Бирлашсак, бу улуғ ватанни янада юксалтирамиз

Ҳаммамиз шу Ватанга жон-жонимиз, қон-қонимиз, руҳимиз, борлиғимиз, бутун ҳаё­тимиз, унинг ҳар бир лаҳзаси билан боғлиқмиз. Тириклигимиз, тинчлигимиз, фаровонлигимиз, бору йўғимиз унинг зиммасида. Демакки, унинг — бутун бир халққа, не-не авлодларга ватан бўлган улуғ юртнинг, муқаддаc заминнинг — тараққийси, барқарорлиги, дахлсизлиги ва гуллаб-яшнаши, ривожи ҳаммамизга, ҳар биримизга боғлиқ. Яратган ҳар бир инсонга ўзгача истеъдод, ўзгача лаёқат, ўзгача қизиқиш­лар ва имкониятлар инъом қилган. Бу инъомлар одамларга хизмат қилиш учун берилган, албатта, чунки якка, узлатда яшаган одамга, ундаги лаёқат, истеъдод қанча кучли бўлмасин, заррача аҳамияти бўлмасди. Имкониятларни ўз ўрнида тасарруф қилиш, керакли ўринга йўналтириш, шу жамият, шу халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилдириш энг муҳим вазифалардандир. Кимки кам меҳнат қилиб, тўқликка етишаман, деса, бу, сўзсиз, хато бўлади. Инсон меҳнат ва тафаккур учун яратилган. Бугун бутун дунёда тезкор тараққиёт юз бермоқда. Тараққиётнинг асоси эса уйғоқлик, янги ташаб­буслар, янги ғоялар, янги ҳаракатлардир.

Инсоният тарихида ҳеч бир ўзгариш ўз-ўзидан юз бермаган. Бирор мамлакат йўқки, ақлу закосиз, меҳнат ва машаққатсиз бир янгиликка, бир юксалишга эришган бўлса. Мамлакат тараққийси ҳамма замонларда, ҳар қандай шароитларда қалби уйғоқ, халқпарвар одамларга, илмли, зиёли кишиларга боғлиқ бўлиб келган.

Халқимиз, шу жумладан, барча зиёлиларимизга маълумки, мамлакатимиз раҳбари раислигида ўтган йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бедорлик, уйғоқликка чорлов бўлди бу йиғин. Инсонни чуқур мушоҳада қилишга ва шу заҳотиёқ она халқ, буюк юрт учун қўлдан келган нимадир юмушга бел боғлашга ундади бу катта анжуман.

Йиғилишда мамлакатни иқтисодий ривожлантириш билан бирга, маънавиятимизни янада юксалтиришимиз лозимлигига алоҳида урғу берилгани биз ижодкорларни руҳлантирди. Бу халқ, бу мамлакат учун жонкуяр, ўтюрак, бедор, куюнчак одамлар қанча бўлса, шунча кўп керак эканини мушоҳада қилдик. Чиндан ҳам, таъкидланганидек, бугун бизга кўп сонли жадидлар керак. Ёшларни миллатпарвар этиб тарбиялаш, уларнинг истеъдодини юксалтириш ва салоҳиятидан тўғри фойдаланишга бўлган саъй-ҳаракатлар аниқ мақсадли бўлиши лозим.

Бу борада “Жадид” газетасининг ташкил этилгани, барча зиёлилар қатори, бизни бениҳоя қувонтирди.

Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган маданият, адабиёт, санъат, илм-фан, таълим ва тарбия устувор масаладир.

Мақом, бахшичилик, аския санъати ривожи йўлида амалга оширилган ишлар кўлами борасида ҳам тўхталиб ўтилди. Келгуси йилларда бу ишларни янада ривожлантириш соҳа мутахассисларининг юксак вазифасидир.

Йиғилишда пойтахтимизда Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси, ҳудудларда янги ижод уйлари қурилгани, самарали ижод қилаётган адиблар имтиёзли асосда уй-жойлар билан таъминлангани айтиб ўтилди. Ҳа, бу имтиёзлардан биз ҳам манфаатдормиз, уйимиз обод, маҳалламиз зиёлилар маҳалласи. Юртимиз тинч бўлса, биздан бахт­­ли инсон борми?

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёш ижодкорларнинг ижодий ишлари катта ададларда чоп этилгани, республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари тикланиб, қанчадан-қанча ёшларни кашф этаётгани тўғрисида сўз борганида, айни семинарнинг ичида бўлганимдан, ёш ижодкорлар ижодини кузатиб, муносиб номзодларни семинарларга чорлаш ва бошқа ишларда иштирок этганимдан чексиз ғурур туйдим.

Асосий қонундаги фундаментал принцип­лардан келиб чиқиб, Миллий ғояни шакллантириш лозимлиги таъкидланганида, кўнглимизга ўз-ўзидан асрий қадриятлар келади. Соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ишида агар ҳар бир зиёли ўз ҳиссасини қўшса, биз кўзланган мақсадга яқин йилларда етамиз. Ахир бу, албатта, ҳаммамизнинг бурчимиз. Бугунги кун, глобаллашган замонда биз учун мавжуд ғояларимиздан бақувват, чуқур ўйланган, мустаҳкам шакллантирилган миллий-мафкуравий ғоя зарур, албатта. Бу ғоя бутун миллатни бедорликка, Ватан деб ёниб яшашга ундаши лозим. Унга асрий миллий қадриятларимиз, замонавий имкониятлар асос бўлмоғи керак.

Йиғинда жуда кўп масалалар ўртага ташланди. Кўнглимизнинг бир четини хира қилиб турган, аммо моҳиятини ўзимиз ҳам унутиб юборган кемтикларимизнинг яқин йилларда тўлдирилиши дарагини эшитганда эса кўзга беихтиёр ёш келди. Жумладан, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг аҳволи ҳам бир неча йиллардан бери зиёлиларни ташвишга солаётган эди. Бу музей мамлакатимизнинг энг нурли маънавият масканларидан бири сифатида энди замонавий кўриниш касб этиб, юртдошларимиз ва пойтахтимиз меҳмонларини адабий меросимиз билан таништиради.

Миллатнинг фахри, ғурури бўлган ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини юртимиз миқёсида ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани эса мажлиснинг юрак нуқтаси бўлди. Бу нақадар аҳамиятли масала. Энди ўзбек тилидан бошқа тилларда ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари икки-уч соатга кўпайтирилади. Қандай қувонарли янгилик! Миллий тил сертификатининг қиммати оширилгани эса ёшларимизни давлат тилини чуқур ўрганишга чорлайди. Миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши қайд этилди. Шунингдек, бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилиши таъкидланди. Энди бундан кейин ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилади. Буларнинг ҳаммаси миллатни жипсликка, бирликка чорлайди, унинг қадр-қимматини оширажак!

Кўплаб масалалар — кино соҳасини ривож­лантириш, алломалар ва атоқли саркардалар образини яратиш, “Тирик тарих” сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган фильмлар ишлаш, кўп сонли аҳолимизнинг маданий ҳордиқ чиқаришига кўмаклашиш билан бирга, уларда юксак қадриятларга ҳурмат руҳини кучайтириш мақсадида миллий сериаллар яратиш, болалар адабиётини юксалтириш, болалар тилида алломалар ҳақида китоб­лар ёзиш, музейлар фаолиятини яхшилаш, китобхонлик, нашриёт ишлари каби кўп­лаб мавзуларда тўхталиб ўтилар экан, буларнинг барчаси негизида қутлуғ сўз, адабиёт турганини яхши биламиз. Адабиёт эса чегара билмайди, миллат танламайди.

Келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиё­тининг энг яхши намуналари кўп нусхада чоп этилиши, таржимонлар қўллаб-қувватланиши борасидаги янгиликлар ижодкорларни, таржимонларни жуда мамнун қилди, уларни ўз устида чуқурроқ ишлашга, билдирилган ишонч­­га муносиб бўлишга ундади.

Аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва ёшларни илмий-оммабоп китоблар мутолаасига жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мамлакатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги хайрли ишларни янги босқичга олиб чиқади, дея ишончимиз мустаҳкам. Ушбу лойиҳа ўз олдига ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилишни мақсад қилган. У замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан ёшларни таништириб боришни кўзда тутади. Мингта китоб, албатта, бирданига таржима қилиниб, чоп этилмайди, босқичма-босқич амалга оширилади. Экспертларга таяниб иш кўрилиши эса жуда тўғри қарор. Қизиқувчан ёшларга айни илмий ва интеллектуал мазмундаги, кашфиётлар, тадқиқотлар ҳақидаги китобларни тақдим этишнинг қандай йўллари борлиги ҳақида кўп ўйлар эдик. Ушбу лойиҳа ўзбек фанининг ривожига ҳам улкан ҳисса қўшади. Ёшларимизни кенг тафаккур қилишга ундаш, ўзи танлаган соҳадаги янгиликлардан доимий хабардор бўлиш, соҳани мунтазам чуқур ўрганиб боришга ундайдиган платформа яратилиши ҳам белгиланган эди ушбу қарорда. Адабиётларимизнинг электрон шакли мавжудлиги тилимизни ўрганишга бўлган эътиборни янада оширишга ҳам хизмат қилади.

Билимдон, зукко олимларимиз, дунё маданиятига ҳисса қўшаётган зиёлилар жуда кўп бўлса-да, уларнинг кўпи болалар дунёсига яқин эмаслиги таъкидланди. Чиндан ҳам фарзандларимиз Хоразмий, Беруний, ибн Сино каби алломаларнинг номларини эшитадилар, бирор асарларини ўқий олмайдилар. Уларнинг ёшлиги ҳақида китоблар ёзиш, болалар учун мос асарлар яратишга чақириқ, албатта, барча ижодкорларни ҳушёр торттирди.

Чиндан ҳам ўзбек адабиёти ва кино санъати ҳали кўплаб алломалар, мутафаккирлар, шоир ва ёзувчилар, жадид ҳаракати вакиллари ҳақида фильмлар яратишдан қарздор.

Нашриёт ва матбаа корхоналарининг имкониятларини кенгайтириш мақсадида уларнинг беш йил давомида ҳамма солиқлардан озод қилиниши барчани руҳлантирди. Бу бадиий адабиётлар кўплаб чоп этилади, тарқатилади, дегани.

Таржимонлар учун Огаҳий номидаги мукофот жорий этилиши ҳам бизнинг таржимонларимизни бу машаққатли ишда ҳушёр бўлишга сергаклантиради, Огаҳий номига муносиб бўлишга ва халқ ишончини оқлашга ундайди. Чет эллик таржимонлар билан ҳамкорлик қилишга давлат миқёсида эътибор қаратилса, албатта, натижа жуда ҳам юксак бўлиши шубҳасиз.

Матбуот нашрларининг обунаси ҳам мажлисда алоҳида таъкидланди. Газета ва журналлар, бу — чинакам маънавият дегани.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, халқ фаровонлиги, барқарор гўзал ҳаёт қуриш бахти насиб этишини истасак, бизлар бир-биримизни янада ҳурмат қилишни, эъзозлашни ўрганишимиз керак. Бирлашсак, боболардан мерос юртни янада юксалтирамиз.

Маъмура ЗОҲИДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ўқув-методика ва ҳарбий

ватанпарварлик бўлими бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − 9 =