“AQLLI” бекат десам, дўкон экан…

Бекатни ўйлаб топганларга минг раҳмат, дегинг келади. Шу жойга келганда бироз тўхтаб, ҳордиқ чиқариш, манзилингга олиб борадиган уловни кутиш асносида хаёлга берилиш ҳам мумкин. Нима қиляпсан, қаёқдан келиб, қаерга кетяпсан — ҳеч кимнинг иши йўқ, чунки ўз номи билан бекат-да!

Шу каби ўйлар билан катта йўл четидаги бекатга яқинлашдим. Ёпирай! Бекатмисан-бекат! Атрофи ғиштин ва ойна деворлар билан ўралган, бамисоли сарой-а! Пештоқига дабдабали тарзда “Ақлли бекат” деб ёзилган бинонинг эшиги қаёқдалигини топгунимча бир муддат ўтди. Ниҳоят, топдим. Ичкари кирдим-у, ўзимни озиқ-овқат дўконида кўрдим! Турфа егулик, ичимлик ва чекимликлар, алламбало буюмлар, болалар ўйинчоқларидан тортиб аёллар кийимигача бор.

— Келинг, нима ахтаряпсиз? — деган овоз келди раста орқасидан.

— Ўзим… Шундай… Ақлли бекатга… — бироз довдираб жавоб бердим.

— Э, қанақа бекат?! Қанақа ақлли?! — овоз эгаси рўпарамда пайдо бўлди. — Ташландиқ жой эди, обод қилдим, анча-мунча чиқим қилдим. Ҳар куни супуриб-сидираман. Дам олишга вақт йўқ. Шароит оғир… Ўзларича бекат дейишади… Яна ақллилик қилишади…

Бекат, э йўғ-э, дўкон мутасаддиси узоқ жавради. Назаримда, унинг кайфияти ёмон эди. Менинг “ақлли бекат” деганим ёқмади, шекилли. Ўзимни ташқарига олдим. Қаерда туришни билмай, иншоотнинг ортига ўтдим. Шамол бетон ариқ ичига тўплаб қўйилган чиқинди, хазон, қоғоз парчаларини учиришга тушди. “Ҳе, ўл-э, ақллилик қилишга бало борми?” — ўзимни койидим ичимда.

Бекат олдига кичикроқ юк машинаси келиб тўхтади. Дўкон эгаси билан ҳайдовчи ундан буюмларни тушира бошлашди. Шу пайт бирдан автобус келиб қолди. Бесўнақай эмасми — расамадини қилиб тўхтаб олгунча ҳайдовчи бечора анча қийналди. Олд ойнасига қадалган ёзувга қарадим: йўқ, мен борадиган манзилга эмас экан. Автобус бир-иккита одамни туширди-ю, яна худди унга халақит беришга шайлангандек қўйиб кетилган енгил автомобилларни четлаб, йўлига равона бўлди.

Шу лаҳза ёнимга қўлида бозорхалта кўтарган кампир келди. Юки оғирлигиданми, шошилганиданми, ҳансираганча ўзига ўзи гап қотди: “Уфф, чарчадим. Ўтиргани жой йўғ-а…” Беодоблик бўлмасин деб унинг гапларини эшитмагандек тутдим ўзимни. Кейинги автобусни кута бошладим. Хаёл олиб қочди: “Нима учун бекатга “Ақлли” деб ном қўйишган?” Бир-икки ой аввал газетада ўқигандим: адашмасам, қайсидир вилоятда шундай бекатлар қурилиши, “Ақлли бекат”ларда тўхтовчи автобус ва йўналишдаги таксиларнинг келиш-кетиш вақти тўғрисида ахборот берувчи таблолар, бекатдан фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида бепул Wi-Fi тизими, об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда йўловчиларни ёзда иссиқдан, қишда эса совуқдан ҳимоя қилиш учун кондиционер, мобиль қурилмаларни зарядлаш учун USB-розеткалар, керакли маълумотларни олиш учун сенсорли экран ва бошқа махсус жиҳозлар ўрнатилиши ҳақида ёзилган эди… Зап ўйлаб топишган экан-а! Ақлли одамлар кўп-да!

Кимдир менга тикилиб қараётганини сездим. Ортимга ўгирилиб, қовоғини солганча ўқрайиб турган бекат, йўғ-э, дўкон эгасига кўзим тушди.

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Фарғона вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 13 =