Металлсевар авлодга айланиб қолмайлик

Hand holds up a bunch of gold, silver, and bronze medals in bright blue sky

Яқинда бир расмий тадбирда қатнашдим. Ёшлар билан давра суҳбати бўлганлиги учун олдинги қатордан жой беришди. Беихтиёр ён-ат­рофимга нигоҳ ташладим: ҳамма расмий кийинган, яхши кайфиятда. Турли йўналишларда ютуқларга эришган ёшлар ўзлари билан фахрий ёрлиқ, диплом ва бошқа эсдалик совғаларини олиб келишган.

Айниқса, ёнимда ўтирган йигит эътиборимни тортди. Ўзим тенги, бошига дўппи кийиб олган бинойидек йигитча. Ҳайратланарлиси, кўксига ўндан ортиқ медалларга ўхшаган турли нишонлар тақиб олган эди. Ҳа, ҳа, тўғри эшитдингиз, тақиб олган “медал”ларининг сони ўндан ортиқ эди. Қимирлаганида шақир-шуқур қилиб эътиборни тортаётган бу йигитчанинг мукофотлари кўпчилик сингари  мени ҳам қизиқтирмай қолмади.

— Урушда қатнашган отахоннинг ҳам бунча нишонлари бўлмаса керак. Сиз қандай эришгансиз, яхши йигит? — деб савол бердим.

— Ҳа, буларми? Турли танловларда қатнашиб, сазовор бўлганман, — деди у ҳозиржавоблик билан.

— Йўғ-э! Қойил! Қандай танловлар экан, билсак бўладими?

— Мана бунисини “Ёш тадқиқотчи” танловида олганман. Буниси “Энг яхши хизматлари учун”, “Ёш олим”, “Таълим ифтихори”, “Халқаро хизматлари учун” кўкрак нишони. Хуллас, шу каби танловларда қатнашиб, сазовор бўлганман-да, — деди у фахр билан.

Ажабо! Шунча кўкрак нишонлару “медал”лар бор экан-у, улар ҳақида бехабар эканман, дея дарров телефонимни олиб, интернетдан маълумот олишга ҳаракат қилдим. Афсуски, буларнинг биронтаси ҳаққоний эканлиги ҳақидаги маълумотни топа олмадим.

— Оббо, ҳали ёш олимман денг, — дея таажжубланиб сўрадим.

— Шундай, — деб кулиб қўйди у.

Бироз жимликдан сўнг:

— Медалларимга жуда қизиқаётган кўринасиз. Сиз ҳам олишни хоҳласангиз, бир сирни очаман, — деди у дабдурусдан.

— Хўш, қандай сир экан?, ўзимни ўта қизиққандай тутиб шивирладим мен.

— Тўловини қилсангиз бўлди, ўзлари олиб келиб беришади. Фақат ҳеч ким эшитмасин-а… — дея секин пичирлади “совриндор” йигит.

Э… мана, гап қаёқда экан! Шунинг учун ҳам кундан-кунга уруш фахрийларига ўхшаб кўксини “металл”га тўлдириб юрганларнинг сафи кўпаяётган экан-да. Эҳ, биз ҳам металлсевар авлодга айланиб қолибмиз-ку! Афсус!..

Наҳотки ёшларимиз ҳеч нимага ярамайдиган шу бир ҳовуч металларни уялмасдан фахр ила кўксига тақиб юришибди? Камига, уларни олиш учун яна отнинг калласидай пул тўлашмоқда. Ахир бу кўзбўямачилик эмасми?

Афсуски, айни кунда бундай кўзбўямачиликларнинг бозори чаққонга ўхшайди. Айрим ёшларимиз эса тилла балиқчадек осонгина уларнинг тузоғига илиниб, кўксини тўлдириб медальон тақиб юришдан бошқа ишга ярамаяпти. Қарийиб жаҳон урушининг фахрийси дейсан!

Хайриятки, бу каби пулга сотиладиган сохта танлов, диплом ва сертификатларга ишонмайдиган ёшлар ҳам бор экан. Улар билан суҳбатлашиб, кўнглим анча таскин топди. Зийрак тенгдошларим ҳар хил бўлган-бўлмаган танловларнинг соҳта нишонларига ишониб, алданиб қолмаслик, атрофдагиларни ҳам огоҳликка чорлаш ҳақида куюниб гапиришди.

Тадбирдан қайтар эканман, тенгдошларимнинг бу чорловини матбуот орқали етказишга қарор қилдим:

Металлсевар авлодга айланиб қолмайлик, азиз тенгдошлар!

Занжилой АБДУСАЛОМОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари

университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 1 =