“Инсоф” бекатигача ҳали узоқми?

“Эҳтиёт бўлинг эшиклар ёпилади, кейинги бекат Олмазор”. Шу овозни эшитишим билан ҳовурим тушади, эшиклар очилганида,   ичкаридаги одамларга туртиниб-суртиниб   тезроқ тушиб оламан. Тиқилинчдан энди қутулдим деганимда, ўнг томондан чиқсаммикан, чапданми деган савол туғилади.

Таваккалига ўнгга буриламан. Ҳали   йўлакдан ташқарига чиқиб улгурмасимдан   “Гулистон бир киши, икки киши” , “Сирдарё, Сирдарё,   ҳозироқ кетамиз мана, мана” ,   “Жиззах , Пахтакор” , “Чиноз, Чиноз” , “Ипподром, такси, Ипподром”   деган ҳар хил ғала-ғовур овозларни эшитасиз. Хайрият, мўлжални тўғри олган эканман. Аммо чиқишим билан овоз эгалари ўраб олишади: “Синглим қаерга экан, Жиззахмасми?”. Йўқ, Гулистон шаҳрига деганимдан сўнг, бири 2-,3-, 4-мавзеларгача олиб бориб қўйиши мумкинлигини, иккинчиси автомобилининг янгилиги, совутгичи борлигини, фақат аёлларни олганини, қолганлари ҳам яна алланималарни таъкидлай бош­лашади. Менинг   эса чўнтагимдаги ой давомида қимтиниб асраганим бир сиқим бешталикларни чангаллаганимча “ишқилиб нарх-наво ошиб кетмаган бўлсин-да”, деган ташвиш билан томдан тараша тушгандай йўл ҳаққи қанчалигини сўрайман.

— Эл қатори –эллик минг сўм, –   жавоб беради улар бир-бирларига гап бермай.

— Нима, эллик минг, Гулистонга-я? Йўғ-э, тўғри келмайди.

Тўрт-беш қадам босмасимдан яна   бошқаси қаршимдан чиқиб машинасини мақтай бошлайди. “Тавба, буларга ким ёдлатиб қўйган экан-а, шу гап­ларини. Ҳа, тирикчилик дардида юрибди, ҳаммага ҳам қийин”, дейман ўзимга-ўзим.

Мени эса шу топда фақат йўл ҳаққи қизиқтиради. Бири эллик минг, иккинчиси раҳм қилгандек, “қирқ беш минг сўм” дейишса ҳам, иккиси ҳам тўғри келмаслигини айтиб автобуслар томон югураман. Аксига олиб Гулистонга борадиган автобус аллақачон кетиб бўлган экан. Ҳали ён-атрофимга қараб улгурмасимдан “қирқ беш минг сўм” деган ҳайдовчи   юкларимга қўлини чўзиб: “Юринг,   майли, сизга қирқ минг сўм, фақат бошқа мижозларга айтиб қўйманг”, деди.

Булар ким ўзи, “қароқчими” ёки   киракаш? Нимага мен бошқа   мижозларни алдашим керак?

“Талабасиз шекилли, юринг ўттиз беш минг сўм берсангиз бўлади”, — деган заҳотиёқ анави “қароқчисифат” ҳайдовчи ўшқира кетди:

— Бу менинг мижозим, аралашманг.

— Сиз билан кетмайман деди-ку!

— Сизга нима, бурнингизни тиқманг, ҳали йўл ҳаққини келишганимизча йўқ.

— Яхши, барибир ҳам келиша олмабсизлар-ку.

— Келишамиз, юринг синглим ўттиз мингга олиб кетаман…

— Мен йигирма беш мингга олиб бориб қўяман. Кетдикми…

Мен эса иккисига ҳам юзимни терс буриб, бўйнимдаги қулоқчинларни тақиб улардан нари кетдим. Йўлнинг нариги тарафига ўтиб, Гулистонга мижоз чақириб турган бошқа ҳайдовчининг машинасига ўтирдим. Бу сафар кайфиятим тушганидан йўл ҳаққини ҳам сўрамадим, машинанинг янги эскилиги, совутгичи бор ёки йўқлигига ҳам қизиқмадим.

Манзилимга етиб боргунча хаёлларим безов­та бўлиб борди. Жавобсиз саволлар эса тинчлик бермасди. Нима учун ҳайдовчиларга шаҳарлараро аҳолини ташиш учун лицензия берилган вақтда фақат автомобилнинг техник жиҳатдан хавфсизлиги инобатга олинади? Нега ҳайдовчиларнинг хулқ-атворига, йўловчи ташиш қонун-қоидаларини билиш-билмаслигига, мижознинг ҳуқуқлари ҳақидаги билимларига умуман эътибор берилмайди? Нега   автобус, поезд каби жамоат транспортлари учун қатъий белгилаб қўйилган йўл ҳақи миқдори, шахсий машинасида ҳайдовчилик қилаётганларга белгиланмаган?

Эҳтимол, тегишли идоралар томонидан, лицензия берилаётганда шахсий машинасида   таксичилик қилаётганларга йўл ҳақи миқдорларини белгилаб қўйиш керакдир?. Тўғри, бу қийин масала дейишингиз мумкин. Бироқ бу ишларни барибир тизимли равишда, тартиб билан йўлга қўйса бўлади-ку. Мисол учун турникет усулини қўллашни таклиф этган бўлардим. У нима дегани? Эътибор берсангиз бугунги кунда давлат идоралари ва олий таълим даргоҳлари ва мактабларнинг деярли барчаси махсус турникет воситалари билан таъминланган. Ходим ёки талаба бинога киришда ва чиқишда ўзига берилган карточкани турникетга уриб кириб чиқади. Айтайлик, бир кунда беш, ўн марта кириб чиқса шунча марта ундан фойдаланади.

Шу нуқтаи назардан таксистлар ва улар учун белгилаб қўйиладиган нархлар учун ҳам шундай тизимли жараённи қўллаш керакдир. Автомобилга ўрнатилган махсус турникет нафақат унинг мижоздан олаётган суммасини балки бир кунда шаҳарга нечи марта кириб чиқаётганини назорат қилиб бориши керак. Бу хавфсизлик томонидан ҳам яхши. Нега деганда узоқ ҳудудлар мисол учун — Қашқадарё, Сурхондарё, Нукус, Хоразмдан Тошкент шаҳрига қатнайдиган ҳайдовчилар неча соатлаб йўл босиб келишади. Йўл ўзоқ. Чарчаши табиий. Бироқ шаҳарга келиши билан яна мижоз чиқиб қолса дам олмай яна ортига қайтишади. Бу нотўғри. Ўн-ўн беш соатлаб дам олмаслик ортидан эса йўлда турли бахтсиз ҳодисалар, автоҳалокатлар келиб чиқаётгани сир эмас.

Шу ўринда яна бир ҳолатни айтиб ўтмай иложимиз йўқ. Байрамлар арафасида Тошкентдан вилоятларга қатнайдиган ҳайдовчиларнинг ошиғи олғир бўлиб қолади. 100-150 минг сўмлик йўлкиралар тенг ярмига, баъзан икки баробарга ошиб кетади. Сунъий тарзда оширишади. Бу ҳам етмаганидек айрим таксистларнинг: “Ҳа энди, мавсум келганида биз бечоралар ҳам бир ишлаб олсинда, шуни ҳам кўп кўрманглар”, деган истеҳзоли гаплари энсангизни қотиради. Бу ҳолатни кузата туриб “Ўлганнинг устига чиқиб тепкилаш” эмасми деб ёқа ушлайсан одам. Тўғри, беш қўл баробар эмас. Инсофли, диё­натли ҳайдовчи акалар, амакилар ҳам бор. Лекин ундайлар саноқли-да…

Зулҳумор АЛИҚУЛОВА,

Ўзбекистон Журналистика ва

оммавий коммуникациялар

университети 2-босқич талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 19 =