Жасорат соҳиби

Армрестлинг спорт тури ҳақида эшитган бўлишингиз керак. У илк бор АҚШда 1950 йилларда пайдо бўлиб, Боб О`лери унинг шаклланишида катта роль ўйнаган. Бу спорт тури дастлаб юк машина ҳайдовчилари орасида кенг тарқалган. Биламизки, юк машина ҳайдовчилари узоқ йўлларга юриш асносида турли жойларда тўхтайди. Шу вақтда ўзаро низоларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Армрестлинг спорт тури ўйлаб топилган. 1977 йилдан мазкур спорт тури бўйича жаҳон чемпионати мунтазам ўтказиб келинади.

Сирдарё вилоятида ҳам бу спорт тури билан шуғулланувчилар талайгина. Шулардан бири иккинчи гуруҳ ногирони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, “Она замин” мукофоти совриндори, “Жасорат” медали, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Умиджон Аҳмедовдир. Умиджон арм­рестлинг бўйича 17 карра Ўзбекистон, 11 карра жаҳон чемпиони деган юксак шарафга мушарраф бўлган. Спортчимиз яқинда Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этди ва бронза медалини қўлга киритди.

— Гулистон шаҳридаги спорт мактабида 1998 йилдан буён армрестлинг мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Ўтган йиллар ўзим ва шогирдларим учун муваффақиятлар йили бўлди. Шогирдларим орасида шу вақтгача 17 карра Осиё чемпиони, 3 карра жаҳон чемпиони, бир нафар кумуш медали совриндори, кўплаб Ўзбекистон чемпионлари бор. Сирдарё вилоятини илк бора дунё ҳамжамияти Армрестлинг спорт тури бўйича таниган десам, хато эмас, — дей­ди Умиджон Аҳмедов.

Чиндан ҳам, бугун Гулистонда ёшлар 70 га яқин спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келишмоқда. Улардан 50 дан ортиғи ноолимпия спорт турларига киради. Ўзбекистон ва халқаро майдонларда ноолимпия спорт турлари спортчиларининг кўрсатаётган натижалари ҳам анча салмоқли.

— Биргина Гулистон шаҳридаги спорт мактабида 2 500 га яқин спортчи шуғулланади. Бугунги кунда 268-сон қарорга асосан, ноолимпия спорт турлари қисқартирилмоқда. Бунинг натижасида Гулистон шаҳрининг ўзида минглаб спортчилар фаолиятини тугатишига тўғри келмоқда. Буни вилоятимиз миқёсида ва республика даражасида ҳисобласак, жуда катта рақамлар келиб чиқади. Ёш спортчилардан фарқли ўлароқ мураббий спортчилар нима иш билан шуғулланишади? Бўш қолган йигит-қизларимиз нима қилади? Кўчага чиқиб кетади. Уларнинг орасидан безорилар, ҳуқуқбузарлар, жиноятчилар чиқмайди деб ким кафолат беради? — дейди жонкуяр мураббий.

– Раҳбариятимиз ноолимпия спорт турларига ҳам жиддий эътибор қаратишса. Олимпиада ўйинларига бориш учун барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантирилади. Мана шундай эътибор ноолимпия спорт турлари спортчиларига ҳам кўрсатилса яхши бўлар эди. Ёшим 45 га кирди. Шу вақтгача спортни тарк этмаганим боиси — ёш авлодга ногирон бўлсам-да, мотивация бериш. “Устозимиз ногирон аҳволида ҳам халқаро майдонларда курашиб келмоқда. Биз наҳотки тўрт мучамиз соғ бўлиб шундай ҳаракат қилиб чемпион бўла олмаймиз?” деб ўйласин дейман.

“От ўрнини той босар” дейишади. Таниқли спортчининг фарзанди ҳам ота изидан кетган. Катта фарзанди Хондамир 10-синф ўқувчиси. 2022 йилда Армрестлинг бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, Осиё кубоги кумуш медаль совриндори, спорт устаси, халқаро тоифадаги спортчи деган ғалабаларни қўлга киритган.

Биз билан суҳбатда Умиджон Халқаро олимпиада қўмитасига Жаҳон Армрестлинг федерацияси томонидан бу спорт турини олимпиада ўйинларига киритиш таклифи берилганини айтиб қолди. Агар таклиф қабул қилинса, 2028 йилда Лос-Анжелес олимпиадасида армрестлинг ўйинларида унинг шогирдлари иштирокига гувоҳ бўлишимиз шубҳасиз. Яна бир маълумот, жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Осиё кубоги мусобақаси бўлиб ўтади. Унда мураббийнинг 8 нафар шогирди ва вилоят миқёсидан эса 20 нафардан ортиқ армрестлингчилар қатнашиши кутилмоқда.

Биз юксак жасорат ва метин ирода соҳиби Умиджон Аҳмедовнинг келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилаб қоламиз. Унинг юқорида айтиб ўтган таклифларига мутасаддиларимиз беэътибор бўлмайди, деган умиддамиз.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − five =