Оталар кўз ёш тўкмай йиғлашади
Рост… Улар қалбдан йиғлашади. Ўзим гувоҳ бўлганман. Аниқ йили эсимда йўқ. Адашмасам, бошланғич синфда ўқирдим. Маҳалламиздаги тенгқурларим билан қўшни қишлоқдаги олмазорга “ўғирликка” тушган эдик. Олмалар ғарқ пишган, ҳиди димоқни қитиқлар, ҳар гал мактабдан қайтаётганимизда бизга “тинчлик” бермасди.
Режани мен туздим. Болалар ортимдан эргашишди. Боғда олмалар чунонам қизариб пишибдики, этагимизга сиққунча олдик, захира саватимизни ҳам тўлдириб жуфтакни ростладик. Далага бориб, ўлжани тенг тақсимлаб, роса олмахўрлик қилдик. Ўзимизча “Шум бола”га айланиб “Кандил олма зап ширин бўлар экан”, — дея кулишиб-кулишиб қилган ишимиздан “ғурурландик”.
Эртаси куни мактабдан келсам, олмазорнинг эгаси (қўлида хивчин, кўзлари алланечук бежо) мени кутиб турибди. Ёнида дадам ҳам бор. Қўрқиб кетдим. Жойимда бир муддат қотиб қолдим. Салом бериб секингина юқори ҳовли томон “чизмоқчи” эдим: “Тўхта, олдимга кел, безори, ўғри, қани олмалар?”, дея бақирди боғбон амаки.
Бу гап дадамга оғир ботди. “Сен безори, ўғри бўлдингми?”,– дея боғбоннинг қўлидаги хивчинни олиб, мени роса дўппосладилар. Бошқасини эслолмайман. Кечга яқин кўзимни очсам, тепамда дадам, онам, бувим тикилиб ўтиришибди. “Мени кечиринг, дада, бошқа такрорланмайди”. Бундан бошқа гап айтолмадим. “Сен ҳам мени кечир, болам!” дадам пешонамдан силаганча, юзларини буриб, йиғлаб юбордилар.
Кейин билсам, бояги калтак пайтида уларнинг қўлларидан қочиб дарвоза олдидаги чуқурликка тушиб кетиб, оёғимни қайириб олган, сўнг ҳушимдан кетган эканман. Табиб чиқиб қолган оёғимни жойига солиб, “Яхшиям қаттиқроқ лат емабди, агар сал қолса умуман юролмай қолиши мумкин эди”, дея уларни койиган экан.
Мен ҳеч нарсани сезмасдим. Отам эса бунда ўзини айбдор ҳис қилиб анчагача хомуш юрдилар. Кейинчалик соғайиб кетдим. Лекин ҳеч эсимдан чиқмайди, ҳар куни кечқурун ухлаган пайтимда (аслида кўзим юмуқ бўлса ҳам уйғоқ бўлардим) дадам келиб бошимда узоқ ўтирар, чуқур-чуқур уҳ тортиб, чиқиб кетар эдилар. Шундан кейин умуман “ўғирлик” қилмадим, дадам ҳам бошқа менга бирон марта оғир гапирмадилар.
Тунов куни бир дўстимиз айтиб қолди: “Дадам кичкиналигимда бизга овқатдаги гўштнинг лаҳм (суяксиз қисми)ни бериб, “Мен суякни яхши кўраман”, деб орасида нисбатан гўшти камроқ бўлган суякни ўзларига олардилар. Дадам овқатланиш пайтларимизда бўлмаганда ёки кечроқ келганида, гўштнинг суягини уларга олиб қўярдик. Сабаби дадам “суякли жойини яхши кўрарди”.
Катта бўлдим. Дадам аслида суякни яхши кўрмаслигини энди тушундим. Улар шунчаки биз гўштнинг лаҳм жойини ейишимиз учун шундай йўл тутар экан…
Ҳамиша оналарни улуғлаб кўп гапирамиз. Албатта! Шаксиз, она – мўътабар зот. Лекин оталарни ҳам унутмайлик. Зеро, “ҳамма жойда ота-она дейилади, она-ота эмас!” Халқимизда “Ота рози – Худо рози” деган мақол бор. Отани доим қадрлаб, қадрини юксак билган фарзандгина кўкаради, дейдилар.
Бу ҳикматлар бежиз эмас. Зеро, оталар ҳам фарзандларини оналардан кам севмайди, фақат ҳадеб меҳрларини билдираверишмайди, холос.
Ислом АСИЛБЕКОВ