ОТА ВА БОЛА

Яхши биласиз, Бўстонлиқ Тошкент вилоятидаги энг сўлим гўшалардан бири. Оқтош сиҳатгоҳида дам олаётган бир гуруҳ кишилар раҳбарият ташаб­буси билан Нанай қиш­лоғида жойлашган шаршарага саёҳатга чиқадиган бўлдик. Саёҳатчиларга сиҳатгоҳдан микроавтобус ажратилди. Автобус ойнасидан атрофдаги гўзалликдан дам ҳайратга тушиб, дам лол бўлиб бир-биримизга ҳаяжонимизни сўзлаймиз.

Кўкка мағрур бўй чўзган сарвқомат тераклар, арчазору бодомзорлар, шарқираб оқаётган Угом дарёси, осмон билан ранг талашаётган сув омбори, мусаффо осмон, баланд қоялар тепасида чарх ураётган бургут… Эҳ-ҳе, бу манзараларни таърифлашга тил қосир, қалам ожиз.

Кекса-ю ёш, йигиту қиз мусаввир табиатнинг маҳоратига маҳлиё, фусункорликни қалбига жойлаш учун ундан кўз узмай кетяпти. Бироқ… ҳа, бироқ автобуснинг орқа ўриндиғида қўлидаги телефонга тикилиб кетаётган 7-8 ёшли болакайгина бу ҳаяжону ҳолатлардан олииис-олисларда кетарди. У на атрофдаги қий чув­ни, на машина ойнасидан қўл силкиб қолаётган мўъжизани пайқарди. Автобус паст-баланд тоғ йўлларидан сакраб-сакраб бораётгани ҳам уни ташвишга  солмасди.

— Ўғлим, — дедим боланинг дадасига юзланиб. — Йўл жуда нотекис, бунақада ўғлингиз кўзини чарчатиб қўяди. Телефонни олиб қўйинг. Кўриши ёмонлашади. Ўсаётган бола бўлса…

Ота  хижолат бўлиб ўғлининг  қулоғига пичирлади.

— Йўқ, йўқ, – деди болакай русчалаб, – ўз ҳолимга қўйинг, ҳали ўйиним охирига етмади. Жим ўтиринг. Сал қолди сизни деб ютқазиб қўйишимга.

Ота унга бир зум қараб турди-ю, ўзинг биласан, дегандай елкасини қисиб юзини дераза томонга бурди.

— Ўғлингиз русча мактабга борадими?, – дедим боланинг ҳаракатларидан норози бўлиб.

— Ҳа, кичкиналигидан тили русча чиқди. Шу телефон, компьютернинг таъсири бўлса керак. Ноилож, русча мактабга бердик, – деди ота хижолат бўлиб. — Жуда қайсар, жаҳли бурнининг учида туради. Ўз билганидан қолмайди. Айтганини қилдиради. Уйқудан уйғонибоқ телефон сўрайди. Бошқа болаларга ўхшаб бас­сейнда чўмилишга ҳам, теннис ўйнашга ҳам чиқмайди. Табиат бағрида бўлса у-бу нарсага чалғир, деб олиб келгандим. Қаёқда, сиҳатгоҳда ҳам шу аҳвол, ҳайронман.

Ҳайрон бўлаётган отага ачиниш ҳисси билан қараб, таассуф билан бош чайқадим, лекин ҳеч нима демадим. Қизиқ, на она тилини, на ўзбекча одобни билмаса… атрофидаги янги одамларга, табиатга, эврилишларга бутунлай бефарқ бўлса. Қалбида Ватан деган тушунча бўлмаса, жангари, беҳаё фильмларни кўриб улғаяётган бу бола эртага ким бўлади? Ундан ота-онасига, халқига, ватанига қандай наф тегади? Мен ана шундай хавотирда яна болага қарадим. У эса автобус ўриндиғига суяниб олганча телефонга тикилиб ўз-ўзига жиннидек тиржаярди.

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =