Дўконли бекатми ёки…

Отахон Сизга неча сотих ер берсак рози бўласиз. Э болам менга гектардан гапир. Қанча ер бўлса олавераман, — дея юмор қилган эди халқимизнинг севимли қизиқчиси Ҳожибой Тожибоев. Бу бир кулгу учун топилган гапдай. Бироқ жамиятдаги, инсонларнинг нафси очлигини оддий, содда, халқона кўриниш сифатида ифода этган.

Одам боласининг имконияти бўлмасаю бор имконият яратиб берилса яна, яна ва яна кўпроғини талаб қилавергани чатоқ-да. Бугунги кунда жа­миятимиз ҳаётида тадбиркорлик билан шуғулланаман деган инсон борки, имконият ҳам, шароит ҳам етарли. Тадбиркорлик шахсан Юртбошимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Тадбиркор аввало ўзини боқади, кейин одамларни иш билан таъминлайди. Тармоқларини кенгайтиради. Бу орқали иш ўрни ҳам кўпаяди.

Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, тадбиркорлар орасида ҳам белгиланган ҳудудларини халқ ҳудуди эвазига кенгайтириб олаётганлари борлиги кўнгилни хира қилади. Буни биргина Сирдарё вилоятининг Гулис­тон шаҳрида сўнгги йилларда енгил конструкцияли хомашёлардан бунёд этилган ҳожатхонали-дўконли-бекатлар мисолида кўришимиз мумкин.

— Бу каби объектлар 2020 йилнинг 30 ноябрь санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда “Оралиқ автобус бекатларини ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар ва “туристик маршрут”ларда жойлашган автобус бекатларини таъмирлаш ва тиклаш ҳамда уларда қўшимча хизмат кўрсатишни 2021 йилда ташкил этиш мақсадида бир қанча вилоятлар қаторида Сирдарё вилоятига ҳам 50 та автобус бекатини хусусий секторларга бериш вазифаси юклатилган эди. Шунга мувофиқ Гулистон шаҳрида 23 та енгил конструкцияли дўконли-бекатлар фаолияти тадбиркорлар томонидан йўлга қўйилган. Улар 50 тага етказиладими ёки йўқ бу ҳақида шаҳар ҳокимлиги масъуллари ҳам Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масъуллари ҳам жўяли фикр айта олмадилар.

Тадбиркорларга фойдаланиш учун ажратиб берилгандан сўнг, бу жойлардан тадбиркорлар асосан енгил турдаги фастфуд таомлар тайёрлаш, етказиб бериш, ичимликлар, ёки озиқ-овқат дўкони сифатида фойдаланишмоқда. Лекин бу дўконли-бекатларнинг аксарияти ўзининг асосий мезони — бекат сифатида мақомини йўқотиб бормоқда. Негаки, бекат қисмида ҳам дўкон маҳсулотлари жойлаштирилган. Айрим бекатларда дўконга кириш бекат эшиги орқали. Фуқаролар ҳам бундай “бекатлардан” фойдаланишга хижолат. Куннинг иссиғида ичига кирай деса дўкон, дўкондордан хижолат. Кирмай деса ярми бекат. Дўкон эгаси ишга чиқмаса бекат эшиги ҳам, ҳожатхона ҳам берк.

“Бобо момоларимиз халқ юрган йўлдаги тупроқдан фойдаланишмаган. Бу кўпнинг ризқи, уни мен ўзлаштира олмайман”, деб. Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар замирида халқнинг оғирини енгил қилиш, уларга кўча кўйда ҳам етарли шароит яратиб бериш кўзланган.

Биз дўконли, ҳожатхонали бекатларни тадбиркорларга берилишига қарши эмасмиз. Улар бекатдаги йўловчиларни ҳар жиҳатдан ҳожатини чиқаришга хизмат қилиш учун қулайликлар яратиб, оғирини енгил қилмоқда. Бироқ бекат қисмини дўкон маҳсулотлари билан тўлдириб, ундан фойдаланиш имкониятини йўққа чиқармаслик тарафдоримиз. Одамларимиз ҳар хил вазият, иссиқ, совуқ, қорли ва ёмғирли кунларда бекатлардан беминнат фойдаланса. Бу эса бекатни файзли жойга айлантирган тадбиркорга кўпнинг дуоси билан янада мўмай даромад олиб келиши шубҳасиз.

Ўз навбатида тадбиркорлар фуқароларимизда мавжуд нарсаларни асраб-авайлаш, мендан кейин кимдир фойдаланади деган эҳтиётлаш кўникмаси йўқолиб бораётганлигидан нолишади.

— Биз ҳожатхона ва бекатни очиб қўйсак ундаги жиҳозларни синдириб, кўчага чиқариб ташлаб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келтиришяпти. Қолаверса, дўконли бекатлар шаҳар марказида бўлгани учун ҳожатхоналарнинг аксариятида канализация тизими йўлга қўйилмаган. Шу боис беркитиб қўямиз. Халқимизда эса жамият мулкидан фойдаланиш маданияти шаклланмаган. Буни жойларда қурилган ойнаванд бекатларнинг яроқсиз аҳволи мисолида кўришимиз мумкин. Бу каби бекатларнинг деярли барчаси номига муносиб ҳолда эмас, — дей­ди исмини ошкор қилишни истамаган тадбиркорлардан бири.

Туризмни ривожлантириш учун шундай замонавий, кўркам, инсонга эстетик завқ берадиган, шаҳар ҳуснига янада ҳусн қўшадиган объектларнинг бўлиши муҳим албатта. Бу туристик хизматнинг оддий лекин самарали кўринишларидан бири. Туризм эса туристик хизмат яхши йўлга қўйилган жойда ривожланиши айни ҳақиқатдир. Биз бунга ўзимиз амал қилмасак. Ҳали фойдаланиб, фойдаланмасдан, инсон манфаатини ўйлаб қурилаётган иншоотларни қадрига етмасак, қандай қилиб маданиятимиз, маънавиятимиз, ахлоқимиз, дидимиз ҳақида бош­қаларга ўрнак бўламиз. Ҳа, ҳар ким ўзича ҳақ. Демак, биз ислоҳни ўзимиздан бошлашимиз керак.

Баҳром БОЙМУРОДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − four =