган тақдимотлар қилинди.
Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари, “Бизнесни ривожлантириш банки” мижозлари, тадбиркорлар, “Yandex Uzbekistan”, “Тадбиркор аёл” (“Business Woman”) уюшмаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари, шунингдек, “Skolkovo” бошқарув мактаби экспертлари иштирок этди.
Тадбиркорликни кенгайтириш учун зарур молиявий ресурслар, янги бозорларга чиқиш, малакали кадрларни жалб қилиш ва бизнес ҳамкорликларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, лидерлик, шахсий самарадорлик, раҳбарнинг замонавий бошқарув компетенциялари ва сунъий интеллектнинг раҳбарлик фаолиятига таъсирига алоҳида эътибор қаратилди.
Дастур доирасида иштирокчилар танлови асосида ўтказиладиган тематик секциялар ҳамда “Kulturalli” номли бизнес-ўйин ҳам мавжуд. Ушбу машғулотлар турли ишбилармонлик маданиятлари билан ишлаш, жамоавий ҳамкорлик ва маданиятлараро мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Форум давомида экспертлар ва иштирокчилар ўртасида фикр алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, банк ҳамкорлари билан учрашувлар ва нетворкинг тадбирлари ҳам ташкил этилди.
Форумда иштирок этаётган “Urban track” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сарвар Миртурсунов билан мулоқот қилдик.
— Узоқ йиллардан бери “Бизнесни ривожлантириш банки” билан ҳамкорлик қилиб келмоқдаман, — деди Сарвар Миртурсунов. — Ушбу анжуманда, айниқса, ёш тадбиркорлар дунё миқёсида бизнесни ривожлантириш учун нималарга эътибор бериши, профессионал ёндашув қандай бўлиши кераклиги хусусида қимматли маслаҳатлар олишмоқда. Бизнесда ностандарт ҳолатларни ҳал қилишда профессионал мутахассисларнинг маслаҳатлари ниҳоятда аҳамиятлидир. Айниқса, бизнес юритишда ҳар бир жараённинг ичига чуқур кириш механизмини ўрганиш зарур. Банк билан ҳамкорликда иш ўринлари яратиш бўйича катта лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдаман. Кейинги икки-уч йил ичида биргаликдаги ҳамкорлигимиз туфайли жамоамизнинг бизнес даражаси бир неча бараварга ривожланди. Биз Ўзбекистон ҳудудида микромобиль хизматларни йўлга қўйиш билан шуғулланамиз. Банк билан қилган ҳамкорлигимиз самараси туфайли бугун 50 мингдан ортиқ курьерлар — етказиб берувчиларни иш билан таъминлаганмиз. Ҳозир уларнинг ҳар бири ойига 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача даромад қилишмоқда.
Сўзимизни Москва “Skolkovo” бошқарув мактаби ректори Александр Кимнинг қуйидаги фикрлари билан якунламоқчимиз: “Ушбу анжуманда фақат чиқишлар ва маърузалар тинглаш билан чекланиб қолинмайди. Бизнес вакилларининг қўлга киритган ютуқлари тажрибаси ва уларга эришиш йўллари кўрсатилиб берилаётгани билан форумнинг аҳамияти каттадир”.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
аъзоси.
