Шукроналик янги неъматларнинг эшигини очади

Инсон умрида шундай калит борки, у ҳеч қандай темирдан ясалмаган. Унинг товуши, ранги йўқ. Аммо у очмайдиган эшик ҳам йўқ. Бу калитнинг номи — шукроналик.

Кўпчилик неъмат келса, шукур қиламан, деб ўйлайди.

Мен эса ҳаётдан бошқачароқ бир ҳақиқатни ўргандим.

Аввал шукур келади, кейин неъмат. Чунки шукроналик — неъматнинг тонгидир.

Мен умрим давомида бойликнинг ҳам, камчиликнинг ҳам, шодликнинг ҳам, дарднинг ҳам остидан ўтдим. Ҳар сафар ҳаёт менга бир ҳақиқатни қайта-қайта ўргатди: нолиб яшаган инсоннинг кўзида ҳатто қуёш ҳам шам бўлиб кўринади.

Шукур билан яшаган инсон эса битта юлдуздан ҳам осмон топади.

Шукроналик — қалбни бойитади.

Қалб бойиган жойга эса Яратган янги неъматларни юборишдан аямайди.

Чунки бўш идиш эмас, миннатдор қалб баракани сиғдира олади.

Баъзан мен дарахтларга узоқ тикилиб қоламан. Улар ҳеч қачон меваси ёки илдизи билан мақтанмайди. Улар фақат осмонга қараб ўсади.

Шукроналик ҳам худди шундай. У инсоннинг нигоҳини ердан осмонга кўтаради.

Менимча, халқларнинг тақдири ҳам бир инсон тақдиридан фарқ қилмайди.

Неъматнинг қадрига етган миллатнинггина келажаги ёруғ бўлади. Шукроналикни қалбига жойлаган юртнинг фарзандлари умид билан яшайди.

Шу маънода мустақиллик ҳам бизга берилган энг улуғ неъматлардан биридир.

Унга шукур қилиш — уни илм билан асраш, меҳнат билан мустаҳкамлаш, виждон билан ҳимоя қилиш, севги билан безашдир.

Шукроналик — ҳар куни яхшироқ инсон бўлишга интилиш, ҳар куни бир эзгу иш қилишдир.

Ҳар куни Ватанга, одамларга ва Яратганга бўлган муҳаббатни амал билан исботлашдир.

 

Тўзон бўлиб тўзмасдан ҳаёт,

Уволига қолмасдан вақтнинг,

Беҳудага сотмай сафсата,

Нимадир қил, яйрасин кўнглинг.

 

Тошмасидан сабр дарёси,

Тўлқин каби кетмасдан кунинг,

Ўзанини бузмасдан бардош,

Нимадир қил, яйрасин кўнглинг.

 

Ёқасини йиртмасдан дунё,

Тўзмасидан умидинг-тўнинг.

Либос кийдир юпун умрингга,

Нимадир қил, яйрасин кўнглинг.

 

Хархашадан чиқар бошингни,

Ташвишлардан бўшасин қўлинг.

Юрагингни эзмасин армон,

Нимадир қил, яйрасин кўнглинг.

 

Яна минг йил яшагинг келса,

Яна қайтсанг, шу бўлса йўлинг.

Ўлмай десанг ўлмасдан аввал,

Нимадир қил, яйрасин кўнглинг.

 

Мен бугун ҳаётга ортиқча талабларсиз, шукур билан қарайдиган бўлдим. Чунки кеча орзу бўлган нарсалар бугун ҳаётимни тўлдириб турибди. Кеча мен излаган нур, аслида, шукроналикнинг ўзи экан.

Шукур айтган юрак ҳеч қачон қашшоқ бўлмайди. Чунки унинг энг катта бойлиги — қаноат. Энг катта қудрати — умид.

Энг катта давлати эса элнинг эътирофи, меҳри экан.

Бугун мен ҳаётимга, Ватанимга, халқимга, менга ишонган инсонларга ва ҳар бир янги тонгга қараб яна бир бор айтаман: Шукур… шукур!

Шукроналик — янги неъматларнинг эшигини очади.

…Яратганнинг неъматлари эса баъзан инсонга ризқ бўлиб келади.

Баъзан илм бўлиб, баъзан тинчлик бўлиб келади.

Баъзан эса халқ тақдирига раҳнамолик қиладиган заковатли инсонлар тимсолида келади.

Халқнинг йўлини ёритадиган ақл ҳам неъмат.

Миллатни бир мақсад атрофида бирлаштира оладиган ирода ҳам неъмат.

Юртни бошқариш салоҳияти ҳам неъмат.

Эртанги кунни кечагидан нурлироқ қилиш учун тинмай изланадиган тафаккур ҳам неъмат.

Биз юртимиз тараққиёти йўлида хизмат қилаётган инсонларнинг саъй-ҳаракатини ҳам қадрлай билишимиз керак.

Баъзан мингта яхшиликлар ичида биргина кичик нуқсонни топиб олиб, ўша ерда тўхтаб қолган ношукурларни кўриб, шундай дегинг келади:

 

Ёмонлик изламанг, ёмонлик топманг,

Қуёшли юзига булутлар ёпманг,

У ҳукми Худодир, гуноҳга ботманг,

Юзи кулиб турган одамнинг,

Юзи кулиб турган одамнинг.

 

Бир нигоҳ ташласа, чаманлар унгай,

Хўмрайган қоялар, харсанглар кулгай,

Тошқинлар тингайдир, тўлқинлар тингай,

Кўзи кулиб турган одамнинг,

Кўзи кулиб турган одамнинг.

 

Энг олий мақом-ку лафзи ҳалоллик,

Душмани дўст бўлар, қўрққай ёмонлик,

Ҳар бир жон, ҳар бир руҳ топгай омонлик,

Сўзи кулиб турган одамнинг,

Сўзи кулиб турган одамнинг.

 

Карвон хатар билмас мард бўлса сарбон,

Безавол юрт борар, кутиб ол, жаҳон,

Ортидан етиб кўр, эй, танбал замон,

Изи кулиб турган одамнинг,

Изи кулиб турган одамнинг.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар, бунёдкорлик ва ислоҳотлар миллионлаб ватандошларимизнинг меҳнати билан бир қаторда, Президентимизнинг ташаббуси, заковати ва сиёсий иродаси билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Унинг нигоҳи, унинг ўй-хаёллари, шижоатлари сиз билан бизникидан жуда катта фарқ қилишини тушуниб етиш вақти келди. Чунки кейинги ўн йилликда Янги Ўзбекистон буни аллақачон исботлаб бўлди.

Шукроналикнинг маъноси ҳам ана шунда. У нафақат неъматни тан олиш, балки унинг қадрига етишдир.

Мен бугун юрагимдаги энг самимий туйғу билан айтаман:

Янги Ўзбекистон — шукроналик эвазига қурилаётган юрт.

Унинг бунёдкор халқига тасанно! Унинг эзгу орзуларига тасанно!

Унинг келажаги учун масъулиятни зиммасига олган фидойи инсонларга, элбошисига тасанно!

 

Қара, уни Тангри севяпти,

Айтганлари айтгандай бўлар.

Бир қарашдан қасрлар пайдо,

Бир нигоҳдан йўллар тўшалар.

 

Уни агар қўлламаса Ҳақ,

Бўлармиди бошимизга тож.

Ризқ дарёсин тўғонин очар,

Баҳра олар чор, ночор, муҳтож.

 

Севиб турса Илоҳнинг ўзи,

Қандай яхши кўрмай бўлади?!

Юртбоши учун шукрона айтсанг,

Икки дунёнг нурга тўлади.

Фарида АФРЎЗ

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 4 =