Адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор, бу, аввало, халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.
ХХ аср бошларида юртимизда маорифни, таълимни, матбуотни, кутубхоналарни ташкил этишга, миллатни илму урфонга уйғотишга фидойилик қилган тарихий сиймолар камол топди. Улар жадидлар номи билан илм-маърифатга, китоб ва кутубхоналарга катта эътибор қаратдилар. Улардан бири Абдулҳамид Чўлпондир.
Таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда, “…фавқулодда истеъдодга эга бўлган шоир” Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1897 йилда Андижоннинг Қатортерак (ҳозирги Навоий шоҳ кўчаси) маҳалласида туғилади.
Чўлпоннинг онаси Ойша она уй бекаси бўлган, отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммад Юнус ўғли (1874-1929) деҳқончилик билан шуғулланган, ҳунарманд бўлган. Шу билан бирга Чўлпоннинг отаси замонасининг пешқадам зиёлиларидан бўлиб, “Расво” тахаллуси билан ғазаллар битган.
Абдулҳамид аввал эски мактабда ўқийди, саводини чиқаргач, Андижон ва Тошкент мадрасаларида таҳсил олади. У ижодини 1914 йилдан бошлаган. 1920-1927 йилларда чиқа бошлаган “Садои Туркистон” газетасида бир қатор мақолалари ва бадиий асарлари билан қатнашиб туради.
Бетакрор адиб, жасоратли инсон Чўлпон жуда қисқа, бор-йўғи қирқ йил умр кўрди. Унинг ҳаёт йўли бир-биридан тубдан фарқ қилувчи, тарихий воқеаларга бой Туркистондаги сиёсий ва маънавий ўзгаришлар кўзга ташланган икки давр чегарасида ўтди. Агар унинг биринчиси ўзида тараққийпарвар ғояларни жамлаган жадидликнинг юзага келиши ва ривожланиши билан ифодаланган бўлса, иккинчиси уни йўқ қилди ва “бахтли келажак” ҳақидаги тасаввурларини остин-устун қилиб ташлади, жамиятни ўзгартириб, саноатни юксалтириш ва “маданий инқилоб” ниқоби остида фожиали воқеаларга йўл очди. Дастлабки пайтларда қудратли ҳаёт тўлқини Чўлпонни мавҳумлик гирдобидан олиб чиқиб, кенг халқ оммасининг шеъриятдаги қаҳрамонига айлантирди. Истеъдод уни юксак чўққиларга олиб чиқди, лекин тез орада у жамиятнинг овлоқ жойларига улоқтирилди.
Унинг мураккаб ҳаёти замон талотўпларида янчилган тақдирлардан бири эди. Чўлпон шахсини билиш ва уни охиригача тушуниш, бетакрорлигини ҳис қилиш, буюклиги ва қудратини англаб етиш учун у қандай даврда яшаганини ҳисобга олиш зарур.
Чўлпон “Қаландар”, “Мирзақаландар”, “Андижонлик” тахаллуслари билан ҳам ижод қилган. 1922 йилда “Қаландар” тахаллуси билан ёзилган “Аламзадалар” шеъри “Туркистон” газетасининг 1922 йил 22 октябрь сонида босилган. Хусусий равишда русчани қизиқиб ўрганган шоир Татаристон, Озарбайжон, Ҳиндистонда чиқадиган газета-журналларга муштарий бўлиб, русча газета-журналларни ўқиб борган. Етти яшар синглисини ўз маҳалласида очилган янги усул татар қизлар мактабига беради. Юқорида тилга олганимиз “Садои Туркистон” газетасида Чўлпон билан бир қаторда Мунаввар қори, Абдулла Авлоний, Тавалло, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Лутфулла Олимий, Васлий каби маърифатпарварларнинг ҳам асарлари босилиб турган. Чўлпон муттасил совет идораларида хизмат қилган.
“Иштирокиюн”, ”Қизил Байроқ”, “Туркистон”, “Бухоро ахбори” газеталарида масъул лавозимларда хизмат қилган. Дастлабки шеърий тўпламларидан бири “Тонг сирлари” деб номланиб, Абдулла Қодирийнинг муқаддимаси билан эълон қилинган эди. Тўплам чоп этилгандан кейин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 1927 йилнинг 14 февраль куни “Қизил Ўзбекистон” газетасида “Айн” имзоси билан мақола босилади. Бу ижобий мақола Чўлпон ҳақида эди. (“Айн” – адабиётшунос ва мунаққид олим О.Шарафиддиновнинг тахаллуси бўлган). Юқоридаги мақола босилгандан кейин “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририяти шу мақола билан Чўлпон ҳақида баҳс бошланганини маълум қилади. Ана шундан кейин Чўлпон шахси ва ижоди ҳақида, ижодидаги “Синфийлик”, “Миллатчилик” руҳи ҳақида ўша даврнинг “улуғ”лари баҳс бошлайди. Баҳсда ўша вақтда 22 ёшда бўлган Ойбек ҳам иштирок этади. Бу баҳсларда ёзилган мақолаларга олим Озод Шарафиддинов тадқиқотларида кенг ўрин берилган.
Чўлпон ижоддан тўхтамайди, турли таъқиб ва салбий таъсирларга қарамасдан ўзининг гўзал шеърларини, “Кеча ва кундуз” романини яратади. Аммо атрофдагиларнинг адовати ва ғаразлари кундан кунга кучайиб боради. 1921 йилда Бухорога бориб, Фитрат ёрдамида инқилобий Бухоро халқ республикасининг дастлабки одимлари билан танишади. Ўша вақтда Тошкентдаги мухолифлар уни қайноқ инқилобий ҳаётдан чекинишда айблайдилар. Чўлпон шунда “Мен қочмадим” деб номланган шеърини ёзади. Унда шундай мисралар бор:
Мен қочмадим! Нега мени “қочди” деб,
Йўқга мунча шовқин-сурон қилдингиз?
Қучоғини “ўзлиги”га очди деб,
Оқ исмимга қора занжир илдингиз?
Чўлпоннинг бошига ёғилаётган маломатлар сира тинмасди. Шу туфайли у Файзулла Хўжаевнинг маслаҳати билан Москвага кетади ва СССР Марказий Ижроия комитети аппаратида таржимон бўлиб ишлайди. Бу ҳам шоирни “Жадид” деган таъқиблардан сақлаб қололмайди.
Чунончи, у “Япроқлар” шеърини Ўзбекистонда эмас, балки Туркияда эълон қилган. Ватанида бунинг имкони йўқлигини тушунган, деган фикр келади хаёлга:
Қарғалар боғларда қағлашиб қолдилар,
Билмадим, кимларнинг қисмати узилур?
Япроққа ёпишиб, бир чангал солдилар,
Билмадим, кимларнинг умиди йўқ бўлур?
Эй, совуқ эллардан муз кийиб келғонлар,
У қўпол товшингиз қорларда йўқ бўлсин!
Эй, менинг боғимдан мевамни терғонлар,
У қора бошингиз ерларга кўмулсин!
Шоирнинг бу қисқа сатрларида алам-изтироблар, халққа бегона бўлган эътиқодини мажбурлаб тиқиштирганлар, поймол этилган тақдирлар, Ватан ҳақида қайғуриш ифодаланган. Ўн йиллар мобайнида Чўлпон танқид тиғлари остида яшади.
Машъум 1938 йилда Чўлпон отилган бўлса-да, унинг номи халқимиз ёдидан кўтарилмади. Асарлари ҳали-ҳануз китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда. Маърифатпарвар жадидлар қатори унинг асарлари ҳам кутубхонамиздан ўрин олган. Чўлпон янги адабиётда янги шаклларга асос солди. Мистик адабиёт ўрнига замонавий зийрак адабий дидга жавоб берувчи ажойиб шеърларни тақдим этди. Бугунги ёш авлод унинг жозибали ижодий техникасини, содда тилини, ғаройиб услубини севади ва ундан кўп ажойиб нарсаларни қабул қилади. Шу боисдан ҳам бугунги кунда жадид намояндаларининг ижодий фаолиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш асосий вазифаларимиздан биридир.
Муборакхон ИСАҚОВА,
Булоқбоши туман
ахборот-кутубхона маркази директори.