Қурбонлик қилиш амали ва фазилатлари
Бугун бутун ислом оламида қутлуғ байрам – Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда. Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам, аввало, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар келтирмоғи учун ҳам катта бир саодатли кунлардир. Қолаверса, ушбу байрамнинг аҳиллик, саховат ва олийжаноблик каби фазилатлари юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик тамойилларига ҳамоҳангдир.
Шу кунларда қанча юртдошларимиз муқаддас Ҳаж зиёратини адо этишмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси ва ғамхўрлиги боис юз нафар фаол ва юртимизга меҳнати сингган обрў-эътиборли ватандошларимиз ҳам қутлуғ амалларини бажаришмоқда. Улар кўрсатилган бундай марҳамат, эътибордан миннатдор бўлиб, Президентимизни, Ватанимизни, бутун халқимизни дуо қилишмоқда.
Қуйида Қурбонлик қилишнинг савоби ва амаллари ҳақида сўз юритилади.
“Кимки хурсандчилик билан, савоб умидида қурбонлик қилса, қурбонлиги унга дўзахдан парда бўлади” (Имом Табароний ривояти), дея марҳамат қилганлар суюкли Пайғамбаримиз.
Шу ўринда Жалолиддин Румий ҳазратлари “Маснавийи маънавий” асарида ажиб ҳикояни келтиради. Бир қишлоқда ниҳоятда ғариб, камбағал киши яшар эди. Бир йили қаҳатчилик бўлиб, қудуқлар, ҳовузлар қуриб қолди. Одамлар ҳолдан тойган, ҳалиги бечоранинг эса аҳволи янада оғир эди.
Бир куни хотини унга: “Бағдод халифаси ниҳоятда карамли, саховатли, деб эшитганман. Унинг олдига боринг, шояд биз ҳам рўшнолик кўрсак”, деди. Эри унга: “Халифанинг ҳузурига совға-салом билан бориш керак. Бизда ҳеч вақо йўқ бўлса”, деди. Шунда хотини: “Сойда чучук сув йиғилиб қолган. Бундай ширин сув халифа ҳузурида бўлмаса керак. Ўша сувдан бир идишга солиб олиб боринг”, деди. Бу фикрдан мамнун бўлган эри сувни кўзага солиб, йўлга равона бўлди. Хотин эса эрининг эсон-омон бориб келишини Яратгандан тилаб дуога қўл очди.
Эр Бағдодга етиб бориб, халифа ҳузурига кирди. Халифа ундан: “Қўлингдаги нима?” деб сўради. Ҳалиги одам “Бу жаннат суви. Бундай сувни ҳеч ким ҳеч қачон ичмаган”, деди.
Халифа хизматкорларига мусофирни бир кўза олтин билан сийлаб, дарё йўли билан уни кузатиб қўйишни буюрди. Ҳалиги одам йўлда Дажла дарёсини кўриб, наҳотки халифа шунча сув бўла туриб менинг сувимни олиб қолди ва эвазига шунча олтин берди, деб ҳайрон бўлди.
Аслида, халифа сувга муҳтож эмас эди. Бироқ у саховати туфайли мусофирнинг кўнглидаги ихлосини қадрлаш, уни шод этиш мақсадида олтин ҳадя қилди.
Бу ҳикоядан маъно шуки, Аллоҳ таоло бизнинг қурбонликларимизга муҳтож эмас. Биз эса доимо Раббимизнинг иноятига, раҳмати ва мағфиратига муҳтожмиз.
Қурбонликнинг фазилатлари жуда каттадир. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг ғазабини сўндиради, Роббимизнинг розилигига эриштиради.
Қурбонлик қилишга имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаслик хайрли иш эмасдир. Зеро, қурбонлик қилишда барча — эру хотин, бола-чақа, фақиру мискинлар учун умумий манфаат бордир. Қурбонлик туфайли Аллоҳ таолонинг умумий афви намоён бўлади.
Одам алайҳиссаломдан то Исо алайҳиссаломгача қурбонлик гўштини ейиш жоиз бўлмаган. Уларнинг даврларида қурбонлик Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул бўлса, бир олов келиб уни куйдириб юборар эди. Уммати Муҳаммадияга эса Аллоҳ таоло қурбонлик қилувчига ўзи қурбонликка сўйган жонлиқни ҳалол қилди.
Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Роббимизга нисбатан юксак одобни ифодалайди. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмас. У зотга фақат банданинг тақвоси етади, холос. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллигидан дарак беради.
Қурбонликнинг яна бир ҳикмати камбағалларнинг кўнгилларини кўтаришдир. Уларга яроқсиз, нуқсонли ҳайвонларни эмас, балки энг афзал, энг соғлом жонлиқ гўштини эҳсон қилишнинг ажри жуда катта амаллардандир.
Қурбонликнинг битта рукни бор. У ҳам бўлса, қурбонлик қилиниши жоиз бўлган жонлиқлардан бирини Қурбон ҳайити кунлари сўйишдир.
Жонлиқни сўймасдан тирик ҳолда бирор камбағалга бериш қурбонлик ҳисобига ўтмайди. Бу иш фақат садақа бўлиб қолади. Бироқ қурбонлик вожиб бўлган киши сотиб олган қурбонлигини қандайдир сабаб билан сўймаса ёки бирор жонлиқ ололмай қолган бўлса, уни Қурбон ҳайити ўтгандан кейин ўша жонлиқ қийматини фақирларга садақа сифатида беради. Бундай вазиятда сотиб олиб, лекин сўя олмаган қурбонлигини фақирга тирик ҳолда ҳам бериш мумкин.
Қурбонлик сўйишда бундай ният қилинади: “Ё Роббим, шу жонлиқни Сенинг розилигинг учун сўйишга ният қилдим. Даргоҳингда қабул айла!”
Шундан сўнг уч марта “Аллоҳу акбар!” дея такбир айтади ва: “Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар!” деб қурбонликни сўяди.
Қуйида қурбонликка доир айрим савол-жавоблар билан ҳам танишинг:
Савол: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилмоқчи эдик. Умуман, оила катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини олиб қолса бўладими?
Жавоб: Қурбонлик қилувчи инсон Аллоҳ таолонинг розилиги учун қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш билан зиммасидаги бир вожибни адо этган бўлади. Сиз сўраганингиздек, катта оилалар қурбонлик гўштининг ҳаммасини ўз оилалари учун олиб қолиши жоиз. Шунингдек, қурбонлик қилувчи ҳайит куни гўштнинг ҳаммасини муҳтож инсонларга тарқатиши ҳам жоиз.
Оиласи катта бўлганлар қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини тарқатиши, бир қисмини ўз оиласи учун олиб қолиши ва яна бир қисмини қариндош-уруғ ва яқинлар билан пиширган ҳолда баҳам кўриши мустаҳабдир.
Савол: Биз кўп қаватли уйда истиқомат қиламиз. Қурбон ҳайити кунлари ғайридин қўшниларимизга қурбонлик гўштидан берсак бўладими?
Жавоб: Ғайридин кишиларга қурбонлик гўшти ва нафл садақалардан бериш жоиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана сураси, 8-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ғуломига: “Қўчқорни сўйиб, яҳудий қўшнига насиба бергин”, деди. Бир соат вақт ўтгач, яна деди: “Эй ғулом, агар қўчқорни сўйсанг, яҳудий қўшнимизга насиба бер”. Ғулом: “Яҳудий қўшни бизларга азият беради-ку!” деди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Эй қулоқсиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилаверганларидан қўшни қўшнига меросхўр бўлса керак, деган ўйга бордик”, деди.
Толибжон НИЗОМнинг
“Қурбонлик” рисоласидан олинди.
