Улуғларга беҳурматликнинг оқибати
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ҳар хил кимсалар, айниқса, бемазҳабликни тарғиб қилувчилар томонидан нафақат юртимиз уламолари, балки мазҳаб асосчилари бўлган мужтаҳид зотларга нисбатан ҳам ахлоқсиз иборалар ишлатилаётганига гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Ҳа, яширадиган жойи йўқ: интернетда уламо ва аҳли илмни камситиш, масхаралаш, ҳақорат қилиш ҳоллари кузатилмоқда.
Бутун дунё мусулмонлари ҳамфикр бўлган, аҳли илм ижмоъ қилган (бир овоздан маъқуллаган) масалалардан бири — уламоларни масхаралаш, ҳақорат қилиш ёки камситишнинг ҳаромлигидир. Илмли инсонлар ҳурмат-иззатга бошқалардан кўра сазоворроқ эканига шак-шубҳа йўқ. Ҳақ таоло: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз” (Анбиё сураси, 7-оят) деб, уларнинг даражасини Ўз илоҳий эътибори билан юксалтириб қўйган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм аҳлини мақтаб бундай дейди: “Эй мўминлар! Қачонки сизларга йиғилишларда “(даврани) кенгайтирингиз!” дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (керак пайтида кенг) жой берур. Яна қачонки “турингиз!” дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Олимга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш эълон қилган кабидир. Ҳақ таоло билан урушга кирган кимса эса ҳеч қачон ғолиб бўлолмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан”, дейди” (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Ҳажар Асқалоний: “Аллоҳнинг дўсти — Парвардигорни танийдиган ва доим Унинг тоатида бўладиган олимдир”, — деган.
Ибн Жавзий шундай ёзади: “Ким мусулмонларнинг обрўсига тил теккизса, уларнинг тирноғи остидан кир қидириб, айбларини очишга уринса, ўлим келган пайтда Аллоҳ унинг тилини шаҳодат калимасини айтишдан тўсиб қўяди”.
Уламоларни калака қилишга уриниб, турли видеоларни монтаж қилаётган ва улар ҳақида ҳақоратли гапларни пост сифатида жойлаётганлар ажал остонасида тили калимага келмай қолишидан қўрқсалар бўларди. Уламоларни масхара қилишга уринаётган тил, оёқ ва қўллар қиёмат куни ўз эгаларига қарши гувоҳлик беришидан ҳадиксирасинлар.
Ибн Асокир эса: “Ким уламоларни ҳақоратлаш ёки уларга туҳмат қилишда тилига эрк берса, вафотидан олдин Аллоҳ таоло уни қалб ўлимига гирифтор қилади”, — деган.
“Абу Ҳанифа ундай”, “Имом Бухорий бундай” дейдиганларга ҳар қанча тушунтирманг, тушунишни исташмайди. “Ҳой, тилингизга эрк берманг, уламоларга тош отманг, тилингизни тийинг”, дейсиз, лекин бефойда.
Суҳайл Андалусий ҳикоя қилади: “Бир қўшнимиз бор эди. Аллоҳ унга бойлик ва обрў бериб қўйган, жуда бадавлат эди. Аммо энг ёмон одати — дин олимларини калака қилиш ва уларга азият бериш эди. Бир куни Аллоҳ розилиги учун унга насиҳат қилганимда, мени камситиб, уйидан ҳайдаб солди. Аллоҳга қасамки, орадан 20 йил ўтиб, у фалаж бўлиб қолди, мол-дунёсидан айрилди. Муҳтожликдан шаҳар бозорида тиланчилик қила бошлади. Кейин бирдан бозорда кўринмай қолди. Орадан уч кун ўтиб, бозор орқасидаги ташландиқ, хароба жойдан жасади топилди. Бутун шаҳар уламоларига азият етказган бу инсоннинг умри мана шундай аянчли якун топди”.
Имом Нававий шундай дейди: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ким фақиҳга азият етказса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказибди. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказса, Аллоҳ таолога азият етказибди”, деганлар”. Бу ердаги “азият етказиш” деганда, албатта, жисмоний зарар эмас, балки камситиш, ҳақорат қилиш, илмни менсимаслик ва обрўсизлантириш назарда тутилади.
Уламоларни ҳақорат қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларини камситишга, бу эса, ўз навбатида, Аллоҳ таолонинг динига ҳурматсизлик қилишга олиб боради.
Абдуллоҳ ибн Муборак: “Ким олимларни ерга урса, охирати барбод бўлади; ким амирларни ерга урса, дунёси барбод бўлади; ким биродарларини ерга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”, — деган.
Олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай, ҳақларини муносиб равишда адо этмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунёга фойдаси тегадиган етук шахслар — олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтиришнинг иложи йўқ. Бу — бамисоли уруғни ерга қадамай туриб ҳосил кутишдай гап.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга нисбатан шу қадар одоб сақлаган эканки, илмий масалалардан бирини сўраш учун орқаларидан бир йил давомида юриб ҳам, ҳайбатларидан ҳайиқиб, сўрай олмаган эканлар.
Суфён ибн Уяйна: “Солиҳлар ёдга олинган жойга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади”, — дейди.
Имом Аҳмад бетоб бўлиб ётганида ҳузурида уламолардан бири тилга олинди. Шунда у зудлик билан ўтириб олди-да: “Солиҳ кишилар тилга олинаётганда бизнинг ёнбошлаб ётишимиз одобдан эмас”, — деди.
Ҳозир интернет тармоқлари орқали уламолар билан ўзига тортишаётган, уларга савол беришда одобсизлик ва қайсарлик қилаётганлар юқоридаги ҳақиқатни яхшилаб англаб олишлари керак. Уламоларнинг ҳатто номи зикр қилингандаёқ ҳурмат кўрсатиш лозим экан, демак, улар билан бўладиган ҳар қандай мулоқотда одоб доирасидан чиқмаслик шарт.
Қолаверса, нафақат илм аҳлига балки ҳар бир инсонга озор беришнинг энг оммалашган ва кўпчилик эътибор бермайдиган кўриниши — инсоннинг обрўсини тўкиш, ғийбат қилиш, туҳмат ва бўҳтон тошларини отишдир.
Имом Авзоий: “Аҳли илмнинг, хусусан, уларнинг улуғлари ортидан ёмонлаб гапириш гуноҳи кабиралардандир”, — деган.
Шахсий кузатув ва тажрибалари асосида синовдан ўтказган уламолар шундай дейдилар: “Ким уламоларни ғийбат қилса, улар ҳақида нолойиқ сўзларни айтса, одамлар орасида айбини ошкор этса ва шундан кейин қилган иши учун улардан кечирим сўраб, розилигини олмай, тавба қилмай вафот этса, қиёмат кунига қадар унинг зурриётидан илм одами чиқмайди”.
Қолаверса, бугун кенг тарқалаётган, одамларни ўзининг домига тортиб олаётган фитналардан бири — уламоларни масхаралаш, уларга таъна қилиш, аҳли илмни кофирликда айблаш, ҳақоратлаш, айтган гап ёки қилган ишларини киноя билан сўзлаш, шахси билан бирга илмини ҳам камситиш каби иллатлардир. Бу — инсон имонига зарар етишининг ва етти пуштидан олим чиқмаслигининг омилидир. Уламоларимизни ва аҳли илмни ҳақоратлашни касб қилиб олганларнинг ўзидан ҳам, етти пушти ва яқинларидан ҳам қорилар, уламолар ва илм одамлари чиқмайди. Буни унутмаслик лозим.
Хулоса шуки, оддий инсонларни ҳам ҳақоратлаш ёки уларга туҳмат қилиш ҳаромдир, гуноҳдир. Аммо мўмин-мусулмонларнинг пешволари ва устозлари бўлмиш буюк алломаларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш нафақат ҳаром, гуноҳ, балки фитначининг ўзи ва зурриётлари учун оқибати фожиали бўлган ишдир. Барча буюк зотларга ҳасад қилувчи, шунчаки ичиқоралик билан ёки фитна мақсадида уларнинг обрўсини тўкиш учун халқ орасида турли туҳмат, бўҳтон ва ғийбатларни тарқатадиган нобакорлар ҳар доим бўлган. Уларнинг умри аянчли якун топганига тарих гувоҳдир. Шундай экан, ҳар бир банда қилғилиқни қилишдан олдин оқибатини сал бўлса-да ўйлаб кўрсинлар.
Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими.
