Яшасин, озодлик!

Ёки бир бахтсиз тасодиф туфайли бошимдан кечирганларим
Хонадонимиз меҳмонхонаси эшигининг чап табақаси доим очиқ туради. Мен унинг ўнг девори тагида қўйилган диванда оёқларимни эшик томонга узатганча ётибман. Чап оёғим соппа-соғ. Лекин менинг юқори ёки қуйига сурилишимга тиргович бўлишдан бошқасига нафи тегмайди. Хоҳиши бўлса-да, иложи йўқ. Шериги эса бошидан охиригача гипсланган: букилмайди. Тўпиғимдан пастигина ҳаво ва ёруғликдан баҳраманд. Юқориси бундай ҳузур-ҳаловатдан мосуво. Дўхтирнинг тавсиясига биноан тўпиғимдан пастини ҳар замон-ҳар замон оҳистагина чапдан ўнгга, ўнгдан чапга қимирлатиб тураман.
Ётган жойимдан даҳлизнинг ошхонага чиқадиган қисми кўзга яққол ташланиб туради. Касалхонадан чиққанимдан бери миямда қатор саволлар чарх уриб, кўпроқ вақтим ана шу ерга тикилиб ўтириш билан ўтади. Бу менинг йиқилган жойим. Шу боис оёғимга чанг солган фалокатнинг бирон-бир белгиси кўриниб қолармикан дейман-да. Аммо ҳали кўрингани йўқ. Кўринмаса ҳам керак. Кўринганда нима бўларди? Бўладигани бўлди-ку! Бусиз ҳам дунё кўзимга тор кўриниб, тишимни-тишимга босиб ўтирибман. Лекин отдай одам куппа-кундуз куни, ҳе йўқ, бе йўқ, умрининг ярим асри ўтган қадрдон хонадонида йиқилиб, оёғини синдириб қўйса, алам қилар экан. Яна қаерда денг? Даҳлизда – теп-текис ерда. Эшитганнинг бири: “Фалокат оёқ остида дейдилар, илойим, кўрганингиз шу бўлсин”, деса бири: “Яхшиямки, бошингиз ёки белингизга шикаст етмабди, ўзи асрабди-да”, дейди. Бошқа биров: “Буям Худонинг бир синови, дардини берган шифосини ҳам беради”, дея кўнглимни кўтаради. Оёғим қайрилмаган ёки сирпанмаган бўлса, қандай йиқилишим мумкин? Лаҳзалар ичида рўй берган бу кўргуликнинг бирон-бир сабаби бўлиши керак-ку ахир! Ёдимда. Нонушта қилиб бўлгач, колбаса, пишлоқ ва қаймоқни совиткичга жойлаб, изимга қайтдим. Даҳлизга қадам қўйишим билан қандайдир куч шиддат билан юқорига кўтариб, ерга урди. Гурсиллаб тушдим. Қўрққанимданми ёки оғриқданми, қичқириб юбордим. Яхшиямки, ўғлим билан қизим уйда эди. Югуриб келишди. Мен ҳансирар, пешонамдан совуқ тер қуйиларди. Улар рангим бўздек оқарганини айтиб, икки қанотимдан кўтармоқчи бўлишди. Унамадим. Букланиб қолган ўнг оёғимнинг тиззасига кўзим тушиб, қотиб қолдим. Ошиқ-мошиқнинг усти бармоқ ётадиган даражада чуқурча бўлиб қолган, аммо оғримас эди. Буни кўрган ўғлим билан қизим эс-ҳушидан айрилаёзди.
— Қўрқманглар, болаларим, сингани йўқ, — дедим уларга овозим титраб. — Синганида жим ўтира олмас эдим.
Оёғимга озор бермай ичкарига олиб киришнинг бирдан-бир йўли мени судраш эди. Икки дастёрим бу ишни қийналиб бўлса-да, уддалаб, “тез ёрдам”га сим қоқишди. Вақтни бой бермай кафедрамиз мудири телеграмига дарсга бора олмаслигим сабаби баён этилган хабар юбордим. Бир неча дақиқа ўтиб, журналистика факультетида таҳсил олаётган талабам Мафтуна Самадованинг гуруҳ номидан йўллаган мана бу хати келди: “Ассалому алайкум, устоз! Биринчи дарсга қўнғироқ чалинишига бир неча дақиқа қолганда кафедрамиз мудиридан сизнинг оғир жароҳат олганингизни эшитиб, жуда-жуда ачиндик. Тезроқ соғайишингизни Яратгандан сўраб қоламиз…”
Хатни қайта ўқиганимда, беихтиёр кўзларимга ёш келди. Дарсга боролмаганим сабабли бўлса-да, талабаларим олдида ўзимни гуноҳкордек ҳис этдим. Чуқур хўрсинганимнинг боиси ҳам шу бўлса керак.
Эшик тақиллатиб келган “тез ёрдам”чи икки эркак дўхтир деган зотга мутлақо ўхшамас, улар қуйиб қўйгандек ободонлаштириш хизматининг ишчиларини эслатар эди.
— Нима бўлди? — томдан тараша тушгандай сўради стол атрофидаги стуллардан бирини ўзига қулай жойга қўйиб ўтирган соқоли ўсгани.
— Йиқилиб тушдим, — дедим оёғимни кўрсатиб.
— Укол қилайми? — деди менинг олдимга сумкаси билан тиз чўккани шеригига юзланиб.
— Керак эмас! — дедим соқоли ўсганнинг жавобини кутмай. — Яхшиси, мени травматология марказига олиб боринглар.
— Биз сизни фақат “Главташкентстрой” касалхонасига олиб бориб ташлашимиз мумкин, — қатъий жавоб берди у, — нима қилишни, қаерга олиб боришни улар ҳал қилади.
Ана инсонга бўлган эътибор. Олиб боришлари мумкин эмас, олиб бориб “ташлаш”лари мумкин. Мана сизга тиббиёт ходимининг муомала маданияти. Биз ижодкорлар эса “Она тилимизда тиниқ ва равон ёзиш ва гаплашиш учун ҳаракат қилайлик. Унинг софлигига эришайлик!” — дея бонг урганимиз-бонг урган. Афсус…
— Унда сизларга рухсат, келганларингиз учун раҳмат! — дедим ҳафсалам пир бўлиб.
Улар кетгандан сўнг, яна “тез ёрдам”га қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим.
— Қўлимизда вазирликнинг буйруғи бор, амакижон, — деди аёл киши қатъий қилиб, — унга асосан беморни яшаш жойига қарашли бўлган касалхонага олиб борамиз. Хафа бўлмайсиз, буйруқдан чиқишга ҳаққимиз йўқ…
Мен гўшакни қўйиб, укамга қўнғироқ қилдим. Ярим соат ўтар-ўтмас у етиб келди. Жиянлари билан авайлабгина машинасига ўтқизиб, республика травматология марказига олиб борди. Шифокорлар керакли маълумотни ёзиб олгач, дарҳол рентген қилиб, гипслашди ва замбил аравада лифт билан бешинчи қаватга олиб чиқиб, 21-палатага ётқизишди. Бу ерда ёши етмишга бориб қолган, узун бўйли, озғин, қорачагина бир киши билан қотмадан келган, миқтигина бир йигит ётар эди. Ўрнашиб олганимдан сўнг, саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашдик. Рўпарамда ётган Мурод ака пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, ёнимдаги Анваржон эса Олмазор туманидан экан. Мурод ака менга ўхшаб, уйида йиқилиб оёғини, Анваржон ўзи арралаган шох билан бирга қулаб, қўлини синдирибди. Икковини ҳам “тез ёрдам” шифокорлари “сизни у ёққа эмас, бу ёққа олиб борамиз” демай, тўғри шу ерга олиб келибди.
Шу куниёқ шерикларим қатори мени ҳам операцияга тайёрлашди. Эртаси куни учовимизни ҳам бирин-кетин тиғ остига олишди. Операция салоҳиятли ёш олим ва моҳир жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори Азиз Алимов раҳбарлигида ўз ишининг заргари, тажрибали жарроҳ-шифокор Бахтиёр Камолов ва Рауфхон Қодировлар томонидан амалга оширилди. Жараённи кўриб турмаган бўлсам-да, ҳамма гапни эшитиб турдим. Кейин реанимация, кейин эса яна палата.
Ўша кундан бошлаб кўрмаган азобларни кўра бошладим. Эрта тонгдан муолажа бошланади. Укол кетидан укол. Кейин ингичка найча орқали томирни томчилаб “суғориш”га ўтилади. Бундай пайтда томчилардан кўз узмай, қимирламай ётишга тўғри келади. Шу орада уйимиздагилар хабар олгани келишади. У ёқ-бу ёқни йиғиштириб, ювинтириб қўйишади. Кўнгил тусамагани учунми, номигагина нонушта қиламиз. Мурод ака: “Қани, дунёда нима гап экан?” деб телевизорнинг бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқади. Ўша-ўша, ясама кўрсатувлар, олди-қочди гаплар, бачкана қилиқлар, “деди-деди”лар, войдодлар, миш-мишлар, Россия телевидениесидан айнан кўчирилган мантиқсиз “шоу”лар… Буларни кўришга тоқат борми?! Шу боис телевизор томоша қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Кимдир газета, кимдир китоб варақлайди. Тушдан сўнг шифокорлару ҳамширалар жароҳатимизни кўздан кечириб, дори-дармон билан сийлаб, яна боғлаб қўйишади. Ҳаш-паш дегунча кун ўрнини тун эгаллайди. Ҳамшира ҳаммамизга оғриқ қолдирадиган укол қилади. Мурод ака илтимос қилиб, ухлатадиган укол ҳам олади. Аммо унинг заррача таъсири бўлмайди. Дард кечаси хуруж қилади деганларича бор экан. Кимнинг қаери оғриётгани ўзига маълум. Лекин учовимиз ҳам инграшдан, оҳ-воҳдан тинмаймиз. Анваржон билан Мурод ака ҳамширани чақириб, яна оғриқ қолдирадиган укол олишади. Шундан сўнг кўзлари уйқуга илиниб, хуррак отишади. Айниқса, Анваржоннинг хурраги палатани ларзага келтирмай қолмайди. Қулоғимга пахта тиқиб, бирпасгина ухлашга ҳаракат қиламан. Лекин, оғриқ йўл бермайди. Ўзимни чалғитиш учун кўзларимни юмганча хаёл сураман. Оғриқ эса хаёлдан устун келади. Бу орада Мурод ака уйғониб, “вой жоним”ни бошлайди. Тонг отмай туриб, янгамизга қўнғироқ қилиб: “Ҳалиям ухлаб ётибсанми? Тезроқ кел, жоним азобда қолди”, дейди. Кейин яна инграйди, ихрайди, гўёки янгамизни кўрса, оғриқдан фориғ бўладигандай аламига чидаёлмай, тағин уйига сим қоқади. “Келишинг мунча қийин бўлди?” дейди хотинига войвойлаб. У томондан янгамизнинг овози эшитилади: “Соат энди беш бўлаяпти. Автобуслар юрмай туриб, қандай бораман?” Мурод ака норози оҳангда бир нималар деб ғўлдирайди.Кейин тақдирига тан берибми, бошини ёстиққа қўйганча жимиб қолади. Кўп ўтмай эшик очилиб, ҳамшира дори-дармон тўла аравачасини суриб, укол қилгани киради. Кейин яна оҳ-воҳ. Уколнинг оғриғи учовимизни ҳам бараварига ингратади. Оғриқни сал бўлса-да юмшатиш учун на ўнг, на чап томонингга ёнбошлай оласан.
Бугун ўнинчи кун. Ўн кундирки, минг бир азобни тортиб, тўшакда михлангандай ётибман. Назаримда, бир ойдан бери дард чекаётганга ўхшайман. Озодликдан маҳрум бўлган оёғим эса нафас ҳам ололмайди. Юриш у ёқда турсин, ҳатто ўзини тик ушлаб туролмайди. Сезиб турибман, чап оёғим қаттиқ изтиробда. Шеригини қамалдан олиб чиқиш учун нималарнидир ўйлаётгани, мен билан баб-баробар қайғураётгани аниқ. Лекин у шўрликнинг қамал деворларини бузиб киришга кучи етмайди. Шунга қарамай, шеригини озод кўриш учун жудаям безовта бўлаётганини сезиб турибман. Нима қилсин, эркин бўлгани билан ёлғиз ўзи шеригисиз бир иш қилолмайди, бир ёққа боролмайди. Шеригига ҳамдард бўлганча, туну кун киприк қоқмай термилиб ўтиргани-ўтирган. Ўнг оёғим устидаги зил-замбил гипсни тезроқ улоқтириб, озод бўлишини, биргалашиб чала қолган ишларни битиришни, эзгу ниятлар сари шаҳдам одимлашни истайди. Худога илтижо қилиб, мадад сўрайди. Гўёки буни ҳис этиб тургандай, шифокорлар ҳам дам-бадам хабар олиб, ҳол-аҳвол сўрайдилар. Уларнинг кўрсатмаларига биноан ҳамширалар тин олмайдилар. Гоҳ оёғимга, гоҳ билакларимга игна санчадилар. Ҳар куни юз-юз эллик грамм келадиган учта томчи укол ҳам бор. Бу оёғимни қарамликдан тезроқ қутқариш учун ташқаридан уюштирилаётган ҳужум. Ростини айтганда, озодлик учун гипс ичида бораётган жанг ҳам сусайгани йўқ. Ғалаба сари тобора яқинлашиб борилаётганини даволовчи шифокоримиз Бахтиёр Камоловнинг ҳар куни жароҳатни кўздан ўтказиб, “яхши” деяётганидан ҳам билса бўлади.
Бугун ўн иккинчи кун. Муборак жума куни. Самимий, вазмин, чеҳрасидан нур ёғилиб турадиган Бахтиёр ака одатдагидек ҳаммамиз билан қўл бериб кўришар экан: “Оёқ қандай, Нуриддин ака, безовта қилмаяптими?” — сўради мендан. “Сиз бор жойда оёғим эркалик қилармиди?” — дедим кулиб. “Худо хоҳласа, ҳадемай, кўрмагандай бўлиб кетасиз, — қўшиб қўйди у, сўнг шундай деди: — Менимча, бироз зерикканга ўхшайсиз. Кўпи кетиб, ози қолди. Буёғига жароҳатни кунора дори-дармонлаб, боғлаб қўйилса бас…” “Демак, менга уйга рухсат бермоқчисиз, шундайми?” “Бизнинг режамиз шундай”, деди Бахтиёр ака жилмайиб.
Тушдан кейин шифокорлару ҳамшираларга чин дилдан миннатдорчилик билдириб, палатадошларим билан хайрлашиб, қадрдон гўшамга қайтдим. Ўғлим билан қизим уйни йиғиб-йиғиштириб, ўрнимни тайёрлаб қўйишибди. Остона ҳатлаб уйга киришим билан ўзимни қушдек енгил сездим. “Ўз уйим ўлан тўшагим”, деганларича бор экан. Енгил нафас олиб, ўрнимга чўзилар эканман, Аллоҳга беҳисоб шукроналар айтдим. Кейин… кейин кўзларимга уйқу илиниб, ухлаб қолибман.
Бугун ўнг оёғим тиззасини тезроқ тузатиб, уни гипсдан озод қилиш учун бошланган курашнинг ўн тўққизинчи куни. Бир ҳафтадирки, бу “жанг”га поликлиникамизнинг травматолог-шифокори Ферузжон Бердиев раҳбарлик қилмоқда. У ҳар гал гипс ичидаги аҳволни синчиклаб кўздан кечирар, муолажани шошилмай амалга оширар, ишни тугатгандан сўнг: “Кўз тегмасин, яхши” дерди. Бугун у Бахтиёр Камоловнинг тавсиясига биноан ниҳоятда эҳтиёткорлик билан жароҳатнинг ипини олди. Катта ва кичик жарроҳлик қайчиси билан ҳар бир тола ипни кесаётганини кўриб турдим. Жароҳатим жиз этиб оғримаганига жуда-жуда севиндим. Ферузжон муолажани тугатиб, одатдагидек: “Жуда яхши”, деди.
Ўн олти кундирки, оёғимнинг тезроқ озодликка чиқишини, шериги билан баб-баробар қадам ташлашини, буни кўриб бошим кўкларга етишини кутиб ётибман. Илойим, Худойим ўша кунларга етказсин!
Тушдан сўнг Ферузжон келди. Тиббий сумкасини стол устига қўйиб, ҳол-аҳвол сўради. Мен:
— Худога шукур, шикоятга ўрин йўқ, — дедим.
— Унда гипсни ечамиз, — деди у мамнуният билан.
— Ростданми? — хурсанд бўлиб сўрадим.
— Вақти келди, — деди у сумкасини оча туриб.
У худди узукка кўз қўяётган заргардек, шошилмасдан, жарроҳлик қайчиси билан гипсни кеса бошлади. Бу ишни қойилмақом қилиб, оёғимни спиртли пахта билан артиб қўйди. Ёруғ юзини кўрган оёғим яйраб кетди. Ўзим дунёга қайта келгандай бўлиб: “Яшасин озодлик!” дея ҳайқириб юбордим. Мен бахтли ва бахтиёр эдим. Ҳатто шу заҳоти ўрнимдан туриб юргим келди.
— Қани, оёғингизни секин букинг-чи, — деди Ферузжон ҳаракатимдан кўз узмай.
Ўзимга ишониб-ишонмай, буйруқни бажаришга киришдим.
— Қўрқманг! — деди у оёғимни ушлаб.
Оёғимни букиб-ёзаётганимда: “Оғримаяптими?” — деб сўраб турди. Мен “йўқ” маъносида бошимни тебратиб турдим. Машқ уч-тўрт бор такрорлангач, дўхтир оёғимни эҳтиётлаб жойига қўйди.
— Жуда яхши! — деди у астойдил хурсанд бўлиб. — Энди, одатдагидек, уй ичида “ходунка”га таяниб юриб турасиз. Бугунча оёғингизни ҳар замон-ҳар замон ҳозиргидек аста-секин букиб-ёзиб туринг! Эртага юриш машқини бирга бажарамиз!..
Аллоҳга беҳисоб шукурлар бўлсинки, бир ойлик “жангу жадал”дан сўнг, оёғим яна озодликнинг беқиёс имкониятларидан баҳра оладиган бўлди. Бу жуда ажойиб, бу жуда гўзал! Бу Худойимнинг менга берган синови эмас, олам-олам қувончи, бахти! Энди ўнг оёғим ҳам елкадоши — чап оёғим билан бирга эзгулик, яратиш ва яшнатишдек хайрли ва савоб ишлар сари ғайрат ва шижоат билан одимлайверади, одимлайверади, одимлайверади…
ЯШАСИН, ОЗОДЛИК!
Нуриддин ОЧИЛОВ.