Энди бундай қилмайман…

Аёл зоти ишдан чиқиши билан уйга қараб шошади: овқат қилиш керак, бола-чақа деганларидек. Метрога югургилаб тушиб ўтириб олдим. Мендан ёши катталар бормикан деб у ёқ-буёққа бир қур назар солдим. Вагоннинг бошроғида келаётган тахминан 4-5 ёшлар атрофидаги қизча эътиборимни тортди. Болалар учун китоб сотиб юрибди. Қорачадан келган, сочлари ўрилган, лекин кир, бир оз ранги униққан, шу ҳолати ҳам ўзига ярашиб турибди. Қора қошлари, киртайган кўзлари, узун киприклари унга ўзгача кўрк бериб турарди. Балким, болалик беғуборлигидир у: тағин билмадим, юрагимни ўртаган ҳазинликдан бошимни қуйи солдим. Миямда ғужғон ўйнаган саволларим жавобсиз қоларди.

Сумкамни очдим. Ҳадеганда қўйган пулимни тополмадим. Нарсаларни титкилай бошладим. Хайрият, бор экан. Топилди. Сумкамнинг бир четига тушиб қолибди. Қизча сотаётган китоб менда бор, шунинг учун китобни олмай пулни бермоқчи бўлдим. Бу қизчанинг савдосига ёрдам бергим келаяпти. Метрода ўтириб, туриб кетаётган кишиларни туртиб китобни олишини ишора билан айтади. Қалбим ағдар-тўнтар бўлиб кетди: ҳаётнинг бераҳм сўқмоқларида кун кечириш илинжи кишини не кўйларга солмайди, а?! Ички ғалаён бутун руҳимни қамраб олди. Лабим қимтиб, наҳот, дея оламан. Бошқа сўзга мажолим етмайди.

Оҳиста турткидан ўзимни ўнгладим. Қарасам, қизалоқ қаршимда китобни ушлаб турибди. Сергакланиб, унга пул узатдим. Икки ҳисса. У менга иккита китоб берди. Мени унга китоб менда борлигини айтиб, пулни ол, дедим. Қизча менга тикилиб қаради-да, шоша-пиша пулимни ўзимга қайтарди. Ва мендан узоқлашди. Гўёки аразлади.

Нега?! Унга нима ёмонлик қилдим? Иззатига тегдимми?! Орият кучидан ва нафсонияти топталганидан менга бошқа боқмади. Ўрнимдан қўзғалдим. Олдига бориб, узримни айтмоқчи эдим. Метро тўхтади. Қиз тезлик билан мендан узоқлаша бошлади. Бошини ортга ўгирди. Кейин чопиб кетди. Юрагим увушди. Унинг тийран кўзлари намланган эди. Тушундим. Ўксиб, кўзи ёшланган кўринади. Ориятнинг кучи, улуғлигини қаранг. Кичик қизнинг каттадан-катта орияти уни анча улғайтирганини ҳис қилдим.

Эҳ! Менга унутилмас сабоқ берди. Ҳар нарсанинг ўз тўлови бор. Ишонаман, қизалоқнинг ҳаётида ёруғлик балқийди. Чунки унинг кўзи тўқ, орияти ўзидан-да баланд. Ғурурли элнинг суюкли фарзанди, Сени Тангри асрасин!

Сарвиноз АБДУХОДЖАЕВА,

“Маънавият” нашриёти ходимаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × two =