Ғойибдан келажак бахт — бир афсона

Нурхон Қурбоновага 2024 йили Президентимизнинг Фармонига кўра, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони тантанали равишда топширилди. Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти ўзбек спортининг таниқли юлдузлари иштирокида ўтказган “Миллий спорт мукофоти-2024” маросимида эса “Йилнинг энг яхши аёл паралимпиячиси” деб топилиб, муносиб тақдирланди. Худди шундай маросим Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида ҳам ўтказилди. Наманганлик турли соҳа фидойиларидан 35 нафари қаторида спортчи қизимизга “Наманган ифтихори” ҳайкалчаси ва пул мукофоти тақдим этилди…
Нурхон бу эътирофларга осонликча эришмаган. Муқаддам паралимпия бўйича халқаро мусобақаларда ғолибликка эришган спортчиларнинг тажрибаларини қунт билан ўрганиш, устозлари раҳбарлигида тинимсиз машқлар қилиш натижаларидир бу. Қолаверса, Париж шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ҳамда “Токио-2020” Паралимпиясидаги курашларда ғолибликка эришиб, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганлиги муҳим аҳамият касб этди. Ўшанда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғолибларни ўз ҳузурига чорлаган. Нурхон юзи қувончдан балқиганча унутилмас кунни шундай эслайди:
— Биласизми, давлат раҳбари билан юзма-юз туриш қандай бахт! Бу ўзбек фарзанди учун жуда катта орзунинг ушалиши. Юртбошимиз гапираяпти, мен эса ҳаяжондан кўз ёшимни тиёлмайман.
“Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Сизлар ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар, албатта, сизларга эргашади.
Сизлар тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганингизнинг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунасидир. Бундай инсонларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп хабардор бўлса, улардан ўрнак олиб яшаса, бу жамиятимиздаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади”, — деганларича ёнимга келиб, кўксимга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвонини таққанидаги ҳолатимни тушунтириб беришим қийин. Жуда катта ҳаяжон! Ҳатто мусобақада ҳам бунчалик кучли ҳаяжонланмаганман.
Кўнглимнинг туб-тубига мақсадлар қўйдим: 2024 йили Парижда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида бундан-да яхши натижалар кўрсатиб, яна бир марта Давлатимиз раҳбари билан учрашаман. Худо хоҳласа, бу ниятларимга ҳам етаман!..
Ўзгариш қишлоғидаги Маданият маҳалласида туғилиб ўсган матонатли спортчи билан Париж сафарига жўнашидан бир муддат аввал учрашган эдик. Нурхон суҳбат чоғида ногиронлиги сабаб маҳзун кечган болалиги, изтиробли кечинмалари, қийинчиликларни енгиш йўлидаги сабот, спорт оламига кириб келиши, муваффақиятга эришишида тиргак бўлган инсонлар ҳақида сўзлаб берган эди.
Айтишича, болалигида жудаям уятчан, тортинчоқ, лекин ўзига яраша шўх қиз бўлган. Дарахтма-дарахт сакраб юриш доимий машғулотлари эди. Уйдагилар “каратэчи қизим” деб эркалатишарди.
Чақалоқлигида умуртқасидан биттаси етишмасди. Шу сабаб оёғидаги асаб томирларини қисиб қўйиб, 16 ёшга кирганида дард кескин кучайган. Оёғи унга бўйсунмай борарди. Начора, қўлтиқтаёқда юришга мажбур бўла бошлаган. Наҳотки уятчан ва яна тинмайдиган, ҳали ўн гулидан бири очилмаган қиз бунақа ҳолатга тушиб қолса…
Бошига тушган одамгина буни тасаввур қилолса керак. Биласизми, ўшанда ҳаёт унга шунақа рангсиз — оқ-қора бўлиб кўринарди-да. Бор мақсади-ю орзуларини йўқотиб қўйган одамга айланиб қолаётгандек эди. Аслида, дунё кезишни, саёҳатга чиқишни орзу қиларди. Мусаввир бўлишни ҳам ният қилган. Афсуски, тақдир тақозоси билан имкониятлари чекланиб қолди.
— Кейин ўйлаб кўрсам, имкониятим чекланиб қолди, дейишим нотўғри экан, — дея хотирлайди Нурхон. — Оёғингиз юрмай ёки кўзингиз кўрмай қолса, энди иложи йўқ, дегани эмас. Бунақа пайтда одамнинг ўзи имкониятини чеклаб қўяркан. Агар инсон хоҳласа, ҳамма нарсага эришиши мумкинлигини амалда исботлашга аҳд қилдим…
2016 йили Фарғона вилоятидаги имконияти чекланганлар учун махсус касб-ҳунар коллежига ўқишга бордим. Ҳақиқатан ҳам ҳеч бир иложсиз ҳолатга тушган тенгқурларимни учратдим. Уларни кўриб, Аллоҳга шукур деганман, юрмасам ҳам. Қарасангиз, умуман муҳит бўлакча… Чинакамига имконсиз болалар эди улар. Қўл-оёғи бутун, лекин ақли заиф. Ана шулар ўрнига ўзимни қўйиб кўриб, ўйга толганман: агар оёқларим соғ-у, ақлим заиф бўлиб қолганимда борми? Унда нима бўларди?..
Чекка қишлоқнинг оддий бир оиласида туғилиб, камол топган қизнинг нияти пок, мақсад сари интилиши кучли эканки, улкан орзуси ушалди. Беихтиёр академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг “Тақдирин қўл билан яратур одам, ғойибдан келажак бахт — бир афсона” деган пурмаъно шеърий мисралари ёдимга тушади. Чиндан-да инсон барча мавжудотлар ичида ақл эгаси ва қудратли бўлгани учун ҳам ҳамма ишнинг уддасидан чиқа олади худди Нурхонга ўхшаб.
…Нурхоннинг дадаси Ғуломжонни яхши танийман. Оилавий шароити оғирлигига қарамасдан рафиқаси Дилфуза билан келишган ҳолда қизига, унга ўхшаган дардмандларга кўмак беришдек эзгу мақсадда тиббиёт олий ўқув юртида таҳсил олган. Жарроҳ вазифасида ишлар, спортга ҳам ихлоси кучли эди. Қизига, ёш каратэчиларга устозлик қилган. Онаси Дилфуза доимо фарзандлар тарбияси билан машғул, қийинчиликларга чидамли аёл эди. Нурхон ҳам спортдаги илк сабоқларини, машаққатларга дош беришни улардан олган. Бугун ота-онаси, акаси Жаҳонгир, сингиллари Нигора, Мадина, Райҳона, укаси Бобуржон, қолаверса, бутун мингбулоқликлар Янги Ўзбекистоннинг миллат фахрига айланган матонатли бу қиз билан қанчалар ғурурланаётганимиз рост.
Қосимжон АКБАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.