13 дақиқа

Яқинда ҳамкасбларимиздан бирини нафақага кузатамиз: бутун умрини инсонлар ҳаётини қутқаришга бағишлаган қутқарувчини. Аслида, бир касбда бутун умр ишлаб, охирида жамоа ардоғида, ҳурмат-эҳтиром билан кузатилиш — ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган бахт. Кимнингдир умри, кимнингдир сабри етмайди бунгача. Шунинг учун касбий саодатга эришган катта қутқарувчиларга ҳамиша ҳавасда қараймиз. Уларга ҳавас қила-қила, бугун ёнғин ўчирувчи-қутқарувчиликда касб машаққатларини машаққат демай ишлаб келаётганлар кўп. Улар орасида мен ҳам борман.

Бу ҳамкасбимиз табиатан камгап одам бўлса-да, гоҳ-гоҳида қутқарув жараёнлари ҳақида гурунглашиб қоламиз. Бу гурунглар оддий гурунг эмас, инсон ҳаёти билан боғлиқ хулосалар, таҳлиллар, мулоҳазалар…

Навбатчилик қисмидаги одатий кунларимизнинг бирида шошилинч чақирув келиб тушди. Диспетчер тревога сигналини чалиши билан 3-5 сонияда машина олдида жамланиб, дарҳол манзилга етиб бордик. Кўп қаватли уйларнинг бирида кичик ёнғиндан катта қуюқ тутун ҳосил бўлган, одамлар тоза ҳаво талвасасида ўзларини деразага ураётган эди. “Тепадан ўзини ташласа, барибир ўлади-ку, нима қилади ташлаб?” — дейишингиз мумкин. Жон талвасасида одам ўзини бошқара олмайди, бундай вазиятларда одам мулоҳаза қилиб ўтирмайди. Ўша чақирувда биз ҳам шундай вазият устига келиб қолган эдик: дарҳол одамларни қутқаришга киришдик.

Тўртинчи қаватдан одамларни олиб тушишга, ёнғинни ўчириб, хавфни бартараф қилишимизга 13 дақиқа кетди. Аммо бу 13 дақиқа қутқарувчи учун гўё бир неча соатдай туюлади.

Тепадан ўзини пастга ташламоқчи бўлган кишини дераза рахидан тушириб, кислород баллонига қўшимча ниқоб улаб, унга узатдим. Одам нафас олиши енгиллашгач, елкасидан суяб, ташқарига олиб тушдим.

Ташқарига чиқиб, уни шифокорларга топшириб, яна тепага югураман. Ҳар бир қутқарувчи бир тушганда икки-учталаб одамни қутқаришга тиришади: болаларни кўтариб, катталарни суяб олганмиз. Эгнимизда 40 килолар атрофидаги махсус эпикировка билан тўрт қават орасида югурамиз. Шу пайт хонадонлардан бирида ақли заиф ўсмир борлиги хабари келди. Икки қутқарувчи у томон югурдик. Уни ҳарчанд қутқаришга тиришмайлик, бола яқинлашишга йўл бермасди. Ўсмир ақлан заифлиги боис атрофда нима бўлаётганини тушунмас, фақат қичқирар, ҳамма нарсани отиб, синдирар эди. Шу пайт она: “Мен болам билан қоламан, кетаверинглар”, деди… (!) Она барибир она экан, фарзанди учун жонини беришга шай. Аммо бунақаси кетмайди. Ташлаб кетиш бизга хос эмас. Қоним қайнади. Йўқ, биз ҳеч кимни ташлаб кетмаймиз! Биз қутқарувчимиз, касалми-соғми, хоҳлайдими-хоҳламайдими, ҳар қандай одамни қутқаришимиз шарт. Шундай ўй ва сониялар ичида боланинг қўл-оёғини боғлаб, даст кўтардим. Кўтардим-у, пастга қараб югурдим. Энди устимда 40 килолик “юк” икки каррага ошган эди. Энди эпикировка танамга сингиб кетгандай, одамларнинг бўғилаётганини аниқроқ кўрардим, йўталаётган, чуқур-чуқур нафас олаётган одамларнинг овозларини ҳам тиниқроқ эшита бошладим. Шифокорлардан бири қўлимдаги болани олганидан кейин ўзимга келиб, атрофга қарайман — ташқарига чиқибман. Шунчалар тез югурганимдан зиналар тугаб, кўчага чиқиб қолганимни бир он англамай қолдим.

Ана-мана дегунча она-болани соғ-саломат пастга олиб тушиб, тиббиёт ходимларига топширганимдан сўнг елкамдан тоғ ағдарилгандай туйилди. Мана шундай тиғиз дақиқалар ичида 26 кишини қутқардик. Хавф бартараф қилинди, одамлар қутқарилди, уйлар катта талафотдан асраб қолинди. Қандай яхши!

Аммо ўтган ўн уч дақиқа хулосаси бир олам эди. Жон талвасасида ўзини тепадан ташламоқчи бўлган одамларни қутқарганимиздан сўнг ўзларига келгач, бизга миннатдорлик билдиришгани, руҳан заиф ва тутқич бермас ўсмир йигитчани қутқарганимизда бизни ўз фарзанди каби дуо қилган она нигоҳи, болалар кулгиси бутун экипаж аъзоларига қанча куч бергани анча кунгача унутилмади. Буларни айтиб берар эканман, нафақага чиқиш арафасидаги уста қутқарувчимиз табассум билан: “Бу қутқарувчи учун оддий ҳол”, деб елкамга уриб қўйди-ю, яна ишга шўнғиди.

Юнусобод тумани Фавқулодда вазиятлар бошқармаси 16-қутқарув қисми катта йўриқчи-қутқарувчиси, кичик сержант

Дилшод Ашурматовнинг ҳикоясини журналист Юлдуз ЎРМОНОВА

оққа кўчирди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 1 =