Оғриқсиз яшай олмайман

Дард доимо инсонга йўл очади.

Жалолиддин Румий

Осмон қоп-қора. Ер қоп-қора. Шиғалаб-шиғалаб ёмғир ёғмоқда. Баҳор ёмғири. Апрель ойининг ўртаси бўлишига қарамай, ҳаво анча салқин. Кўчада зоғ кўринмайди. Туни билан ёққан ёмғир дарахтлару ердаги ўт-ўланларнинг чангини ювган, ям-яшил табиатнинг сокинлиги-ю чиройи кўнгилга ўзгача бир ҳузур бахш этар эди. Балкон деразаси олдида ана шу гўзалликка маҳлиё бўлганча Лев Толстойнинг “Сергей ота” қиссасини мутолаа қилиб ўтирардим. Қизим кимдир сўраётганини айтиб, телефон гўшагини узатди. Саломлашган кишим “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг биринчи ўринбосари Мизробжон Бўронов эканлигини дарҳол танидим. Бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўрадик. Мизробжон бир илтимос билан қўнғироқ қилганини айтиб, иложи бўлса, ёзиб олишимни сўради.

Таниш бўлмаган кишининг исми-шарифи билан телефон рақамини ёзиб олдим.

— Бу номдор спортчиларимиздан, — деди Мизробжон гапнинг пўсткалласини айтиб. — Ёзиш учун бор-йўғи беш-олти кун вақт берилган. Шуни ўзингиз… Хоҳласангиз мақола, хоҳласангиз очерк, хоҳласангиз… Хуллас, бу ёғи ўзингизга ҳавола, устозжон…

Бундай хайрли ишга йўқ деб бўладими? Спортчилар ҳақида жиддийроқ бир нарса ёзмаган бўлсам-да, ўйлаб ҳам ўтирмай, бажонидил рози бўлдим. Мизробжон хурсанд бўлганча хайрлашди. Бирдан юрагимга ғулғула туша бошлади. Ёзиб олганимга термилганча ўйланиб қолдим. “Ким бу? Қанақа спортчи? Футболчими, боксчими, курашчими?… Ким бўлганда ҳам қиладиган иши битта: машқ, машқ ва яна машқ… Кейин мусобақа. Кейин ё ғалаба, ё мағлубият. Буни ҳамма билади. Спортчининг ўзи ҳам шуни гапиради-да. Нари борса, мураббийсини мақтайди. Бунинг нимаси қизиқ? Спортчини фақат ўйинда, мусобақада кўриш завқли. Унинг гашти бошқача. Ҳақиқий ишқибоз бўлсанг, бутун вужудинг билан куйиб-пишасан. Унинг ёнида худди ўзинг курашаётгандай қайғурасан. Фурсатни бой бермай бўлажак қаҳрамоним — Дониёр Солиевга қўнғироқ қилиб, мақсадни тушунтирдим.

— Мен оддий бир спортчиман, ака, – деди Дониёр камтарлик билан. — Ўзингиздан қолар гап йўқ. Ҳалиги… Расмиятчилик дегандай… Ўзимча иш тутсам, ҳурматсизлик бўлади. Шунинг учун катталаримизни огоҳ этиб қўйсангиз, яхши бўларди…

Айрим спортчиларимизнинг ўзбек бўла туриб, ўзбек тилида чайналиб, русча аралаштириб гапирганларини тадбирлару телевизорда кўп кўрганман. Чунки кўп жойларда ҳалигача улар билан машқлар ҳам, мулоқотлар ҳам рус тилида олиб борилиши сир эмас. Дониёрнинг бу қусурдан холилиги мени жуда қувонтирди. Шу боис дарҳол ишга киришиб, респуб­лика олимпия қўмитасига сим қоқдим. Мақсадни эшитган қўмита катталаридан бири таклифимни мамнуният билан қабул қилди. Ҳатто ёрдам беришга ҳам тайёр эканлигини билдирди. Вақт тиғиз бўлгани учун ўша заҳоти Дониёрга қўнғироқ қилдим. Афсуски, ундан янгилик эшитолмадим. Ҳафсалам пир бўлганча яна Олимпия қўмитаси билан боғландим. Гўшакни ҳеч ким кўтармади. Умид билан бош мураббий телефон рақамини тердим. “Хизмат доирасидан ташқарида” деган овоз келди. Яна қўмитага… Кейин бош мураббийга… Бу ҳол неча бор такрорланмасин, барибир жавоб бўлмади. Ниҳоят, кечга яқин қўмита телефонидан овоз келди: “Эшитаман!” Назаримда, бу котиба эди. Унга ўзимни таништириб, ниятимни айтдим. Қиз менга бошқа бир раҳбарнинг телефон рақамини берди. Асабий ҳолда рақамларни тердим. Мени диққат билан эшитган Аброр Ниёзов мураббийларни ҳам, спортчини ҳам хабардор қилиб қўйишга сўз берди. Аммо бундан жудаям севинганим йўқ. Чунки шаштим сўнган, бир кун йўқотганим учун хаёлимда ёзмасаммикан деган фикр чарх урарди. Агар нашриёт раҳбарига ваъда бермаганимда… “Ҳа, майли, бўлар иш бўлди”, дедим ўзимга-ўзим. Ёзиш керак! Лекин нимани? Одатда, спортчининг таржимаи ҳоли ҳам, ўзининг гапи ҳам қисқа бўлади. Бунинг устига, ўзим спортдан ҳам, спорт соҳасидан ҳам йироқман. Албатта, футболга қизиқишимни ҳисобга олмаганда. Ахир нима кўп, спортнинг тури кўп. Ишқилиб, қаҳрамонимнинг айтадиган гаплари бўлсин-да.

Ана шундай ўйлар билан кеч соат ўнда Дониёр билан гаплашдим. У мени эрталаб соат тўққизда “Пахтакор” стадионида кутадиган бўлди. “Хайрият-э, муз қўзғалибди-ку”, дедим-да, Россия телевидениеси намойиш этаётган жаҳон спорти янгилик­ларини томоша қила туриб, хаёлимга келган саволларни қоғозга туширдим. Эрталаб уларни яна бир бор кўздан ўтказиб, маъқул бўлмаганларини ўчириб, “Пахтакор” томон йўл олдим.

* * *

Қуёш чарақлаб турар, осмон мусаффо, кўм-кўк эди. Стадионнинг бир томонида югурувчилар, бир томонида узунликка сакраётганлар, яна бир томонида кузатувчилар. Мураббийлар ҳуштаклари чуриллагани-чуриллаган. Ҳамма ўзининг иши билан банд. Кўрдимки, бу ерда бекорчи йўқ. Бир четда нималарнидир муҳокама қилаётган тўрт-беш спортчи йигит олдига бориб, Дониёр Солиевни сўрадим. Улар машқ майдончаларига кўз югуртириб: “Ана у!” дедилар сакраш учун шиддат билан чопиб келаётган 24-25 ёшлар чамасидаги спортчини кўрсатиб. Яқинроқ бориб, бўш скамейкалардан бирига ўтириб, қаҳрамонимнинг ҳаракатларини кузата бошладим. Англадимки, спортчининг бундай ҳаяжонли, мураккаб ва машаққатли, таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, туғёнли ҳолатини сўз билан ифодалаш қийин. Мен худди кино томоша қилаётганга ўхшардим. Кўзларим Дониёрнинг кўзларида… Кўзларим Дониёрнинг қадам ташлашларида… Кўзларим Дониёрнинг парвозга кўтарилаётган пўлат қушга ўхшаш танасида. Қўллари самолётнинг қанотларига ўхшайди-я! Оёқлари самолётнинг ғилдиракларини эслатади. Уларнинг бари ўз вазифасини аъло даражада бажараётгандай. Дониёр парвозга кўтарилди… Қарсаклар янгради, гулдурос қарсаклар. Мен ҳам қўшилдим. Олқишладим. Нималарнидир тушунгандай хурсанд бўлдим. Аммо нималарни? Ўзим ҳам билмайман. Дониёр спорт кийимидаги аёл киши (мураббийси бўлса керак) билан гаплашиб олгач, кимнидир қидираётгандек атрофга қаради. Ўрнимдан туриб, унинг олдига бордим. Саломлашиб, мақсадга ўтдим. Дониёр кўтаринки кайфиятда эди. Овозлардан холироқ скамейкалардан бирига бориб ўтирдик. Назаримда, у менга айтмоқчи бўлган гапларини тартибга солаётганга ўхшарди. Шу боис мени диққат билан тинглади. Масаланинг жиддийлигини англаганлиги сезилиб турарди. У менинг саволларимга жавоб беришга тайёр эканлигини кўриб, сўрадим:

— Ўзингизни ҳар куни шундай қийнайсизми?

— Ҳа, ҳар куни, – деди у ортда қолган машқ майдончаси томон қараб.

— Сизни менга паралимпиадачи дейишган эди…

— Ўхшамаяпманми?

— …

— Унда эшитинг, – деди Дониёр менга бир қараб олиб.

Мен ён дафтаримни очиб, ёзишга шайландим. Дониёр аввалига секин, сўнг тўлқинланиб, ора-­орада қандайдир сезилар-сезилмас ички бир дард билан ҳикоя қила бошлади:

— 1994 йил Тошкентда ишчи оиласида туғилганман. Отам Нурилла ака заводда, волидаи муҳтарамам Онажон опа кўзи ожизлар интернатида ишлаб, рўзғор тебратганлар. Мен акам Даврон, опаларим Дилшода ва Дилфузалардан кейин тўртинчи фарзандман. Икки кўзим яхши кўрмаганлиги учун онам ишлайдиган интернатда ўқиганман. Онамнинг айтишларича, беш-олти ёшларимда: “Мана кўрасиз, катта бўлсам орзуларимга эришаман. Ўзимнинг уйим, машинам бўлади”, деб мақтанган эканман. Албатта, бу барча болаларга хос бўлган ойдин орзу, эзгу ният. Аммо унинг мағзида мақсад, интилиш, кураш бор. Орзуга эришишга ундайдиган қудратли бир куч бор. Илҳомлантирадиган жўшқин бир туйғу бор. Шу боис ўзимни спортсиз тасаввур қилолмас эдим.

Интернатда ўқиб юрганимда енгил атлетикага астойдил меҳр қўйдим. Айниқса, югуриш ва сак­рашни жуда яхши кўрардим. Онам бунга мутлақо қарши эдилар. Соғлиғимга путур етиб қолишидан қўрқардилар. Кўзларимни текшириб кўрган дўхтирлар ҳам онамнинг фикрларини қўллаб-қувватлашган. Мен эса йўлимдан қайтмадим. Билмадим, ўшанда ғурурим йўл қўймадими ёки қайсарлик қилдимми, ҳозир ёдимда йўқ. Нима қилган бўлсам ҳам, тўғри қилганман деб ҳисоблайман. Бунга ҳозир ҳам ачинмайман. Аксинча, хурсандман. Чунки, бугун ўша қатъийликнинг мевасини кўраяпман.

Ёдимда. 2009 йил эди. Японияда ўтказиладиган мусобақаларда қатнашиш учун интернатимиздан бир гуруҳ иқтидорли спортчи-ўқувчиларни танлаб олишди. Рўйхатда мен ҳам бор эдим. Ўн тўрт ёшдаман. Японияга боришимизни эшитиб, югуриш ва узунликка сакраш билан астойдил шуғулландим. Имкон бўлдики, стадионга ошиқардим. Ниҳоят Япониянинг пойтахти Токио шаҳрига қадам қўйдик. Шаҳар чиройли ва кўркам экан. Кўп нарсани кўриб ҳайратландик. Кўп нарсани кўриб қувондик. Осмонўпар бинолар, тезюрар поездлар, қават-қават кўприклар-у йўллар… Ўшанда бундай мўъжизаларни она юртимиз — Ўзбекистонда ҳам кўришни орзу қилганмиз. Мана бугун пойтахтимиз жамоли бутунлай ўзгараяпти. Кўп қаватли энг замонавий бинолар, қават-қават кўприклар, кенг ва равон йўллар, боғлар барпо этилаяпти. Тез юрар поездларимиз минг-минглаб йўловчиларни ҳаш-паш дегунча манзилларига етказмоқда. Бундан қувонмай бўладими?..

Токиодаги мусобақага қайтадиган бўлсак, тўғриси, уни эслагим келмайди. Чунки бирон-бир натижага эришолмаганман. Тайёргарлигимнинг суст­лиги ҳам, тажрибасизлигим ҳам яққол кўриниб турган. Ғалаба бўлмаса, ҳеч нарса татимас экан. Мен буни ўшанда юрак-юрагимдан ҳис этганман. Жуда-жуда алам қилган. Тошкентга қайтганимиздан сўнг, уялганимдан интернатга боргим келмаган. Сараланган қирқ спортчи-ўқувчидан Токиога бориш битта менга насиб этса-ю, мен худди ўқишга киролмаган абитуриентдек шўппайиб қайтиб келсам! Ростини айтсам, анчагача ўқитувчиларимдан ҳам, дўстларимдан ҳам ўзимни олиб қочиб юрганман. Кўзи кўзимга тушган киши борки, сен ногироннинг қўлингдан нима ҳам келарди, деяётгандек бўларди. Аммо буларнинг биронтаси ҳам менинг спортга бўлган қизиқишимни сўндиролмади. Кўриш қобилиятимнинг пастлиги эса спортда нимагадир эришишимга баҳона бўлолмаслигини аллақачон англаб етган, шунинг учун ҳам орқага қайтмасликка қарор қилган эдим.

2012 йил паралимпиячиларнинг Лондонда ўтказиладиган мусобақасига борадиган бўлдим. Хаёлимда битта фикр: бу гал ютқазмаслигим керак! Олдинги хатолар такрорланмаслиги учун ҳар бир машқни мусобақадек ўтказар, қўшимча ишлашдан сира эринмас, ўзимни қийнашни яхши кўрар эдим. Менинг инжиқликларимга кўникиб қолган мураббийим Анна Казакова ҳар бир ҳаракатимни диққат билан кузатар, йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳатлар берар, айни пайтда мени худди ўз ўғлидек асрашни ҳам унутмас эди. Хуллас, ҳамма нарса рисоладагидек борар, мусобақага эса бир ой қолган эди. Кутилмаганда отам оламдан ўтдилар. Бу жудолик оиламиз аъзолари қатори мени ҳам қаттиқ қайғуга солди. Ич-ичимдан эзилдим. Ҳеч бир нарса татимай қолди. Оҳ, отажоним-а, отажоним, ногирон ўғлингизнинг азобларини кўп кўрдингиз-у, роҳатини кўролмадингиз-а, деб бўзлаб-бўзлаб йиғлардим. Ўзимни қўярга жой тополмасдим. Ўтирсам ҳам, юрсам ҳам кўз олдимда отам намоён бўлаверар, ўғлим келаяптимикан, дея йўлимга қараб тургандай туюлаверар эди.

Ўшанда энди ҳаммаси тамом деб ўйладим. Аҳволимни кўрган устоз ва дўстларим мени овунсин дебми, яна машқ майдонига қайтардилар. Мусобақа кунлари тобора яқинлашиб келар, ҳар бир лаҳза ғанимат эди. Буни қарангки, ўша кунлари ички дардларимга берилиб, машқлар давомида оёғимни синдириб қўйганимни пайқамабман ҳам. Буни устозим Анна Валерьевна сезган, шекилли, Лондонга борганимизда мусобақага қатнашишимга рухсат бермади. Мен эса ўз сўзимда туриб олдим: “Қатнашаман, нима бўлса ҳам қатнашаман!” Устозим ҳам сўзида туриб олди: “Йўқ, қатнашмайсан!” Кўриб турибман. Устозим нимадандир хавотирда эди. Айтганини қилмаганим учун мендан хафа бўлса керак деб ўйладим. Бироқ оёғим бир неча кундан буён сим-сим оғриётганини билсам-да, ҳеч кимга айтмагандим. Мусобақага қатнашишдан маҳрум бўламан деб қўрқардим. Югуриш йўлагида турибман. Рухсат берилиши билан ўлжасини тутмоқчи бўлган йўлбарсдай олдинга ташландим. Йўқ, бўлмади. Оёғим панд берди. Оғирлик қилди. Мен эса сакрашга интилдим. Сакрадим ҳам. Бироқ кутилган натижа бўлмади. Синган оёқ билан натижа бўлармиди? Ана холос. Яна мағлубият. Хўш, уйга бу сафар нима деб кириб бораман? Менинг ғалаба билан боришимни интиқ кутаётганларга нима дейман? Оёғим синиб қолди дейманми? Ахир бу жуда кулгили-ку. Бу яна қандай жазо бўлди менга? Гуноҳим нима, худойим? Чекаётган азобларим каммиди?!.. Ич-ичимдан ўртанаётганимни кўрган устозим дўхтирларимиздан оёқларимни кўриб қўйишни сўрадилар. Устозимнинг тахминлари тўғри бўлиб чиқди.

— Бу спорт, – дедилар Анна Валерьевна меҳрибонлик билан. — Катталик қилиб бўлмайди. Ўзинг зўр бўлганинг билан омадинг келмаса қийин. Кўриб юрибсан, баъзан ўртамиёна спортчининг омади келиб, ҳаммани ҳайрон қолдиради. Пешонангда борини кўрасан. Ҳали осмон узилиб тушгани йўқ. Сенинг спортинг энди бошланаяпти. Буниси ҳали ҳолва. Бундан ҳам даҳшатларига доим тайёр туришинг керак. Ҳамма-ҳаммасини сабр-тоқат, меҳнат ва фақат тинимсиз меҳнат билан енгиш мумкин. Спортда шошқалоқлик кетмайди. Ҳақиқий спортчи бўламан десанг, ўзингни ва ички ҳис-туйғуларингни ҳар қандай ҳолатда ҳам жиловлай билишинг керак. Тажриба ва маҳорат сирларини ўрганишдан эринмаслигинг, машқларни номигагина бажармаслигинг, мақсадга эришиш учун ҳузур-ҳаловатдан кечишинг, ўзингни қийнашинг, кечагидан бугун, бугунгидан эртага кўпроқ шуғулланишинг, шунга яраша натижани қўлга киритишинг — бу спортнинг талаби. Энг муҳими, руҳиятинг ҳамиша соғлом бўлиши керак. Шуни унутмагинки, мағлубият фожиа эмас. У сени янада кучлироқ бўлишга, ғалабага интилишга даъват этиши керак…

Устозимнинг далда ва ўгитлари кўнглимни кўтариб, оғриғимга малҳам бўлгандай бўлди. Бас, оёғимни даволатиб, яна машқ қиламан. Яна югураман. Яна сакрайман. Ғалаба қозонмагунимча тинчимайман. Ахир мен ўзбекман. Ўзбекнинг фарзандиман. Менинг аждодларим ҳеч қачон сўзидан қайтмаган. Ўзининг эмас, миллатининг, Ватанининг обрўси, шаън-шавкати учун курашган. Бу менинг ҳам азму қарорим. Курашни давом эттираман. Ғалабалар эса олдинда… Уларни қўлга киритмагунча тинчимайман. Югураман, сакрайман… Югуравераман, сак­райвераман…

Кўзи ожизлар интернатини битирганимдан сўнг, ўқишни Миробод туманидаги саноат касб-ҳунар коллежида давом эттирдим. Бўш вақтим асосан стадион ва спорт залларида ўтар, баъзан дарслардан ҳам қолиб кетардим.

Бир куни коллежда беш-олти йигит ҳомиладор муаллимани ўртага олиб, ҳақорат қилиб турганининг устидан чиқиб қолдим.

— Устозни ҳақорат қилишга қандай ҳаддингиз сиғди, уялмайсизларми? – дедим уларнинг олдига бориб. — Қани, дарров узр сўранглар!

— Сенга нима? – деди биттаси ёқамга чанг солиб. — Егинг келаётган бўлса, едириб қўямиз.

— Қўлингни ол! – дейишим билан биқинимга кучли зарб тушди. Қайрилиб улгурмасимдан ҳаммаси оч бўридай ташланди. Барзангидай болалар эди. Мен ўзимни ҳимоя қилиб, четга чиқмоқчи бўлдим. Аммо шу пайт кўзимга қаттиқ бир нарса билан уришди. Йиқилдим. Кейин… Кейин ўзимни касалхонада кўрдим. Узоқ даволандим. Мураббийларим роса елиб-югуришди. Нимаики зарур бўлса, ҳаммасини қилишди. Дўхтирлар кўзимни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилдилар. Бир эмас, саккиз марта операция столига ётдим. Номдор мутахассислар кўзимни ўз ҳолатида сақлаб қолишни бош мақсад қилиб қўйдилар. Узоқ, жуда узоқ чўзилган бу жараён менинг тинка-мадоримни қуритиб юборди. Неки азоб, неки дард бўлса, барини кўрдим, аччиқ-аччиқ йиғладим ҳам. Ҳар бир операция мураккаб ҳисобланар, мен гўёки дўзахга кириб чиққандай бўлардим. Саккизинчи операция ҳам муваффақиятли ўтганини эшитганимда, Худога шукр, яна онамни, акам ва опаларимни, устоз ва дўстларимни, табиат ва одамларни, мовий осмонни, қуёшни, ой ва юлдузларни, қадрдон стадионимни икки кўзим билан кўрар эканман, дея роса қувонганман. Афсус… Минг афсуски, бундай бўлмади. Дўхтирлар ўта мураккаб ва ниҳоятда нозик вазифани уддалаб, кўзимни олдинги ҳолатида сақлаб қолган бўлсалар-да, у бутунлай кўрмайдиган бўлиб қолди. Иккинчи кўзим ҳам мақтагулик эмас. Аммо чеккан дардларим қанчалик оғир бўлмасин, мени спортдан кечишга мажбур қила олмади.

Мен Дониёрдан: “Сизни шу аҳволга солганлар жазоландими?” деб сўрамадим. Ярасига туз сепишни истамадим. Эски гапни қўзғашнинг нима кераги бор, деб ўйладим. Шу боис унинг фикрини бўлмадим.

— 2013 йил Ўзбекистон терма жамоаси сафида Францияга бордим. Кураш кескин ва шиддатли бўлди. Бу мен учун энг катта имконият эди. Рақиб­ларимнинг усул ва услубларини, хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатдим. Ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилдим. Устозларимнинг маслаҳат ва ўгитлари қулоқларим остида эшитилиб, онгу шууримда акс садо бериб турди. Зиғирча хатоликка йўл қўймасликка, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаяжонланмасликка, шошмасликка, ўзимни йўқотиб қўймасликка ҳаракат қилдим. Фақат зиммамдаги вазифани кўнгилдагидек адо этишни ўйладим. Уддасидан чиқдим, шекилли. Кумуш медаль соҳиби бўлганлигим фикримнинг далили. Ўша йили Малайзиядан иккинчи кумуш медаль билан қайтдим. Ана шундан сўнг спорт менинг қисматимга, ҳаётимнинг мазмунига айланди…

2014 йил Жанубий Кореяга бордик. Мусобақалар бошланган кунлари шивалаб ёмғир ёғиб турар, бу мен учун айни муддао эди. Негаки, худди ана шундай ҳавода беллашишни хуш кўрардим. Биз яшайдиган меҳмонхонадан стадионгача автобусда бир ярим соатлик йўл эди. Манзилга етганимизда спорт рақамим меҳмонхонада қолиб кетгани ёдимга тушиб, автобусда ёлғиз ўзим орқага қайтдим. Рақамимни олиб кўчага чиққанимда мусобақа бошланишига жуда оз вақт қолган эди. Автобусда борадиган бўлсам, улгурмайман. Таваккал қилиб, полициячилардан илтимос қилдим. Улар гап нимадалигини тушунмай, мен тушунтиролмай хуноб. Нуқул ўзбекчалаб: “Илтимос, олимпия ўйинлари бўлаётган стадионга олиб бориб қўйинглар, мусобақага кечикаяпман, жуда кечикаяпман, йўл ҳақини тўлайман” деганим-деган. Улар мени мусобақа кийимида кўриб, автобусдан қолиб кетган бўлса керак деб ўйладилар, шекилли, дарҳол машинага ўтқизиб, йўлга тушдилар. Худди “тез ёрдам”дек елган полиция машинаси дабдаба билан тўғри стадионга кириб борди. Мусобақалар бошланишига саноқли дақиқалар қолган, барча жамоалар бу ҳаяжонли дамни интизорлик билан кутиб турар эдилар. Мен машинадан туша солиб, қўлимни кўксимга қўйганча полициячиларга чин дилдан миннатдорчилик билдирдим-да, Ватанимиз байроғи ҳилпираб турган ўз жамоам томон югурдим.

Мусобақанинг тўртинчими-бешинчи куни югуриш йўлагида сирпаниб йиқилдим. Елкам жиддий шикастлангани учун бир-икки кун касалхонада бўлишимга тўғри келди. Аммо финал мусобақаларида қатнашиш насиб этди. Жамоамиз олтин медални қўлга киритди. Четда қолмаганимга жуда-жуда хурсанд бўлдим.

Орадан бир йил ўтиб, 2016 йилнинг апрель ойи­­да Тунисда ўтказилган халқаро мусобақада узунликка сакраш бўйича 7,12 м натижа билан олтин медалга эришдим. Бу менинг биринчи олтин медалим эди. Уни қўлга киритганимга ишонгим келмай, нуқул медалнинг олд ва орқа томонига қарар, қанчалик уринмай, кўзларим ёшини тиёлмас эдим. Бу ҳеч бир шубҳасизки, энг аввало, мени дуо қилиб турган онажонимга, азиз Ватаним ва буюк халқимизга бўлган беқиёс миннатдорчилигим, ҳурмат ва муҳаббатим рамзи эди…

Умр китобимнинг яна бир ўчмас саҳифасини битган ўша улуғ кунларни, ўша улуғ онларни ҳеч қачон унутмайман. Чунки айнан ана шу чемпионат мени ҳақиқий спортчи сифатида элу юртимга танитди. Янги-янги ғалабалар уфқларини очди. “Бу ногироннинг қўлидан нима ҳам келарди?” деганлар олдида қаддимни баланд кўтариб, ғурур билан юришга ўргатди. Шу билан бирга бундай ғалабалардан эсанкираб қолмасликни ҳар қадамда эслатиб турарди.

2017 йилда Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтказилган мусулмон мамлакатлари паралимпиячилари мусобақасида яна 7,12 м узунликка сакраб, иккинчи олтин медалга сазовор бўлдим. Ўшанда онажоним, акам ва опаларимдан борган шошилинч номадаги “Сен фақат бизнинг эмас, бутун Ўзбекис­тон ишончини оқладинг. Олтин медаль муборак бўлсин!” деган сўзларни ўқиганимда қувончданми, ҳая­жонданми йиғлаб юборганман… Тошкентга қайт­ганимдан сўнг, яна тинимсиз машқларга шўнғиб кетдим. Ҳадемай мамлакатимиз спортчилари билан бирга Лондонга — жаҳон чемпионатига йўл олдим. Машқда қанча қийин бўлса, жангда шунча осон бўлади деганларидек, бу мусобақада ҳам машаққатли меҳнат ўз мевасини берди. 7 метр 18 см узунликка сакраб, Осиё рекордини янгилашга муваффақ бўлдим ва олтин медаль билан тақдирландим. Балки, бу омаддир… Ёки ҳаётимнинг ажралмас бир бўлагига айланган оғриқларнинг менга очиб берган нурли йўлимикан? Билмайман… Нима бўлганда ҳам бу менинг эмас, Ўзбекистоннинг ғалабаси. Менинг кўксимдаги олтин медаль Ўзбекистон кўксида ярқираб тургандай эди.

 

* * *

Оғриқлар мени спортсиз яшай олмасликка ўргатди. Оғриқлар мени уларни енгиб яшашга даъват этди. Оғриқлар мени дунёнинг қатор мамлакатларига олиб борди.

…2018 йилда Жакартада ўтказилган жаҳон чемпионати олдингиларидан ҳам кучли бўлиш кераклигини кўрсатди. Машқ, машқ ва яна машқ… Таҳлил ва хулоса. Ниҳоят, жаҳоннинг энг кучли паралимпиячи спортчилари билан кураш. Ишқибозлар билан лиқ тўла стадион. Минг-минглаб нигоҳлар… Ҳаяжонли лаҳзалар… Сукунат… Юракнинг дук-дуки… Сак­рашга рухсат… Ўрнимдан туриб, оёқ изларимга қарадим. Ўлчашди. 7,22 м. Эълон қилишди. Стадиондаги спорт ишқибозлари оёққа қалқди, олқишлади. Шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдим. Ўзбекистон мадҳияси янгради. Ўзбекистон байроғини баланд кўтардим. Қалбим ғурурга тўлди.

* * *

Йўқ, бу ҳали бор гапнинг ҳаммаси эмас. Дониёр Солиев олий маълумотли мутахассис. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетини битирган. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг спорт инструктори. Жами медалларининг сони юздан ортиқ. Уларнинг йигирмадан зиёди нуфузли халқаро мусобақаларга тегишли. Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХV ёзги Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришгани учун “Жасорат” медали билан тақдирланган. Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Йигирма тўрт ёшли йигитнинг ютуғи бўлса, шунчалик бўлар-да ахир.

— Спортчи бўлмаганингизда қайси касбнинг эгаси бўлишингиз мумкин эди? – қизиқиб сўрайман Дониёрдан.

— Кўзи ожизлар мактабида ўқиганимда, беш йил доира ва ноғора чалиш билан шуғулланганман, – деди у мийиғида кулиб. — Мен дарсга кирмай стадионга югурардим. Ўқитувчимиз Тоҳир ака бўлса мени яна синфга қайтариб, сенинг жойинг стадионда эмас, мана бу ерда, дердилар. Афсуски, мендан доирачи чиқмади. Чиқмас ҳам эди. Спортчи бўлмаганимда эса… Йўқ, спортчи бўлмаслигим мумкин эмас эди. Нима бўлганда ҳам спортни танлаган бўлардим.

— Мусобақага қандай ўйлар, қандай мақсадлар билан кириб борасиз?

— Мен майдонга ҳеч қачон ғалаба қозонишни мақсад қилиб кирмайман. Чунки бу спорт. Спортда олдиндан ваъда бериб бўлмайди. Шу боис “Албатта, ғалаба билан қайтаман!” деган гап шу пайт­гача оғзимдан чиққани йўқ, лекин умидни, ниятни яхши қилиб, мусобақага кираман.

— Қандай тоифадаги одамларни ёқтирмайсиз?

— Мақтанчоқларни, нопок йўллар билан эришган бойлиги ортидан гердаядиганларни, одамларнинг устидан куладиганларни, ўзини савоб ишдан тортадиганларни, мансабпараст ва порахўрларни…

— Уларни ҳаётингизда, фаолиятингизда учратганмисиз?

— Учратмасам, нафратланмасам, гапирармидим?

— Кимни энг яқин дўст деб биласиз?

— Онамни, мунис ва меҳрибон онажонимни.

— Машаққатлар ичида қовурилиб, оғриқлар ичида тўлғониб яшашни яхши кўраман дейишингизнинг боиси нимада?

— Ҳеч бир нарсага осонгина эришиб бўлмаслигини сиз ҳам яхши биласиз. Қийинчилигу дардларни енгиб етиштирган мевангиз ҳалол ва ширин бўлади. Менинг фалсафам шундай. Агар бошқа саволингиз бўлмаса, машқ майдонига боришимга рухсат берсангиз.

— Вақтингизни олганим учун узр. Жаҳон мусобақаларида ғолиб бўлиб, Ватанимиз байроғини ҳамиша баланд кўтаришингизда омад ёр бўлсин!

— Раҳмат!

Нуриддин ОЧИЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =