Шукрона

Нечун кўзларингга чуқур ғам чўккан? Ўзингни хор ва ташландиқ ҳисоблайсан. Ҳолбуки, ҳеч нарса рўй бергани йўқ. Сенга чексиз изтироб орттирган ўша ишга кўплар шунчаки қўл силкиб кетади. Сен эса туғишганингнинг тушуниб-тушунмай айтган бир оғиз сўзидан бир дунё ғам орттирдинг. Ахир кечагина борлиққа кулиб қараган, ёруғ орзуларингни яқинларингга изҳор қилган эдинг-ку. Қалбинг мунаввар туйғуларга тўла эди. Ўзингда куч топ ва бахтиёр кунларга қайт. Сен дунёда фақат ўзинг учун яшаш учун юрмаяпсан. Бу маҳзунлигинг ҳатто, олаётган нафасингга хиёнат. Кўҳна замин олдида сенинг инсоний бурчларинг бор. Уларни адо этиш учун, энг муҳими, дунё­­да яхшилик қилиш, яхши ном қолдириш, баъзи зотларга танбеҳ бериш, ибрат кўрсатиш учун яшашинг керак.

Агар боғингдаги хушбўй бир гулнинг бошқа боғда ҳам бўлишини истай олмасанг ёки сендаги обрў-эътибор бошқаларда сендан-да юқори эканлигини ва ўша инсонларнинг сало­ҳияти сеникидан юксаклигини тан ола билмасанг, сен мард эмассан. Инсонийлик бу ҳам ботиний, ҳам зоҳирий комилликка интилиш демак. Ҳаёт эса ана шу йўлдаги бизнинг уринишларимиздир. Яна бир ҳақиқат борки, ўзингни қадрлай олиш санъатини ўрган. Шундагина бошқаларнинг қалбини тушунасан. Аввал ўзингни англай олмасанг, азоблар, армонларнинг оғриқлари-ю виждоннинг қийноқларини ҳис этмасанг, бошқаларга муносабатда ҳам ҳар қадамда қоқиласан.

Ҳамма бир хил яралмаган. Дунёда файласуфлик даражасига етишган палаги тоза инсонлар бўлади. Уларни атрофингга йиға олишинг, ҳаёт ҳақидаги фикрларидан ўзингга хулосалар чиқара билишинг шарт. Агар сенда шунга ҳаракат, иштиёқ йўқ экан, бу сенинг фожиангдир. Мен баъзан қалбимдаги нозик туйғуларнинг асл тингловчисини излайман. Қимматли каломларнинг том маънодаги муносиблари бўлади. Бу ҳам яхшиларни улуғлашнинг бир усули. Халқимизда: “Гапни гапир уққанга…” деган мақол бежиз пайдо бўлмаган.

Сен ҳозиргача ўз иқтидоринг билан тақдиринг­­ни бошқара олишни, ҳаёт чаманзорида гул билан алафни фарқлашингни, кишига парвоз берадиган, юксак мақсадларга ундайдиган оқил сўзни тинглай олишингни кўрсатган эдинг. Бугун мудраган шуурингга мурожаат этиб, кўксингдаги ғурурни уйғотмоқчи бўлаяпман. Сени бахтли кунларингга, ҳаётсеварлик билан тўлиб-тошган дамларингга қайтаришни хоҳлаяпман. Агар разм солсанг, ўтган умрингда фахрланадиган, кўз-кўз қиладиган ва руҳланадиган онлар кўп бўлган. Сен уларни яна бир қур эсла, уларга юкин ва эзгин ҳолатингни бартараф этишда нурафшон лаҳзалардан куч ол. Биласан, ҳаёт тўкис эмас, у кимгадир бол тутади, кимгадир заҳар. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам эртанинг умиди билан яшасанг, азобларни мардона енгасан. Зеро, шук­рона қилмоққа, насиб этганига чидамоққа ҳар қадамда имкон бор. Ғолиблик шукур қилишда ва сабрдадир. Негаки, тирикликнинг мукофотлари кўп бўлганидек, азоблари ҳам бисёр.

Қулоқ тут. Кўҳна ривоятда ҳикоя қилинади. Қиш куни масжидга чиқмоқчи бўлган мардум ўзининг пойабзали йўқлигидан ўкинарди. У: “Дунё­­да мендан бахтсиз одам бўлмаса керак, ахир калишга ҳам ёлчимадим, қор кечиб, ибодатга бориш имконим йўқ”, деб нола қиларди. Ички бир овоз уни масжидга чиқишга ундади ва у ибодатхонада бошқа бир ҳаёт ҳикматига дуч келди. Одамлар сафида… икки оёғидан маҳрум бўлган зот ҳам бор эди. Ялангоёқ кишининг кўзлари очилди. Ўз ҳолига шукрона айтиб, “Мен нечун пойабзалим йўқлиги учун надомат чекдим? Умидвор бандалар сафида ҳатто оёғидан маҳрум зот ҳам турибди, у эртанги куни учун Яратгандан раҳмат сўрамоқда”, деб ўз аҳволидан пушаймон бўлди.

Сенинг эса имкониятларинг чўнтагингда. Энди ҳаётнинг катта йўлига чиқаяпсан. Бу сафар асносидаги кичкина изтироб қалбингни кўп эзмасин. Ёруғ ниятларингдан куч ол. Сен бунга қодирсан. Сени булутли кунлардан кейинги нурафшон айёмлар кутмоқда.

Ҳаким МУҲАММАД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + sixteen =