Пул технологияга, технология билимга айлангандагина ютамиз

Сеулдаги келишувлар Ўзбекистонга миллиардлаб доллар эмас, ундан-да қимматли нарса —

ўз муҳандислик мактабини яратиш имконини бермоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 13-16 сентябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи якунида қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди, Корея “Эксимбанк”и билан эса 8 миллиард долларлик ҳамкорлик дастури қабул қилинди. Рақамлар ҳавас қиларли. Аммо ташрифнинг асл моҳияти пул миқдорида эмас: асосий масала — бу маблағлар Ўзбекистонда технологияга, технология эса билим ва малакага айлана оладими? Айнан шу ерда “инвестициядан технологияга, технологиядан билимга” деган уч босқичли мантиқий занжир юзага чиқади.

Уч босқич, ягона занжир

Биринчи босқич — инвестиция. Лойиҳалар юқори тезликдаги темир йўл, биотехнология, муҳим минералларни қайта ишлаш ва рақамли технологиялар каби технологик сиғими юқори соҳаларни қамраб олади. Шу боис уларнинг асл қиймати фақат молиявий ҳажм билангина ўлчанмайди.

Иккинчи босқич — технология. Кореянинг илғор ечимлари билан Ўзбекистоннинг хомашё ва саноат салоҳиятини бирлаштирувчи инновацион-технологик альянс тайёр ускуна сотиб олиш чегарасидан анча кенгдир. У минералларни чуқур қайта ишлаш, яримўтказгичлар ва янги материаллар учун дизайн-синов марказлари барпо этиш ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш каби йўналишларни ўз ичига олади.

Учинчи ва энг ҳал қилувчи босқич — билим. Технологияни шунчаки бошқара оладиган операторларнинг ўзи кифоя қилмайди; уни маҳаллий шароитга мослаштира оладиган, такомиллаштирадиган ва кейинчалик мустақил яратишга қодир бўлган муҳандис, технолог ҳамда тадқиқотчилар сув билан ҳаводек зарур.

Шу боис “Ўзбекистон — Корея саноат-технологик альянси”га фақат янги заводлар қуриш сифатида қараш нотўғри. Унинг асл мазмуни — минерал хомашёни шунчаки экспорт қилиш ўрнига “хомашё — чуқур қайта ишлаш — материал — бутловчи қисм — тайёр маҳсулот” занжирини мамлакат ичида йўлга қўйишдан иборат. Бизнес-форумда мисни қайта ишлаш, электротехника ускуналари, автомобиль ва электромобиль эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш, робототехника, биотехнология ҳамда фармацевтика йўналишлари айнан шу мақсадда алоҳида қайд этилди. Мухтасар айтганда, ушбу ташрифдаги туб бурилишни “Корея сармояси ёрдамида лойиҳа қуриш”дан “Корея технологиялари негизида Ўзбекистоннинг ўз технологик ва инсон капиталини яратиш”га ўтиш деб баҳолаш мумкин.

Энг мураккаби – технологияни сотиб олиш эмас, уни ўзлаштириш

Технологияни олиб келиш нисбатан осон: замонавий асбоб-ускуна, лицензия ёки рақамли ечимларни хорижий ҳамкордан харид қилса бўлади. Бироқ уни маҳаллий шароитга мослаштириш — соф муҳандислик маҳоратини талаб қиладиган вазифадир. Четдан келтирилган линия маҳаллий хомашё хусусиятларини инобатга олмайди, маҳсулот рецептурасини ишлаб чиқмайди, энергия сарфини мустақил камайтирмайди ёки маҳаллий деталларни сертификатлаб бермайди. Буларнинг бари технолог, конструктор, материалшунос, автоматлаштириш мутахассиси ва тадқиқотчиларнинг бирлашган меҳнати орқали амалга ошади.

Демак, маҳаллийлаштиришга якуний мақсад эмас, балки муҳандислик салоҳиятининг маҳсули сифатида қараш лозим. Импорт қилинган деталнинг арзон нусхасини ясаш ҳали мустақилликдан далолат бермайди. Ҳақиқий маҳаллийлаштириш деталь ёки материални мустақил лойиҳалаш, синовдан ўтказиш, стандартлаштириш ва такомиллаштириш қобилияти шакллангандагина бошланади.

Осиё тараққиёт банкининг таҳлиллари ҳам замонавий саноат ривожи учун рақамли ва техник кўникмаларни ривожлантириш ҳамда таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узвийликни кучайтириш шартлигини кўрсатмоқда. Хулоса оддий: энг мураккаб вазифа технологиянинг ўзида эмас, балки уни чуқур англайдиган ва маҳаллий ечимга айлантира оладиган миллий муҳандислик мактабини шакллантиришдадир.

“Буюртма – ўқитиш – бандлик”: олий таълим масъулияти

Давлатимиз раҳбари илгари сурган “буюртма — ўқитиш — бандлик” тамойили шунчаки шиор эмас, балки кадрлар тайёрлаш мантиғини тубдан янгиловчи ёндашувдир. Бу ердаги “буюртма” сўзи корхонанинг “бизга 50 нафар муҳандис керак” қабилидаги миқдорий талабини эмас, балки қандай кўникма, қайси технология ва қай даражадаги малака зарурлигини олдиндан аниқлаб беришни англатади. Шундан келиб чиққан ҳолда, университет таълим дастурини меҳнат бозорига тўлиқ мослаштириши, “диплом бериш” тизимидан “компетенция кафолати”га ўтиши, ишлаб чиқаришни бевосита ўқув жараёнига сингдириши ва битирувчиларнинг кейинги тақдирига ҳам жавобгар бўлиши шарт.

Бироқ бу ўринда бир нозик чегара мавжуд: олий ўқув юрти фақатгина кундалик буюртмаларни бажарувчи “кадрлар фабрикаси”га айланиб қолмаслиги зарур. Корхона бугунги технология учун мутахассис талаб қилса, олийгоҳ талабани келгуси 10-20 йил давомида ўзгарадиган технологик тўлқинларга ҳам бемалол мослаша оладиган қилиб тарбиялаши керак. Шу сабабли янги моделда уч асосий вазифа уйғун сақланиши лозим: фундаментал билим, саноат компетенцияси ҳамда янги технология яратиш кўникмаси.

Бу тизимга сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ҳам интеграция қилинади. СИ фақат Ахборот технологиялари факультетининг алоҳида фани бўлиб қолмай, кимё муҳандисидан тортиб иқтисодчигача — барча соҳа вакиллари фаолиятига кириб бориши, талаба эса тайёр технология истеъмолчисидан СИ ечимлари яратувчисига айланиши керак. Бунинг учун, аввало, профессор-ўқитувчилар таркибининг ўзи қайта тайёрланиши шарт.

Амалда бу механизм қуйидагича ишлайди: компания келгуси 3-5 йилдаги эҳтиёжларини компетенциялар матрицаси шаклида тақдим этади; университет уни академик дастурларга айлантиради; кореялик мутахассислар махсус модуллардан дарс беради; талабалар қўшма лабораторияларда тадқиқот олиб боради; битирув малакавий иши эса компаниянинг реал муаммосига — масалан, энергия сарфини қисқартириш ёхуд маҳаллий хомашёдан янги материал олишга — амалий ечим таклиф қилади.

Корхоналар истеъдодли талабаларни 2-3-курсдан бошлаб танлаб олиб, уларни стипендия ва амалиётлар билан рағбатлантирса ҳамда ўқиш тугагач, тайёр иш ўрни билан таъминласа, “буюртма — ўқитиш — бандлик” занжири тўлиқ ёпилади. Бу борада муайян пойдевор аллақачон мавжуд: бугун мамлакатимизда Корея капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда, Жанубий Корея олийгоҳларининг тўртта филиали ҳамда “KOICA” кўмагида ташкил этилган бешта касб-ҳунар маркази мутахассислар тайёрламоқда.

Ресурсдан тайёр маҳсулотга: асосий бойлик – қўшилган қийматда

Энг катта қўшилган қиймат қазиб олиш жараёнида ҳам, ҳатто дастлабки қайта ишлашнинг ўзида ҳам эмас, балки янги материаллар ва улар негизида яратилган тайёр юқори технологик маҳсулотларда шаклланади. Ўзбекистоннинг минерал-хомашё захираси камида 3 триллион долларга баҳоланган бўлиб, яқин йилларда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ошадиган 120 та йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Аммо вольфрам рудасини шу ҳолича экспорт қилишдан кўра ундан вольфрам кукуни ва махсус қотишмалар тайёрлаш, мисни хомашё сифатида сотишдан кўра тайёр электротехника қисмлари ишлаб чиқариш мамлакат ичида кўпроқ технологик тажриба қолишини таъминлайди.

Стратегик нуқтаи назардан кейинги босқич — материалшуносликдир. Замонавий иқтисодиётда металлнинг ўзи эмас, балки унга янги хусусиятлар бағишланган материаллар — юқори ҳароратга чидамли қотишмалар, электрон ва яримўтказгич материаллари — юқори технологик саноатнинг асосини ташкил этмоқда.

Шу сабабли Сеулда Кореянинг геология ва материалшунослик институтлари иштирокида яримўтказгичлар ҳамда янги материалларни лойиҳалаш ва синовдан ўтказиш марказини барпо этиш таклиф қилинди. Бундай дизайн-синов маркази шунчаки навбатдаги лаборатория бўлиб қолмаслиги шарт: у илмий натижаларни ишлаб чиқаришга олиб чиқувчи, синов ва сертификатлаш инфратузилмасини яратувчи, саноат буюртмаларини эса илмий изланишларнинг дастлабки босқичидаёқ интеграция қилувчи “кўприк институт” вазифасини ўташи лозим. Ана шундагина илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилиш эҳтимоли кескин ошади. Мазкур ёндашув Ўзбекистонга “мақола ва патент” моделидаги илм-фандан “прототип, тажриба-технология ва тайёр маҳсулот”га йўналтирилган амалий илмга ўтиш имконини яратади.

Кимё саноати учун бу концепция минтақавий саноат паркини оддий базавий кимё майдончаси эмас, балки электроника, аккумулятор, автомобилсозлик ва фармацевтика соҳаларини хомашё билан таъминловчи “юқори қийматли материаллар ва махсус кимё” платформаси сифатида шакллантиришни англатади. Ҳозирда мамлакатимизда ПВХ (поливинилхлорид), “яшил” водород, кўпикланган полипропилен ва “БОПП” (“BOPP”) плёнкалари сингари 60 дан ортиқ юқори қийматли маҳсулот ўзлаштирилган. Эндиги вазифа хомашёни янада чуқур қайта ишлайдиган иккинчи ва учинчи технологик босқичларни кенгайтиришдир.

Учинчи устун – ўзбек муҳандиси ва олими

Иқтисодий мантиқ шуни кўрсатмоқда: агар Корея илғор технологияни, Ўзбекистон эса бой ресурс ва қулай бозорни тақдим этаётган бўлса, ушбу ҳамкорликнинг мустаҳкам учинчи устуни — маҳаллий муҳандис, олим ва технологлар бўлиши шарт. Агар ушбу учинчи таянч бўлмаса, шериклик “технологияни импорт қилиш — ускунани ишлатиш — маҳсулот чиқариш” деган тор доирада қолиб кетаверади.

Учинчи устун кучли бўлсагина, мутлақо янги занжир вужудга келади: технологияни қабул қилиш, чуқур англаш, маҳаллийлаштириш, такомиллаштириш ва ниҳоят, мустақил миллий технология яратиш. Бу жараёнда олим билан муҳандисни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди: олим янги билим ва хомашёни кашф этса, муҳандис уни ишлаб турган қурилма ва маҳсулотга айлантиради; уларнинг орасида эса технолог, конструктор ва материалшунослар кўприк бўлиб туради.

Бироқ ёлғиз истеъдоднинг ўзи етарли эмас, уни реал натижага айлантира оладиган институционал муҳит керак. Айни пайтда мамлакатимизда “компания + олийгоҳ + тадқиқот маркази” учлигини бирлаштирувчи муҳим механизмлар — корхоналардаги кафедра филиаллари, дуал таълим тизими, “spin-off” (стартап) корхоналари, патентлаш ва технология трансфери марказлари шаклланмоқда. Уларнинг тўлиқ қувват билан ишлаши учун ҳар бир лойиҳада вазифалар тақсимоти, молиявий оқимлар ва натижа эгаси олдиндан аниқ белгиланиши, молиялаштириш эса бевосита амалий натижага — прототип, патент, саноат синови ёки сотув ҳажмига боғланиши шарт. Ана шундагина ушбу интеграция қоғоздаги меморандум бўлиб қолмай, сифатли маҳсулот ва технология етказиб берувчи тизимга айланади.

Натижа нима билан ўлчанади?

Сеулда қўйилган пойдевор самарасини алоҳида битта объект орқали эмас, балки яхлит занжирнинг қанчалик узлуксиз ишлаши билан баҳолаш тўғри бўлади. Энг дастлабки натижалар олийгоҳ ва лабораторияларда кўринади — бу янги қўшма таълим дастурлари, бизнес талабига мос кўникмалар ҳамда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик (“R&D”) гуруҳлари фаолиятида акс этади.

Сўнгра ушбу натижа лабораториялардан тажриба ишлаб чиқаришига кўчади: прототип технологик регламент ва тажриба линиясига айланади. Кейинги босқичда натижа заводларда кўринади — янги линиялар ишга тушади, маҳаллий компонентлар улуши ошади ва серияли тайёр маҳсулотлар ташқи бозорга чиқа бошлайди.

Бироқ энг ишончли кўрсаткич — ёш мутахассиснинг иш жойидаги ўрнидир. Агар битирувчи замонавий корхонада хорижий ускуналарни шунчаки бошқарибгина қолмай, технологияни такомиллаштиришда ҳам фаол иштирок этса, билим трансфери амалда содир бўлган ҳисобланади.

2030 йилга бориб электротехника ва унга турдош соҳаларда ишлаб чиқаришни 11 миллиард долларга, экспортни эса 5 миллиард долларга етказиш режаси пировардида шунчаки заводларнинг сони эмас, юқори малакали муҳандислар, материалшунослар ва тадқиқотчиларнинг билими орқали амалга ошади. Завод биносини бир неча йилда қуриш мумкин, аммо уни ҳаракатга келтирувчи илғор кадрларни тарбиялаш учун узоқ муддатли, тизимли таълим ва мустаҳкам илмий муҳит зарур.

Технология сотиб олиш мамлакатни модернизация қилиши мумкин, аммо технология яратадиган инсонни камолга етказиш давлатнинг узоқ муддатли технологик мустақиллигини таъминлайди. Сеулга ташрифнинг тарихий аҳамияти ҳам аслида шунда: у Ўзбекистонга арзон хомашё ёки шунчаки йирик бозор эмас, балки технологияларни ўзлаштира оладиган ва янги маҳсулотлар ярата биладиган юқори малакали муҳандислар мамлакатига айланиш учун улкан имконият яратмоқда.

Ботир УСМОНОВ,

Тошкент кимё-технология институти

ректори.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 12 =