Ўзбекистон телевидениеси 70 ёшда: илк эфирдан рақамли медиа маконигача
Телевидение фақат ахборот узатиш воситаси эмас, балки миллатнинг тарихи, маънавияти, маданияти ва тафаккурини акс эттирувчи муҳим ижтимоий институтдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, миллий журналистика ва оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётида беқиёс ўрин тутиб, халқ билан давлат ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳамда ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг ёритишда алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон телевидениесининг узоқ йиллик тарихига назар ташлар эканмиз, унинг нафақат ахборот ва маърифат тарқатиш, балки миллий ўзлигимизни англаш, маданий меросимизни асраш ҳамда жамиятнинг маънавий юксалишига хизмат қилиш борасидаги салмоқли ўрнини эътироф этиш лозим.
Шу йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон телевидениеси фаолият бошлаганига роппа-роса 70 йил тўлади. Ортда қолган етмиш йил техник тараққиёт, ижодий изланишлар, касбий маҳорат ва миллий журналистика шаклланишининг ўзига хос солномасидир. Унда мамлакатимизнинг турли даврлардаги ҳаёти, жамиятда кечган ўзгаришлар, халқимизнинг орзу-интилишлари, маданий қадриятлари ва илмий-техникавий ютуқлари ўз ифодасини топган.
Етмиш йил давомида Ўзбекистон телевидениеси илк оқ-қора тасвирли кўрсатувлардан тортиб замонавий рақамли технологияларгача, оддий студия эфирларидан миллионлаб томошабинларни қамраб олувчи кўп тармоқли медиа тизимигача бўлган улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бироқ бу тарихнинг энг муҳим жиҳати фақат техника такомили билан эмас, балки заҳматкаш инсонлар меҳнати, ижодий изланишлар, касбий мактаблар шаклланиши ва миллий тафаккур ривожига қўшилган бебаҳо ҳисса билан белгиланади.
Ойнаи жаҳон бир неча авлод ҳаётига чуқур кириб борди, оилаларни ягона экран қаршисида бирлаштирди, мамлакатимиз ва дунёда юз берган муҳим воқеа-ҳодисаларни халқимизга етказди. Шу маънода, ўзбек телевидениесининг етмиш йиллиги миллий ахборот маконимиз тарихидаги муҳим босқични сарҳисоб қилиш учун қулай имкониятдир.
Тошкент – телевидение ватани
Ўзбек телевидениесининг тарихий илдизлари расмий эфир бошланган 1956 йилдан анча илгариги даврга бориб тақалади. 1928 йил 30 ноябрь куни Тошкентда ихтирочилар Борис Грабовский ва Иван Белянский ҳаракатдаги тасвирни масофага узатишга мўлжалланган “Телефот” электрон телевизион тизимини синовдан ўтказдилар. Бу тажриба ҳаракатдаги тасвирни электрон усулда узатиш ғоясини амалиётда синаб кўриш йўлидаги дастлабки уринишлардан бири сифатида жаҳон техника тарихидан мустаҳкам ўрин олди.
Тошкент телемарказининг қурилиши эса 1954 йилда бошланган эди. 1956 йилнинг апрель ойида шаҳарда телевизион студия ташкил этиш бўйича қарор қабул қилиниб, шу йилнинг кузида телестудия фаолияти йўлга қўйилди. Ниҳоят, 1956 йил 5 ноябрь куни Тошкентда илк расмий телевизион кўрсатув намойиш этилди.
Бу кун нафақат миллий телевизион эфир тарихининг бошланиш нуқтаси, балки бутун Марказий Осиёда соҳа тараққиёти учун тамал тоши қўйилган тарихий санага айланди. Ўзбекистон минтақа республикалари орасида мунтазам кўрсатувларни йўлга қўйган биринчи ҳудуд бўлди.
Дастлабки эфирларни ташкил этиш осон кечмагани табиий. Ўша даврда соҳа техникаси ўта мураккаб, ускуналар имконияти чекланган, мутахассислар тайёрлаш тизими эса эндигина шаклланаётган эди. Ҳар бир кўрсатувни тайёрлаш ва оммага узатиш журналист, режиссёр, сухандон, оператор, муҳандис ва бошқа соҳа вакилларидан юксак масъулият ҳамда жипсликни талаб қиларди. Бошида дастурлар оқ-қора тасвирда намойиш этилган, эфир вақти ва техник шароит чекланган эди. Шунга қарамай, айнан ана шу мураккаб шароитда телевизион ижоднинг ўзига хос қонун-қоидалари, журналистика услублари, режиссёрлик ва операторлик маҳорати мактаби вужудга келди.
Тошкентнинг бу борадаги пешқадамлиги қўшни республикаларда соҳанинг пайдо бўлиш даврлари қиёсланганда янада яққол намоён бўлади. Хусусан, Қозоғистонда мунтазам кўрсатувлар 1958 йил март ойида Олмаотада йўлга қўйилган. Шу йилнинг ёзида Фрунзеда (ҳозирги Бишкек шаҳрида) илк кўрсатувлар эфирга берилган. 1959 йилда Ашхобод телестудияси иш бошлаган бўлса, шу йилнинг октябрида Душанбе шаҳрида дастлабки телевизион сигналлар узатилди.
1958 йилда кўчма телевизион станциянинг фойдаланишга топширилиши студиядан ташқарида ҳам кўрсатувлар тайёрлаш ва узатиш имконини берди. Бу эса ойнаи жаҳоннинг воқеликка янада яқинлашишига, чекка ҳудудлардаги ҳаётни бевосита экран орқали жонли акс эттиришга замин яратди.
Кўп ўтмай, ҳудудларда ҳам телемарказлар қад ростлай бошлади: 1961 йилда Урганчда, 1964 йилда Нукусда маҳаллий студиялар фаолияти йўлга қўйилди. Кейинчалик бошқа вилоятларда ҳам телевизион инфратузилма жадал ривожланиб, ҳудудий ҳаёт тарзи, миллий урф-одатлар ва маҳаллий янгиликларни ёритиш кўлами кенгайди.
1960-1980 йиллар ўзбек телевидениеси учун ижодий баркамоллик ва профессионал мактаб қарор топган олтин давр бўлди. Эфирларда ахборот ва ижтимоий-сиёсий дастурлар, адабий-бадиий кўрсатувлар, мусиқий чиқишлар, телетеатр саҳналари, ҳужжатли фильмлар ҳамда болалар ва ёшларга мўлжалланган лойиҳалар кўпайди. Миллий мусиқа, адабиёт, тарих, санъат ва миллий қадриятлар экран орқали фаол тарғиб қилинди.
“Оталар сўзи — ақлнинг кўзи”, “Оламда нима гап?”, “ТВ-альманах” каби дастурлар бир неча авлод томошабинлари қалбидан чуқур жой олди. Улар ўз даврининг ижтимоий-маданий муҳитини акс эттирган, томошабинни фикрлашга, теран мушоҳада юритишга чорлаган ижодий дурдоналар эди. Тажрибали сухандонларнинг мулойим овози, дастурларнинг ўзига хос мусиқий безаклари ва етук ижодкорлар сиймоси томошабин хотирасида ўчмас из қолдирди.
1969 йилда “Ўзбектелефильм” киностудиясининг ташкил этилиши телевизион киноижод соҳасида янги босқични бошлаб берди. Мазкур студияда мамлакатимиз тарихи, маданияти, бетакрор табиати ва замондошларимиз қиёфасини очиб берувчи кўплаб ҳужжатли ҳамда бадиий асарлар дунё юзини кўрди.
1980 йилдан рангли тасвирдаги кўрсатувларнинг йўлга қўйилиши экран имкониятларини беқиёс даражада оширди. 1984 йилда фойдаланишга топширилган, баландлиги 375 метр бўлган Тошкент телеминораси эса телерадиоэшиттиришлар инфратузилмасида муҳим таянч иншоотга айланди. У нафақат пойтахтимизнинг меъморий рамзларидан бири, балки мамлакат бўйлаб радио ва телевизион сигналларни кенг тарқатувчи қудратли техник марказ сифатида хизмат қила бошлади.
Миллий телевидение тараққиётининг янги босқичи
Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, соҳа олдида улкан тарихий вазифалар кўндаланг бўлди. Миллий ахборот маконини яратиш, юртимизнинг мустақил тараққиёт йўли, бой тарихий мероси, миллий қадриятлари ва халқаро майдондаги нуфузини кенг тарғиб қилиш зарурати туғилди. Шу тариқа телевидение жамиятни ислоҳотлар руҳи билан таништириш, миллий ўзликни англаш ва мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантиришда ҳал қилувчи воситага айланди.
Бу даврда телеканаллар фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, янги форматларни яратиш ва илғор медиатехнологияларни жорий этишга устувор аҳамият қаратилди. Сунъий йўлдош орқали кўрсатувлар узатиш тизимининг кенгайиши миллий телевидениенинг географик чегараларини ўзгартирди. 2007 йилдан бошлаб “Ўзбекистон” телеканали дастурларининг сунъий йўлдош орқали дунё бўйлаб тарқатила бошланиши миллий медиамаҳсулотларимизни хорижда ҳам намойиш этиш, чет элда яшаётган ватандошларимиз билан ахборот ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди.
Соҳа ривожида техник инфратузилмани модернизация қилиш ҳам ҳал қилувчи омилга айланди. 2011 йилда юқори аниқликда ишловчи илғор рақамли ускуналар билан жиҳозланган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Медиамарказининг ишга туширилиши бу йўлдаги муҳим ютуқ бўлди. Марказ имкониятлари кўрсатувлар, фильмлар, миллий сериаллар ва бошқа аудиовизуал маҳсулотларни замон талаблари асосида тайёрлаш, тасвир ва овоз сифатини юқори даражага кўтаришга хизмат қилди.
Шунингдек, ушбу даврда ихтисослашган телеканаллар тармоғи жадал ривожланди. Жумладан, “O‘zbekiston 24” тезкор ахборот ва таҳлилий дастурларга, “Sport” жисмоний тарбия ва спорт тарғиботига, “Bolajon” болалар аудиториясига, “Madaniyat va ma’rifat” илмий-маърифий соҳага, кейинроқ ташкил этилган “O‘zbekiston tarixi” телеканали эса аждодларимизнинг бой меросини ёритишга ихтисослаштирилди.
Бундай мавзувий ихтисослашув турли қатламдаги томошабинларнинг эҳтиёжларини кенгроқ қамраб олиш, муайян йўналишлар бўйича сифатли ва тизимли контент яратишга йўл очди. Натижада миллий мовий экран чинакам кўп тармоқли медиатизимга айланди.
Рақамли технологиялар ва янги медиа макони
XXI аср рақамли технологиялари миллий телевидение тараққиёти олдига мутлақо янги талабларни қўйди. Ахборотни тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва томошабинга етказиш механизмлари тубдан ўзгарди. Рақамли узатиш тизимига ўтиш тасвир ҳамда овоз тиниқлигини таъминлабгина қолмай, эфир ресурсларидан унумли фойдаланиш, каналлар сонини кўпайтириш ва техник жараёнларни автоматлаштириш имкониятини тубдан кенгайтирди.
Анъанавий телевидение босқичма-босқич трансформацияланиб, янги медиа муҳитига мослаша бошлади. Бугунги кунда телекўрсатув фақат белгиланган вақтда ойнаи жаҳонда намойиш этиладиган дастур бўлиб қолмасдан, интернет платформалари, мобиль қурилмалар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли видеотекалар орқали ҳам томошабинларга етиб бормоқда.
2021 йилда “UzTV” интернет платформасининг ишга туширилиши Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг рақамли хизматларини тараққий эттиришдаги салмоқли қадамларидан бири бўлди. Бу лойиҳа анъанавий эфир маҳсулотларини интернет тармоғида кенг оммалаштириш, каналлар дастурларини рақамли шаклда тақдим этиш ва бой аудиовизуал фонддан эркин фойдаланиш кўламини кенгайтирди.
Бугунги томошабин кўрсатувни қаерда, қачон ва қайси қурилмада кўришни ўзи ҳал қилади. Айниқса, ёшлар аудиторияси қисқа метражли видеоларга, интерактив форматларга, онлайн трансляцияларга ҳамда ижтимоий тармоқлардаги тезкор ахборотга кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.
Бундай шароитда миллий телевидение олдида эфирнинг кўп йиллик бой анъаналарини замонавий платформалар билан уйғунлаштириш вазифаси турибди. Рақобатбардош бадиий фильмлар ва сериаллар яратиш, миллий ҳужжатли кинони янги босқичга олиб чиқиш, ноёб тарихий фонд материалларини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда миллий маданият ва санъатни халқаро миқёсда тарғиб қилиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, телевизион архив меросини асраб-авайлаш муҳим вазифадир. Ўнлаб йиллар давомида эфирга узатилган кўрсатувлар, тарихий суҳбатлар, ҳужжатли лавҳалар ва репортажлар халқимизнинг бебаҳо визуал хазинаси ҳисобланади. Ушбу дурдоналарни замонавий рақамли форматларга ўтказиш, тизимли равишда саралаш ва келажак авлодларга бекаму кўст етказиш медиатузилмаларимиз олдидаги энг масъулиятли вазифалардан биридир.
Инсон омили – телевидение тараққиётининг асосий мезони
Технологиялар қанчалик ривожланмасин, соҳанинг ҳақиқий қиймати ва руҳини белгилайдиган бош мезон — бу инсон омили, унинг билим ва салоҳияти, тажрибаси, дунёқараши ҳамда юксак касбий масъулиятидир.
Телевидение тарихининг ҳар бир ютуғи ортида ўз ишига чин дилдан меҳр қўйган, янгиликка интилган ва ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам ижод қилишдан чарчамаган инсонларнинг машаққатли меҳнати ётибди. Журналистлар воқеаларни холис ёритишга, режиссёрлар ғояларни таъсирчан ва бадиий етказишга, тасвирчилар ҳаёт манзараларини жонлантиришга, муҳандислар эса эфирнинг узлуксизлигини таъминлашга фидокорона куч сарфладилар. Сухандонлар, муҳаррирлар, овоз режиссёрлари, монтаж усталари ва техник ходимларнинг ҳам бу борадаги хизмати беқиёсдир.
Бу фидойиларнинг кўпчилиги экран ортида меҳнат қилади. Бироқ уларнинг саъй-ҳаракатларисиз ҳеч бир кўрсатув экран юзини кўрмайди, ҳеч қайси муҳим хабар ўз вақтида томошабинга етиб бормайди.
Шу сабабли ўзбек телевидениесининг етмиш йиллик шонли тўйи, энг аввало, соҳа фахрийларига, унинг илк пойдеворини қурган фидойиларга, миллий тележурналистика мактабини шакллантирган устозларга ҳамда бугунги кунда ҳам тиним билмай меҳнат қилаётган заҳматкашларга кўрсатиладиган чексиз эҳтиром рамзидир.
Бугунги авлоднинг асосий бурчи ана шу бой тажрибани эъзозлаб, устозлар мерос қолдирган анъаналарни замонавий талаблар билан уйғунлаштиришдир. Зеро, техник ускуналар ва эфир форматларини ҳар доим янгилаш мумкин, аммо томошабин ишончини қозониш ва уни сақлаб қолиш осон иш эмас. Бундай юксак ишонч фақатгина ахборотнинг ҳаққонийлиги, журналистнинг холислиги, таҳлилнинг теранлиги ва кўрсатувнинг юксак мазмуни билан қўлга киритилади.
Етмиш йиллик тажриба ва келажак олдидаги вазифалар
Бугун миллий телевидениемиз ўз тараққиётининг янги сифат босқичига қадам қўймоқда. Глобал ахборот майдонида рақобат кескинлашиб, халқаро медиаплатформалар аудиторияси кенгайиб бораётган бир шароитда яшаяпмиз. Сунъий интеллект, автоматлаштирилган медиа ишлаб чиқариш тизимлари, виртуал студиялар, ўта юқори аниқликдаги тасвир ҳамда интерактив технологиялар соҳага тобора чуқур кириб келмоқда.
Ушбу соҳадаги кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, бугунги телевидение олдида турган қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайман:
Биринчидан, миллий мазмун ва профессионал сифатни таъминлайдиган рақобатбардош контент яратиш лозим. Замонавий томошабин нафақат ахборотни, балки ишончли маълумот, чуқур таҳлил ва юқори савиядаги ижодий маҳсулотни ҳам кутади.
Иккинчидан, ёш журналистлар, режиссёрлар, операторлар, сценарийнавислар ва техник мутахассисларни тайёрлаш, улар замонавий технологияларни ўзлаштириши учун зарур шароитлар яратиш муҳим.
Учинчидан, миллий телевизион архивни рақамлаштириш, тарихий кўрсатувлар ва ҳужжатли материалларни сақлаш, улардан илмий, маърифий ва ижодий мақсадларда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарур.
Тўртинчидан, ўзбек тилидаги сифатли аудиовизуал маҳсулотларни халқаро аудиторияга етказиш, мамлакатимизнинг тарихи, маданияти, илм-фани ва замонавий тараққиётини жаҳонга танитиш бўйича тизимли иш олиб бориш керак.
Бешинчидан, рақамли медиа маконида тезкорлик билан бирга масъулият, холислик ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бу вазифаларни амалга оширишда телевидениенинг етмиш йиллик тажрибаси мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Телевидение – миллат қиёфасини акс эттирувчи минбар
1956 йил 5 ноябрда Тошкентда илк телевизион эфирнинг узатилиши билан бошланган тарих бугун бутун бир миллий медиа маконининг тараққиёт йўлига айланди. Саноқли муҳандис, журналист ва ижодкорларнинг ташаббуси билан бошланган саъй-ҳаракатлар бугун ўнлаб телеканаллар, замонавий студиялар, медиамарказлар, рақамли платформалар ва минглаб мутахассисларни бирлаштирган қудратли соҳага айланди.
Бу даврда не-не авлодлар алмашди, технологиялар янгиланди, эфир форматлари тубдан ўзгарди, ахборот тарқатиш имкониятлари кенгайди. Аммо телевидениенинг асосий вазифаси мамлакат ҳаётини ёритиш, халққа ишончли ахборот етказиш, тарихий хотирани асраш ҳамда миллий қадриятларни тарғиб этишдан иборат бўлиб қолмоқда.
Ўзбек телевидениесининг етмиш йиллик тарихини доимий изланиш, янгиланиш ва олға интилиш солномаси, деб атасак, хато бўлмайди. Илк ижодкорларимиз томошабинларга ҳаракатдаги тасвирнинг мўъжизавий оламини очган бўлсалар, бугунги авлод зиммасида ушбу меросни рақамли технологиялар билан бойитиш ва миллий медиани халқаро даражада рақобатбардош қилишдек масъулиятли вазифа турибди.
Шу маънода, ушбу қутлуғ етмиш йиллик юбилей нафақат ўтмишга назар ташлаш, балки келажак олдидаги масъулиятни теран англаш ва янги мақсад ва марраларни белгилаш имкониятидир. Чунки соҳанинг истиқболи фақат замонавий техника ва платформалар билан эмас, биринчи галда инсонларнинг билим-салоҳияти, юксак тафаккури ва касбий маҳорати билан белгиланади.
Янги Ўзбекистон ва замонавий ойнаи жаҳон: янги мазмун, юксак масъулият ва ижодий изланишлар
Бугун миллий телевидениемиз ўз тараққиётининг мутлақо янги даврини бошдан кечирмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодий ва ижтимоий янгиланишлар, “Инсон қадри учун” тамойили, очиқлик ва фаол фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнлари соҳа ходимлари зиммасига ҳам улкан вазифалар юкламоқда.
Янги Ўзбекистон ғояси инсон манфаатлари, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, фаровон турмуши ҳамда замонавий билим ва касбларни эгаллашидек эзгу мақсадларни ўзида мужассам этади. Бу эзгу ғояларнинг асл моҳиятини халққа етказиш, янгиланишлар самарасини холис ёритиш ва инсонлар турмушидаги аниқ ўзгаришларни кўрсатишда ойнаи жаҳоннинг ўрни беқиёсдир.
Зеро, Янги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввур фақат расмий тадбирлар ва эришилган кўрсаткичлар билан эмас, балки оддий инсонларнинг ҳаёти, ҳалол меҳнати, орзу-умидлари, муаммолари ва муваффақиятлари орқали тўлиқ шаклланади. Шу нуқтаи назардан, бугунги телевидение ислоҳотларнинг шунчаки тарғиботчиси бўлиб қолмай, уларнинг мазмунини жамиятга теран тушунтирувчи, натижаларни инсон тақдири билан узвий боғлаб кўрсатувчи фаол ижтимоий институт бўлиши лозим.
Ҳозирги кунда миллий ахборот маконимизда давлат ва нодавлат телерадиоканаллари ёнма-ён, соғлом рақобат шароитида фаолият юритмоқда. Жумладан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибидаги “O‘zbekiston”, “O‘zbekiston 24”, “Yoshlar”, “Sport”, “Toshkent”, “Mahalla”, “Madaniyat va ma’rifat”, “Dunyo bo‘ylab”, “Bolajon”, “Navo”, “Kinoteatr”, “O‘zbekiston tarixi” каби марказий телеканаллар, барча ҳудудий телерадиоканаллар ва нодавлат телеканаллар миллий ахборот маконининг ажралмас қисмидир. Улар ўз йўналишлари ва аудиторияларига мос контентлари орқали мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётини ҳар томонлама ёритиб келмоқда.
Айниқса, таҳлилий дастурлар, ижтимоий лойиҳалар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, ток-шоулар, маданий-маърифий кўрсатувлар ҳамда тўғридан-тўғри эфирлар бугунги телевидение фаолиятининг устувор йўналишига айланди. Давлат раҳбари иштирокидаги муҳим тадбирлар, ҳукумат мажлислари, йирик халқаро анжуманлар ва сиёсий жараёнларнинг жонли эфирда узатилиши ахборотнинг тезкорлиги ва очиқлигини таъминламоқда.
Бироқ жонли эфирнинг ҳақиқий қиймати фақат воқеани ўз вақтида кўрсатиш билан чекланмайди. У муаммонинг туб моҳиятини очиш, соҳа мутахассислари ва масъулларнинг фикрини жамоатчиликка етказиш, муқобил қарашларни таққослаш ва юртдошларимизни ўйлантираётган саволларга очиқ жавоб топиш майдонига айланиши керак. Шу боис эркин мулоқотлар, баҳс-мунозаралар ва таҳлилий студия дастурларининг савиясини янада кўтариш зарур.
Замонавий телеканаллар воқеаларнинг сабаб ва оқибатларини илмий асосда тушунтириши, мавжуд муаммоларнинг ечимини топишда кўмак бериши ҳамда ижтимоий мулоқот майдонига айланиши даркор. Бу борада Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсонлар ҳаётидаги аниқ ифодасини кўрсатиш алоҳида аҳамиятга эга. Қад кўтараётган янги корхоналар, барпо этилаётган замонавий таълим ва тиббиёт масканлари билан бирга, буларнинг барчаси фуқаролар турмуш сифатига қандай таъсир кўрсатаётгани очиб берилиши лозим. Заҳматкаш олим, оддий тадбиркор, деҳқон, муаллим, шифокор ва қурувчи каби меҳнаткаш инсонларнинг ҳаётий тажрибаси орқали ислоҳотлар мазмунини кўрсатиш телевидение таъсирчанлигини каррасига оширади.
Шунингдек, илм-фан, таълим, инновацион ғоялар, рақамли технологиялар, ёшлар ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, миллий маданият ва экология каби устувор йўналишлар доимий диққат марказида бўлиши керак. Бу мавзуларда тайёрланадиган пухта лойиҳалар фақат бугунги томошабинга эмас, балки келажак авлод тарбиясига ҳам улкан ҳисса бўлиб қўшилади.
Ахборот оқими шиддат билан тезлашаётган, ижтимоий тармоқлар аудитория диққатини тортиш учун кескин курашаётган ҳозирги шароитда телемаҳсулотнинг мазмуни, сифати ва таъсирчанлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Шу боис телеканаллар фаолиятида ахборотнинг тезкорлиги билан бирга ҳаққонийлиги ва холислигини таъминлаш, расмий ахборотни ҳаётий воқелик билан боғлаш, одамларнинг кундалик муаммоларини олиб чиқиш ва уларнинг ечими юзасидан жамоатчилик назоратини шакллантириш муҳимдир. Шунингдек, такрорийликдан қочиб, янги ғоялар, замонавий жанрлар ва оригинал форматларни ривожлантириш лозим.
Бугунги ижодкордан нафақат журналистик маҳорат, балки теран дунёқараш, таҳлилий фикрлаш, замонавий технологияларни пухта ўзлаштириш, хорижий тилларни билиш ва жаҳон тажрибасини мунтазам ўрганиш талаб қилинмоқда. Ёш журналистлар, режиссёрлар, сценарийнавислар ва медиамутахассисларга кенг ижодий имкониятлар яратилиши миллий медианинг келажагини таъминлайди.
Яна бир муҳим йўналиш — маҳаллий медиамаҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлашдир. Она тилимиздаги сифатли ҳужжатли фильмлар, тарихий ва ижтимоий сериаллар, маърифий дастурлар ҳамда болалар учун миллий анимация маҳсулотларини яратишга эҳтиёж юқори. Бу жараёнда сон ортидан қувмасдан, балки пухта сценарий, юксак режиссёрлик маҳорати, актёрлик иқтидори, тасвир ва овоз маданияти ҳамда ғоявий мазмунга устуворлик бериш зарур.
Миллий қадриятларимизни замонавий ифода воситалари билан уйғунлаштириш, ёшлар дунёқарашига мос, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан бой контент яратиш ҳам долзарб вазифалардан биридир. Миллий тарихни фақат ўтмиш воқеалари сифатида эмас, балки бугунги тараққиётимиз учун ибрат ва тафаккур мактаби сифатида талқин этишимиз керак.
Энг асосийси, замонавий телевидение томошабин ишончини асраши лозим. Ахборотнинг тезлиги эмас — ишончлилиги, кўрсатувнинг ташқи безаги эмас — чуқур мазмуни, эфирнинг давомийлиги эмас — унинг жамиятга кўрсатган ижобий ва маънавий таъсири ойнаи жаҳоннинг асл нуфузини белгилаб беради.
Шундай экан, Янги Ўзбекистон телевидениеси олдидаги энг масъулиятли вазифа — ислоҳотларни бирёқлама тарғиб қилиш эмас, балки эришилган натижалар билан бирга мавжуд муаммолар ва уларнинг оқилона ечимларини маҳорат билан ёритишдир. Очиқ мулоқот, танқидий таҳлил, жамоатчилик фикрига таяниш ва холис журналистика ислоҳотлар самарадорлигига хизмат қилиши даркор. Зеро, ҳақиқий ахборот макони фақат ютуқлар ҳақида ҳикоя қилиш билан чекланмай, жамиятни ўйлантирадиган муҳим саволларни ҳам ўртага ташлайди.
Барчамизга Ўзбекистон телевидениесининг етмиш йиллик шонли тўйи муборак бўлсин!
Алишер ХАДЖАЕВ,
физика-математика фанлари
номзоди, фахрий профессор.
